понедельник, 7 декабря 2020 г.

“Илҳом — илоҳий ҳолат”


Суҳбатдошимиз ўзининг сермазмун асарлари билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам жой олган, китобхонларни кулдирган, йиғлатган, чуқур ўйга толдирган, ўнлаб шогирдларни тарбиялаган ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов. Унинг асарлари ҳар бир ўзбекнинг хонадонига кириб борган, асарлари китобхонлар кўнглидан жой олган. Ёзувчи билан ижод, ижодкорнинг қалби, бугунги адабий муҳит ҳақида суҳбатлашдик.

 — Устоз, ижодкорга нима илҳом бағишлайди?

— Аввало “Илҳомнинг ўзи нима?” деган саволга жавоб беришга тўғри келади. Илҳом дегани ҳаммадаям бўлиши мумкин. Масалан, ҳар куни ош дамлаб юрган ошпаз кунларнинг бирида паловни шундай сайратиб ташлайдики, ўзиям ҳайрон қолади. Ҳар куни кўйлак тикадиган чевар шундай кўйлак тикадики, ўзининг ҳам ҳаваси келади. Ижодкор учун илҳом ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган ҳолат. Илҳом париси, илҳом онлари, деймиз, бу бир томондан, шоирона гап бўлса, иккинчи томондан, ҳақиқатдан ҳам шундай. Илҳом — илоҳий ҳолат, десак тўғри бўлса керак. Масалан, Лев Толстой илҳом ҳақида: “Энди ёзмасдан туролмайман деган пайтдагина ёзиш керак”, дейди. Яна айтадики: “Илҳом шундай ҳолатки, одам кўп вақт қилолмаган ишини қандай бажариб қўйганини ўзи ҳам билмай қолади”. Тургенев бундан ҳам аниқ гап айтади: “Илҳом Худонинг инсонга яқин келишидир”. Мен шу гапларга ишонаман. Ижод жараёнининг ўзида, тавба қилиб гапириш керак, илоҳийлик бор. Худо кўнглига солмагунча ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди. Шу илҳом деб аталади. Баъзан ойлаб-йиллаб қилолмаган ишингизни бир ойда битириб қўясиз. Илҳом осмондаги манфий ва мусбат булутларнинг тўқнашиб, чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлашига ўхшайди. Ўша пайтда муаллифнинг онги шу қадар ёришиб, қалби шу қадар ҳаяжонга тўлиб кетадики, тинимсиз қоғоз қоралашдан ўзини тиёлмай қолади. Масалан, менда шундай бўлади. “Тушда кечган умрлар” анча катта роман. Бу асар ўттиз кунда қоғозга тушган. Лекин бу бир ойда битта роман ёзилди, дегани эмас. Бир неча йил ва яна ўттиз кун. Ёки “Баҳор қайтмайди” тахминан йигирма кунда ёзилган. Фақат ёзилиш жараёнининг ўзи шунақа тез бўлади. Бу балки яхшидир, балки унчалик яхшимасдир, билмадим. Аммо ишончим комилки, бир зарбда ёзилган асар бир нафасда ўқилади. Ижодкорнинг ҳаяжони асарда қанчалик кучли бўлса, ўқувчининг ҳам ҳаяжони шундай бўлади.

Ижодкор ким учун ёзади: адабиёт, ўқувчи ёки ўз кўнгли учун?

— Бу жуда жиддий савол. Лўнда қилиб айтганда, китобнинг эгаси ёзувчимас. Китобнинг эгаси — китобхон. Ўқувчиси йўқ асар эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшайди. Асар ёзилдими, у китобхоннинг қалбига етиб бориши керак. Аммо ёзувчи китобхоннинг кетидан эргашиб кетиши ҳам керакмас. Аксинча, китобхон ёзувчига эргашиши лозим. Агар биз адабиётни фақат кўнгил иши десак, тўғри бўлмайди. Адабиёт — жуда катта ижтимоий ҳодиса. Бироқ адабиётни фақат ижтимоий ҳодиса, десак ҳам тўғри бўлмайди. Унда романнинг, шеър ёки ҳикоянинг мақоладан фарқи қолмайди. Адабиёт, биринчи навбатда, бадиий асар, санъат асари. У ёзувчининг қалбидан отилиб чиқиши, ўқувчиларни ларзага сола олиши керак. Яъни ижодкор ҳам истеъдод эгаси, ҳам ижтимоий шахс ҳисобланади. Халқнинг таниқли адиби, ёзувчиси, актёри ёки ҳайкалтароши ўша мамлакат, ўша халқнинг катта фарзанди ҳисобланади. Шунинг учун адабиёт, асар ёзиш — ҳам ижтимоий, ҳам шахсий ҳодиса...

Шоирлар, ёзувчилар бир пайтнинг ўзида ҳам бахт, ҳам бахтсизликни ҳис этади, дейишади. Ижодкорнинг бахти ва бахтсизлиги нимада?

— Тўғри гап. Ижодкорнинг энг катта бахти шундаки, у ҳар қандай вазиятда ҳам бир варақ оппоқ қоғоз билан дардлаша олади. Шу билан бирга ижодкорнинг қисматидаги мураккаб ҳолат шуки, ҳар бир асарининг қаҳрамони ўз биографиясининг бир бўлагига айланади. Масалан, китоб ўқиётганда ўқувчининг кўзига бир қатра ёш келса, ёзувчи ёки шоир ўша сатрларни чинданам йиғлаб ёзган. Лабига табассум инса, ижодкор кулиб ёзган бўлади. Абдулла Қодирийнинг “Кумуш ўлиб қолди”, деб йиғлагани бежизмас. Ёки Бовари хоним заҳар ичганда, шу ҳолатни тасвирлаётган муаллиф ҳушдан кетиб қолгани айни ҳақиқат.

Ижодкор, хоҳлайдими-йўқми, ўз халқининг қувончу ташвишларини қоғозга туширади. Бу борада грузин ёзувчиси Думбадзенинг жуда образли бир гапи бор: “Мен ўз халқимнинг содиқ итиман”. Тўғри айтади. Ижодкор, қўлидан келса, ўз халқининг ўзига хос жиҳатларини жаҳон миқёсига олиб чиқиши керак. Шунга эриша олган шоир ёки ёзувчи ҳақиқий ижодкор саналади.


Бугунги кун китобхони билан кечаги ўқувчининг фарқи нимада?

— Ҳар бир авлоднинг ўз дунёқараши, ўз қизиқишлари бўлади. Бугунги китобхоннинг, дейлик, бундан ўттиз йил олдинги китобхоннинг жуда катта фарқи бор. Гап шундаки, бугунги авлод бизга нисбатан дунёқараши ҳам, қизиқиши ҳам, техникани билиши ҳам анча олдинда. Шу жиҳатдан бугунги авлодга ҳавасим келади. Масалан, биз битта тилни билсак, бугунги авлод, ўзимнинг набираларим ҳам бир неча тилда бемалол гаплаша олади. Ёки компьютерни мен чала-чулпа тушунсам, ҳали уч ёшга кирмаган набирам компьютерни ёқиб, бемалол ўйин ўйнай олади.

Шу билан бирга бугунги ўқувчининг китобдан совугани, китобни кам ўқиётгани жуда ташвишлантиради. Мен бу мисолни кўп айтганман, яна айтаман: ҳар кўчада, ҳар муюлишда интернет клуб бор. Болалар ўша ёққа кириб кетади-да, бир-икки соат жангари ўйин ўйнайди. Ёки спорт ўйинларини ўйнайди. Майли, бу ҳам керакдир. Лекин отаси ёки онаси: “Сен бугун 500 сўмга ўйин ўйнадинг, эрта-индин шу пулни тўплаб, 1000 сўмга битта китоб олгин”, демайди. Албатта, компьютерни билиш керак, аммо жангари ўйинларни ўйнаш боланинг ақлини ўткирлаштирмайди, аксинча, ўтмаслаштиради. Китоб ўқиш эса, ақлни чархлайди. Мен ҳақиқий китобни назарда тутяпман. Жангари ўйин бир соатга хизмат қилса, китоб бир умрга хизмат қилади.

Тўғри, бугунги китобхоннинг кам ўқиётганига бошқа сабаблар ҳам бордир. Китоблар анча қиммат. Кутубхоналарнинг аҳволида ҳам ўйлаб кўрадиган жиҳатлар йўқ эмас. Аммо бир нарсани қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, компьютер ҳам, интернет ҳам, телевидениеда намойиш қилинаётган савиясиз қўшиқлар, бачкана сериалларнинг бирортаси китоб вазифасини бажаролмайди. Бугунги ўқувчиларимиз 70-80 йиллардаги каби кўпроқ китоб ўқишларини жуда хоҳлардим.

Адабиёт, китоб одамнинг қалбини, руҳини тозалайди. Китоб ўқимаса, инсон руҳида қашшоқланиш бошланади. Шундан қутулиш учун кўпроқ китоб ўқиш керак, деб ўйлайман.

Анча йиллардан бери янги асарингизни ўқиш истагидамиз. Лекин... Нима учун ёзмаяпсиз?

— Ҳар қандай касб эгасининг тажрибаси ошган сайин иши енгиллашади. Ижодкорнинг тажрибаси ошган сайин эса, иши оғирлашади. Чунки ижодкорнинг биров тугул, ўзини ҳам такрорлашга ҳақи йўқ. Бугун ёзилган асар кеча ёзилганидан яхшироқ бўлиши керак. Эртага ёзиладиган асар бугунгидан ҳам яхшироқ бўлиши зарур. Бунга эришиш осонмас. Худо хоҳласа, яхши режалар бор. Лекин битмаган иш ҳақида ҳозир гапиришни хоҳламасдим.

Журналист сифатида бугунги кун матбуоти, умуман, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ҳақида қандай фикрдасиз?

— Кўп йиллар газетада, журналда ишлаганман. Олий Мажлисда айнан шу соҳада яратилаётган қонунларда иштирок этганман. Журналистнинг иши ҳеч қачон осон бўлмаган, нони доим қаттиқ бўлган. Бугунги ОАВ ниҳоятда ранг-баранг. Адашмасам, бугунги кунда 1000 га яқин ОАВ бор. Керагидан ҳам ортиқча. Лекин ОАВ нинг кўплиги фикрлар хилма-хиллигига, демократия, сўз эркинлигига олиб келиши мумкин. Кўпчилик: “Кейинги пайтда сариқ матбуот, енгил газеталар кўпайиб кетди”, дейди. Бу гапда жон бор. Аммо шу билан бирга қайси нашрда бўлишидан қатъий назар, одамларни эзгуликка ундайдиган, жамият тараққиётига хизмат қиладиган нарсалар қанча кўп босилса, шунча яхши. Шу жиҳатдан газета-журналларимиз кўплигига ранжиш керакмасдир. Газета-журнал, телевидение-радиода ишлайдиган сингилларимиз, укаларимиз мендан хафа бўлишмасин, лекин кейинги пайтда енгил-елпи нарсалар кўпайиб кетаётгани рост. Аравани отмас, отни арава тортиб кетадиган ҳолатлар учраяпти. Бу фақат матбуотга тегишли эмас. Саҳна асарлари орасида ҳам шундай ҳолат учрайди. Шундан эҳтиёт бўлиш керак. Сўз — жуда муқаддас. У ёзувчининг сўзи бўладими ёки драматургникими, телевизорда қўшиқ айтадиган қўшиқчиникими, кимники бўлишидан қатъий назар, сўзнинг масъулияти жуда катта. Журналистлар, адиблар сўз масъулиятини ҳис қилиб ижод қилишларини хоҳлардим. Тўғри, дарёнинг тўлиб оққани яхши. Лекин ўта лойқаланиб кетмаслиги ҳам керак.

Рақобат ҳамма соҳада бўлиши керак, дейишади. Ижодда рақобат бўлиши мумкинми?

— Бу масада бир нарса мени кўп ўйлантиради. Албатта, рақобат ҳамма соҳада бўлганидек, ижодда ҳам ҳалол рақобат бўлиши керак. Сен шундай асар ёзгинки, китобхон қидириб ўқисин. Ўқиганда ҳаяжонга тушсин. Юзинчи бетга борганда бешинчи бет эсидан чиқиб қолмасин. Ўқувчилар қалбидан жой олсин. Шундай асар ёзган муаллифнинг асарлари узоқ яшайди. Улар ҳақиқий ижодкор ҳисобланади. Рақобат мана шунда бўлиши керак. Масалан, талантли одам талантсиз одамни ёмон кўрса, чидаш мумкин. Талантсиз одам талантсиз одамни ёмон кўрса, чидаш мумкин. Талантсиз одам талантсиз одамни ёмон кўрса ҳам, чидаса бўлади. Лекин талантли одам талантли одам билан харом рақобат қилса, буни асло кечириб бўлмайди, кимгадир жабр етади. Масалан, бир актёр: “Бу бўлмаса, фалон ролни мен ўйнардим”, деб ғашлик қилса, тушунса бўлади. Ёки бирор профессор: “Бу бўлмаса, мен вақтлироқ академик бўлардим”, деса, балки униям тушуниш мумкиндир. Аммо бир ёзувчи: “Фалончи бўлмаса, менинг ўқувчим кўпроқ бўларди”, ёки бирор шоир: “Фалончи бўлмаса, шу достонни мен ёзардим”, деса, тушуниб бўлмайди. Чунки бу ерда учинчи одам керакмас. Бу ерда ўқувчи билан вақт ҳал қилади. Ҳақиқий асар бир эмас, иккита синовдан ўтади. Биринчиси — китобхон, иккинчиси — вақт. Шундай ҳам бўладики, бир асарни ўқувчилар бугун талашиб ўқийди-ю, эртага эсидан чиқариб юборади, умуман қўлига олмайди. Шундай асарлар бўладики, бугун ҳам ўқилади, йигирма йилдан кейин ҳам. Шундай асарни ҳақиқий асар дейиш мумкин. Шу боис, ижодкорларнинг бир-бирига ғашлик қилиши асоссиз. Афсуски, бундай ҳолатлар доим бўлган. Шахсга сиғиниш даврида Чўлпон, Фитрат, Қодирий, гарчи Сталин қатағонига учраган бўлса ҳам, уларнинг ўқига тўғрилаб берган ҳамкасблари ҳам бўлган. Бу — кечириб бўлмайдиган жиноят. Чунки у истеъдод бутун халқнинг фарзанди. У бир оиланинг одами эмас, бутун халқнинг одами. Уни ҳимоя қилиш ҳамманинг бурчи. 

Муҳаббатнинг нафратга айланиши осон. Нафрат муҳаббатга айланиши мумкинми?

— Униси ҳам, буниси ҳам бўлиши мумкин. Баъзи одамлар кечиримли бўлади, баъзилар умуман кечиролмайди. Нима бўлганда ҳам, бағрикенглик керак. Бироқ биринчи ҳолат кўпроқ учрайди.

Меҳр ҳақида кўп ёзасиз. Уни муҳаббатдан устун қўясиз. Инсон кўнглидаги меҳрни нима ўлдиради?

— Меҳр дегани муҳаббатдан кенгроқ тушунча. Одам ўзи боқаётган отга ҳам, миниб юрган машинасига ҳам меҳр қўйиши мумкин. Буни муҳаббат деб бўлмайди. Бу — бошқа, катта тушунча. Меҳр қанча кўп бўлса, шунча яхши. Одам иложи борича бағрикенг бўлиши керак. Меҳр дегани шундай нарсаки, одам бир умр меҳрга муҳтож бўлиб яшайди. Афсуски, биз баъзан бир-биримиздан озгина меҳрни ҳам, бир оғиз ширин сўзни ҳам ўзимиз билмаган ҳолда аяймиз. Ҳолбуки, аямаслик керак. Бу масалада онамга жуда қойил қолганман. “Дунёнинг ишлари”да ҳам ёзилган. Кўчада бирор бола йиғлаб турган бўлса, бошини силамасдан ўтиб кетмасдилар. У бола нотаниш бўлиши мумкин. Сўрасангиз: “Болаларнинг бегонаси бўладими, болам?” дердилар. Мана шу меҳр, ўзбекона меҳр.

Кўнгилдаги меҳрни ўлдириш осон. Одамнинг кўнгли нозик. Арзимаган сабаб туфайли одамнинг дили оғриб қолиши мумкин. Меҳр аслида самимиятдан туғилади. Носамимий, қитмир, бировнинг ютуғини кўрса, куйиниб кетадиган одамларни ёмон кўраман. Айниқса, иккиюзламачи, мунофиқ одамларни кўргани кўзим йўқ. Афсуски, бундай одамлар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлса керак. Ҳаётнинг ўзи шундай қурилган, шекилли...

Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз...

— Умр йўлдошим — адабиётчи педагог. Кўп йиллардан бери Тошкент Давлат педагогика коллежида ишлайди. Ўғлим ҳам филолог, ҳам иқтисодчи. Қизим Юлдузни танийсизлар, у — ҳиндшунос, тележурналист ҳамда ҳуқуқшунос. Худога шукр, беш нафар набирам бор. Оила аъзоларим — менинг энг биринчи ўқувчиларим. Нимаики ёзсам, қўлёзмасини умр йўлдошим, ўғлим, қизим, келиним ўқиб чиқишади. Энг биринчи баҳони улардан эшитаман. Холис баҳони оила аъзоларим беришади: яхши бўлса, яхши дейишади, камчиликлари бўлса ҳам, айтишади. Биринчи ўқувчиларим ҳам, танқидчиларим ҳам — оила аъзоларим.

Қизингизнинг журналистикага қизиқишларида сизнинг таъсирингиз кучли бўлган бўлса керак-а?

— Ўғлим ҳам, қизим ҳам ўз вақтида ижодга қизиқишган. Шеърлар ёзишган, журналистикага ҳам қизиқишган. Бунда маълум маънода генетиканинг таъсири бўлган бўлиши мумкин.

Ёш ижодкорлар орасида сизнинг назарингизга тушганлари борми?

— Уларни ёш деб бўлмайди-ю, катта ёзувчилар қаторидаги шогирдларим ҳам бор. Масалан, Ҳайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст. Улар — катта ёзувчилар. Уларнинг илк асарларини ўзим ҳам кўриб чиққанман, эълон қилганман. Бугунги ёшлар орасида ҳам истеъдодли қаламкашлар бор, албатта. Уларни қўллаб-қувватлаш керак. Изланишлар кўп бўляпти. Мана, модерн адабиёт дейишяпти. Бу ёмон эмас, изланишнинг бўлгани яхши. Бундан ҳайрон бўлмаслик керак.

Жаҳон адабиётида сўнгги пайтларда яратилган асарлар орасида сизни ҳаяжонга солганлари бўлдими?

— Бундай асарлар кўп. Лекин фақат сўнггиларини гапирмайлик. Мени доим ҳайратга солган ёзувчилардан бири — Хемингуэй. Жуда катта ёзувчи бўлган. Ёки Габриэл Гарсиа Маркеснинг асарлари. Яқинда Иброҳим Ғофуров таржимаси билан “Бузрукнинг кузи” асари нашрдан чиқди. Жуда яхши таржима қилинган. Асарда ўзига хос изланишни кузатишингиз мумкин. Лекин шахсан мен бу адибнинг асарларини қабул қилолмайман. Унинг ўзига хос услуби бор, ёмон услуб демоқчи эмасман, аммо шундай жумласи борки, икки саҳифага чўзилади, уч юзта сўздан иборат. Мен бунақа ёзишни ёқтирмайман, ҳар доим аниқ, равшан бўлишини хоҳлайман. “Бузрукнинг кузи” романида ғалати ҳолат бор. Фикрлар оқимининг ўзи, хаёлига нима келса, шуни ёзган. Одамзотнинг фикрлари қанчалик чалкаш бўлса, шундай чалкашлигича қоғозга туширган. Аслида, бу ҳам ёзувчининг зўр истеъдодидан дарак беради. Маркеснинг бу асарини ҳам, бошқаларини ҳам тоғдан тушиб келаётган селга ўхшатаман. Унинг ичида шафтолининг гули ҳам, мушукнинг ўлиги ҳам бор. Ҳам иркит, ҳам тоза нарсалар. Бу ўзига хос услуб, албатта. Жаҳон адабиётини ўрганиб, кузатиб бориш керак, аммо ҳаммасидан андаза олиш шарт эмас. Ўзбек адабиётининг ўзи ҳам жаҳонга чиқадиган адабиёт.

Айни пайтда янги асар устида ишламаяпсизми?

— Ҳозир танланган асарларни жамлаш билан қўлим банд. Салкам эллик йиллик меҳнатни жамлаш жуда қийин. Саралаш керак, дейлик, эллик йилдан сўнг ҳам қимматини йўқотмайдиган асарларни уларнинг ичидан ажратиб олиш зарур. Бундайлари бор, фақат жуда синчковлик билан саралаш лозим.

 Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

02.2008

03.2009 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий