Қўл куйиб, кулча нон емаган,
Тиллари аяжон демаган,
Болалар уйининг боласи.
— Дилобар опа, айтинг-чи, болалар уйига қандай
аёллар ўз боласини ташлаб кетади?
— Шаҳар
болалар уйига асосан воз кечилган, кўчада ташлаб кетилган ёки ота-онаси тиббиёт
муассасаларида ташлаб кетган, онаси бирон касалликка чалингани боис шифохонада
даволанишга мажбур, лекин боласига қарашга шароити бўлмаган ёки кам
таъминланган, ёлғиз оналарнинг болалари келади. Муассасамизга имконияти
чекланган, касал болалар ҳам келади.
Болалар
уйи 100та ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 40та ўрин имконияти чекланган
болаларга, 60та ўрин эса соғлом болаларга берилган.
Дилобар Ҳидоятова менга шу аснода беш-олти
нафар аёлнинг боласидан ўз ихтиёри билан воз кечаётгани ҳақидаги аризаларини
кўрсатди. Аризаларни ўқир эканман, аксарида “болам никоҳсиз туғилгани, моддий
шароитим йўқлиги” деган сабаблар кўрсатилганини кўриб, “Ўша аёллар бу аризани
қандай ёзди экан? Қайси она тўққиз ой юраги остида кўтариб юрган боласидан
шундай осонгина воз кечаркин?” деб ўйладим. хир бу аризалар ортида
қанчадан-қанча бегуноҳ гўдакларнинг мана шундай аччиқ қисмати бор!
— Энг охирги келган болалар қандай вазиятда
келган?
—
Масалан, апрель ойида олти нафар бола келган бўлса, шундан тўрт нафари — воз
кечилган, икки нафари эса ташландиқ, кўчадан топилган бола.
— Воз кечгандан сўнг боласини талаб қилиб
келадиган оналар ҳам борми?
— Воз
кечгандан кейин келадиганлар кам бўлади, лекин бор. Масалан, ҳозир сизга
аризасини кўрсатганларимдан бири ҳам боласидан воз кечганди, лекин бир ой
ўтмасдан “Боламни олиб кетаман”, деб келди. Ҳали суд қарори чиқмагани сабабли у
боласини қайтариб олишга ҳақли. Лекин онаси қайтиб келганда ҳам, индамай бериб
юбормаймиз. Туман васийлик ва ҳомийлик бўлимлари билан боғланамиз. Унинг уйига
бориб ўрганилади. Болани ташлаб кетишига нима сабаб бўлган? Яна иккинчи марта
шундай бўлмайдими? Аёлнинг соғлиғи текширилади. Тери-таносил касалликлари,
ОИТС, сил, наркология диспансерида рўйхатдан ўтмаганми-йўқми, текширилади. Ҳаммаси
ўрганилиб, васийлик ва ҳомийлик кенгаши йўлланма беради. “Фалончи аёл муқаддам
судланмаган, соғлом, уй шароити қуйидагича экан, болани онасига қайтариш мақсадга
мувофиқ бўлади” деган маънода. Ана шу ҳужжат бўлсагина, бола онасига
қайтарилади. Агар болани бир ой ичида олиб кетса. Биз болаларни битим билан
қабул қиламиз. Шундан сўнг болани болалар уйига жойлаштириш ҳақида ҳокимнинг
қарори чиқади, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси йўлланма беради. Агар она
фарзандини қарор чиқиб бўлгандан кейин олиб кетиш учун келса, васийлик ва
ҳомийлик кенгашига ҳокимнинг қарорини бекор қилишни сўраб хат ёзамиз. Боя
айтганимдек, аёлнинг шароити ўрганиб чиқилади, кейин ҳокимга ҳужжатлари
киргизилади. Шундан сўнг ҳоким болани ўз оиласига қайтариш ҳақида қарор
чиқаради.
Ҳозир
болалар уйлари, меҳрибонлик уйларида болаларни камайтириш мақсадида ишлар олиб
борилмоқда. Бу ишлар қандай амалга оширилмоқда? Бундан беш-ўн йил олдин болалар
уйларида руҳшунос, ижтимоий ходим, ҳуқуқшунос иш ўринлари йўқ эди. 2012 йилда
Вазирлар Маҳкамасининг болалар уйлари низоми бўйича 171-қарор чиқди. Шундан
кейин болалар уйларида ана шу иш ўринлари очилди. Эндиликда биз уларнинг
ҳамкорлигида боласини топширмоқчи бўлган оналар билан ишлаяпмиз. Имконияти
чекланган болаларнинг оналари билан ҳам суҳбатлар ўтказяпмиз. Бола маълум вақт
бизда қолса ҳам, кейин ота-оналари билан суҳбатлашамиз. Маҳалла фаоллари,
поликлиника шифокорлари билан тушунтириш ишлари олиб бориб, келгусида имконияти
чекланган болаларни мурувват уйларига топширмасдан, уйларига қайтаришга ҳаракат
қиляпмиз.
Болалар
уйларидаги болаларнинг 75 фоизи фарзанди йўқ оилаларга фарзандликка берилади. Васийлик
ва ҳомийлик кенгашлари уларни ҳар томонлама ўрганиб чиқади.
— Бу ерда неча ёшгача бўлган болалар
тарбияланади?
— 0-3
ёшгача соғлом, 0-4 ёшгача имконияти чекланган болалар.
— Асраб олгандан сўнг ота-оналарнинг болаларни
қайтариб келган ҳоллари бўлганми?
— Менинг
иш фаолиятимда ҳали бунақаси бўлмаган. Васийликка олган бир оила қайтарган,
лекин бизнинг муассаса тарбия қилувчи ёшдан ўтиб кетгани учун меҳрибонлик уйига
топширган. Соғлиғи билан боғлиқ муаммо чиққани учун. У кўчага ташлаб кетилган
қиз эди, лекин бизда ҳамма шифокорлардан ўтганди, кейин бирданига касали чиқиб
қолди. Бундан бошқа ҳоллар бўлмаган. Аксинча, битта бола олганлар яна олишга
келади.
— Фарзанд асраб олиш истагидаги оилалар қандай
болаларни сўрашади?
— Соғлом
болаларни, албатта.
— Болаларнинг никоҳсиз ёки никоҳда туғилганига
ҳам қизиқишадими?
— Жуда
қизиқишади. Лекин бизда бундай вариантлар деярли йўқ. “Беш қизим, олтинчисиям
қиз туғдим, шуниси ортиқчалик қиляпти” деб ҳеч ким олиб келмаган боласини. Никоҳда
туғилган болалар асосан имконияти чекланган болалар бўлади. Ҳатто энди туғилган
Даун синдромли болаларни топшириб кетишади. Боқишга ҳаракат ҳам қилмайдиганлар
бор...
— Никоҳсиз муносабатлардан фарзанд кўрган
оналар боласини топшириш учун ариза ёзганда, озгина бўлса хижолат чекадими?
— Кўпчилиги
йиғлайди. Ижтимоий ходим, руҳшунос, ҳуқуқшунос билан бирга ҳар томонлама
суҳбатлашамиз. “Эртага фарзандсиз бўлиб қолсангиз-чи?” деб ниятидан қайтаришга
уринамиз. “Йўқ, шароитим йўқ. Боламни олиб борсам, ота-онам ўлиб қолади”, деб
оёқ тираб туриб олишади. Шундай вазиятда бошқа иложимиз қолмайди.
Уялмайдиганлари туғруқхонанинг ўзида ташлаб кетади. Бизга келадиганлар эса
йиғлаб-сиқтайди, уйида бироз вақт боқиб кўриб, ҳамма турткилайвергандан кейин
ташлаб кетади.
— Ташлаб кетиш мақсадида келиб, қайтариб олиб
кетганлар ҳам бўладими?
— Яқинда
икки марта шундай ҳолат бўлди. Йиғлаб-сиқтаб ташлаб кетди-да, эртасига
эрталабдан келиб, боласини қайтариб олиб кетди. Бўлиб туради бунақа ҳолатлар. Лекин
аксарият топшираман деб топширдими, бўлди, воз кечади...
— Соғлом болалар уч ёшгача бўлади, дедингиз.
Улар ота-онасининг ташлаб кетганини ҳис қиладими?
— Ҳа,
шундай болалар бор. Ғамги-и-ин бўлиб юришади. Шаҳзод деган бола бор эди.
Кичиклигидан ғамгин эди. Жудаям маъюс эди. Кейинчалик кўникди. Қуёнлаб эди,
лекин ақлу ҳуши жойида, қўл-оёғи бутун, ҳамма нарсани тушунадиган бола эди. Уни
операция қилдирдик. Шундан кейин отасига “Олиб кетинг” деб айтдик, олиб
кетмади. Кейин биздан кетаётганда роса йиғлаган. Муштарий деган қизимиз бор.
Уям жуда ғамгин эди, мана, энди-энди очила бошлади. Бу қиз ҳам тушунади. “Адам
мени бозорга ташлаб кетганлар”, деяверади. Навбатда турган, васийликка олмоқчи
бўлган ота-оналар келиб кўриб, қайтиб кетса, хафа бўлиб қолади. “Мени буям
ташлаб кетди”, деб ўйласа керак-да... Бу ердаги болалар ҳали кичкина-ку, лекин сал
каттароқлари тушунади, ҳис қилади...
Бош шифокор мени болалар уйидаги шароит билан
таништираркан, тўғриси, бу ерда яратилган қулайликларни кўриб, қойил қоласиз.
Каравотчаларида ухлаб ётган митти одамчаларни — беғубор болажонларни кўриб, миянгизга
яна ўша савол урилиб, юрагингизни ачиштиради: “Қандай она ўз боласини ташлаб
кетади? Бу болажонлар учун ҳамма шароит бор, ота-онаси ёнида юрган болалар
ҳавас қилгудек шароит. Бироқ... болаларнинг тили “ада”, “ойи” деган сўзлар
билан чиқади. Бу болажонларнинг тили-чи? Нима деб чиқади? Уларнинг илк
қадамларидан қувонадиган ота-онаси ёнида бўлмайди-ку?! Тўғри, бу ердаги
тарбиячилар, энагалару тиббиёт ходимлари меҳрибон, уларга худди ўз
фарзандларидек қарашади, меҳру муҳаббатларини аяшмайди. Аммо барибир...
Бош шифокор болалар уйини кўрсатиш асносида
8-9 ойлик бир болажонни қўлига кўтариб, уни эркаларкан, боланинг ювошлиги
эътиборимни тортди. У қўлимдаги фотоаппаратга қизиқсиниб, “Нима экан?” дегандек
ажабланиб қаради. Унга тенгдош бошқа болаларнинг аксарияти эътиборини тортган
буюмга қўлини чўзган, ушлаб кўришга, ўйнашга уринган бўларди. Бироқ бу бола
ундай қилмади. Бош шифокор қучоғида жилмайибгина бу боланинг табассумида
қандайдир маҳзунлик бордек туюлди...
Ҳовлида сайр қилиб қайтаётган икки бола эса
мен билан кўришиш учун қўлини чўзганда, тўғриси, юрагим бир ғалати бўлиб кетди.
Шароит қанчалик зўр, тарбиячию муассаса ходимлари қанчалик эътиборли ва
меҳрибон бўлмасин, бу болаларнинг асл ўрни ўз оиласида-ку. Нега улар бошқа
тенгдошлари сингари ўз ота-онаси бағрида улғайиш имконидан маҳрум? Ёшлик
қилдим, ўйламай йўл тутдим, деб беникоҳ муносабатлардан бола орттириб, энди
пушаймонман, боламни боқолмайман деб болалар уйига нажот истаб, жигаргўшасини
ташлаб кетаётган оналарни эртага бу болаларнинг кўз ёшлари урмасмикин?
Бола жондан азиз бўлса...
Ижтимоий
тармоқда беникоҳ жинсий алоқада бўлиб, болали бўлганлар ва боласини болалар
уйига ташлаб кетган аёллар ҳақида фикрлашганимизда, бир танишим шундай фикр
билдирди: “Шундай бўлишига сабабчи “инсонларни” ер кўтариб юрибди-да!
Қанчадан-қанча одамлар бир инсонга ҳалол боғланиб, ўн йиллаб фарзанд кутишади.
Гуноҳкор бандаларга эса гуноҳларнинг меваси — фарзандни ҳам бераверади. Тавба!
Вужудимдаги уч ойлик болани юрак ҳовучлаб, аранг катта қиляпман. Қачон қўлимга
оламан, деб юрагим орзиқиб кетяпти. Бола жонингиздан ҳам азиз бўларкан. Улар
қандай она экан-а, индамай воз кечиб кетаверадиган?!”
Болалар
уйида олинган суратларга кўз ташларканман, яна ўша қўшиқ сўзлари ёдимга тушди:
Эй одам, огоҳ бўл,
Бойлигинг, шуҳратинг — икки пул,
Юртингда бор экан хаста дил —
Болалар уйининг боласи.
Қанийди, болалар
уйида болалар бўлмаса. Қанийди, ҳар бир бола ўз оиласида, ўзининг меҳрибон
ота-онаси бағрида улғайса!..
(с) Комила НОСИРОВА.
Комментариев нет:
Отправить комментарий