среда, 26 октября 2016 г.

Кўнглим қордек оқ эмас-да...

Биринчи қор ёғди. Ёғди-ю, эриб кетди... Изи ҳам қолмади.
Оппоқ қор парчалари зумда ерга сингиб, эриб кетди.
Юракдаги ғуборлар ҳам шундай йўқ бўлиб кетса эди.
Кўнгилдаги доғлар ҳам шундай изсиз йўқолса эди. Қолмаса эди заррача изи.
Аммо менинг кўнглим бу қор парчалари сингари оқ эмас-да. Ғуборларга, гардларга, армону дардларга, аламларга тўлиб кетган-да.
Уларни кўнгилдан кетказиб бўлмайди зинҳор. Унутиш учун қанчалик уринмай, эслатаверади борлигини.
Кўнглим бир қадар тозарди деб ўйлаганимда, яна ғубор қўнаверади. Яна доғлар пайдо бўлаверади. Доғ туширадиган одамлар топилади. “Нега?”, “Нима учун?” деган саволлар очиқ қолади. Юракнинг тубида “Ўзинг айбдорсан барига!” деб кимдир сотқинларча аниқ жавоб бергандек бўлади. Аммо... тан олгиси келмайди одамнинг.
Тан олиш оғир...
Кўнгилни ғуборлардан тозалаш учун, эҳтимол, қор сингари эриб, сингиб кетиш керакдир ер бағрига...
Бетийиқ ўйлар, бетизгин хаёллар кўнгилни баттар ғуборга тўлдиради. Кўнгилга ёғиб, уни гардлардан тозалайдиган қор бўлса эди!..

(с) Комила НОСИРОВА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий