“Келинлар
қўзғолони”да Соттининг “Памятим қурсин” деб хотирасидан койиниб қўйишлари
томошабинларнинг ёдида бўлса керак. Дарҳақиқат, одамзод кўпинча ихтиёрийми ёки
беихтиёр хотирасининг чатоқлигидан нолийди. Бирон нарса эсидан чиқиб қолса,
“эсим жойида эмас ҳозир”, “хаёлим паришон бўлиб қолган” деб қутулади.
Бироқ
дунёда шундай одамлар борки, улар хотирани қандай ривожлантириш, миянинг эслаб
қолиш вазифасидан унумли фойдаланишни биладилар ва бу хусусиятлари билан
ҳаммани ҳайратга соладилар. Бизнинг юртдошларимиз орасида ҳам хотирага жиддий
қарайдиган, бошқа одамларга бу борада ёрдам беришни хоҳлаётган, хотира
чемпионатларида юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган ёшлар бор. Шоҳруҳ Раҳмонов ана
шундай юртдошларимиздан бири.
– Шоҳруҳ, хотира бўйича чемпионатдаги
иштирокларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Нега айнан шу ишга қизиқиб қолгансиз?
– Болалигимдан илм-фанга
чуқур меҳр қўйганман. Шунинг
учун доимо савол беришни яхши кўрардим. Нега? Нимага бунақа? Қандай қилиб? Шунга ўхшfi саволлар мени кўп ўйлантирарди. “Нега биз хотирамизни
ривожлантира олмаймиз ёки инсон миясини 2% ишлатса, нега 98% қайта ишга юргиза олмайди?” деган савол ҳам мени жавоб
топишга ундарди. Албатта, мактабда
ўқиётган пайтларимда бу
саволларга жавоб топа олмаганман, лекин ич-ичимдан жавоб топишни хохлагандим. Оқибатда
инглиз тилини
ўрганаётганимда, бир саховатли инсон воситасида қўлимга
Тони Бузаннинг “ Use
your head ” (“Миянгиздан
фойдаланинг”) деб номланган
китоби келиб қолган. У китобнинг илк
саҳифаларини ўқий бошлаганимданоқ мени
ўйлантирган саволларга жавоб топила бошлаган. Шу-шу бу
соҳага боғланиб қолдим ва мана тўрт йилдан бери бу соҳа бўйича шуғулланиб келмоқдаман ва
қайсидир маънода айнан хотирани ривожлантириш бўйича “мини-эксперт” бўлдим десам ҳам бўлади.
– Келажакда ким бўлишни мақсад қилгансиз?
–
Болалигимдан математика фанига бўлган муҳаббатим ва устозларимнинг менинг
қалбимда бу илмга алоҳида
меҳр уйғотган учун
ўзим иқтисод йўналиши бўйича
мутахассис бўлишни мақсад қилиб қўйганман. Ҳозирда эса Тошкентдаги Сингапур
Менежментни Ривожлантириш Институтида Банк ва Молия соҳаси бўйича учинчи курсда грант асосида
таҳсил олмоқдаман. Келажакда айнан Молия ва ривожланаётган иқтисод йўналишлари бўйича билим олиб, шу соҳада
ишламоқчиман. Ўйлайманки, хотира
бўйича билимларим менга бу соҳада ҳам, келажакдаги ишларимда ҳам ўз фойдасини беради.
Шу билан бирга хотира соҳасида ҳам ўз тадқиқотларимни
текшириб кўриш ва шу соҳада қандайдир янгиликлар яратишга ҳам ҳаракат
қилмоқчиман. Негаки, миямиз ҳақида ҳали кўп нарсани биз билмаймиз ва, умид қиламанки, йигирма биринчи аср
инсон танасининг энг керакли ва
мураккаб аъзосини тўлиқ тушунишимизга олиб келади.
– Хотирани ривожлантириш учун одамларга қандай
оддий тавсиялар бера оласиз?
– Аввало шуни тушуниб олиш керакки,
ҳеч қандай ёмон ёки яхши хотиранинг ўзи йўқ. Деярли ҳамма одамлар ўртача хотира
соҳиби ҳисобланади. Шунчаки инсон
миясининг ишлаш тамойилларини билиб уни татбиқ қилса ҳар қандай инсон ўз
хотирасини “сунъий” тарзда ривожлантира олади. Бу асосий қоидаларнинг тўрттасини келтиришим мумкин: ассоциация, тасаввур, такрорлаш ҳамда макон.
Ҳар қандай ахборотни ёдлаганингизда, уни бошқа бир
нарсага боғланг (ассоциация қилинг),
мисол учун Таиланд валюта бирлиги бахтни
ёдлаб қолаётганингизда бахт сўзига
биз тушунадиган бахтни ассоциация қилинса, у яхшироқ эсда
қолади. Бундай ҳолатни тасаввур қила
олсангиз, яъники миянгиз ичида тасвирлар пайдо бўлиши ахборотни янада узоқроқ
муддатда сақланиб қолинишига олиб келади. Тасаввур қилингки, Таиланд аҳолиси
пули кўп бўлганидан, бахт валютаси ошиб
кетганидан бахтли бўлиб кулиб турибди. Тасаввур қанчалик оддийликдан йироқ бўлса, уни шунчалик биз
яхши эслаб қоламиз, чунки
оддийлик зерикарли ҳисобланади ва миямиз зерикарли нарсаларни яхши эслаб қола
олмайди.
Яна ёдланган маълумотни такрорлаш эса сизга
уни хотирангизнинг узоқ муддатли қисмига жойлаштирилишига сабаб бўлади, ахир рус мақолида айтилган-ку: “Такрорлаш ўрганишнинг
онасидир” деб.
Такрорлаганда ҳам шунчаки такрорлаш керак эмас, такрорлаганда оралиқлар билан
такрорлаш юқори сифат олиб билан ёдлаб қолишга ёрдам беради.
Маконга келсак,
кўплаб тадқиқотлар ҳозирда сизга таниш бўлган манзил билан хотира ўртасидаги
боғлиқликни топмоқда ва бу қайсидир маънода мнемоника техникаларининг ҳам асоси
ҳисобланади. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, мнемоника техникалари илк бор эрамиздан
аввалги 5 асрда шоир Симонидес томонидан кашф этилган ва асосий тамойил қилиб,
таниш маконларда янги маълумотни
жойлаштириб эслаб қолиш олинган. Бунда айтайлик, сиз рўйхатдаги 10та маҳсулотни бозордан сотиб
олишингиз керак ва уни
ёдлаб қолишда сиз ўзингизга таниш бўлган маконда, масалан, уйингизнинг
хоналарида ҳар бир маҳсулотни унутиб бўлмас тарзда жойлаб чиқасиз. Оқибатда эса, сиз у буюмларни
бемалол эслаб қола оласиз.
Бундан ташқари, яхши уйқу, жисмоний машқлар билан
шуғулланиш, фаол ижтимоий ҳаёт, стрессли ҳолатлардан фориғ бўлиш, тўғри
овқатланиш ва тўғри соғлом турмуш тарзи ҳам хотирага ўз таъсирини кўрсатади.
– Бир нечта хорижий давлатда бўлдингиз. Сизнингча,
хорижлик тенгдошларингизни кўпроқ нималар қизиқтиради? Уларнинг орзу ва
интилишлари қандай?
– Кўпчилик
хорижлик тенгдошларим ўқишлари мобайнида ўз келажакларини аниқлаб олган ва
эртага ким бўлиб етишмоқчилиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлардир. Мен
айнан шу соҳадаги одамлар билан кўп гаплашганим учун ҳам айтишим мумкинки, бу соҳадаги айрим
шахслар ўз китобларини нашр қилган, ўз бизнесига эга бўлган ва, энг муҳими, ҳаётда ўз ўрнини
топганлари ҳам кўп.
– Хотирани ривожлантириш сизга нима берди?
– Хотирамни
яхши тушуниш аввало менинг миямга бўлган ишончимни оширди, аввал рақамлар
эсимдан чиқиб қолар эди, ҳозирда
эса 30 ёки 50 хонали рақамларни бемалол бир ҳафтадан кўп муддатда хотирамда
сақлаб қола оламан. Шунингдек, ўқишимда ҳам ўз фойдасини беради, баъзида
китобдаги маълумотларни ёдлаб қолишда мнемоника техникаларидан унумли
фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ижтимоий ҳаётда эса хотирамга бўлган салбий
қарашдан узоқлашиб,
ҳозирда унга ижобий томондан ёндашадиган бўлган. Агар хоҳласам, исталган
ахборотни, у катта
бўладими ёки мураккабми, бемалол, ҳеч қандай
ёрдамчиларсиз эслаб қолишим мумкин.
– Китоб ёзаётган экансиз? Бу китоб ўқувчиларга
нима беради?
– Ҳа.
Китобни ҳозир ўзбек
тилида ёзмоқдаман, негаки
бизнинг бозоримизда айнан шу соҳага алоқадор битта ҳам китоб йўқ. Бўлса ҳам, рус ёки инглиз
тилида. Ёзаётган
китобимнинг
йўналиши ҳам селф-хелп (ўз-ўзига ёрдам
берувчи) китоблар йўналишига кириб, Ўзбекистон бозорида қайсидир маънода янгилик ҳам бўлади. Ўқувчиларга
амалий фойдасига келадиган бўлсам, инсон хотираси бўйича одамларнинг
тасаввурини ўзгартиришни
китобнинг энг асосий вазифаси қилиб қилиб олганман, яъники китобни ўқиган
ўқувчи ўз хотираси ҳақида кенгроқ билим ва ижобий қарашга эга бўлади,
хотирамизни ривожлантириш мумкинлигини тушуниб етади. Ахир жуда кўп учратганман
одамлар ҳар сафар ўз хотирасидан нолийди. Ундан ташқари, ўқувчи китобда
айтилган техникаларни ўз ҳаётига татбиқ қилиш орқали чет тилидаги сўзларни
ёдлашда, конспект ёзишда, рақамларни эслаб қолишда, паришонхотирликни енгишда,
катта ҳажмдаги маълумотни қандай қилиб осон ва унумли тарзда ёдлаш ҳақида
амалий маслаҳатлар олади.
Шоҳруҳ Раҳмонов 1992 йил 17 августда Андижон шаҳрида
туғилган. Андижондаги 36-ихтисослаштирилган мактаб интернатини битирган.
Ҳозирда эса Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида банк ва
молия соҳаси бўйича учинчи босқичда грант асосида таҳсил олмоқда.
Математикадан
туман олимпиадалари, дебат мусобақалари ғолиби.
2010 йил
декабрда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Бутунжаҳон хотира чемпионатида, 2011 йил
сентябрда Швециянинг Готхенбург шаҳрида Швеция очиқ хотира чемпионатида, 2011
йил декабрда Хитойда Ўзбекистон терма жамоаси вакили сифатида Бутунжаҳон хотира
чемпионатида қатнашган. 2012 йил ноябрда Туркиянинг Анталия шаҳрида Memoriad-2012
хотира ва тез ҳисоблаш мусобақасида қатнашган.
Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий