Бу воқеани менга бир танишим
сўзлаб берди ва, агар жоиз топсам, ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишимни
сўради.
“Ўсмирлик давримда бошим қаттиқ
оғрийдиган бўлиб қолди. Аввалига бунга ортиқча эътибор бермадим, дори ичиб
юрдим, ўтиб кетар деб ўйладим. Лекин бошим жуда қаттиқ оғрирди, чидаш қийин
бўларди. Шундан сўнг шифокор кўригига бормасам бўлмаслигини тушундим. Ҳар хил
текширувлардан ўтдим, таҳлиллар топширдим. Аммо ҳеч қандай касаллик чиқмади.
Жуда кўп шифокорларга бордим, тайинли ташхис қўйишолмади. Уларнинг тавсиялари
билан даволангандек бўлдим.
Бироқ бу давою дорилардан ҳеч
қандай натижа чиқмасди. Бошимда вақти-вақти билан кучли оғриқ турар, чангаллаб
қоладиган аҳволга тушардим. Шифокорма-шифокор югуришлар, ҳар хил
текширувлар самара бермасди. Охир-оқибат шу оғриқлар билан яшашга мажбур бўлдим.
Йиллар ўтди.
Баҳорда оғриқлар яна қайтди. Яна
даволанишга қарор қилдим. Ҳатто касалхонага ётаман деб идиш-товоғу майда-чуйда
нарсаларимни йиғиштириб шифокор кўригига бордим. Аммо текширувлар яна ҳеч
нимани аниқлаб бермади. Шифокорлардан ҳам, даволанишдан ҳам ҳафсалам пир бўлди.
“Бу қанақаси бўлди? — деб ўйлардим ўзимча. — Ахир бошим чиндан ҳам чидаб
бўлмайдиган даражада оғрияпти-ку. Дўхтирлар эса тайинли гап айтишмаяпти. Бирон
сабаби бордирки, оғрийди...”
Кўчага шалвираб чиқиб, машиналар
қатнайдиган катта кўприк-йўлнинг чеккасидан хаёл билан юриб борарканман,
беихтиёр кўзим аравачада (уни аравача ҳам деб бўлмайди, ҳаракатланиш учун жуда
хароб бир восита эди) ўтирган икки оёғи
йўқ ногирон кишига тушди. У иккала қўли билан аравачасини ҳаракатлантириб
борар, кўзлари эса чақнарди. Ҳа-ҳа, чақнарди! Худди бутун дунё уникидек,
ҳаётнинг ҳамма шодликлари насиб этгандек, кўзларида бахт, ҳаёт ишқи порларди.
Унинг кўзларини кўрган одам шу дамда ҳаётидан рози эканлигига асло шубҳа
қилмасди. Ташқаридан қараган одамга бу ногирон одам заиф, фақирдек кўриниши
мумкин. Аммо кўзига боққанлар унинг ҳаётга, одамларга бўлган муҳаббати
кучлигига ишонар, тақдиридан розилигини дарров ҳис қиларди. Ҳис қилмаслик мумкин
эмасди.
Бу манзара мени лол қолдирди. Ўз-ўзимдан
уялиб кетдим. Қандайдир бош оғриғи туфайли шунча йил елиб-югурганимни, кичкина
дардни ҳам фожиа даражасида қабул қилганимни, ҳозиргина шифокорлардан
вужудимдан касаллик топиб беролмагани учун қанчалик хафа бўлганимни, бошим
оғриганда ҳамма нарсадан ва ҳаммадан жаҳлим чиққанини ўйлаб, хижолат тортдим. Ахир
менинг аҳволим бу ногиронникидан хароброқ эмасди. Қўл-оёғим бут, жисмим соғ,
меҳнат қилишга қувватим бор. Тангри берган неъматларнинг ҳаммасидан фойдалана
оламан. Шундай бўлса ҳам, бош оғриғи туфайли қанча вақт ўзимнинг таъбимни хира
қилиб, норози бўлиб юрдим.
Шуларни ўйлаб, қўлимдаги
касалхонага ётиш мақсадида майда-чуйдалар солинган халтани кўприкдан туриб,
пастга улоқтирдим. Энди менга бунинг кераги йўқ эди.
Ўша кундан, ўша ондан бошлаб бош
оғриғим ҳақида умуман ўйламай қўйдим. Ишонасизми, шундан сўнг бошим аввалгидек
оғримай қўйди...”
Танишимнинг ҳикоясини тинглаб
ўтирарканман, беихтиёр Саида Зуннунованинг мисралари ёдимга тушди:
Ҳаётдан нолиса биров, суймайман,
Айниқса, бут бўлса қўли-оёғи...
Хулосани ўзингиз чиқаринг, азиз
ўқувчи.
Гўзал, ибратли ҳикоя... Ҳар нарса Аллоҳдан эканлигини утутмай,умудсизликдан узоқ юриш эканлигини уқтиради инсонга...
ОтветитьУдалитьКомила опа яна шундай ибратли ҳикояларингиздан кутамиз.. Ижодингизга омад
Rahmat, harakat qilaman.
УдалитьМенгаям ёқди бу ҳикоя... Комила опа яна шунақа ибратли ҳикоялариздан қўйиб боринг... Шунингдек тардима асарлариздан ҳам.
ОтветитьУдалитьRahmat! Nasib qilsa, albatta.
Удалить