воскресенье, 23 апреля 2023 г.

Мени кимдир уқмоғи лозим...


* * *
Мени кимдир уқмоғи лозим,
Мени кимдир тушунмоғи шарт.
Қайғуларим, изтиробларим
Бир ўзимга кўп эрур албат.
Абдуқаюм Йўлдош

Мени кимдир уқмоғи лозим,
Мени кимдир тушунмоғи шарт.
Йўқса, мени енгади дардим,
Йўқса, мени ўлдиради дард.

Қилолмайман дилни таржима,
Тушунмайди гоҳида қоғоз.
Аламларим қилар жимжима,
Қайғуларим беради овоз.

Тушунмайди ўзини дардим,
Юрак қилар кимга илтижо.
Изтиробда куймоқда қалбим,
Вужудимни ютяпти саҳро.

Юксакларга интилади руҳ,
Хаёлларим манзили — осмон.
Ҳисларимни айлаганча туғ,
Туйғуларга бергудайман жон.

Девонаман, ўйлари юксак,
Фалсафамдан безганман ўзим.
Телбалигин қўймайди юрак,
Кинояга тўлмишдир сўзим.

Мен, аслида, ғалати эртак,
Эшитишни истамас биров.
Ғалатидир кўксимда юрак,
Ёндиришни қўймайди олов.

Мени кимдир уқмоғи лозим,
Мени кимдир тушунмоғи шарт.
Йўқса, ғамга ёр қилиб балким,
Мени буткул тарк этади бахт.
(с) Комила Носирова
19.10.09

Комментариев нет:

Отправить комментарий