пятница, 9 апреля 2021 г.

Орамизда яхши одамлар кўп

 


“Яхши одамлар камайиб кетяпти, оқибат қолмаяпти...” Бундай нолишлар дамлар орасида кейинги пайтларда бот-бот янграйдиган бўлиб қолган, ҳатто ҳали оқ-қорани таниб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб улгурмаган ёшларнинг ҳам ўйламай-нетмай шундай хулоса чиқараверишади, яна айрим одамлар эса бу гапнинг замирида нималар ётгани ҳақида чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрмасдан “Ҳа, нимасини айтасиз. Оқибат ҳам анқонинг уруғи бўлиб кетяпти...” деб маъқуллашади.

Бундай гапларни эшитганда, очиғи, ғашим келади. Уларга қарата “Сизнинг атрофингизда ёмон одамлар шунчалик кўпми? Яхшилар йўқлигидан нолийсиз, ўзингиз қандай инсонсиз?” дегим келади. Рост, ахир ҳар бир инсон бошқаларга ўзига қараб баҳо беради, яхши одамнинг атрофидагилар яхши бўлади, яхши одам ҳеч қачон ёмонлар орасида юрмайди. “Дўстингнинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман” деган гап бежиз айтилмаган.

“Ёмон одам” деганда, ўзи кимни назарда тутасиз? Биргина илтимосингизни рад этган дўстингизними ёки қарз сўраганингизда, бермаган қариндошингизними? Ёки орқангиздан ғийбат қилган касбдошингизними? Ёки сиздан қарз олиб, бермай кетган танишингизними? Одамнинг биргина ишига, хатти-ҳаракатига қараб яхши ёки ёмон деган тамға қўйиш қанчалик тўғри? Онда-сонда бўлиб турадиган ана шундай воқеалар туфайли атрофингиздагиларнинг ҳаммасини “ёмон одамлар” тоифасига киритиб қўяётганингизни ҳеч мулоҳаза қилиб кўрасизми? Ахир буни ҳаёт дейишади, пасту баланди, оқу қора рангларидан ташқари бошқа ранглари ҳам бор.

 “Яхши одамлар камайиб кетди, одамларда инсоф қолмади” деб нолишдан аввал ҳар ким ўзига “Мен одамларга қандай яхшилик қилдим? Ҳозир қандай эзгу ишни қиляпман? Қўлимдан келган ёрдамни беряпманми?” деб савол бергани тўғрироқ эмасми? Ўзидан, ўз тирикчилигидан ортиб, атрофидагиларга эзгу амали билан бўлмаса, ақалли яхши сўзи, оқибати билан ёрдам бермайдиган одамларнинг “оқибат қолмади, инсоф қолмади” деб жар солиши ноўрин эмасми?

Бошқалар қандай фикрда, билмадим, лекин менинг атрофида яхши одамлар жуда кўп. Яқинларим, дўстларим, ҳамкасбларим, қариндошларим... уларнинг орасида шундай яхши одамлар борки, бажараётган эзгу амалларига ҳавасингиз келади. Умуман, негадир “ёмон одам” деганда, кўз олдимда аниқ бир шахс гавдаланмайди ҳам. Мен ёмон одамларни танимайман. Ваҳоланки, ҳаммага ҳам мендан ҳам алдаб пул ундирадиганлар, илтимосларимни рад этадиган дўстлар, орқамдан ғийбат қиладиганлар топилади. Лекин, бундайлар, дейлик, бир йилда бир учраса, менга яхшиликни соғинадиган, таъмасиз ёрдам берадиган, мушкул аҳволда қолганимда, тиргак бўлишга уринадиган дўсту яқинларим ҳамиша ёнимда.

Аниқ мисоллар билан яхши одамлар ҳақида билганларимни ўртоқлашишим ҳам мумкин.      

Бир аёлни танийман. Фарзанди хорижда ишлайди, топиш-тутиши яхши, ўзига тўқ. Маҳалласига сут олиб келадиган сотадиган аёл унинг бойлигини кўриб, “қийналгани, эри ташлаб кетгани, фарзанди ўлгани” ҳақидаги ёлғонлар билан жуда кўп марта пул ундирган. Охир-оқибат, бадавлат аёл унинг азбаройи қийналиб қолганига ачиниб, хорижда ишлаётган ўғлидан илтимос қилиб, “ночор” аёлга бир хонали квартира олишига ёрдам берган. Кейинчалик ёлғон фош бўлди, аммо бадавлат аёл дуч келганга ҳасрат қилиб, “Одамларда инсоф қолмади” деб нолиётгани йўқ...

Ижтимоий тармоқ орқали бир аёл билан танишдим. Касби шифокор бўлмиш бу аёл ароқхўр эри туфайли бир қўл, бир оёғидан ажралиб, ногирон бўлиб қолган таниши ҳақида ижтимоий тармоқда мақола жойлаштириб, саховатли инсонлардан унга протез қўйдириш учун ёрдам сўради. Ана шундай тармоқда қанча одамлар мақолага жавоб ёзишди, ҳатто хорижда ишлаётган юртдошларимиз ҳам бефарқ қолмай, қўлдан келганча ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришди. Маълум вақт ўтиб, протез ясаттириш учун етарли маблағ йиғилди. Шифокор аёл ана шу хайрли иш учун елиб-югуди. Шундай воқеаларни ўқигач, эшитгач, қандай қилиб “Яхши одамлар камайиб кетди?” дея оласиз?!

Касбимиз орқали таниганимиз – кўп болали аёлнинг муҳтож аҳволда қолгани ҳақида хабар топгач, ўзимиз ҳам ижтимоий тармоқда унга қўлдан келганча ёрдам беришларини сўрадик. Турли вилоятларда яшайдиган саховатли инсонлар аёлга ёрдам бериш истагини билдириб, ўзлари таниган бошқа сахий инсонларни ҳам бу хайрли ишга жалб қилишларини айтишди. Шундай воқеадан кейин яхши одамларнинг камлигига шубҳа қилиб бўладими?!

Яна бир аёлни биламан. Эллик йиллик қадрдон дугонаси қизини узатадиган бўлди. Аёл жуда бадавлат эмас, лекин касби орқали тузуккина ҳақ олади. Тўй арафасида қиз узатаётган дугонасига анча катта тўёна қилди. “Мен дугонам тўёнани қайтарсин деб қилаётганим йўқ. Чин юракдан берярман. Ахир шундай пайтда ёрдам бермасам, қачон бераман? Ахир пул, молу дунё – ўткинчи нарса, ҳаммамиздан қолиб кетади”, - дейди. Қизиғи, қиз узатаётган аёлнинг эри шунча пулни дугонаси берганига ишонмаган эмиш. Одамлар қизиқ-да, яхшиликка ҳам шубҳа билан қарайди. Ваҳоланки, яхши одамлар кўп!

Аслида, оқ либосининг масъулиятини англаб, беморининг шифо топиши учун астойдил жон куйдирадиган шифокорлар, ўқувчиларининг келажакда саводли, илмли инсон бўлиши учун бор куч-қувватини аямай меҳнат қиладиган ўқитувчилар, эл дастурхони тўкин бўлсин деб, саҳардан то шомга қадар тиним нималигини билмайдиган деҳқонлару боғбонлар, тараққиёт билан бирга кенг тарқалиб бораётган турли касалликларнинг олдини олиш учун янги-янги дори воситаларини кашф қилиш орзусида яшаётган мутахассислар, мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшиш истагида ёнаётган ишбилармонлар, фарзандининг комил инсон бўлиб етишиши учун куйиб-пишиб юрган ота-оналар... уларнинг бари яхши инсон деб аташга муносиб эмасми? Шундай яхши одамлар даврасида яшаб, улар билан бирга меҳнат қилиб, уларнинг эзгу орзу-ўйларига ҳамфикру ҳамроз бўлиб, “яхши одамлар камайиб кетди” дейиш хижолатли бўлмайдими? Ахир шу газетани ўқиётган ўқувчилар орасида ҳам сиз таниб-танимайдиган қанчадан-қанча яхши одамлар бор.

 (с) Комила НОСИРОВА.

04.04.14

14:48 15.27

Комментариев нет:

Отправить комментарий