четверг, 2 февраля 2023 г.

“Фонограммадан фойдаланиш масъулиятдан қочиш эмас”


1-2 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Борлигинг бахтим” дебномланган янги концерт дастурини тақдим этишга бел боғлаган Лола Аҳмедова дастурга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Концерт арафасида мафтункор, ширали овоз соҳибаси бўлмиш хонанда билан самимий суҳбат қурдик.

 – Одатда, концерт арафасида санъаткорлар бир нечта қўшиқларини яхшилаб айлантиришади. Сизда эса бундай айлантирилган қўшиқлар бўлмади?

Мен санъаткор сифатида концертни ўз ижодий ҳисоботим деб биламан. Табиийки, концертда хонанданинг фақатгина мухлислари йиғилади. Мухлислар учун эса ўз севимли ижодкорларининг асарларини ҳар қандай йўл билан ҳам топа оладилар. Мен ҳам маълум маънода ахборот воситалари оркали қўшиқларимни «айлантиришга» берганман. Лекин кўпроқ концерт эълонини ёйишга эътибор қаратяпмиз.

– Концертда ижро этиладиган қўшиқларнинг неча фоизи янги?

Концертда жами 24та қўшиқ ижро этилиши режалаштирилган. Улар асосан миллий ва замонавий эстрада йўналишидаги янги тароналар. Юртимиз воҳалари санъати намуналари ҳам ижро этилади. Мазмунан эса иложи борича кенг қамровли; ижтимоий, халқона ва албатта ишқий мавзудаги шеърларни куйга солганмиз.

– Жонли ижро ва фонограмма ҳақида кўп гапириляпти. Айрим хонандалар жонли ижрода концерт беришди, аммо овози бор деб мақталадиган санъаткорларимиз негадир бунга журъат қилишмаяпти. Жумладан, сиз ҳам…

Жонли ижрода концерт бериш жуда масъулиятли жараён. Лекин фонограмма орқали ижро этишни масъулиятдан қочиш деб баҳоламаган бўлардим. Энди тасаввур қилинг, концерт эълонлари ҳамма ёқда овоза бўлиб, куни аниқланди-да, ўша кунга келиб хонанда шамоллаб қолди. Тирик жон-да. Мухлис эса кўнгилдан ҳордиқ чиқараман, деб келган. Ёки қайсидир қўшиққа ижро давомида хонанданинг ўзи ҳам рақсга тушиши керак. Жонли ижро билан бу ишни амалга ошириш мушкул. Бундан ташқари, яна бир неча омиллар мавжуд. Шундай қалтисликларга дуч келмаслик учун ҳам кўпчилик санъаткорлар фонограммадан фойдаланишади. Шу қаторда мен ҳам. Лекин 100% эмас. Концертда 6та таронани жонли ижрода куйлашни ҳам режалаштириб қўйганман. Келажакда албатта 100%лик жонли ижрода концерт қўйиш ниятим бор!

– Сурхонча қўшиқлар яхши оммалашгани учунми, сурхон воҳасидан бўлмаган хонандалар ҳам шу йўналишда ҳеч бўлмаганда биттадан қўшиқ айтиб чиқишяпти. Сиз эса сурхондарёликсиз, аммо сурхонча қўшиқларингиз кўп эмас…

Балки кўп эмасдек туюлар, лекин етарли, деб ўйлайман. Дарвоқе, бу йилги концертимда ҳам янги, шўх сурхонча йўналишдаги қўшиқ янграйди. Мен Сурхондарёда туғилганман. Болалигим ҳам ўша ерда утган. Шунинг учун воҳа санъати менинг қонимга сингган десам ҳам бўлади. Лекин ўзбек санъати жуда бой ва серқирра. Мен ўзбек фарзанди бўлганим учун ҳам юртдошларимизнинг кўнглидан жой оладиган қўшиқлар куйлашни ўз бурчим деб биламан.

– Шеър танлашда эътиборли эканлигингизни биламиз. Сўзларидан кўнглингиз тўлмаган қўшиқларингиз борми?

Ўз мухлисларини топган қўшиқларимдан қониқаман. Лекин шошилинч ёзилган ёки бошқа сабабларга кўра «пишмай қолган» 5-6та қўшиғим ҳам бор.

– Ҳар бир санъаткорнинг ташриф қоғозига айланган қўшиғи бўлади. Сизни қайси қўшиғингиз билан кўпроқ танишади деб ўйлайсиз?

Турли ёшдаги мухлислар турли қўшиқлар орқали танишади. Лекин улар орасида илтимос ва талаб борасида биринчи ўринда турадигани “Ёлғизгинам” қўшиғи ҳисобланади. Қайси даврага кирмай, қаерга бормай, албатта шу қўшиқни ижро этаман.

– “Буни ҳаёт дейдилар” деган қўшиқни ижро этган эдингиз. Сиздан сўнг Ўлмас Оллоберганов ҳам шу қўшиқни куйлади. Эшитдингизми?

Эшитдим. Ўлмас ака қўшиқ борасида ўзларига ниҳоятда талабчан ва нозиктаъб санъаткор. Қўшиқни эшитганимда, ўзим ҳам бу мавзуда куйлаб нотўғри қилмаганимга яна бир бор амин бўлдим. Ўлмас Оллоберганов ижросидаги барча қўшиқлар қатори буниси ҳам шак-шубҳасиз менга жуда ёқди.

– Тенгдош санъаткорлардан кимнинг ижодини қизиқиш билан кузатасиз?

Атайлаб кимнингдир ижодини мунтазам кузатиб бормайман-у, лекин умуман шоу-бизнес оламида барча янгиликлардан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Мухлисларга кутилмаган янгиликлар тақдим этишда Райҳон, оригинал сўзларни куйга солишда Алишер Файз, услубни янгилаш борасида Ботир Қодировларнинг ижодини эътироф этаман.


 

– Қайси қўшиғингизни ижро этганингизда, кўзингизга ёш келади?

“Онажон” қўшиғини.

– Ҳозирда ёш хонандаларнинг устоз санъаткорларнинг қўшиқларини қайта ижро қилиши урфга айланди десак ҳам бўлади. Сизда ҳам бир вақтлар машҳур бўлган қўшиқларни куйлаш истаги борми?

Бор, лекин бу борада таваккалчилик қилиш ярамайди. Айтмоқчиманки, устоз санъаткорларнинг қўшиғини куйлаганда камида ўшалардек маҳорат билан ёки бошқача услубда ижро этиш керак. Чунки зўр қўшиқни эшитиб ўрганган мухлислар худди шу қўшиқнинг ўртачасини қабул қилмаслиги табиий. Устоз санъаткорларимизнинг хит даражасидаги қўшиқларини танилиш ёки «кўтарилиш» мақсадидагина қайта ижро этиш фикрига қўшилмайман. Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг ижодларига ҳурматим чексиз. Репертуаримда устозга тегишли қўшиқлар ҳам бор. Мен уларни фақатгина Насиба опага ҳавас қилганимдан куйлаганман.

– Уйда қандай пайтларда хиргойи қилиб юрасиз ва кўпроқ қайси қўшиқни?

– Уй ишларини қилаётганда, ошхонада, ёлғиз қолган кезларимда беихтиёр қўшиқ хиргойи қкиламан. Бу қўшиқ ўзимники ҳам, бошқа бир хонанданики ҳам бўлиши мумкин. Охирги пайтда қайси қўшиқ устида ишлаётган бўлсам, ўшани кўпроқ хиргойи қиламан.

– Хориж шоу-бизнесини кузатиб борасизми?

– Албатта! Шоу-бизнес борасида янгилик қилиш фикри ёки ғоялар айнан хориж эстрадасини кузатиш натижасида пайдо бўлади. Лекин санъат борасида ўзимизнинг устоз санъаткорлар ижодига кўпроқ мурожаат қиламан. Чунки шоу-бизнес ва санъат бир-бирига яқин бўлгани билан тамоман бошқа-бошқа тушунчалардир.

– Концерт дастури ҳақида...

Концертим ҳақида биргина фикр билан чеклансам. Бу галгиси ҳар доимгидан бошқача бўлади. Тамоман янги ғоялар устида иш олиб боряпмиз. Қолганини айтсам, сири қолмайди-да! Концертимиз яқинлашгани сайин ҳаяжон ҳам ортяпти. Шундай бўлса-да, ўша кунларни интиқлик билан кутяпман. Мухлисларимга аталган янгиликларни тортиқ этишга ошиқяпман.

 

Хонанда ҳақида маълумотлар

Туғилган вақти: 2 июль

Туғилган жойи: Сурхондарё вилояти

Оиласи: Турмуш ўртоғи ва ўғли Исломжон

Хоббиси: фарзанди билан ҳар хил ўйинлар ўйнаш ва ошхонада фантазия килиш

Севимли актёр: Фотиҳ Жалолов, Фатхулла Маъсудов

Севимли актрисаси: Севара Солиева, Жамила Ғофурова

Севимли асари: “Граф Монте Кристо”

Севимли фильми: миллий фильмлар

Ёқтирган ранги: оқ, пушти

Севимли таоми: булғор қалампирли дўлма

Биринчи қўшиғи: “Ёлғон сўзлаб”

Альбомлари: Ёлғизгинам, Девонам, Бегим, Интизор кунлар”, “Борлигинг – бахтим (тайёрланяпти)

 

(с) Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

2013 йил.

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий