четверг, 23 июля 2015 г.

Шитирлаётган қамиш


Гвидо ГЕЗЕЛЛЕ
Шитирлаётган қамиш,
Куйинг ҳасратга тўлмиш.
Даладан шамол эсса,
пояларингга тегса,
эгилурсан паришон,
қаддинг ростларсан шу он,
секин айларсан хониш,
товшинг қайғули, ў қамиш!
Шитирлаётган қамиш!
Гоҳ китобдан узилмиш,
дарё бўйида ёлғиз –
ўтирардим ташвишсиз,
боқар эдим оқимга,
кучсиз пояларингга,
мавжга – юрагим ўрганмиш
маҳзун нолангга, қамиш!
Шитирлаётган қамиш!
Товшинг етар йўлчига,
эшитмайди у бироқ,
зулматда кетар йироқ,
тақдир чорлаган жойга,
олтинга тўла сойга –
тўхтамас у бир зумга,
менга азиз, эй қамиш!
Лекин сўзларинг, қамиш,
ҳамма рад этмаганмиш:
поянг яратиб Худо,
демиш: “Эс!” – мисли сабо,
шабада сенга етди,
эгилдинг... У эшитди...
зўр ё заиф бу товуш,
унга маъқулдир, қамиш!
Шитирлаётган қамиш!
Менга ҳам тилинг аён,
итоаткор, паришон –
таъзим қилганинг у он,
этганда бурчинг адо,
қалбим сен-ла доимо,
шитирлаётган қамиш!
Тилинг менга кўп таниш.
Шитирлаётган қамиш,
сўзларингни сен бир зум
куйимга жойла, таъзим –
этгин унинг ўзига,
бизга умр берганга,
ичимизни кўрганга,
тингла! – айларман хониш
мен – ғариб, сарсон қамиш!

Комила НОСИРОВА таржимаси.

Комментариев нет:

Отправить комментарий