среда, 18 июня 2014 г.

Вафодоринг бўлмаса


Оғриқ турса агар жисму жонингда,
Ширин сўзга муштоқ бўлган онингда,
Ёмон бўлар, оғир бўлар, жуда оғир —
Вафодоринг бўлмаса гар ёнингда.

Дунёга термулган кўзларинг толар,
Одамлар қалбингга оғриқлар солар.
Яшашнинг маъноси, сеҳри йўқолар,
Вафодоринг бўлмаса гар ёнингда.

Молу давлат балки бисёр бўлади,
Хушомадлар гарчи тайёр бўлади,
Юрагингга ғаму ғусса тўлади,
Вафодоринг бўлмаса гар ёнингда.

Сенга ошнолар ҳам юзин буради,
Омад келган инсонларга югуради,
Хиёнатдан ақлу ҳушинг лол туради —
Вафодоринг бўлмаса гар ёнингда.

Сарсон-сарсон излагайсан меҳрни,
Кимлардандир кўзлагайсан меҳрни,
Тополмасдан бўзлагайсан меҳрни,
Вафодоринг бўлмаса гар ёнингда.
2001 й.

(с) Комила НОСИРОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий