понедельник, 23 ноября 2015 г.

Гина қилишга ҳақим борми?

Мана, бир неча ойдан бери сизга хат ёзмайман, ҳолингизни сўрамайман. Суҳбатлашиш илинжида қўнғироқ қилмайман. Ҳузурингизга ҳам йўқлаб бормайман. Бироқ сизни ўйламаган, соғинмаган, дилга яқин қадрдон овозингизни эшитишни, кўзларингизга тўймай термулишни, нигоҳларингиздан меҳр учқунларини излашни истамаган бирор куним йўқ.
Бармоқларим фақат сизга аталган мактубларни ёзишни, кўзларим фақат сизни кўришни, қулоқларим фақат сизни тинглашни, юрагим фақат сизнинг меҳрингиздан тўлқинланишни хоҳлайди. Сизга қўнғироқ қилишни, соатлаб эмас, кунлаб эмас, бутун умримни сиз билан суҳбатлашиб ўтказишни истайди кўнгил. Лекин... лекин сизга қўнғироқ қилмасликдан ўзимни аранг тияман.  
Кечаси уйқуга кетиш истагида ёстиққа бош қўяр эканман, беихтиёр хаёлларим яна сиз томонга кетади. Тушимда фақат сизни кўришимга шубҳа қилмайман. Хаёлларим оламида фақат сиз бўлганингиздан кейин тушларимни ҳам эгаллаб олишингиз табиий. Эрталаб уйғонганимда эса кўз олдимда яна сизнинг сиймонгиз бўлади. Бу сиймо мени неча йиллардан бери таъқиб этади, ўз ҳолимга қўймайди. Ҳиссиётларимни жиловлаб, ақл билан кун кўришимга йўл бермайди. Мен бу туйғуларнинг қули бўлишни, фақат сизни ўйлаб, фақат сиз учун яшашни истамайман. Ҳиссиётларимга қарши исён қиламан турли ақлли хулосаларим билан. Бироқ бу туйғулар қаршисида менинг ақлли мулоҳазаларим шу қадар ожизки, шу қадар кучсизки, бутун вужудим талош бўлаётгандек дунёларга сиғмай кетаман.
Мен ҳар куни сизни унутишга, сиз ҳақингизда ўйламасликка, юрагимдан исмингизни ўчириб ташлашга аҳд қиламан. Ҳар куни бугундан сиз билан гаплашмасликка ваъда бераман кўнглимга, лекин сизнинг сиймонгиз кўз олдимда гавдаланади-ю, барча аҳдларимни унутаман.
Компьютердан сизнинг суратларингиз сақланаётган папкани очаман-у, суратларингизга қараб яна ўйга толаман. Суратларингизга ҳасратимни айтиб дардлашаман. Айтолмаган дил изҳорларимни айтиб гаплашаман. Суратларингиз сўзларимни маъқуллаётгандек, менга далда бераётгандек туйилади. Хаёл осмонида шу қадар баланд парвоз қила бошлайманки, ҳар кунги аҳдларим, ақлли мулоҳазаларим яна пучга чиқади.
Аслида, ақлим ҳиссиётларимдан ҳеч қачон устун келолмаслигини, сизни ҳеч қачон унутолмаслигимни биламан. Фақат буни тан олишдан қўрқаман. Чунки бу туйғуларнинг иқболи йўқлигини ҳам биламан. Сизнинг муҳаббатингиз ҳеч қачон меники бўлмаслигини биламан. Сиз учун қанчалар жонфидо бўлмай, сиз учун қанчалар азият чекмай, қанчалар оташин мисраларни битмай, қалбингизда менга нисбатан мен истаган ҳиссиётлар ҳеч қачон туғилмаслигини биламан. Буни англаш, буни тан олиш қанчалик оғир. Сиз буни тушунмайсиз. Ўзим ҳам тушунтириб беролмайман. Бу шундай туйғуки, юрагингнинг туб-тубларида илдиз отиб, улкан дарахтга айланади ва сен бутун умр унинг шовуллашини, тебранишларини, чайқалишларини ҳис қилиб, кўксингда кўтариб юришга мажбурсан. Бу шундай туйғуки, бир қадаҳда бол, бир қадаҳда эса оғу тутиб туради. Икковини ҳам ичасан ва қон ютасан ва уни кўзларингдан ёш қилиб оқизасан...
Йўқ, сиз сўзларимни ҳасрат деб тушунманг. Мен қалбимда сизга нисбатан шундай ҳиссиётлар уйғонганидан ҳеч қачон афсус чекмаганман. Сизни учратганимдан пушаймон ҳам эмасман. Мен фақат бир нарсадан афсусланаман: менинг қалбимдаги ҳиссиётлар сизнинг ҳам қалбингизда йўқлиги учун сизга таъна қилолмаслигимдан. Юрагимда борини билмаслигингиздан, сезмаслигингиздан гина қила олмаганим учун хафа бўламан. Ҳиссиётларимнинг шу қадар иқболи йўқки, мени соғинмаганингиз, мени йўқламаётганингиз учун сиздан гина қилишга ҳақим бор-йўқлигини ҳам билмайман...
Қанийди, сиздан гина қилишга ҳақим бўлганида... Қанийди, ҳолимдан хабар олмаётганингиз учун ичимда йиғилиб қолган ҳасратларимни сизга очиқ-ойдин айта олсам... Қанийди, кўзларингизга тикилиб, бир он, бир нафас сизнинг хаёлингиздан чекина олмаслигимни, юрагим ҳар лаҳзада сизнинг исмингизни айтиб ураётганини изҳор эта олсам... Ҳақсизлик мени қайтаради. Ақл эмас, ҳақсизлик жиловлайди ҳиссиётларимни. Ҳақсизлик мени йўлга солишга уринади. Аммо бу ҳақсизлик юрагимнинг туб-тубида илдиз отган дарахтни қўпориб ташлашга, шовуллашларини, тебранишларини тиндиришга қодир эмас...

(с) Комила НОСИРОВА.
09.2012 й.

2 комментария:

  1. Сатрларга кўчган юрак ноласи. Туйғуларга сиғмаган соғинч изтироби. Сўзларга айланган қалб битиги...
    +5.

    Агар шу сатрларни аудио шаклда ҳам тайёрласангиз, жуда ҳам зўр бўларди. Кутамиз.

    ОтветитьУдалить
  2. Келинг, ҳозирча шу ишга қўл урмай турайлик. Чала ишлар жуда кўп...)

    ОтветитьУдалить