воскресенье, 4 октября 2015 г.

Етимлик


Муҳаббат-ку тоза, соф дард,
Эрмак қилар бўлса номард,
Увол бўлгай доим фарзанд —
Ота қайда, она қайда?

Етимликда ўтган ҳар кун
Нурсиз эрур. Гўёки тун.
Норастанинг бағри тутун,
Ота қайда, она қайда?

Силанмаган эгик боши,
Кўздан оқар тинмай ёши.
Нечун кулмас бахт қуёши,
Ота қайда, она қайда?

Тинглагиси келар эртак,
Ахир унга меҳр керак.
Ўксинади доим юрак —
Ота қайда, она қайда?

Шодлиги йўқ, қувончи йўқ,
Ҳеч кимсага ишончи йўқ.
Тиргаги йўқ, таянчи йўқ,
Ота қайда, она қайда?

Дилни эзар оҳу зори,
Топилмайди мададкори.
Фақат нола — дилда бори,
Ота қайда, она қайда?
(с) Комила НОСИРОВА.
2001 й.  


Комментариев нет:

Отправить комментарий