суббота, 28 января 2023 г.

“Тўмарисни жон деб ўйнаган бўлардим”


Ҳосила Раҳимова деганда кўпчиликнинг кўз олдига дарров кўпкари ёки ўтов ҳақида жўшиб куйлаётган хонанда, тилга эса беихтиёр “Бос, бос, қамчи бос” деган сўзлар келади. Унинг қўшиқларида доим жўшқинлик, кенг далаларнинг чексизлиги, ғайрат сезилади. Баҳорни эслатади унинг қўшиқлари. Ҳосила Раҳимованинг фақат қўшиқлари эмас, ўзи ҳам баҳор сингари жўшқин.

 — Ҳосила опа, суҳбатимизни болаликдаги хотиралар билан бошласак. Энг эсингизда қолган бирон қизиқ воқеани айтиб бера оласизми?

— Ҳозир айни кўклам айёми бўлгани учун шу мавсум билан боғлиқ хотираларим эсимга тушяпти. Баҳор келиши билан ҳаммамиз чиллак ўйнаш учун қир-адирларга чиқардик, сайлларга борардик. Айниқса, бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Дадам ҳар байрамда, айниқса, Наврўзда атлас кўйлаклар тиктириб берардилар. Ҳамма опаларимнинг кўйлаклари ўзига хос бичимда бўлса, менга пирпираклари кўпи ёқарди. Дадам ҳеч қачон раъйимни қайтармай, шундай кўйлак тиктириб берардилар. Қўни-қўшни ёки қишлоқда сумалак тайёрланса, борганларимизни эслайман. Бундан ташқари, яна шу ҳам эсимдаки, болалигимда опаларим бирон иш буюриб кетишса, ҳали у, ҳали бу тадбирга бориб, қўшиқ айтардим-да, ишларни қилишга улгурмасдим. Кейин опаларим мени роса койишарди. Шу нарсани кўп эслайман. Айниқса, опаларим билан бирга ўтириб қолсак, “Ҳосила, сен ҳеч иш қилмасдинг-а, тадбирма-тадбир юраверардинг. Ҳамма ишни биз қилардик”, деб эслашади. 

— Санъаткорнинг машҳурлигини унинг истеъдоди, овози ва меҳнати белгилайдими? Ёки бунда омаднинг ҳам ўрни борми?

— Менимча, ҳаммасининг ўз ўрни бор. Истеъдоднинг ҳам. Энг аввало истеъдод бўлиши зарур. Истеъдод бўлмаса, санъаткор санъаткор ҳисобланмайди, уни санъаткор ҳам дейиш ноўрин. Санъаткор албатта истеъдодли бўлиши керак, қолаверса, меҳнат қилмаса, янги-янги ижод намуналарини тақдим этмаса, қўшиқларини ҳеч ким эшитмайди, ижод тўхтаб қолади. Бундан ташқари, омаднинг ҳам ўрни бор. Қанчалик зўр қўшиқ яратсангиз ҳам, ўша қўшиғингиз ёки ижод маҳсулингиз оммалашмаса, омади келмаса, бор пулингизни сарф қилиб қолишингиз ҳам мумкин. Шунинг учун энг асосийси истеъдод, ундан сўнг омад бўлиши ва шунга яраша меҳнат ҳам қила билиш керак. Меҳнатнинг таги роҳат, деб бежиз айтишмайди. Ишлаб, тинимсиз меҳнат қилиб, истеъдодини намоён этиб, машҳурликнинг шоҳсупасини эгаллаш мумкин.

— Муваффақиятингиз сири нима деб ўйлайсиз?

— Муваффақиятим сири — фольклор йўналишдаги ижод намуналарини, чекка-чекка қишлоқлардаги урф-одатларимизни замонавий тарзда қўшиқ қилиб, халқнинг ўзига етказаётганим. Чунки уларга бу нарса таниш, агар эсдан чиққан бўлса, қайсидир маънода эсга соляпти. Шунинг учун ҳам фольклор йўналишдаги ижодимни улар яқинроқ қабул қилишади деб ўйлайман ва шу боисдан ҳам уларга ўз яқинларим сифатида қарай оламан. Уларга қадимий урф-одатларни янгича талқинда, салгина замонавийлаштириб, аслини йўқотмаган ҳолатда тақдим этаётганим муваффақиятим сири бўлса керак. Яна билмадим...

— Яқиндагина танишган одамингиз билан шахсий ҳаётингиз ҳақида суҳбатлаша оласизми?

— Йўқ. Яқиндагина танишган одамим билан шунчаки гаплашишим мумкин, лекин шахсий ҳаётим ҳақида суҳбатлаша олмайман. Шахсий ҳаётнинг ўзига яраша шахсий чегараси бор, фақатгина яқин инсонларим билан ўртоқлаша оламан.

— Санъаткорлар доим одамлар эътиборида. Бироқ доим кулиб юриш, яхши кайфиятда бўлишнинг иложи йўқ. Ўзингиз истамаган ҳолда мухлисларга қўполлик қилиб қўйган пайтларингиз бўлганми?

— Биласизми, агар жаҳлим чиқиб турган бўлса ёки кайфиятим бўлмаса, имкон қадар ўзимни доирага солишга, имкон қадар ўзимни тутишга ва кайфиятим йўқлигини уларга кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Тўй-ҳашамларда, тадбирларда одамлар билан гаплашиб, уларнинг ёнида ўтириб, хизматларида бўламан. Чунки улардан қувват оламан. Санъаткорнинг тушкун кайфиятда бўлгани учун халққа ҳам шу тушкунликни тарқатишга ҳақи йўқ. Жаҳли чиқиб турган бўлса, унинг қўшиқларини эшитаман деб келган мухлисга ғазабини сочишга ҳақи йўқ. Санъаткор ўзининг санъати билан мухлисларга яқин бўлиши, уларнинг олқишига эришиши, эътиборида бўлиши керак.

Кўп гувоҳи бўлгандирсиз: видеолар тарқалади, хусусан, мен ҳақимда ҳам видеолар тарқалганди. Ўшанда кўрган бўлсангиз керак, менинг айбим эмаслигини айтиб, нима бўлганини тушунтириб, тўйхонадан чиқиб кетганман. Санъатингизни намоён қилгани борсам-у, аммо ўзимга нисбатан қайсидир маънода ҳурматсизликни сезсам, шуни рўй-рост айтиб чиқиб кетаман. Ўзимдан ўзим ғазабимни сочмайман ёки тушкун кайфиятимни кўрсатмайман. Менга нисбатан бўлган муносабатдан келиб чиқиб жавоб қайтараман.

— Машҳурлигингиз одамлар билан муносабатларингизга таъсир қилганми?

— Йўқ. Мен фольклор хонандасиман, халқ ичида юрган хонандаман. Қайсидир даражада чегара ўрнатишим керак, лекин бу одамларга таъсир қиладиган даражада эмас. Санъатингизни тарғиб қиляпсизми, санъатингиз билан мухлисларнинг ёнида бўлишингиз керак. Қўпол муомала ёки юқорида айтганимдек, уларга салбий таъсир кўрсатадиган муносабат билан эмас. Машҳурлик одамлар билан янада бирлаштира олиши, одамларга янада талпинтира олиши керак. Машҳур инсон одамлар ичига кириб кета олгандагина севимли ҳам бўлиши мумкин.

— Қандай одамлар даврасида ўзингизни қулай ҳис қиласиз-у, қандай даврада бўлишни истамайсиз?

— Қўшиқларимни жону дили билан эшитадиган одамлар даврасида бўлишни жуда ҳам истайман. Албатта, тарбиясиз одамлар даврасида бўлишни истамасдим. Бундай даврадан қочиб чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Тарқалган видеоларда ҳам шундай ҳолат акс этган. Менга нисбатан хиёл нотўғри муносабат бўляптими, яхшиси, бундай даврани тарк этаман. У ерда обрўмни тўкиб, тарбияси маъқул келмайдиган ёки маданиятдан йироқ одамлар билан бир даврада бўлишни истамайман.

— Қўшиқчиларнинг кинода суратга тушиши янгилик эмас. Ҳеч қачон кинода суратга тушмайман деган баъзи хонандаларнинг ҳам сўзида турмаганига гувоҳ бўлдик. Сиз эса, адашмасам, ҳали биронта фильмда роль этмадингиз?

— Йўқ, бир вақтлар фильмда суратга тушганман. “Темир хотин”нинг янги мусиқий талқинида. Валижон Шамшиев Қўчқор ака, мен Қумри бўлганман. Феруза Нодирова ва Шоира Рауфбоева ишлаган бу фильмда мен томошабинларга Қумри образида кўринганман. Ўйлайманки, мухлислар кинодаги образимни яхши қабул қилишган. Бу фильмни суратга олиш жараёнида кўп қизиқарли воқеалар бўлган, ишлаш ҳам жуда қизиқ кечганди.

Яхши сценарий бўлиб, кинога таклиф этишса, айниқса, Барчиной ёки Тўмарис образида жон деб суратга тушган бўлардим. Керак бўлса, талаб этиладиган трюкларни ҳам бажарардим.

— Сизга энг аввало аёл, ундан сўнг санъаткор сифатида таъриф беришларини истармидингиз? Ёки аксинча?

— Мени энг аввало аёл деб таърифлашларини истардим. Ҳозирги кунда аёллар турли соҳаларда, турли жабҳаларда ўзларининг иқтидорларини намоён этишмоқда. Улар учун кўплаб имкониятлар ҳам мавжуд. Латофатли, нафосатли, шу билан бирга санъатда ўз ўрнига эга бўлган Ҳосила деб таъриф беришларини истардим. Ҳар қандай аёл, касбидан қатъи назар, биринчи навбатда аёллигини ҳис эта олиши керак.

— Ижтимоий тармоқларда саҳифа очгандингиз, лекин кейин бу саҳифаларингизда фаоллик сезилмай қолди?

— Тўғриси, шу ижтимоий тармоқларга у даражада ёпишиб қолмаганман. Замондан орқада қолмаслик учун ижтиомий тармоқларда имкон қадар суратлар жойлайман. Бўш вақтимда бир-бир кириб тураман, лекин ўта берилиб кетмаганман. Тармоқни ахборотнинг асосий манбаи деб ҳисоблаб, ҳар бир қадамимдан огоҳ этиб туришни истамайман. Илгари санъаткорнинг қандайлигини, қандай гапиришини билиш учун мухлисларда интиқлик бўларди. Ҳозирги кунда бундай ҳолат йўқ. Интернетга кирсангиз бас, санъаткорнинг ҳар бир қадамидан огоҳ бўлишингиз мумкин. Юқорида айтганимдек, замондан ортда қолмаслик, замон билан ҳамнафас бўлиш учун саҳифа очганман, қайсидир даражада фойдаланиб тураман.

— Тузуккина пул сарфланган, бироқ натижаси сизни қониқтирмаган ижод маҳсулингиздан воз кеча олармидингиз?

— Энг аввало шуни айтишим керакки, ҳар бир ижод намунасини яратишдан аввал пухта режа тузиб, яхшилаб ўйлаймиз. Сўз устида кўп ишлаймиз. Обдан таҳлил қилиб, чиғириқдан ўтказганимиздан кейингина ижод маҳсулини яратиб, мухлисларга тортиқ этамиз. Чунки бунга ҳам ўзига яраша меҳнат, қувват, пул сарфланади. Шундай экан, катта нарса яратиш учун кичкиналигидан, пойдеворидан бошлаб мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан. Шундагина афсусланиб қолмасликнинг олдини олиш мумкин. Катта пул сарфласангиз-у, эртага у кимдир этишадиган, кимгадир завқ бағишлайдиган ижод намунаси бўлмаса, кўп афсусланишингиз мумкин. Вақт, меҳнат, маблағ зое кетиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ижод маҳсулини яратаётганда яхшилаб таҳлил қилиб, ишлаб ва яна ишлаб, шундан кейингина халққа тортиқ этишга ҳаракат қиламан.

— Сўнгги пайтларда кўрган қайси фильмингиз сизни ҳайратга солди ёки қаттиқ таъсирлантирди?

— Леонардо Ди Каприо иштирокидаги “Омон қолган” фильми. Инсоннинг ҳаёт учун курашиши, ирода кучини яққол кўрсатиб бера олган фильм. Яқин келажакда ўзбек фильмлари орасида ҳам шундай жасорат ва матонат акс этган, шундай эффектларга бой фильмни кўрамиз деб умид қиламан. Бу фильмдан жуда таъсирландим, ҳайратимнинг чегараси йўқ. Қойил қолдирадиган ва жаҳонда эътироф этишга арзийдиган фильм.

— Бугунги кун аёли ва эркакларида қайси хусусиятлар бўлиши зарур деб ҳисоблайсиз?

— Аёлларимизда садоқат, меҳр, вафо, муҳаббат, гўзаллик — шу хислатларнинг бари бўлишини истардим. Эркакларимизда мардлик, жасурлик, севгига садоқат бўлишини хоҳлардим. Бугунги кунда шундай аёлларимиз ҳам, эркакларимиз ҳам бор. Илоҳим, бундайларнинг сафи кенгайсин. Гўзал ва эзгу хислатлар ҳеч бир инсонга бегона бўлмасин.

— Машҳур ҳинд фильмларидан биридаги “Горон ки на калон ки” қўшиғини ижро қилдингиз. Нима учун айнан шу қўшиқни танладингиз? Бу қўшиқ билан боғлиқ хотираларингиз борми?

— Бу қўшиқ қайсидир маънода ностальгия. Шу фильм кинотеатрда қўйилган пайтда ҳамма фильмни кўришга югурарди. Телевизорда берилса, бутун қишлоқ йиғилиб, муҳокамалар қилардик. Фильмдаги аёл қаҳрамонларнинг либосларини кийишни истардик. Болалик хотираларим билан боғлиқ бўлгани учун ҳам шу қўшиқни куйладим. Мухлислар илиқ қарши олишди деб ўйлайман. Бу қўшиқни куйлаганимда, ҳатто саҳнада ижро этганимда ҳам, хаёлларим болаликка, шу фильмни илк кўрган пайтимдаги таассуротларимга кетади, дугоналарим билан муҳокама қилганларимиз, ўша пайтдаги жўшқинлигимиз эсимга тушади.

— Навбатдаги яккахон концертингизга тайёргарлик кўряпсиз. Жараён қандай кечяпти?

— Жараён жуда қизғин кетяпти. Бу йилги дастурни “Элимдан айланай” деб номладик. Бу йил биринчи марта тўрт кун давомида концерт беришим. Мухлислар ҳар бир қўшиғимни илиқ кутиб олишади деб умид қиламан. Уларга манзур бўладиган мавзуларда янги-янги қўшиқлар тайёрлаяпмиз. Аслида, концерт олдидан бирон нима дейишни ёқтирмасдим, концертга келиб, ҳаммасига ўзлари гувоҳ бўлгач, унга баҳо беришларини истардим. Аввалдан бирон нимани ваъда қилсангиз-у, режалаштирганингиздек бўлмаса, хижолатда қоласиз. Шунинг учун концертга ташриф буюришсин. Концертга келган элимдан айланай. Ҳаммалари янги ижод намуналаридан завқ олишади деган умиддаман.

КОМИЛА ва Ёдгорбек ЮКСАЛ суҳбатлашди.

03.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий