вторник, 26 января 2016 г.

Шукр қилишни унутиб қўймадикми?


Автобусда бувимникига кетарканман, бетизгин хаёллар беихтиёр болалик йилларимга кўчди. Ўқувчилик давримни эсладим. Ҳозирги давр ўқувчилари билан солиштирганда, бизнинг эҳтиёжларимиз анчагина чекланган, меъёрида эди. Уяли телефон демасдик, репетитор демасдик, ҳар хил кийим-бош олиб бериши учун ота-онамизни бозору дўконларга судрамасдик, салқин ичимликлару саноғини ҳеч ким билмайдиган эрмакларни харид қилиб юрмасдик.
Биз учун у вақтларда маккажўхори қаламчаларию музқаймоқ энг яхши эрмак эди, бошқа хили деярли йўқ ҳам эди. Кийим-кечак ҳам худди шундай, кўпчиликнинг эгнида деярли бир хил кийим бўларди.

Бу эса жуда олис ўтмиш эмас, 90-йиллар эди. Ўшанда кийимларнинг тури ҳам у қадар катта эмас, бозорлару башанг либослар сотиладиган дўконлар ҳозиргидек кўп, танлаш имконияти эса бу қадар катта эмасди. Шуларни эсларканман, ҳозирги болалар учун қанча-қанча имкониятлар борлигини ўйлаб, қойил қоламан. Ахир шундай қисқа вақт ичида турмуш даражаси шу қадар ўзгариб кетди, қўлимизда энг охирги русумдаги технология воситалари, дастурхонимизда эса анқонинг уруғидан бошқа жуда кўп ноз-неъмат топилади. Бугун истаган кийимимизни, нафсимиз тусаган эрмакларни сотиб олишимиз мумкин.

Шуларни кўнглимдан ўтказганча бувимникига кириб борсам, аммам билан бувим суҳбатлашиб ўтиришган экан. Буни қарангки, аммам ҳам болалик ва ёшлик хотираларига берилдилар.

— Университетнинг катта аудиториясида совуқда дийдираб ўтирардик. Раҳматли адам Москвадан келтирган матодан кўйлак тиктириб кийганман. Мато камлик қилиб, тикувчи кўйлакнинг енгини калта қилиб тикишга мажбур бўлган. Бу қишлик кўйлагим эди. Яна атлас кўйлагим бор эди. Қишда ҳам шуни кийишга тўғри келарди. У вақтларда матолару кийимлар ҳозиргидек дўконлару бозорларда тўлиб-тошиб ётмасди. Ўқишга дийдираб бориб келардик. Ёзга битта, қишга битта кўйлагимиз бор эди. Уни ювгач, қуришини интиқлик билан кутардик. Ҳозир-чи? Невараларимнинг ҳар мавсум учун камида ўнтадан кийими бор. Ёқмаганини киймайман деб хархаша ҳам қилади булар. Шукр қилиш керак.

Бувим ҳам ўтган тўқсон йиллик умр йўлини эслаганда, шукр қилиш кераклигини бот-бот уқтирадилар. “Қорнимиз нонга тўйганига шукр қилишимиз керак” деган гапларини эшитганимда, уларнинг уруш, очарчилик йиллари ҳақидаги гапларини эслайман:

“Мактабда ўқитувчилик қилардим. У вақтларда мактаблар ҳозиргидек катта, кенг, ёруғ, иссиқ, шинам бинолар бўлмасди. Оёғимга кийишга пойабзалим бўлмаганидан поччамнинг ботинкаларини кийишга мажбур бўлганман. Кўйлагимнинг енгига ямоқ солиб, киярдим. Ҳозиргидек хил-хил кийимлар қаёқда! Ёзлик кўйлагимиз ҳам, қишлиги ҳам битта эди. Ҳеч ким масхара қилмасди. Чунки ҳамманинг туриш-турмуши шу эди”.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари бир парча қоғоз билан бериларди. Ҳар ким ўзига ажратилганини ея оларди. Истаган пайтда нон ейиш қаёқда, кунига икки маҳал нон ердик, холос. Қорнимиз очиб қолмаслиги учун нонуштани тушликка яқин қилардик, тушлик қилмасдик, кечки овқатни тановул қилиш билан чекланардик. Нон ҳаммамизга тақсимлаб бериларди. Аммо тақсимланганига қорин тўярмиди. Дастурхонга тўкилган ушоқларни ҳам талашиб-тортишиб ердик. У кунлар ҳозир билмаганларга эртакка ўхшаб эшитилади. Ахир ҳозир дастурхонимизда ҳамма нарса бор, эгнимизда ҳар хил кийим...”

Бувимнинг ўтмиш хотираларини тингларканман, кўп марта кўнглимдан шу саволлар ўтади: “Нега шундай оғир кунларни кўрган одамлар ҳаётдан нолимайди, тилидан шукрона сўзлари тушмайди? Биз эса дориломон кунларда яшаб туриб, доим нимадандир нолиймиз? Ҳамма нарсамиз бўлса ҳам, яна нимадир етишмайди?”

Балки, одамзод ҳеч қачон тўймайди, деган гап бежиз эмасдир. Қўлимиздаги телефоннинг русуми сал эскириб қолса, то янгисини олмагунча кўнглимиз хотиржам бўлмайди. Кийим жавонимиз тўла бўлса ҳам, ҳар мавсумда камида икки-учта янги либос сотиб олишимиз керак. Дастурхонимизда қорнимиз тўйишига етарли ноз-неъмат бисёр бўлса ҳам, кўчадан кабобу товуқ егимиз келиб қолади. Жамоат транспортида ҳам бемалол ишга, ўқишга етиб олиш имкони бўлишига қарамай, “одамларга ўхшаб” шахсий машинамизда юрмаётганимизни катта кўнгилсизликка айлантириб, ҳашаматли машинага эга бўлишни ҳаётимизнинг асосий мақсадига айлантириб қўямиз. Ишқилиб, ҳаётдан нолиш учун ҳар доим етарлича баҳонаю сабаб топаверамиз. Аммо шукр деган сўзни тилга олиш хаёлга ҳам келмайди. Ваҳоланки, озгина ўйлаб кўрсак, шукр қилиш учун беҳисоб сабаб топамиз. Шундай эмасми?! 



(с) Комила НОСИРОВА.


Мақолани муаллиф рухсатисиз кўчириб босиш, сайтларда эълон қилиш тақиқланади.

3 комментария:

  1. Ta'sirli, ibrat olgulik kechinmalar... Chindan ham biz bandalar ba'zida shukronalikni unutib qoýamiz.
    Ollohdan so'raymiz, Olloh so'ragan narsalarimizni berganda esa shukr aytishni unutib qoýamiz. Olloh bandalariga deydiki:

    "Ey mo‘minlar, sizlarga rizq qilib berganimiz — pokiza narsalardan yenglar va agar Allohning O’zigagana ibodat qilguvchi bo‘lsangizlar U zotga shukr qilingiz!" ("Fotiha surasi" 172 - oyat)

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Одам шукр қилганда, кўнглида хотиржамлик туғилади, назаримда.

      Удалить
  2. Хакикат ва булиб утган янги тарих. Лекин бошкалар билан ижтимоий таомокларда булишилса ва рухсат берилса купчилик учун яхши манфаат булган буларди.

    ОтветитьУдалить