воскресенье, 18 декабря 2022 г.

“Кўчадан келган” актриса


Бошқа соҳада таълим олишига қарамай, ўзи учун кино оламини кашф қилгач, бу сеҳрли дунёдан чиқиб кетолмаган Шаҳзода Матчонова бу йўлдан кетаётганига афсусланмайди, чунки кино дунёси унга кўп нарса берди, шоу-бизнеснинг мураккаб дунёси унга фақат ижобий таъсир қилди, тортинчоқликдан қутулишга имкон туғдирди. Романтик қалбини йўқотишни истамаган актриса кино соҳасининг вакиласи эканлигидан мамнун.  

- Бир неча йилдан бери кино соҳасида ишлаяпсиз, аммо мутахассислигингиз бошқа. Бундан ҳеч афсусланмаганмисиз?

- Сиз ҳақсиз. Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаганман. Мен актёрлик маҳорати мактаблари, студияларида ёки санъат олийгоҳида ўқимаганман. Бошқа ўқув юртини битириб, кино соҳасида ишлайдиганларни “кўчадан келган қиз” дейишади. Илгари бундан жуда хафа бўлардим, жаҳлим чиқарди. Аммо йиллар ўтиб, буни тўғри қабул қила бошладим, ахир “Кўчадан келган қиз” ёмон дегани эмас-ку. Ўзим болалигимдан орзу қилган ўқув юртини тамомлаб, кино оламига, сеҳрли оламга келиб қолганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Бу оламга кирган одамнинг ундан чиқиб кетиши қийин, чунки кинонинг ўз жозибаси, ўз сеҳри бор, шу боис кинодаги ўн йиллик фаолиятим давомида бу йўлдан кетганимга ҳеч қачон заррача бўлсин афсусланмаганман.

- Кино олами, шоу-бизнес олами сизнинг ҳаётингизга ва феъл-атворингизга қандай таъсир қилди?

- Мен табиатан шундай одамманки, ҳар қандай вазиятда ҳам фақат яхши жиҳатларни кўришга ҳаракат қиламан. Аслида, кино, шоу-бизнес оламига менга умуман салбий таъсир қилгани йўқ, фақат яхши нарсаларга эга бўлдим. Шоу-бизнесда мен яхши, яқин дўстларга эга бўлдим, улар ҳозиргача менинг ёнимда, мени қўллаб-қувватлашади. Кино олами, шоу-бизнес олами менга қизиқарли ҳаёт кечириш, турли соҳалар, жумладан, кино оламининг вакиллари бўлмиш қизиқарли одамлар билан танишиш имконини берди. Ўзбек киносининг кўплаб режиссёрлари, актёрлари билан танишдим. Агар ўз мутахассислигим бўйича ишлаганимда, улар билан танишишим даргумон эди, деб ўйлайман. Қолаверса, кино соҳасида ишлаб, кўпчилик боришни истайдиган турли жойларда бўлиш имкони бор. Баъзан суратга олиш ишларимиз Ўзбекистоннинг олис жойларида амалга оширилади. Бунинг ҳам ўзига яраша ижобий томони бор. Шу боис кино олами менга фақат энг яхши имконларни берди дейишим мумкин. Бу – менинг севимли соҳам, бу соҳага бўлган муҳаббатим ҳаётимни ёрқинроқ, бахтлироқ қилди, шунинг учун дипломатия эмас, кино соҳасида фаолият юритаётганимдан умуман афсусланмайман, деб такрорлашдан чарчамайман. Яна бир ижобий жиҳати – одамларнинг сени танишлари. Одамлар сенга илиқ муносабатда бўлишса, кинодаги ишинг, ролларинг ҳақида илиқ фикр билдиришса, ҳар қандай артист ўзини анча бахтли ҳис қилади. Бундай ижобий қувват олгандан сўнг одам ўзини бахтли сезмаслиги мумкин эмас. Шунинг учун кино олами, шоу-бизнес олами менга фақат ва фақат ижобий таъсир қилди деб бемалол айта оламан.

Шоу-бизнеснинг феъл-атворимга таъсири ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳа, таъсир кўрсатди деб ўйлайман. Кино оламига келгунга қадар мен жуда уятчан қиз бўлганман, ҳатто дўконга харид учун чиқишга ҳам уялардим, одамлардан ўзимни олиб қочардим, одавомироқ эдим. Кинодаги фаолиятимнинг илк йиллари, кейин яна вақт ўтгач, анча киришимли бўлиб қолганимни сездим, одамларни яхши кўра бошладим, улардан қўрқмай қўйдим, кўпроқ жилмая бошладим. Кўпчилик шоу-бизнес – ифлос бизнес, дейди. Аслида, шоу-бизнесда яхши одамлар кўп, ҳамкасбларим – бунинг исботи. Шоу-бизнесда одам тубанлашади деган маънони назарда тутдингиз, шекилли, чунки бизда, умуман, дунёда ҳам шоу-бизнес вакиллари ҳақида одамларнинг фикрлари унчалик яхши эмас. Аммо, йўқ, мен шоу-бизнесда ҳеч қандай ифлосликни кўрмадим. Умуман олганда, ҳар бир соҳада, ҳар қандай ишда салбий жиҳатлар бўлади, ҳар хил одамлар бўлади. Шунинг учун шоу-бизнес ва кино менинг феъл-атворимга фақат ижобий таъсир қилди дея оламан. Мен очиқ, дўстсевар, киришимли одамга айландим.

- Китобсеварлигингизни биламиз. Баъзан ижтимоий тармоқларда у ёки бу китоб ҳақидаги фикрингизни ёзасиз. Қандай китобларни ўқишни ёқтирасиз? Севимли ёзувчингиз ким?

- Ҳа, мен адабиётни яхши кўраман. Бу - менинг энг севимли машғулотларимдан бири. Тўғри айтасиз, мен кўпинча ўқиган китобларим ҳақида мухлисларим, обуначиларим билан фикрларимни бўлишаман. Уларнинг фикрларини билиш менга завқ бағишлайди. Жуда кўп ёзувчиларнинг асарларини мутолаа қилдим, ҳозир уларнинг қай бири энг севимлиси эканлигини айтолмайман, аммо рўйхатимда Ф. М. Достоевский муҳим ўрин тутади. Биринчи марта беш-олти йил аввал унинг асарини (бу “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романи эди) ўқиганимдан кейинги ҳисларимни яхши эслайман. Ундан сўнг ниҳоятда ўзгардим. Шу боис бу китоб ҳаётимда жуда муҳим ўрин тутади. Достоевский тарғиб-ташвиқ қилган ғоя ниҳоятда муҳим. У ҳамма асарларида раҳм-шафқат, эзгулик, яхшиликка, одамларга ишончни, ҳеч нимага қарамай, одамларга ёрдам беришни, муҳаббатга ишонишни тарғиб қилади. Шу боис у мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Менга ёқадиган бошқа яна кўплаб ёзувчилар бор. Икки-уч йил аввал ўзим учун Сергей Довлатовни кашф қилдим. Унинг ижоди ҳам менга жуда ёқади. Француз ёзувчиси Артур Вебер ёқади. Мумтоз адабиётда, замонавий адабиётда ҳам ижоди менга маъқул бўлган ёзувчилар жуда кўп.

Менга замонавий адабиётни ҳам, мумтоз адабиётни ҳам мутолаа қилиш ёқади. Китоб дунёсидаги янги асарларни эътиборсиз қолдирмасликка ҳаракат қиламан.  

- Ижтимоий тармоқларда кўрган фильмларингиз ҳақида ҳам фикр ёзасиз. Қайси хорижий фильм сўнгги пайтда сизга кўпроқ таъсир қилди?

- Ҳар хил фильмларни кўришни ёқтираман. Кўнгилочар, фестивалбоп, замонавий, дурдонага айланган фильмларни кўраман. Яхши фильмлар ҳам жуда кўп. Мен, аслида, сериал ишқибози эмасман, шу кунгачада кам сериал кўрганман, шунда ҳам болалигимда асосан Бразилия сериалларини томоша қилганман. Ҳозир сериаллар жуда кўп, яхши сериаллар ҳам, шунчаки мен уларга боғланиб қолишни, ҳар куни уни кўришга вақт сарфлашни истамайман. Аммо яқинда беш ёки олти қисмли “Катта кичкина ёлғон” деган сериални кўрдим. Бу сериал нимаси билан мени ўзига жалб қилди? Унда мен севган актриса Николь Кидман ўйнаган. Сериал жуда яхши, билишимча, ундаги роллари учун Николь Кидман ва Риз Уизерспун қандайдир мукофотлар билан тақдирланишди. Бу сериал менда катта таассурот қолдирди. Унда ҳар хил оилалар ҳақида ҳикоя қилинади, ҳар бир оиланинг ўз қувонч-ташвишлари бор. Сериал шу қадар табиий, шу қадар ҳаққоний ишланганки, менга жуда ёқди. Яна Чарли Чаплиннинг “Катта шаҳар чироқлари” фильмини диққат-эътибор билан, бошқача кайфиятда қайта кўрдим. Ҳозирги кунда бу мен учун энг севимли фильмлардан бири. 


 

- Халқаро фестиваллар, мукофотлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Албатта яхши. Кино оламининг ҳар бир вакили – актёр, режиссёр ва бошқалар бир кун шу фестивалларда қатнашишни, мукофот олишни, эътироф этилишни, иши эътиборга тушганини билишни истайди. Ўзимга қолса, албатта фестивалларнинг ҳаммасига борардим. Аммо сўнгги пайтларда кўрган фильмларимга қараб хулоса қиладиган бўлсам, фестивалларда бир ёқлама танлов бўлаётганини сезяпман. Ўз жинсдошига мойил одамлар ҳақидаги фильмлар кўп мукофотларни қўлга киритяпти. 2016 йилнинг “Энг яхши фильми” йўналишида “Оскар” мукофотини олган фильмни кўриб, бу фильмга мукофот бергани учун “Оскар”дан бироз ҳафсалам пир бўлди. Бу фильм ҳақида гапиришни истамайман. Аммо халқаро фестиваллар кўпроқ бўлишини истардим, чунки бундай тадбирлар одамларни бирлаштиради. Айнан шундай тадбирларда турли давлатларнинг одамлари учрашади. Кино санъати орқали одамларнинг онгига таъсир қилиш, миллатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мумкин.

- Нимани фильмнинг инқирози деб ҳисоблайсиз?

- Фильмнинг асоси – албатта режиссёр. Истеъдодсиз режиссёр – фильмнинг инқирози. Истеъдодли режиссёр билан ҳамма ишни ўхшатиш мумкин. Ўзбек фильмлари орасида энг севимли кинокартиналаримдан бири – бу “Шабнам”. Режиссёр – Мирмақсуд Охунов. Сценарийга эътибор берсангиз, оддий демайман, кўп ишлатиладиган. Йигит-қиз бир-бирини севади, ота-оналар қандайдир сабабларга кўра, уларнинг бирга бўлишини исташмайди. Назаримда, ўзбек киносида бундай фильмлар кўп. Аммо эътибор билан кўрсангиз, Мирмақсуд Охунов ҳаммасини чиройли кўрсатиб берган, мусиқаси ҳам жуда таъсирли, Рустам Муродовнинг операторлик иши ҳам чиройли, либослар яхши ишланган, актёрлар яхши танланган. Буларнинг бари режиссёр туфайли.   

- Бирон марта роль танлови борасида афсус қилганмисиз?

- Баъзи фильмларда суратга тушганимдан афсусланганман, албатта. Фаолиятимнинг бошида тажрибасизлигим туфайли баъзи фильмларда суратга тушганимдан афсусланаман. Аммо ҳар доим ролларни сценарийга қараб танлаганман. Бу юқоридаги саволга ҳам тегишли. Фильмнинг инқирози нима? Бу режиссёр. Фаолиятимда бундай ҳолатлар бир неча марта бўлган: сценарийни ўқиганингизда, сценарий ҳам, роль ҳам маъқул бўлади, аммо режиссёр бу сценарийдан унчалик қизиқ бўлмаган кино ишлайди.

- Сценарий сизга маъқул бўлса, фильмда текинга суратга тушишингиз мумкинми?

- Агар роль ва сценарий менга жуда ёқиб қолса, фильм бюджети жуда-жуда кичкиналигини тушунсам, бепул суратга тушишим мумкин, албатта. 

- Қандайдир тоифадаги қаҳрамонларни ўйнашдан қўрқасизми? Масалан, ёвуз аёлни?

- Ёвуз аёлни ўйнаш жуда мароқли. Мен ҳеч қачон салбий ролларни ўйнашдан қўрқмаганман. Ижобий ёки салбий ролдан бирини танлашга тўғри келса, доим салбий ролни танлайман, чунки салбий ролни ўйнаш жуда қизиқ. Фаолиятим давомида жуда кўп яхши ролларни ўйнадим, шунинг учун энди менга салбий қирраларга эга қаҳрамонни ўйнаш қизиқ. “Вирус” фильмининг сценарийсини беришганда, ижобий ролни таклиф қилишди, лекин мен режиссёрдан салбий ролни ижро қилишни сўрайвердим, охир-оқибат у менга ўша ролни берди. Шунинг учун ёвуз қаҳрамонларни ўйнашдан хурсандман. Бу билан кимнидир чўчитиб қўйишдан ёки мухлисларимни йўқотишдан қўрқмайман. Бир неча марта салбий ролларни ўйнаганимдан кейин менга: “Бошқа бундай ролларни ўйнаманг, сизга ярашмайди, қўрқиб кетяпмиз” ва ҳоказо қабилидаги гапларни ёзишган. Буни доим тўғри қабул қиламан, демак, қаҳрамонимнинг салбий томонларини қайсидир даражада кўрсатиб бера олганман, деб ўйлайман.

- Оилавий ҳаёт сизни ўзгартирдими?

- Оилавий ҳаёт мени ўзгартиргани йўқ, қандай бўлсам, ўшандайлигимча қолдим. Бахтимга, тақдир, Яратган менга кинога бўлган муҳаббатимни тушунадиган одамни насиб қилди. Турмуш ўртоғим хизмат сафарларимни, баъзан кечаси суратга тушишга тўғри келишини тушунади ва ижодимни ҳурмат қилади, ҳаётда ўз ўрнимни топишга уринаётганимни тушунади. Умр йўлдошинг сени тушунса, қўллаб-қувватласа, илиқ фикрлар билдирса, бу жуда ёқимли. Шу боис бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, ўзим ҳам ўзгармади, аввал қандай ишлаган бўлсам, ҳозир ҳам шундай ишлаяпман.

- Вақт ўтиб ҳатто романтик одам ҳам манфаатпараст бўлиб қолади. Сиз қайси тоифага мансубсиз? Ўзингизни романтик дея оласизми?

- Мутлақо ҳақсиз. Одам улғайгани сари ўзидаги романтик қалбни йўқотиб боради. Лекин мен доим романтик қизалоқ, романтик қиз, романтик аёл бўлганман. Мен учун романтика – жуда муҳим. Ҳаёт кўпинча одамни романтикани четга суриб қўйишга мажбур қилишини, реалист, омилкор, романтикадан узоқроқ бўлиш кераклигини тушунаман. Биласизми, бу шу ҳақда жуда кўп ўйлайман. Мен романтик қалбни йўқотишни истамайман. Ўйлашимча, романтикани йўқотиш-йўқотмаслик, шафқатсизлашиш ёки юмшоқ қалбли бўлиб қолиш, манфаатпараст бўлиш-бўлмаслик одамнинг ўзига боғлиқ. Шунинг учун доим ўз устимда ишлаганимда, ўзимни таҳлил қилганимда, ўзимни, қалбимни манфаатпарастликдан, шафқатсизликдан ҳимоялашга ҳаракат қиламан. Ўзимдаги романтик аёлни йўқотишни асло истамайман, шу боис ўзимни ҳалигача романтик инсон деб айта оламан. Эҳтимол, сиз учун романтика нима ўзи, деб сўрарсиз. Романтика, масалан, эрингизнинг севги ҳақидаги илк СМСларини сақлаб юриш. Ҳалигача буни скриншот қилиб сақлайман, шукрки, техника бизга шундай имконият беради. У менга совға қилган ҳамма гулларнинг суратларини сақлайман. Чунки мен учун бу жуда муҳим. Афсуски, гуллар сўлиб қолади, аммо суратларда уларни йиллаб сақлаш мумкин. Бу мен учун романтиканинг кўринишларидан бири. Яна кўплаб мисоллар келтира оламан. Аммо, бир сўз билан айтганда, норомантик бўлишни истамайман.

- Одамлардаги қайси жиҳатларни ёқтирмайсиз?

- Эркаклардаги қўрқоқликни ёмон кўраман. Мен учун қўрқоқ эркак – энг ёмон эркак. Эркак қўрқоқ бўлса, муҳаббатидан воз кечиши, аёлга қўл кўтариши мумкин. Фақат қўрқоқ эркакларгина шундай ярамас қилиқлар қилишади. Эркак қўрқоқ бўлса, дўстини сотиши мумкин. Мен учун кучли эркак – ўзи истагандек яшашдан қўрқмайдиган, ўз ишларида эркин бўладиган, фаолиятида, дейлик, бизнесда таваккал қилишдан чўчимайдиган эркак. Қўрқоқ эркакларни кўрсам, жирканиб кетаман. Ундай эркакларни эркак деб ҳисоблаёлмайман. Аёлларда эса жазавалиликка тоқат қилолмайман. Мен учун аёл образи – нафис, юмшоқ, ақлли. Шунинг учун аёлнинг эри, севган йигити ёки бошқалар билан муносабатда жазавага тушганини кўрсам, тоқатим етмайди. Аёлларнинг асабийлашиб бақиришини, фитналар тузилишига тоқат қилолмайман. Баъзилар фитнакорлик – аёлларга хос, дейишади, аммо мен бу гапга умуман қўшилмайман. Фақат тубан аёлларгина фитна қилиш билан шуғулланиши мумкин. Ўз қадрини, ўз ҳурматини биладиган аёл ҳеч қачон бундай ишларни қилмайди.

Мухлисалар кўпинча ёзган хабарларида мендан “Эрли аёл нима қилиши керак, нима қилмаслиги керак?” деб сўрашади. Менимча, аёл ҳеч қачон эркагини кузатмаслиги керак. Ҳеч қачон. Буни менга ойим ўргатган. “Ҳеч қачон эрингнинг ортидан кузатма. Ҳеч қачон телефонини, чўнтагини текширма. Сен, яхшиси, ўзингни бил. Сен эрингни кузатгунча эринг сени кузатсин, чунки бошқа эркаклар сени кузатади”, деб уқтирган. Жуда кўп нарса аёлга боғлиқ. Ҳатто эри ким биландир мулоқот қилаётганини билса ҳам, паст кетиб, эркакнинг ортидан кузатмаслиги керак, чунки биз аёллар ҳар доим ўз ҳурматимизни билишимиз зарур.

Яна аслида кимлигини унутиб қўйган, бирданига мавқеи ўзгариб, ўзини йўқотиб қўйган одамларни ёқтирмайман. Жамиятда қандайдир мавқега эга бўлган, бирон лавозимни эгаллаган, аммо нима учун бундай мавқега эгалигини унутиб қўйган одамларни жиним суймайди. Шундай одамлар тоифаси борки, шу лавозимни эгаллагунча, шу мавқега эга бўлгунча, давлатманд эр деган омадли чиптани қўлга киритгунча ким бўлганини унутиб қўяди. Афсуски, шундай эркаклар ва аёллар тоифаси бор, улар бошқаларга хоҳлагандек муомала қилишим мумкин деб ўйлашади. Кеча ўзи қўполлик қилаётган одамидан анча тубанда бўлган, аммо бугунги даражаси туфайли кечаги кунини унутиб қўйган одамларнинг бошқаларга - хизматчиларга, ходимлар ва бошқаларга жуда қўрс муомала қилишига кўп гувоҳ бўлганман. Улар доим шундай яшаганман деб ўйлашади. Мен учун улар – одамларнинг энг ёмон тоифаси. Бундай одамларни дарров сезаман ва бошқа улар билан алоқа қилмайман, чунки одам – кимлигидан, нима иш қилишидан қатъи назар - ҳаммага бирдек муомала қилиши, ҳаммага ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак деб ўйлайман.    

 

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

2018 йил

“ТВ Парк” журнали.

Комментариев нет:

Отправить комментарий