вторник, 6 октября 2015 г.

Қаҳрамон Ғуломжонов: “Онамнинг алласи мусиқага қизиқиш уйғотган”

Ижодкор инсон хонадонида туғилган фарзанднинг санъатга лоқайд қараши мумкин эмас, у болаликдан ижодий муҳитда яшайди. Бу эса кўпинча келажакда қандай касбни танлашига таъсир кўрсатади. Бугунги суҳбатдошимиз – Қаҳрамон Ғуломжонов ҳам болалигидан санъатга ошуфта бўлиб улғайган. Унинг дунёси – мусиқа дунёси, санъат дунёси. Бу йил Қаҳрамон ёш санъаткорлар учун энг юксак мукофот бўлмиш “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди.
— Қаҳрамон, “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлганингиз билан табриклайман. Нималарни ҳис қиляпсиз?
— Жудаям хурсандман, аммо шу билан бирга катта масъулиятни ҳам ҳис қиляпман. Муҳтарам юртбошимиз истеъдодли ёшлар учун таъсис этган “Ниҳол” давлат мукофотини менга ишониб тақдим этишди. Ана шу ишончни оқлашга, ўз устимда кўпроқ ишлашга ва тинмай ижод қилиб, халқимизга хизмат қилишга ваъда бераман!
— Мусиқага қизиқишингиз қандай туғилган? Бу соҳани танлашингизга нима сабаб бўлган?
— Менда мусиқага қизиқишни ота-онам уйғотган, айниқса, онам. Улар болалигимда менга турли шеърлар, ғазаллар, ашулаларни ўргатганлар. Менга аямнинг аллалари жудаям ёқарди, ўша оҳанглар таъсирида менда мусиқага қизиқиш пайдо бўлган. Бундан ташқари, мусиқали ўйинчоқларни ҳам яхши кўрардим. Кичкина ўйинчоқ пианиночам бўларди, маза қилиб ўйнардим.  
— Оилавий гуруҳ “Ҳавас” хонандаси сифатида ижод қиляпсиз? Нима учун гуруҳга бундай ном қўйгансизлар?
— “Ҳавас” деб номлашимизнинг асосий сабаби — шу пайтгача ижод қилган ва ижод қилаётган устозлар, машҳур артистларга ҳавас. Қолаверса, ҳавас деганда, жуда улуғвор сўз бўлмаса ҳам, одамнинг хаёлига яхшилик қилади. Буни бизга кўпчилик айтган.
— Дадангиз Рустам Эрматов истеъдодли рассом, аммо ҳозир ўз ижодларини қўйиб, сиз фарзандларига бадиий раҳбар, продюсер сифатида ишлаяптилар, шундайми?
— Тўғри айтасиз, дадам биз фарзандлари учун ўз ижодларидан вақтинча танаффус қиляптилар. Бу жуда катта фидокорлик, ҳамма оталарнинг ҳам қўлидан келавермайди деб ўйлайман. Бунинг учун отамдан беҳад миннатдормиз, бахтимизга ота-онам доим соғ бўлишсин. Ишонаманки, биз ўз йўлимизни топиб кетганимиздан сўнг отамнинг ижод қилишлари учун зарур шароитни яратиб берамиз, худди улар бизга барча шароитни яратиб берганлари каби (жилмайиб).
— Қўшиқларингизнинг ҳаммасига ўзингиз куй басталайсизми ёки бошқа бастакорлар билан ҳам ишлайсизми?
— Қўшиқларни ўзим басталайман, лекин бошқа бастакорлар билан фикр алмашиб тураман.
— Оилавий гуруҳингиз билан бир неча марта ўзингиз ўқиган Глиэр номли РИМАЛда ва вилоятларда концерт бердингиз. Энди пойтахтдаги санъат саройида ҳам концерт қўйишни режалаштираётган бўлсангиз керак?
— Гуруҳимиз билан пойтахтда концертлар ўтказганмиз. 2011 йил декабрда Ички ишлар вазирлиги маданият саройида Тошкент шаҳри ва вилоятларидаги меҳрибонлик ва ногиронлик уйларининг болалари учун “Кўнгил байрами” деб номланган хайрия концертини ўтказдик. 2013 йил 6 мартда Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида “Обод турмуш байрами” номли хайрия концерт дастурини тақдим этдик. Бундан ташқари, қатор давлат тадбирларида мунтазам иштирок этяпмиз. Хдуо хоҳласа, 2014 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясида концерт қўйишга тайёргарлик кўряпмиз, янги репертуар йиғяпмиз.
— Ёш бастакорсиз. Ижодий ҳамкорлик таклиф қилган хонандалар бўлдими?
— Таклифлар бўлди, лекин аксариятига биз кўнмадик, тўғрироғи, ота-онам рози бўлишмади. Улар “Ашула ёзсанг, ўз ижодинг қолиб кетади”, дейишди. Шундай бўлса ҳам, бир неча хонандага қўшиқ ёзиб бердим. Баҳриддин Зуҳриддиновга “Синглим тўйи” ва “Дилором” деган иккита қўшиқ ёздик, кейин “Бахт сароблари” кинофильмига бастакорлик қилдим. НТТ телеканалидаги “Парвоз завқи” кўрсатувига мусиқа басталадим.
— Нима деб ўйлайсиз, агар отангиз санъаткор бўлмаганда, санъат йўлини танлармидингиз?  
— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман, лекин оиладаги муҳит ким қандай касбни танлашига сабабчи бўлади деб ўйлайман.
— Бундан кейин ҳам оилавий гуруҳ бўлиб ижод қиласизларми ёки ҳар бирингиз яккахон хонанда сифатида ишлаганингиз маъқулми?
— Оилавий гуруҳ бўлиб ижод қиламиз, лекин ҳар биримизнинг ўзига хос овозимиз бор. “Ҳавас” номи эса умримизнинг охиригача сақланиб қолади.
— Бир неча таниқли хонанданинг қўшиғига пародия қўшиқлар ижро этдингиз? Улар томонидан ҳеч қандай фикр билдирилмадими?
— Улар хурсанд бўлишди. Биз бу қўшиқларни Янги йил байрами арафасида “Кўнгил байрами” концерт дастурида ижро этиш учун пародия қилдик.
— Эстрада йўналишида ўзингизга қайси хонандани устоз деб биласиз? Кимгадир тақлид қиласизми?
— Эстрадамиз асосчиси Ботир Зокировни устозим деб биламан. Ҳеч кимга тақлид қилмаган ҳолда ўз йўналишимни топишга ҳаракат қиляпман.
— Қўшиқларингизни радио ва ТВда айлантириш ниятингиз йўқми?
— Ниятимиз бор, албатта. Вақти келганда, айлантирамиз.
— Келажакда ўзингизни кўпроқ бастакор сифатида тасаввур қиласизми ёки хонанда?
— Хонанда, аммо қўшиқларимни ўзим басталайман.
— Мусиқадан ташқари яна нималарга қизиқасиз? Ёки ҳамма қизиқишларингиз санъат билан боғлиқми?
— Спорт турларидан сузиш ва стол теннисига қизиқаман. Санъат билан боғлиқ қизиқишларим кўп, масалан, танбур, дутор, най чалишга қизиқаман, чалишни ўрганяпман.
— Ҳозир қандай ишлар билан бандсиз?
— 2014 йилдаги концерт дастурига тайёргарлик кўряпман. Концерт икки қисмдан иборат бўлади. Биринчиси жаҳон классикаси, яъни симфоник оркестр билан ўтади. Иккинчи қисми эса эстрада йўналишида бўлади, насиб қилса (кулиб).

Санъаткор ҳақида
* 1993 йил 7 август куни Наманган вилояти Уйчи тумнида туғилган. Отаси Рустам Эрматов — рассом, санъатшунослик фанлари номзоди. Онаси Матлубахон Эрматова — олий маълумотли педагог-психолог. 
* Қаҳрамон 5 ёшидан санъатшунослик фанлари номзоди Ирода Дадажановадан мусиқа сирларини ўрганишни бошлаган.
* 2000 йил Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига 1-синфнинг фортепиано бўлимига қабул қилинган. Устози Ҳасанова Гулижаҳон Тўйчиевнадан фортепиано сирларини чуқур ўрганиб, ўқиш давомида қатор концерт, Республика хамда халқаро кўрик-танловлада иштирок этиб келган. Жумладан, 2007 йилда “Санъат ғунчалари” деб номланган Республика танловида иштирок этиб III-ўринни қўлга киритган. 2008 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида миллий симфоник оркестр билан Анвар Эргашев дирижёрлигида бўлиб ўтган концертда Бетховеннинг оркестр билан фортепиано учун ёзган 1 концертини ижро этган. 2008 йилда Қозоғистоннинг Актобе шахрида бўлиб ўтган халқаро “Классика-2008” кўрик-танловида иштирок этиб, II-ўрин соҳиби бўлган. Шу йили Қозоғистоннинг Остона шахрида “Астана-Мерей” халқаро пианиночилар танловида фахрли 1-ўринга лойиқ деб топилган.  2012 йилда Франциянинг Париж шахрида Николай Рубинштейн номидаги XI-халқаро пианиночилар кўрик танловида 1-ўринни эгаллаган.
* 2012 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясининг фортепиано факультетига имтиёзли равишда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинган.  
* 2013 йилда мусиқа ижрочилиги номинациясида “Ниҳол” давлат мукофотига сазовор бўлди.
* Бундан ташқари, оилавий “Ҳавас” гуруҳини синглиси Шаҳноза (фортепиано), укаси Достонбек (скрипка), кенжа синглиси Робияхон иштирокида тузиб, 2010 йилдан бошлаб турли Давлат тадбирлари, ижодий учрашув концертлари, хайрия концертларини ўтказиб келмоқда. Концертларда асосан Қаҳрамон ўзи басталаган эстрада куй-қўшиқлари ҳамда жахон классик мусиқаларини ижро этиб келишмоқда.

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
2013.

Комментариев нет:

Отправить комментарий