суббота, 2 сентября 2023 г.

Кўҳна ва замонавий Истанбул


Истанбул. Бу шаҳарга боришни, боргач, яна қайтишни истамайдиган одам топилмаса керак.

Сайёҳлар энг кўп келадиган дунёнинг бешта шаҳридан бирига айланган Истанбулда нақ 16 миллион одам яшайди. Бироқ бу расмий маълумот. Норасмий маълумотга кўра, шаҳар аҳолиси бундан ҳам кўпроқ. Туркия аҳолисининг бешдан бир қисми Истанбулда истиқомат қилади.

Туркиянинг маданий ва молиявий марказларидан бири бўлмиш бу шаҳар дунёнинг бирданига иккита қисми – Осиё ва Европада жойлашган ягона шаҳар. У Туркиянинг шимоли-ғарбида Босфор бўғозининг иккала қирғоғида, жанубда эса Мармара денгизи қирғоғида, Мармара ва Қора денгиз орасида жойлашган. Шаҳарнинг асосий қисми Европа, кичикроқ қисми эса Осиёда жойлашган.

Ўтмишда учта йирик империя – Рим, Византия ва Усмонийлар империяси пойтахти бўлган Истанбул илгари Константинополь деб аталган. 1930 йилдан эса номи расман Истанбул деб ўзгартирилган.

Истанбулдаги диққатга сазовор жойларнинг аксари Европа қисмида, асосан Фатиҳ туманида жойлашган. Шаҳар кўчаларида юраркансиз, ҳар қадамда турли миллатга мансуб сайёҳларга дуч келасиз. Истанбул нафақат диққатга сазовор жойлари, балки, гўзал манзаралари, улкан, турли-туман молларга тўла бозорлари, ёрқин ранглари, замонавий бинолари билан ҳам лол қолдиради.

Иқлими асосан субтропик бўлса-да, шимолдан совуқ шамол таъсири ҳам сезилади. Ёз нисбатан иссиқ бўлишига қарамай, кучли жазирама (35+ ва ундан юқори) кам кузатилади.

Сайёрамизнинг 10та энг йирик шаҳридан бири ҳисобланган Истанбулда кўҳна тарихга хос муҳитни ҳам, замонавий шаҳарга хос жадал суръатни ҳам сезиш мумкин. 

 

Эслатма: мақола ва суратдан муаллифдан берухсат фойдаланиш мумкин эмас. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий