вторник, 28 июля 2015 г.

Гуноҳ

Жувон (шундай дейишга тил бормайди, ахир у бор-йўғи ўн тўққизда) тунни минг бир азоб билан мижжа қоқмай ўтказди. Пишиллаб ухлаётган чақалоғига тикилиб ўтираверди, ўтираверди... Қовоқлари тобора оғирлашиб бораётганини сезса-да, оппоқ чойшабга ўралган жигаргўшасига термулиб тонгни қаршилади. Бу тун жуда оғир кечди. Лаҳзаларнинг ўтиши... Ҳар лаҳза жонини суғуриб олишга шай эди гўё. Жувон гўдагининг юз-кўзларига меҳр билан термулиб ўтираркан, тинмай ўзини ва яна кимнидир қарғарди.

“Шугинанинг уволи тутсин-а! Шайтон васвасасига учиб нималар қилиб қўйдик? Беномусларча нега бу йўлга кирдик? Нега? Э, муҳаббат дегани шунақа бўлса, уйи куйсин! Қуриб кетсин оҳ-воҳлар, ёниб-куйишлар!..”
Жувон бу туннинг асрдай чўзилишини тилаб чиқди Худодан. Нола қилди: “Шу вақтгача сендан ҳеч нарса сўрамаганман. Қандай сўрашни ҳам билмайман. Илтижо қиламан: менга яна озгина вақт бер. Озгинагина!..”
Йўқ! Тангри аёлнинг ноласига қулоқ солмади. Ғафлат уйқусида ётган кенг шаҳарда тонг бўзара бошлади. Жувоннинг бошқа чораси қолмади. Кийинишга тушди. Қўрқа-писа соатга кўз ташлади: беш! Жувон стул устига ёзиб қўйилган кўрпачага гўдагини ўради. Кейин секин-секин юриб эшик ёнига борди. Тўхтади. Нимадандир умид қилгандек ҳалигина чақалоғи ётган эски аравачага хомуш қараб қўйди. Оғир хўрсиниб, эшик илгагини туширди. Остона ҳатлади-ю, яна ортига назар ташлади...
Жувон зинадан зўрға кўтарилиб, бешинчи қаватга чиқди. Қўлидаги чақалоғи оғирлик қилгани йўқ. Фақат... оёқларидан мадор қочгандек эди. Жувон яшил бўёқ билан бўялган, аммо зулматда қорайиб кўринаётган темир эшик қаршисида тошдек қотди. 53-уй... “Шу!.. — ўйлади жувон изтироб билан. — Эсимда, шу ерга келгандим. Адашганим йўқ. Ярим соатдан сўнг эшик очилиб, Шоира опа сутга чиқади. Ҳар доимгидек... Чақалоқни кўриб, додлаб юборса-я?! Йўқ, бундай қилмайди. Қувониб кетади. Шунча йилдан бери гўдак йиғисини эшитишни орзу қилади бечора!.. Бахт ўзи излаб келаяпти-ку! Эвоҳ, болажон! Бировларга қайғу, бировларга шодликсан-а! Нега ҳаммага бирдай қувонч улашмайсан?! Нега?..”
У қучоғида ҳамон пишиллаб ширингина ухлаб ётган чақалоғига меҳр билан боқди. Лўппи юзларидан узоқ ўпди. Кейин... Кейин: “Кечир мени, болажон!..” — дея пичирлади-да, гўдакни авайлаб ерга қўйди. “Яна ўн беш дақиқача вақт бор. Шоира опа эшикни очади. Болам кўп қолиб кетмайди бу ерда... Тез топишади... Ҳаво жуда совуқ эмас. Бўлмаса, қандай қилиб... ташлаб кетардим?.. Юрагим бардош бермасди бундай бағритошликка!..”
Жувон, лаблари асабий қимирлаганча, гўдагидан кўз узолмай турарди. Миттигина чақалоғи шундай чиройли эдики, у кескин ҳаракат қилиб, гўдагини қўлга олди. Маҳкам бағрига босиб, юз-кўзларидан телбаларча ўпа кетди. Ором уйқусидаги гўдак ғингшиб қўйди-ю, уйғонмади. Жувон ўзига келди. “Вақт оз қолди... Тезроқ кетиш керак... Бирортаси кўриб қолса... Тамом! Шарманда бўламан!.. Шундоқ ҳам қишлоқда ота-онам хавотирланиб... Йўқ, тезроқ кетишим керак. Тезро-о-қ...”
У энди чақалоғига бироз совуққон нигоҳ ташлади. “Мен буни ўзим билан олиб қолсам, аҳволим не кечади? Ҳамма юз ўгиради мендан. Ҳатто ота-онам ҳам. Курсдошларим, танишларим, домлаларим... бузуқдан олиб, бузуққа солади... Акаларим-чи?! Бир йўла чавақлаб ташлашар...”
Жувон акаларини кўз олдига келтирди. Ҳаммаси Алпомишни доғда қолдирадиган, гавдали, полвон йигитлар. Бир чертса, унга ўхшаган нозиккина жуссали хотин-қизлар ўзини ўнглолмаслиги аниқ. У ҳам омон қолмайди. Акаларининг феълини жуда яхши билади. “Йўқ! Мен... Мен боламни ташлаб кетишим керак! Бошқа иложим йўқ! Мажбурман... Мажбур...”
Унинг қўллари бўшашиб, пешанасидан совуқ тер чиқиб кетди. Зинага ўтириб қолди. Қўлидаги чақалоқ онасининг не ҳасратдалигидан бехабар, киприксиз кўзларини қисиб, пиш-пиш ухларди. Аёлнинг томоғига бир нима тиқилди. Лабларини тишлади. Шу онда кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқиб, докадай оқариб кетган юзларига оқиб тушди. Шу кўйи бир неча дақиқа хаёлланиб ўтирди. Чақалоқ яна ғингшиб қўйди-ю, жувон сапчиб туриб кетди. Яшил рангли темир эшикка хавотирланиб қараб қўйди-да, гўдагини сўнгги марта бағрига босди. Кейин... Кейин кўнглидаги энг сўнгги умид ришталарини чирт-чирт узиб, жигаргўшасини яна полга қўйди. “Кечир мени, болам!.. Гуноҳкор онангни кечир, ўғлим!..” Унинг бўғзидан шу нидо отилиб чиқди-ю, ўзи ҳам зинадан пастга шамолдек учди. Оёқларининг тагига ҳам қарамай югуриб кетаверди, кетаверди... Ора-чора ортига ҳадик билан қараб-қараб қўярди. Гўё кимдир қувлаб келаётгандек... Бошидаги гулдор рўмоли ярим йўлда тушиб қолганига ҳам парво қилмади. Азбаройи тез югурганидан, юраги шундоқ бўғзига тиқилгандек туюлди...
Жувон хонадаги эски аравачани кўрди-ю, устига ўзини ташлади. Енгилгина аравача уни кўтаролмади. Сирғалиб юриб кетди. У мувозанатини сақлашга улгуролмади (Улгуролмади эмас, хоҳламади!). Гурсиллаб полга йиқилди. Аъзойи бадани зирқираб кетган жувон бағрини ерга бериб, юм-юм йиғларди. Аммо унга шу тобда аравача ғилдиракларига зарб билан урилган бошининг лўқиллаб оғриши эмас, қалбини тимдалаётган оғир гуноҳ изтироби азоб бераётган эди...

(с) Комила НОСИРОВА

2003 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий