среда, 10 марта 2021 г.

Қариндошларингизга оқибатлимисиз?

 Кейинги вақтларда вақт тиғизлиги, иш кўплигини баҳона қилиб, бир-биридан узоқлашиб кетаётган ҳамкасблар, яқинлар, қариндошлар кўплигини инкор қила олмаймиз. Аммо бунга чиндан ҳам вақт сабабми ёки одамлар ўртасида оқибатнинг кўтарилиб бораётганими? Балки ўзимиз одамгарчилик, оқибат деган қадриятларимизни унутиб қўяётгандирмиз? Балки одамларни оқибатсизликда айблашдан аввал ўзимизга ҳам бир қур назар ташлаб қўйишимиз керакдир?

Шоҳид ЗОҲИДОВ, тадбиркор: – Илгари қариндош-уруғлар, умуман, одамлар ўртасида оқибат кучлироқ бўлган деб ўйлайман. Жигарларгина эмас, узоқроқ қариндошлар ҳам бир-бирини кўришга тез-тез бориб турарди. Ҳозир эса ойу йилни қўяверинг, фақат тўй ёки маъракада кўришадиган қариндошлар бор. Лекин қариндошчилик бунақа бўлмайди. Қариндошчилик тўйига бориб меҳмон бўлиш, ўлганида бориб таъзия билдириш билан белгиланмайди. Ахир меҳр – кўзда, деб бекорга айтишмайди-ку! Йиллаб бир-бирини кўрмагандан кейин қариндошлар ўртасида қандай оқибат бўлиши мумкин? Улар бунда бир-бирини қандай ташвишлар қийнаётганини, қандай яшаётганини ҳам бехабар қолаверади-ку. Оқибат эса борди-келдининг ўзигина эмас, балки муҳтож дамларда ёрдам қўлини чўзишда ҳам намоён бўлади. Хўш, ҳозир ким қариндошларига шундай оқибат кўрсатяпти? Тўйида тўёна бериш, туғилган кунида бориб табриклаш, касаллигини эшитиб қолганда, йўқлаб қўйиш... Оқибат дегани шунинг ўзими? Оқибат дегани энг аввало одамгарчилик, бағрикенглик, саховат, фидойилик дегани эмасми? Бзи шундай бўла оляпмизми?! Менимча, йўқ. Биз оқибатни унутиб қўйганмиз. Ваҳоланки, оқибатсиз яшаб бўлмайди. Усиз ҳаёт зерикарли, аянчли бўлиб қолади. Шундай экан, ҳаммамиз бир-биримизга, нафақат қариндошу таниган-билганларимизга, бошқаларга, бегоналарга ҳам оқибатли бўлайлик. Ўшанда бизга ҳам оқибат билан жавоб қайтаришади. Ахир саломга яраша алик олиниши исботланган ҳақиқат-ку.

Сурайё ОРИПОВА, ҳисобчи: – Одамлар ўртасида оқибат кўтарилаётгани ҳақида кейинги пайтларда мен ҳам кўп эшитяпман. Аммо бундай деб ўйламайман. Тўғри, оқибатсиз, меҳрсиз, яқинларини, умуман, одамларни қадрламайдиган, одамгарчиликдан кўра моддиятни устун қўядиган пасткашлар борлигини инкор қилиб бўлмайди. Ҳовли-жой учун бир-бири билан судлашиб, юзкўрмас бўлиб кетаётган жигарлар қанча! Лекин бундай хунук воқеалар одамларда оқибат қолмади деб жар солишга асос бўлолмайди. Битта тиррақи бузоқ подани булғамаслиги керак. Яхшиси, сизга ўзим гувоҳ бўлган чиройли воқеалардан мисол келтирай. Бир аёлни танийман. Олтмишдан ошган, ақлли, тадбиркор аёл. Ўз вақтида анча вақт шифокор бўлиб ишлаган, ҳозир эса нафақада. Ўғли хорижда ишлайди. Яхши пул топади. Хуллас, аёлнинг егани олдида, емагани ортида. Унга кўпчилик қўшнилари ҳавас қилишади. Аёлнинг қўли ниҳоятда очиқ, ҳар ойда бирон қийналган, камхарж қўшнисига моддий ёрдам беради. Бундан ташқари, камхарж укасининг оиласига ҳам ҳар ойда “маош” тайинлаган. Келинининг неча марта уни дуо қилганини ўзим эшитганман. Эшитиб, қойил қолганман. Дунёда шундай одамлар ҳам бор экан-ку, деб ич-ичимдан унга таҳсин ўқиганман. Бир гал ўзига бу ҳақда айтганимда, шундай деган: “Бу дунёда одамдан яхшиликдан бошқа яна нима қолади? Молу дунё, мансаб, ҳашаматли уй, машина – буларнинг ҳаммаси ўткинчи. Одамлар бир-бирига оқибатли бўлиши керак. Қолаверса, бу ерда мен патир нонни қаймоққа ботириб еб ўтирсам-у, у ёқда укам болаларига буханка нон олиб беришга ҳам қийналса, томоғимдан ўша патир ўтардими?”

Юртдошларимиз орасида ўша аёлга ўхшаган одамлар бор экан, одамларда оқибат қолмади, деб иддао қилиш нотўғри, менимча. Оқибат қолмагани ҳақида жар солгандан кўра оқибатли одамлардан ўрнак олиш, одамлар орасида оқибат уруғларини сочишга ҳаракат қилиш керак деб ўйлайман. Шундай ҳадис ҳам бор: “Қариндошларга мурувват қилиш хушхулқлик ва яхши қўшничилик – юртни обод ва умрни зиёда этади”. Бундан чиқди, оқибатлилик кўнглимизни, юртимизни обод қилишга ёрдам беради.

 Собир АЪЗАМХЎЖАЕВ, ўқитувчи: – Одамлар ўртасида оқибат қолмади десам тўғри бўлмаса керак, аммо оқибатнинг кўтарилиб бораётгани, меҳр-муҳаббат, ҳурмат аввалгидек эмаслиги рост. Ҳовли-жой, мерос туфайли бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетаётган, судма-суд юриб, “ўз улуши”ни талаб қилаётган қондошлар, қариндошларни етарлича кўрдим. Уларнинг бир-бирини мана шундай судга судраб юришининг ўзи ўртадаги оқибатнинг кўтарилганидан дарак беради. Оқибат бўлганида, ука акасининг юзига оёқ қўйиб, бир парча ерни беришни талаб қилиб, жанжал кўтарармиди? Оқибат бўлганида, овсинлар қайнона-қайнотадан сўнг ҳовлига эга бўлиб қолиш учун турли макру ҳийлаларни ўйлаб топишармиди? Оқибат бўлганида, ўғил қари онасини опаларининг қарамоғига ташлаб, ўзи кўпроқ пул топиш учун оиласи билан хорижга кетармиди? Оқибат бўлганида, муҳтожроқ яшаётганда унутган синглисини ўғлининг иши юришиб, янги уйга кўчиб борганидан кейингина йўқлаб борармиди? Оқибат бўлганда, ака синглисидан икки йилда бир хабар олармиди? Атрофимизда шундай одамлар борлигини кўриб, тўғриси, хафа бўлиб кетаман. Аммо оқибат йўқолганидан нолишга истиҳола қиламан. Негаки, оқибат топишни истаган одам энг аввало ўзи бошқаларга оқибатли бўлиши, меҳр-муҳаббат кўрсатиши керак деб ўйлайман. Ўзини одамлардан олиб қочиб юрадиган, салом-аликдан нарига ўтмайдиган, кўрганда ақалли ҳол-аҳвол сўрашни-да малол оладиган, қариндошлариникига азбаройи кам борганидан қаерда яшашини ҳам унутиб қўйган, кези келса, тўйу маъракаларга боришга ҳам вақт тополмайдиган одамлар бошқалардан қандай қилиб оқибат кутади? Мен шундайларни ҳам кўрдим. Ўзи қариндошларига ҳеч қандай оқибат кўрсатмайди-ю, лекин нуқул улардан ёзғиради: “Қариндошларимда умуман оқибат йўқ. Йўқлаб келишни хаёлига ҳам келтирмайди”. Ўшандайларга қарата: “Ўзингиз қачон уни йўқлаб қойиллатиб қўйган эдингиз? Бетоб бўлиб ётганида, ҳол сўраб бордингизми? Янги уйга кўчаётганида, қарашдингизми? Тўйида ёки бошқа тадбирларида бирон марта бориб хизмат қилдингизми? Ақалли телефон қилиб, ҳол сраб қўйдингизми? Энди нега улардан хафа бўляпсиз? Улардан эмас, энг аввало ўзингиздан хафа бўлинг!” дегим келади.

 Холида ЙЎЛЧИЕВА, уй бекаси: – Шукурки, қариндошларимиз бир-бирига жуда оқибатли, меҳрибон, жонкуяр одамлар деб бемалол айта оламан. Ҳар доим уюшқоқ, аҳил. Оилавий ҳар қандай тадбир ҳамжиҳатликда ўтади. Қайси биримизникида йиғин, меҳмондорчилик бўлса, албатта, бир-биримизга ёрдам берамиз, қўлимиздан келганча оғирини енгил қилишга, харажатларининг бир қисмини бўлса ҳам кўтаришга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз тўрт опа-сингилмиз. Ўртамиздаги оқибатга ҳамманинг ҳаваси келади. Ҳар куни бир-биримизга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраймиз. Бирон муаммо туғилса, биргалашиб ҳал қиламиз. Ҳеч қачон бир-биримизга лоқайд бўлиб, ёлғиз ташлаб қўймаганмиз, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Ахир яқинларинг яхшию ёмон кунингда ёнингда бўлмаса, оғирингни енгил қилмаса, қариндошчилик, оқибат қаерда қолади? Бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, ёрдам қўлини чўзмасак, “Ўз ташвишим ўзимга етарли, бошқаларникини кўтаролмайман” деб яшайверсак, бегонадан фарқимиз қоладими? Бунақа жигарчиликнинг, қариндошчиликнинг кимга кераги бор?! Ота-онамиз бизга шундай тарбия берган, бувим раҳматли ҳам “Бир-бирингизга оқибатли бўлинг”, деб қайта-қайта уқтирардилар. Мана, кексаларнинг насиҳатларига амал қилиб, кам бўлмадик. Ҳурмат қилган ҳурмат топади, оқибатли инсон эса оқибат кўради.

 Ҳадиси шарифдан:

* Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расуллуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам: “раҳм (сўзи) раҳмон (сўзи” бирлан узвий боғлиқдир. Аллоҳ таоло: “Кимки қон-қариндошлик муносабатларини мустаҳкамлагайдир, мен уни раҳматимга муяссар қилгайдирмен ва кимки қон-қаридошлик муносабатларини узгайдир, мен ундан раҳматимни дариғ тутгайдирмен”, – дейди”, – деганлар”.

* Абу Суфён ривоят қиладилар: “Расуллуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эрмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одамгина қариндошдир!” – дедилар”.

 (с) Комила НОСИРОВА

2013 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий