вторник, 5 августа 2014 г.

Бахт нима?

Бу саволга кўр нима деб жавоб беради? Унга камалакнинг турфа ранглари, Аллоҳнинг рангин “асарлари” — гуллар ва капалаклар ҳақида сўзлаб берганингизда, юзида қандай ифода пайдо бўлади?
Жазирама саҳрода яшаётганлар учун бахт нима? Унинг учун қор қўйнида шунчаки бироз ётишдан бошқа бахт бўлиши мумкинми?


Чиндан ҳам, биз бахт нималигини тушунмаймиз, ўша лаҳзалар учун Аллоҳга шукроналар келтирмаймиз. У биз учун қувонишга етарли барча шароитларни яратган, биз эса доим қайғуришга асос топамиз. Биз миннатдор бўлишни, шунчаки “Раҳмат” айтишни билмаймиз. Фақат шу лаҳзада қанчалик хотиржамлигимизни, шу онлар учун кўп нарсадан кечишга тайёрлигимизнигина биламиз, холос. Бизга ҳаётнинг барча шодликлари ва арзимас ғам-қайғулари билан берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Сиз бирор марта кўзингиз кўраётганига шукр қилганмисиз? Бу дунёни бор гўзалликлари билан кўриш учун ҳамма нарсадан кечишга тайёр кўрни тасаввур килинг-а...
Одам кўр бўлиб қолди. Врачга борди. Аммо врач ёрдам бера олмади. У бошқа шифокорга борди. Иккинчиси ҳам ёрдам беролмади. Ҳаёт мазмуни қайга йўқолди? Энди нима қилади, қандай яшайди?!
Одам ўғлининг бойлиги кўп эди, у кўп врачлар ва олимлар ҳузурида бўлди, лекин уларнинг ҳеч қайсиси унга ёрдам беролмади.
Буткул тушкунликка тушган пайтда у ўзига ёрдам бериши мумкин бўлган бир одам ҳакида эшитиб қолди.
Кўр уни излаб, дунёнинг кўп бурчакларини кезиб чиқди. Ниҳоят, топди.
— Сенга кўз нурингни қайтаришим мумкин, — деди табиб. — Аммо бир шартим бор.
— Айтинг, сизга нима керак, мен сизга уй қуриб бераман, қанча истасангиз, шунча пул бераман.
— Менга сиз таклиф қилаётган нарсаларнинг ҳеч бири керакмас. Менинг уйларим ва саройларим кўп, яна биттаси ҳечам керакмас. Мол-давлатим ҳам кўп, ҳеч нимага муҳтож эмасман.
— Унда шартингиз қандай? — хафа бўлди кўр.
— Баъзи талабларимни бажаришингга тўғри келади. Вино ичмаслигинг, сигарета чекмаслигинг, чўчқа гўшти емаслигинг керак. Кунига беш марта мени эслашинг, сенга ёрдам сўраб мурожаат қилганимда, қўлингдан келганча ёрдам беришинг лозим. Агар бирортаси менинг номим билан бирор нарса сўрайдиган бўлса ҳам, унга ўша нарсани бергин. Дарҳақиқат, мен бойман, ҳеч қачон сенинг бойлигингга муҳтож бўлмайман. Шунчаки бу менинг шартим. Шунингдек, сен йилда бир ой саҳардан то шомгача оч юришинг, бирор кунни қолдирмаслигинг керак бўлади. Сўнг Маккадаги масжидга ҳам боришинг лозим.
— Албатта, мен ҳаммасига розиман, — деди кўр, ёноқларидан қувонч ёшлари думалади. У ақлли одам эди, табиб қўйган барча шартлар ўз соғлиги учун фойда, келажакда бахтли бўлиши учун бир восита эканини яхши тушунарди.
Албатта, бу ривоят. Яхшилик билан якун топган ривоят. Бироқ аслида ҳам Аллоҳ бизга кўп нарса инъом қилган-ку. Биз кўрамиз, эшитамиз, қўл-оёғимиз бутун. У биз нафас олишимиз учун ҳавони яратди.
Таскин ва меҳр топишимиз учун жуфт-жуфт қилиб қўйди. Бунинг эвазига у биздан жуда кам нарса сўрайди. У қўйган барча талаблар ўзимизга, соғлиғимизга фойда. Бу дунёдаги барча йўқотганларимиз эвазига эса у Боқий дунёда мукофотлайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий