четверг, 27 апреля 2023 г.

Умрини фалаж одамга бағишлаган аёл


Хитойнинг Фуцзянь шаҳрида яшайдиган аёл бутун умрини фалаж инсонга бағишлади. Аёл 37 йилдан бери юқоридаги садоқатли эр сингари ҳаёт кечиради. Фақат битта фарқи бор: Жуанг Моли гиёҳлар учун тоққа қатнамайди, бунинг устига, у парваришлаётган одам Молининг эри ҳам, ўғли ҳам эмас, умуман бегона.

Жуанг Моли 40 йилча аввал тўнғич фарзандини дунёга келтириш учун Гонконгдан ватанига қайтган бир оилага қаровчи бўлиб ёлланди. Кўп ўтмай боланинг жиддий касаллиги маълум бўлди. У кичкинагина, заиф эди. Бола бир ойлик бўлганда, ота-онаси ўғлини қаровчи аёлга қолдириб, Гонконгга жўнаб кетди. Шу бўйи бошқа қайтиб келишмади, ўзлари ҳақда хабар ҳам беришмади. 

Тўғри, Жуанг болани давлат қарамоғига топшириши мумкин эди, аммо бир неча ҳафта боққач, унга боғланиб қолди, уйида тўрт нафар боласи (икки нафарида ментал нуқсон бор эди) бўлишига қарамай, уни ҳам ўз қарамоғига олишга қарор қилди. Эри қаршилик билдирмади.

Йиллар ўтарди. Бола деярли ўсмас, деярли ҳеч нима қилолмасди. Аммо у ўйлай оларди. Мияси нормал ривожланарди, шунинг учун унга Катта Бош деб лақаб қўйишди. Ҳеч ким исмини айтиб чақирмасди.

Катта Бош саккизга тўлганда, ташхис маълум бўлди: бел-мушак атрофияси, туғма ирсий нуқсон, буни тузатишга шифокорлар ожиз эди. Жуангнинг у пайтда ташхисларни ўйлашга ҳоли йўқ эди: эри, катта оиланинг ягона боқувчиси тўсатдан вафот этди. Аёл бирон жойга бориб ишлолмасди, чунки асранди ўғлига қараши керак эди, бошқа болаларига ҳам қаров зарур эди. Улар озгина нафақага яшашарди, фақат онда-сонда Жуанг кўчага чиқиб шиша теришга, кейин бир неча юань эвазига топширишга муваффақ бўларди.

Улар ҳалигача қўл учида кун кўришади. Жуанг тўнғич ўғли ва уч нафар ногирон фарзанди билан яшайди. Ўртанча ўғли уйланиб, яхши уйга кўчиб ўтди, қариндошларини ҳам чақирди, лекин она рози бўлмади. Бошқа шаҳарга кўчиш Катта Бошнинг соғлиғига салбий таъсир қилишидан чўчийди.  Ўзи ҳам қариб қолган, соғлиғи яхши эмас.

Жуанг аҳволи жуда ёмон бўлганда, касалхонага тушиб қолди. Охирги дамгача у ёққа боришни истамади. Қариндошлари асранди ўғлини қаровсиз қолдирмасликка сўз бергачгина рози бўлди. У ерда бир неча кунгина ётиб, имкон бўлиши билан Катта Бошнинг ёнига қочиб келди. Айнан ўшанда бу ҳақда мухбирлар хабар топишди.

- Нега бу ишни қиласиз? – деб сўради мухбирлардан бири. – Ахир ҳаётингизда шундоқ ҳам қийинчилик етарли.

- Биласизми, - деди Жуанг, - биз ҳатто жўжаларга ҳам ғамхўрлик қиламиз, ўлишига йўл қўймаймиз, асраб-авайлаймиз. Одам эса онгсиз паррандадан кўра анча кўпроғига лойиқ. Бу бола билан танишганимдан бери ҳеч қачон ташлаб кетмайман, таслим бўлмайман, деб қарор қилганман.

 

Севара АЗИЗ тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий