Гарчи бу саволга жавобим аниқ бўлса ҳам, баъзан ўзимга шу саволни бериб
тураман. Ҳаётим йўлини белгилаб берган касбни адашиб танламаганимга ишонч ҳосил
қилиш учун. Ақлим ва қалбим: “Бошқа касбни танлай олмасдим” деб жавоб бергандек
бўлади ҳар гал. Баъзида касбимиздан норозиланиб, “Бекор шу соҳани танлаган
эканман” деб айтган тақдиримда ҳам, барибир, бир нарсани биламан: мен касбимни
яхши кўраман.
Бу касбни ўзим танлаганман, ҳеч ким менга: “Шу касбни танла. Шу
соҳада муваффақият қозонасан, обрў топасан!” деб маслаҳат бермаган. Аксинча, бу
касбни танламасликка, бошқа жўнроқ, ҳар уч қиздан бири танлайдиган соҳани
танлашга ундаганлар кўп бўлган. Биламан, уларнинг аксарияти университетга ўз
билими билан кириш мумкинлигига у қадар ишонмаган. Ёки, ким билади, яна
нималарни хаёл қилишган. Нима бўлганда ҳам, мен ўз кучим, билимим билан
университетга кирдим, ўқидим, ҳар доим ўз билимимга таяндим. Таниш-билишларни
ишга солиб, баҳо оладиганлардан, дипломини бировларга ёздирадиганлардан
бўлмадим. Сиртдан ўқиш асносида хусусий газетада фаолият бошладим. Ишга киришда
ҳам бировга суянмадим, ҳеч кимдан ёрдам сўрамадим. Хуллас, матбуот ходими
бўлдим. Озми-кўпми, газета ўқувчиларидан, раҳбарларимдан ижод маҳсулларим
ҳақида илиқ фикрлар ҳам эшитдим. Яхши ходим деган эътироф топдим. Шукр. Минг
бор шукр. Шундай пайтларда бу касбни бежиз танламаганимга ишонаман. Баъзан
ижодда оқсаш, “илҳом танқислиги” деган нохуш ҳолат кузатилади, аммо барибир яна
қайнашига, кўнгилдагини ёзмагунча қийнашига умид қиламан. Бу касбни танлаганлар
бошқача ишлаши мумкин эмас, менимча...
Бугун — 27 июнь. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Шу
соҳада фаолият юритаётган, шу касбни орзусидаги касб деб билганларга тилагим:
доим қаламингиз ўткир, сўзингиз салмоқли, касбингиз орқасидан топганингиз яхши
ном, ҳалол даромад бўлсин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий