вторник, 21 апреля 2015 г.

Фақирлик


Саида директорнинг қабулхонасида ярим соатча ўтирди. Ниҳоят, ичкаридаги одам, гапиними, ишиними, битириб хонадан чиқди. Котиба Саидага қараб ғалати кулимсиради-да, деди:
— Киришингиз мумкин.
Саида ўрнидан туриб кийимини тузатган бўлди-да, директор хонасининг эшигини аста тақиллатди. Ичкаридан эркак кишининг йўғон овози келди: “Киринг!”

Саида юрагини ҳовучлаб ичкари кирди:
— Ассалому алайкум!
Хона тўрида, катта қора чарм креслода кул ранг костюм-шим кийиб олган басавлат эркак ўтирарди. Кўринишидан ёши қирқ беш-эллик атрофида. Саида хона эшигига директорнинг исми ёзиб қўйилганини эслади: Ғайрат Салимович Қўчқоров.
Компьютер экранига тикилиб ўтирган директор бош кўтариб Саидага қаради:
— Ваалайкум ассалом! Келинг, синглим.
Саида негадир ўнғайсизланди.
— Мен ҳалиги... иш масаласида келгандим...
Ғайрат Салимович стол ёнидаги креслога имо қилиб, деди:
— Ўтиринг, гаплашамиз.
Саида ийманибгина креслога чўкди. Шунда ҳаяжонланаётганини сезиб, ихтиёрсиз равишда нигоҳини ерга тикди. Вазиятдан фойдаланган Ғайрат Салимович синчиклаб Саиданинг юзини, қадду қоматини кўздан кечирди. Унинг рўпарасида ўта соҳибжамол деб бўлмаса-да, ҳар ҳолда чиройликкина ёш қиз бош эгиб ўтирарди.Ҳм, ёмонмас. Қўлга олса бўлади”. Ғайрат Салимовичнинг хаёлидан “лип” этиб шу фикр ўтди.
— Хўш, қаерни битиргансиз, синглим? — сўради у бадқовоқ чеҳрасига ярашмаган мулойимлик билан.
“Барибир, ишга олмайди. Бўш ўрин йўқ деб қайтариб юборади”, деган ҳадикда ўтирган Саида умид билан Ғайрат Салимовичга кўз тикди.
— Тижорат техникумини. Ҳисобчиман.
— Яхши. Компьютерда ишлашни биласизми?
Ҳа-ҳа, биламан, — деди Саида шошиб.
Ғайрат Салимович ўйлаётган кишидек бироз жим қолди.
— Энди, синглим, — гап бошлади у бошини чайқаб, — афсуски, ҳозир ҳисобчиларимиз етарли. Лекин сизга “йўқ” дейишга тилим бормаяпти. Душанбада келиб хабар олинг-чи, унгача мен яхшилаб ўйлаб кўраман.
Саида шунга ўхшаш гапларни эшитавериб чарчагани учун тарвузи қўлтиғидан тушиб ўрнидан тураркан, директорнинг афтига қарамай минғирлади:
— Раҳмат.
— Душанбада, албатта, келинг. Мен бирор чорасини топишга ҳаракат қиламан. Хўпми?
Ғайрат Салимович кулиб қизга қўл узатди. Саида ҳеч қачон эркаклар билан қўл бериб хайрлашмагани учун бу илтифотга жавобан нима қилишни билмай, бир зум иккиланиб турди-ю, қўл берганини сезмай қолди.
— Хўп, албатта келаман...
Саида уйга қайтди-ю, яна жанжалнинг устидан чиқди. Кунда-кунора ота-онаси ўртасида бўлиб турадиган бундай тортишувлар аллақачон Саиданинг жонига тегиб кетган, шундай пайтларда уйдан қочиб кетгиси келарди.
Эшикни очган онасининг авзойи бузуқлигини кўрган Саида ота-онасининг ўртасида яна гап қочганини дарров сезди. Сабабини ҳам ўзича тахмин қилди.
Садоқат опа қизининг саломига алик ҳам олмади, индамай ошхонага ўтиб кетди. Бироздан сўнг ўша ердан унинг шанғиллагани эшитилди.
— Овқат қиламан десам, уйда ҳеч нима йўқ. Гўштнинг тугаганига икки ҳафта бўлди. Гуручнинг ҳам таги кўриниб қолди. Бу аҳволда нима қилишим мумкин?! Одамларнинг уйида қоп-қоп ун, қоп-қоп гуруч. Егани олдида, емагани кетида. Хоҳлаган нарсасини еб, хоҳлаганини кияди. Мен-чи?! Шу ғарибхонада умримни чиритяпман. Кўчага чиқишга уяламан! Кийимларим аллақайси замонлардан қолиб кетган!
Садоқат опанинг дийдиёсига эрининг паст, аммо асабий товуши уланди.
— Шукур қилсанг бўлмайдими, хотин? Нолиганинг-нолиган. Қора қозонинг қайнаб турибди-ку!
— Нимага шукур қиларканман?! — Садоқат опанинг ҳасрати авжига чиқди. — Одамлардан паст яшаётганимгами?! Болаларнинг бўйи етиб қолди. Ҳали ҳеч нарса олмаганман. Бу аҳволда қачон буларни уйли-жойли қиламан?! Шуни ўйлайсизми?!
— Ўйлайман, хотин, ўйлайман...
Саида отасининг хўрсинганини аниқ-тиниқ эшитди.
— Ўйласангиз, шунақа юраверасизми?! Эркакларга ўхшаб пул топиш йўлини қилсангиз бўлмайдими?!
— Нима қилишим керак?! — бақирди отаси. — Ўғирлик қилайми?! Ҳаром йўл билан пул топайми?! Сен шуни хоҳлайсанми?!
— Мен сизга ўғирлик қилинг, деяпманми?! — онасининг овози янада баландлашди. — Ўғирлик қилмасдан ҳам жарақ-жарақ пул топаётганлар бор. Ўшаларга ўхшаб ҳаракат қилсангиз, бўлмайдими?! Қачонгача итнинг кейинги оёғи бўлиб юрасиз?!
— Уф-ф, жонимга тегиб кетди! — отаси столни муштлади, шекилли, чинни идишнинг тарақлаб ерга тушгани эшитилди.
Ҳа-а, синдиринг! Ҳаммасини синдиринг! Обкелиш ўрнига йўқ қилинг. Хўпми?!
Зум ўтмай ошхона эшиги тарақлади. Кейин кўча эшик очилиб-ёпилди. Саида отасининг азбаройи сиқилганидан зарда қилиб чиқиб кетганини билди. Ана шундай тортишувлардан сўнг отаси анча пайтгача кўчада юрар, онаси ҳам асабий, жиззаки бўлиб қолар, ғазабини болаларига сочарди. Саида уларнинг моддий етишмовчилик туфайли жанжаллашаверишидан ниҳоятда безор бўлган, уйдаги асабни арралайдиган муҳитдан руҳи жуда толиққанди. Шунинг учун ҳам техникумни битирибоқ, иш излашга тушди. Аммо тажрибасиз ходимга ҳеч кимнинг кўзи учиб турмаган экан, кўп жойларда унга рад жавоби беришди. Бу ҳам етмагандек, баъзи жойларда илмоқли гаплар қилишди. Саиданинг ҳафсаласи пир бўлиб юрганда, бугун учрашган корхона директори унга умид берди. Мужмал жавоб қилди-ю, шундай бўлса ҳам, Саида иш топгандек қувониб кетди.
Саида секингина ошхонага кирди. Онаси бошини чангаллаганча мунғайиб ўтирарди. Саиданинг унга раҳми келиб кетди: “Бечора! Онамга ҳам қийин. Нима рўшнолик кўрди? Эзилганидан бақиради-да”.
— Ойи... — деди Саида меҳрибонлик билан, онасининг ёнидаги стулга келиб ўтираркан. — Мазангиз бўлмаяптими?
Садоқат опа қизига бир қараб қўйди-ю, индамади.
— Ойи, адам билан ҳадеб уришаверманглар. Қўшнилар эшитса, яхши эмас. Кейин гап-сўз кўпаяди...
Садоқат опа Саиданинг мана шу гапини ҳазм қилолмади.
— Энди сен менга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?! Отангнинг насиҳатлари кам эди. Отанг икковинг билимдонсан! Ҳамма нарсани сенлар биласанлар! Менинг каллам йўқ, ақлим йўқ, — Садоқат опа бор заҳрини қизига соча бошлади. — Сен ҳам отангга ўхшаган ношудсан, аслида. Оғзингдаги ошни ҳам олдириб қўясан. Уч ойдан бери иш тополмайсан! Бекорга вақт кетяпти, йўлкира кетяпти!
Саиданинг дами ичига тушиб кетди, онасининг таънаю маломатларига қарши нима дейишни билмади. Ҳозир бир нима дегудек бўлса, онасининг яна тутаб кетиши турган гап.
Ҳойнаҳой, бугун ҳам шалвираб келгандирсан?! — Садоқат опа ҳамон жаҳлидан тушмаган, аламини қизидан олаётганди.
Саиданинг ҳам аччиғи чиқди: “Жонга тегиб кетди. Қачон қараса, шу гап. Иш топилмаётганига мен айбдорманми? Ўзимга қолса, уйда бир соат ҳам ўтирмасдим. Ҳамманинг ота-онаси ишга жойлаб қўяди. Менинг танишим бўлмаса, пулим бўлмаса, нима қилай? Тағин ҳар куни таъна-дашном эшитишим керак”.
Ҳамма таниш-билиш билан ишга киряпти, — деди зардали оҳангда.
Бу гап, албатта, Садоқат опага ёқмади.
Қаёқдан оламан йўқ танишни?! — ўдағайлади у қизига ўқрайиб қараркан. — Таниш ҳам бекорга иш қилмайди. Мушук текинга офтобга чиқадими ҳозирги замонда?! Ишласанг, ҳеч бўлмаса ўзингга кийим оласан. Ҳаммангга қаёқдан пул топиб бераман ахир? Одамга ҳеч ачинмас экансан-да!
Саиданинг тоқати тоқ бўлди. Ўрнидан туриб хонасига кириб кетди. Гўё Саида атай бекорчи бўлиб юргандек. У онасига директорнинг “Душанба куни келиб хабар олинг” деганини, иш топилиб қолиши мумкинлигини айтишни истамади. Тўғри-да, “Хабар олинг” дегани “Ишга оламан” дегани эмас-ку. Яхшиси, ҳаммаси аниқ бўлганда гапиради.
Шу куни отаси уйга ярим кечада қайтди. Саида ҳали ухламаган эди, тез бориб эшикни очди. Остонада отаси енги калта кўйлакда дийдираб турарди. Саида куз кечалари анча совуқлашиб қолганини эслаб, отасига ачиниб кетди.
Ҳали ҳам ухламадингми, қизим? — отаси шундай деб синиқ жилмайди.
Саиданинг кўнгли бузилди: “Адам бечора уйи йўқ одамга ўхшаб кўчада тентираб юрибди. Онамнинг дийдиёлари униям жон-жонидан ўтиб кетгандир. Ярим кечада уйга кириб келяпти. Баъзи эркаклардек ичиб келмайди. Аламини ароқдан олмайди... Барибир, эртага яна жанжал-тортишув...
— Ойи, мени котибаликка таклиф қилишяпти, — деди Саида алланечук норози оҳангда. — Нима дейсиз?
— Котибаликка? — қизига ажабланиб боқди Садоқат опа. — Ҳисобчисан-ку. Ўз ишингни қилмайсанми? Бунақа ишни қаёқдан топдинг?
Саида онасига тушунтирмоқчи бўлди.
— Анови куни учрашиб келгандим-ку. “Бўш жойимиз йўқ, яна ўйлаб кўрамиз”, деганди. Бугун борсам, шунақа деб турибди.
— Ойлиги қанча экан, сўрадингми? Котибаларники роса кам бўлади, шуни биласанми?
— Иш ҳақи йигирма беш мингмиш. Кейинроқ яна кўпайтиришаркан. Соат тўққиздан бешгача.
— Хўш, нима дединг? — тоқатсизланди Садоқат опа.
— Ўйлаб кўраман, деб айтдим. Ота-онам бу касбни унчалик ёқтиришмайди, дедим.
Садоқат опа ўйланиб қолди. Саида онасининг хаёлга чўмганини бошқача тушунди.
— Агар рози бўлмасангиз, ишламайман.
— Йўқ. Маоши ҳозирча бўптуради. Котиба бўлсанг, нима қипти? Илгари котибаларга ёмон кўз билан қарашарди. Ҳозир ундай эмас. Яхши ишласанг, кейинроқ ўз ишингга ўтказар.
— Директор ҳам шундай деди.
— Ана, бўпти. Бекорчихўжа бўлиб юргандан ишга кирганинг яхши эмасми? Уйда ўтирганингдан бирор фойда борми? Биров бир тийин берадими?
Саида онасининг гапларидан ҳайратга тушди: “Ойлиги яхши бўлса, ҳар қандай ишни қилиш мумкин экан-да! Пул топилса бўлди. Бошқа ҳеч нарса керакмас ойимга!..” Аслида, Саиданинг ўзи ҳам уйда ўтиришдан безор бўлганди. Фақирлик туфайли уйда тез-тез бўлиб турадиган жанжаллардан эзилиб кетганди. Чунки ҳар сафар бундай тортишувларнинг ихтиёрсиз гувоҳи бўларкан, ўзини ортиқча юкдек, кераксиз буюмдек ҳис қиларди. Техникумда ўқиб юрган вақтида-ку, стипендия оларди. Ҳеч бўлмаса, йўлкираси ва тушлик пули чиқарди. Аммо энди техникумни битиргач, иш муаммоси кўндаланг бўлди.
Саида яқин орада яхшироқ кийим олганини ёки дугоналари билан концертлару кинотеатрларда, истироҳат боғларида дам олганини эслолмайди. Истаган кийимини кийиш, хоҳлаган таомини ейиш, хуллас, барча эркаликлару инжиқликлари олис болалик йилларида қолиб кетган. Саида буни яхши билади ва нафсини тийишга, истак-хоҳишларини чегаралашга ҳаракат қилади. Аммо... ўзи тенги қизларнинг кўчада турли-туман кийимларни кийиб, не-не кўзларни куйдириб юришларига ҳавас қилар, шундай ҳолларда тақдирдан хафа бўлиб кетарди. Ортиқча жанжалга сабаб бўлмаслик учун онасидан пул сўрамасликка тиришарди.
Саида шуларни бирма-бир хаёлдан ўтказаркан, онасининг гапига кўнишга қарор қилди: “Қачонгача сарсон бўлиб иш қидираман? Топилгунча бир ой ўтадими ёки бир йил — номаълум. Ишламасам бўлмайди. Фақирлик қурсин-а, қуриб кетсин!
Садоқат опа қизининг жавобини кутаётганди. Ниҳоят, унга таскин берувчи сўзлар янгради:
— Бўпти, котибалик бўлса, котибалик-да! Ишлайвераман...
Шу сўзларни айтаркан, Саиданинг хаёлига Ғайрат Салимовичнинг бадқовоқ чеҳраси келди-ю, кўнгли чўкди...
2002 й.
(с) Комила НОСИРОВА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий