пятница, 10 апреля 2015 г.

Пиримқул Қодировни эслаб


Болалигимда биринчи ўқиган йирик насрий асарим Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти тасвирланган тарихий асарни мароқ билан ўқиганман (уни ўқишни менга адабиёт ўқитувчимиз тавсия қилиб, китобни ҳам ўзи топиб берган эди). Шундан сўнг нафақат адибнинг ижодига қизиқиш уйғонган, балки адабиётга бўлган меҳрим ҳам ортган. Ўқувчилик йилларимда Пиримқул Қодировнинг яна қатор асарлари — “Авлодлар довони”, “Қора кўзлар”, “Уч илдиз”, “Олмос камар” каби романларини, “Эрк” қиссасини ўқидим. Адиб қаламига мансуб охирги ўқиган асарим “Она лочин видоси” бўлди.


Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировни илк бор шахсан “Шарқ зиёкори” китоб дўконида уюштирилган китобхонлар билан учрашувда кўргандим. Ўшанда адиб билан бирга яна бир гуруҳ ижодкорлар, жумладан, “Бобур” видеофильмида бош ролни ўйнаган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ҳам келган эди. Китобхонлар билан бўлган учрашув давомида ёзувчи ўқувчиларнинг ҳар бир саволига батафсил ва самимий жавоб берган ва мен бу ижодкорнинг нақадар камтарин инсон эканлигига гувоҳ бўлгандим.
Пиримқул Қодировнинг 80 йиллик юбилейи арафасида бир газетадан ёзувчи билан суҳбат уюштиришимни таклиф қилишди ва мен севимли адиб билан юзма-юз ўтириб суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан севиндим. Ўша пайтларда ёзувчининг тоби йўқлиги, журналистлар билан учрашолмаётгани ҳақида эшитгандим. Бироқ устознинг уйига қўнғироқ қилиб, мақсадимни айтганимда, у киши мен чўчигандек вақти ёки тоби йўқлигини баҳона қилмай, суҳбатлашишга рози бўлди ва уйининг манзилини, қандай топиб боришимни эринмай тушунтирди. Адибнинг ижоди билан яхши таниш бўлганим учун бу суҳбат нафақат газета ўқувчилари, балки ўзим учун ҳам жуда қизиқ эди.
Ёзувчининг уйига кириб борганимда, мен бу инсоннинг камтарлигига яна бир бир тан бердим. Тўғриси, “халқ ёзувчиси” унвони ва ёшининг салобати босиб, кўнглимдаги саволларни беролмай қолишдан чўчигандим. Аммо йўқ, устознинг оддий ва самимий муомаласи самимий суҳбатга асос бўлди. Суҳбатнинг “расмий” қисми тугагач, устоз мендан нималар ёзишимни, китоб чиқариш орзуси ҳақида сўради. Мен яқин орада ҳикояларимни тўплам ҳолида чоп эттиришга тайёрлаётганимни айтдим. Шунда устоз: “Ҳикояларингизни олиб келинг, ўқиб чиқаман”, деб қолди. Шундай улуғ ёзувчининг мендай тажрибасиз ёш ижодкорга кўрсатаётган бу эътиборидан ўшанда бошим осмонга етганди. Энг тўлқинлантиргани, устоз бу гапни “шунчаки”, йўлига эмас, балки чин дилдан, ҳақиқий устозлардек самимий оҳангда айтди. Бироқ мен ҳикояларимни олиб боришга ботинмадим. Чунки ўша пайтда ҳам адибнинг тоби бўлмай, тез чарчаб қолаётганини билардим. Шундай бир шароитда адибнинг суҳбатлашишга рози бўлганининг ўзиёқ мен учун катта гап эди...
Дарвоқе, ўшанда ҳали рақамли диктофоним йўқ, мр-3 плеердан диктофон сифатида фойдаланаётгандим. Аксига олиб, суҳбат куни плеер ишламай қолса денг! Нима қилишни билмайман, устоздан хижолатдаман. Қоғозга ёзиб олишдан ўзга чора йўқ, минг хижолат билан адибга муаммони айтдим. У киши мен чўчигандек “Журналист бўлгандан кейин иш қуролини созлаб олиб юрмайсизми?” ёки “Журналист бўла туриб, суҳбатга диктофонсиз келасизми?” деб уялтирмади. Хотиржам қабул қилди. Мен суҳбатимизни қоғозга қисқартиришлар билан ёзиб олдим-да, ўша куниёқ уйга келиб компьютерга туширдим.
Ўшанда мен ўзим асарларини ўқиб улғайган, ғойибона ихлос қўйган ёзувчи билан учрашганимдан, юзма-юз ўтириб суҳбатлашганимдан чинакам фахр туйганман...
Нигора Умарованинг адиб ҳақидаги фикри чинлигига мен ҳам гувоҳман: “Ҳамма ҳам ҳаётда виждонига содиқ ҳолда яшай олмайди. Пиримқул Қодиров виждонига хилоф равишда умр кечирмаган ижодкорлардандир. Таъзия маросимида шоир Эркин Воҳидов сўзлаётганларида дарахтдаги қушлар ҳам чуғур-чуғур қилиб Пиримқул Қодировнинг фазилатларига оид сўзларга қўшилгандек бўлишди. Ёмғир томчилаб ёғди. Қизиқарли жойи шундаки, Пиримқул Қодиров ва Одил Ёқубов дўст бўлишган. Айнан ёзувчи Одил Ёқубов вафот этган куни Пиримқул Қодиров ҳам дорулфанодан дорулбақога рихлат қилдилар”.
Энди шундай улуғ ёзувчи орамизда йўқ. Бу — адабиётимиз учун катта йўқотиш. Лекин Пиримқул Қодировнинг асарлари йиллар ўтса ҳам, қадри ва аҳамиятини йўқотмайди.
(с) Комила НОСИРОВА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий