вторник, 30 июня 2015 г.

Дардсиз дуо совуқдир


Бир киши ҳар кеча туриб, Аллоҳга ибодат ва дуони канда этмасди. Шайтон уни васвасага солди:
— Неча йиллардан буён ҳар кеча саҳаргача Аллоҳни зикр қиласан. Бирон жавоб бўлдими? Ҳеч фойдасини кўрмаганинг ҳолда, қачонгача бу ишда давом этасан?

Кишининг кўнгли оғриди, бошини ерга қўйиб, ухлаб қолди. Тушида унга шундай дейилди:
— Ўзингга кел, уйғон! Дуодан, зикрдан ҳам зерикадими одам?
— Шу пайтгача сўрадим, лекин бирон марта жавоб бўлмади. Илоҳий лутфдан бебаҳра қолишдан қўрқяпман...
— “Аллоҳ” дейишингнинг ўзи Яратганнинг лутфи туфайлидир. Чоралар қидиришинг, йўл ахтаришинг Аллоҳ таолонинг сенга марҳаматидан, оёқларингдаги боғларни ечганидандир. Қўрқувинг, муҳаббатинг, умидинг — илоҳий эҳсон... Ҳар бир “Эй раббим!” дейишинг замирида Аллоҳ таолонинг: “Лаббай” деган жавоби бор...
Ғофил, жоҳил одам дуодан узоқдир. Чунки “Ё Аллоҳ!” дейиш учун унга изн йўқ. Оғзи ва тилида қулф бор.
Унутма, сени Аллоҳга ёлвориш, дуо қилишга бошлаётган дард-аламлар дунё бойликларидан яхшидир. Зеро, дардсиз дуо совуқ бўлади. Мусибатлар ичра қилинган дуо кўнгил тубидан чиқади.
Жалолиддин РУМИЙ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий