четверг, 10 мая 2018 г.

Сеҳргар бўлиб қолсам…



Болаликда ҳаммамиз сеҳрга, сеҳргарларга ишонганмиз. Эртаклардаги қалби эзгуликка тўла, қаҳрамонларга ёрдам қўлини чўзадиган, одамларнинг мушкулини осонлаштирадиган сеҳргарларга ўхшашни, улардаги қобилиятга эга бўлишни орзу ҳам қилганмиз. Улғайгандан кейин ҳам баъзан “Сеҳргар бўлиб қолсам, фалон қилардим” деб, ширин хаёлларга бериламиз...

Муаззам ОРТИҚОВА, талаба: — Агар сеҳргар бўлганимда, дунёда энг аввало тинчлик ҳукмрон бўлишини тилардим. Терроризм, табиий офатлар, қотилликлар бўлмаслигини. Дунёда тинч ва осуда ҳаёт кечиришдан ортиқроқ неъмат йўқ, менимча. Шунинг учун ҳаммамиз тинчликнинг қадрига етишимиз керак.

Жаҳонгир МАМЕДОВ, дастурчи: — Сеҳргарлик қобилиятига эга бўлганимда, атрофимдаги одамларнинг ҳамма орзуларини ушалтирардим. Энг аввало, онам ва яқинларимнинг. Шунда ўзимни беҳад бахтиёр деб ҳисоблардим. Қолаверса, дунёда ҳар қандай ёмонликни илдизи билан йўқ қилган бўлардим.

Зиёда РАШИДОВА, менежер: — Тўғрисини айтсам, сеҳргар бўлишни истамасдим. Осонликча, ортиқча уринишсиз қўлга киритилган ҳар қандай нарса қадрсиз бўлади деб ўйлайман. Мен эса ҳамма нарсага ўз меҳнатим, кучим билан эришишни хоҳлайман. Зеро, фақат шундагина эришганларингизнинг ҳақиқий қадрини англаб етасиз.

Гулнора ЮСУПОВА, талаба: — Сеҳргар бўлганимда, очлик ва сувсизликдан, турли урушлардан қийналаётган болаларга қувонч бағишлардим. Интернетда Африкадаги болаларнинг қашшоқликда ва қочоқликда яшаётганини ўқиганимда, қаттиқ хафа бўламан. Уларнинг бошига тушган қийинчиликларнинг озгинасини бўлса-да, аритгим келади.

Умиджон ЁҚУБОВ, тадбиркор: — Сеҳргар бўлишнинг нима кераги бор? Сеҳр-жоду билан бирон нимага эришдингиз ҳам дейлик, ўша нарса бир умр сизга ҳамроҳ бўладими? Менимча, йўқ. Одамзод нимадир ният қилса, унга сеҳр билан эмас, ўз кучи, салоҳияти билан эришиши керак.

Жамшид АЛИЕВ, ўқитувчи: — Баъзилар сеҳргар бўлиб қолганимда, фалон нарсани муҳайё қилардим, ҳашаматли уйим, қимматбаҳо машинам, бир дунё пулим бўларди, деб орзу қилишади. Буларнинг ҳаммаси юзаки, ўткинчи нарсалар. Молу дунё қандай келган бўлса, шундай кетиши мумкин. Одамга вафо қиладигани — билим ва ақл. Менда сеҳргарлик қобилияти бўлганда, албатта ҳамма ўқувчиларим ақлли ва юксак билим соҳиби бўлишини тилардим.

Холида ТЎРАҚУЛОВА, тадбиркор: — Мен аёлларнинг қалбида ҳеч қачон қайғу, кўзларида эса ёш бўлмаслигини тилардим. Ҳозиргина бир аёлнинг ҳасратини эшитиб, дунёда номард эркаклар ҳам борлигидан жаҳлим чиқиб турганди. Сеҳргар бўлганимда, аёлини хафа қиладиган, қадрига етмайдиган эрлар бўлмаслигини, аёллар ўзлари муносиб бўлган бахтга эришишини хоҳлардим.

Беҳруз ТОҒАЕВ, талаба: — Сеҳргар бўлишни истамасдим. Буларнинг ҳаммаси эртакнамо, ҳаётга тўғри келмайдиган гаплар. Албатта, болалигимда ўқиган эртакларимиз таъсирида мен ҳам сеҳрга ишонганман, бироқ энди буларнинг ҳаммаси хомхаёллигини тушунаман, шунинг учун бу ҳақда орзу ҳам қилмайман, ўйламайман ҳам. Юз йил бекор хаёлга берилгандан кўра бир соат амалий иш қилган яхши.

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий