пятница, 18 мая 2018 г.

Ёзда дам оласизми?



Ёзда кўпчилик таътилга чиқиб, денгиз бўйида ёки тоғ ёнбағирларида дам олишни орзу қилади. Аммо бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Кимдир дам олиш учун шунчаки истироҳат боғига бориб қўя қолса, кимдир ҳар доимгидек уй-рўзғор ишлари, тирикчилик ташвишлари билан банд бўлади. Айниқса, аёллар ёзда таътилга чиқишади-ю, банка ёпишга, гилам ювишга ва бошқа йил бўйи асраб қўйган ишларини битиришга киришишади.
Аммо йил бўйи ишлаган одамнинг ақалли жазира кунларда ҳеч бўлмаса бир неча кун дам олишга ҳақи борлигини унутмаслик керак. Зеро, яхши дам – меҳнатга ҳамдам, деб бекорга айтишмайди.

Жамила АҲМЕДОВА, уй бекаси: – Худога шукур, турмуш ўртоғим билан ҳар йили ёзда дам олишга имкон топамиз. Фарзандларимиз билан бирга тоғда ёки денгиз бўйида дам олиб қайтамиз. Чунки турмуш ўртоғим айнан ёзда таътилга чиқадилар. Бир ҳафта дам олиб қайтганимиздан сўнг қишга тайёргарликни, яъни банка ёпишни бошлайман. Қизим анча катта бўлиб қолган, менга ёрдам беради. Икки-уч кун ичида ҳаммасини битирамиз. Хуллас, дам олишга ҳам, зарур ишларни бажаришга ҳам улгурамиз.

Сарвар ОРТИҚОВ, ҳайдовчи: – Одам ёзда дам олмаса, қачон дам олади? Меҳнат қилган одамнинг дам олишга ҳам ҳақи бор. Кўпчиликдан уйда ўтирган хотин ҳам чарчайдими, уйда ўтирса, деган гапни эшитаман. Уй бекаси уйда бекор ўтирмайди-ку ахир, эрталабдан кечгача уйдаги юмушлар билан куймаланиб, ўз хўжалигини юритади. Бир йил давомида бу ишлардан чарчаши табиий. Шунинг учун уларга ҳам ҳеч бўлмаса бир неча кун дам бериш адолатдан бўларди. Уй ишлари ҳеч қачон тугамайди, одамнинг оиласи билан дам олганига, бирга вақт ўтказганига нима етсин. Ростини айтиш керак, айнан шу дамларда яқинларингиз билан бемалол суҳбатлашиб оласиз. Бошқа пайтларда иш билан овора бўлиб, чарчаб, баъзан гаплашишга ҳам ҳушингиз қолмайди.

Ойдин ИСМОИЛОВА, менежер: – Мен доим ёзда ишдан таътилга чиқишга ҳаракат қиламан. Чунки ёз чилласида автобусда ишга қатнаш одамга қийинчилик туғдиради. Қолаверса, қишнинг ғамини ейиш, болаларни мактабга тайёрлаш керак. Хуллас, ёзда бажарилиши режалаштирилган ишлар кўп бўлади. Баъзида шу ишлар орасида бир-икки кунга тоққа чиқиб, ҳордиқ чиқаришга имкон туғилса, баъзида умуман иложи бўлмайди. Бир ҳафта-ўн кун дам олиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мен таниган-билган аёлларнинг кўпчилигининг қисмати шу. Кимдир қизимни узатишим, ўғлимни уйлантиришим керак деб таътилга чиқади, кимдир банка ёпиб оламан деб. Ҳамманинг хаёли рўзғор ишлари, болаларининг ташвиши билан банд. Қариганимда дам оларман, деб қўйишади кулиб. Тўғрисини айтганда, ёш бўлганимиз учун ҳозирча билинмаяпти. Аммо баъзан чиндан ҳам тўйиб ухлагингиз, ҳамма ташвишлардан фориғ бўлиб, табиат бағрида бир неча кун қолгингиз келади.

Муниса ОРТИҚХЎЖАЕВА, тарбиячи: – Ҳар йили август ойида оилавий дам олишга борамиз. Турмуш ўртоғим тоғ ёнбағрида жойлашган дам олиш уйига йўлланма оладилар. Қайнона-қайнотам, икки болам ва эрим билан бирга борамиз. У ёққа боргандан кейин ҳамманинг кайфияти дарров ўзгаради. Кўтаринкилик сезилади. Фарзандларим маза қилишади. Ҳар йили янги дўстлар орттиришади. Қайнонам ҳам тенгдош аёллар билан мулоқот қилиб, кўнгил ёзадилар. Қайнотам-ку, ўша ердаги эркаклар, турмуш ўртоғим билан шахмат ўйнаб, мириқиб дам оладилар. Шундан хулоса қилиб айтишим мумкинки, оилавий дам олишлар оиладаги муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Жамшид ХУДОЁРОВ, тадбиркор: – Тўғриси, дам олишга вақт топиш қийин. Иш кўп. Таътил ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Хусусий тадбиркорнинг луғатида таътил деган сўзга жой йўқ, менимча. Шундай ишни танлаган эканмиз, чидашимиз керак. Аммо, қанчалик банд бўлмай, ўзим дам ололмаган тақдиримда ҳам, фарзандларимнинг дам олишига шароит яратиб беришга ҳаракат қиламан.

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий