воскресенье, 31 мая 2015 г.

Эркак хотин ўрнида бўлса... (ҳажвия)


Эркакларни асранг, аёллар!
(қўшиқдан)
Шарофатхон “мол”га тўла иккита катта-катта сумкасини ерга қўяркан, оғир “уф” тортиб, бир оёғи синаман-синаман деб турган стулга тап этиб ўтириб олди.
— Шунақа чарчадим, — деди чапиллатиб сақич чайнаркан. — Оёқларим синиб кетай деяпти.

Шарофатхон гўё шу билан оёқлари тузалиб қоладигандек, тирсиллаб ётган болдирларини силаб-силаб қўйди. Кейин сақичини оғзидан олиб стол устида турган ликопчага ёпиштириб қўйди-да, банкадаги муздек чойни охиригача симирди.
— Нима овқат қиляпсиз?
Шу пайтгача хотинини индамай эшитиб турган Зуҳриддин ниҳоят тилга кирди.
— Шўрва, — деди хотинига қўрқа-писа қараб.
— Нима?! Шўрва?! — Шарофатхоннинг кўзлари олайиб кетди. — Чарчаб келиб шилдираган шўрвангизни ичаманми?! Бақувватроқ овқат қилсангиз, ўласизми?! Паловми, мантими — ишқилиб, қоринда турадиганроғидан... Шуниям айтиб кетишим қолувди энди!
Зуҳриддин раҳбаридан бир дунё танқид эшитган ходимдек айбдорона жилмайиб, қўлини кўксига қўйди.
— Узр, хоним билмабмиз. Қайноқ шўрва чарчоқни олади деб...
— Ҳе, ўша шўрвангизга ҳам... — Шарофатхон сўкина-сўкина ётоқхонага кириб кетди.
— Менинг халатим қани?! — шанғиллади у ўша ёқдан.
— Ювиб-дазмоллаб, шкафга осиб қўйганман, — столга дастурхон ёзаётган Зуҳриддин журъатсизгина сўради: — Нима ичасиз — чойми, кофеми?!
— Чой дамлайверинг, — яна шанғиллади Шарофатхон. — Кофе ичиб ухлолмай ўламан. Кейин каллам пишмай қолади... Аччиқроқ бўлаверсин!
Зуҳриддин стол устига ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганда, Шарофатхон йўл-йўлакай халатининг тугмаларини қадаб, ётоқхонадан чиқиб келди. Дастурхондаги ноз-неъматларга бир-бир қараб чиқди-да, кўнгли тўлди, шекилли, илжайиб қўйди.
— Яхши-и...
— Болаларни боғчадан олиб келаверайми? — хотинига мўлтиради Зуҳриддин. — Соат беш бўпқолди.
Шарофатхон эрини койиб ташлагиси келди-ю, оғзидаги луқмаси гапиришга йўл қўймади, чоғи, “Боравермайсизми?” деб ўшқирди.
— Агар чойингиз тугаса, човгумда қайнаб турибди, — Зуҳриддин шундай деб энди эшикка йўналганди, Шарофатхон тўхтатди.
— Кўчадан беш-олтита тухум обкелинг, — деди эрига иккита минг сўмлик узатаркан. — Мен шўрвангизни ичолмайман. Суюқлик қорин тўйдирарканми?! Боринг тезроқ!..
Зухриддин шалвираганча чиқиб кетди...
Ярим соатлардан сўнг йўлакдан Зуҳриддиннинг “Бақирманглар, ойингнинг боши оғриб қолади” дегани, шу билан бирга болаларнинг бақир-чақири эшитилди. Бу пайтда Шарофатхон меҳмонхонадаги диванда ёнбошлаганча телевизор кўрарди.
— Ойи! Ойи! — бақирди кичкина Зуфар Шарофатхоннинг билагига осилиб. — Биз-чи, боғчада зўр ўйин ўйнадик...
— Салом қани, тирранча?! Мен сенга нима деганман?!
Зуфар қовоғини солиб минғиллади:
— Ассолейкум...
Онасининг: “Салом  қани?” деганини эшитиб қолган Шоҳиста кира солиб бақирди:
— Ассалому алайкум, ойижон!
Шарофатхон мамнун жилмайиб қизини мақтаб қўйди:
— Маладес, Шоҳиста. Ҳар доим шунақа қилгин.
Зуфарнинг жаҳли чиқиб, Шоҳистага ўқрайиб қаради. Кейин бир нима эсига тушди, шекилли, ҳиринглаб кулди.
— Ойи! Шоҳис-чи, бугун боғчада сийиб қўйибди...
— Нима девоссан?! — Шоҳиста укасига ёпишди. — Алдавоссан!
— Алдамаяпман. Боғчапанг айтди-ку! — чинқирди Зуфар Шоҳистанинг сочларига чанг соларкан.
Шарофатхон бақириб берди:
— Ўчирларинг овозингни! Жанжалларинг қурсин! — худди шу аснода эшикдан мўралаган Зуҳриддинга заҳрини сочди: — Буларнинг овқатини едирмайсизми?! Бошимни оғритиб ташлашди. Жонимга тегиб кетди. Опчиқинг!
Зуҳриддин итоаткорлик бплан хотинининг амрини бажаришга киришди: болаларнинг кийимини алмаштирди, овқатлантирди.
Болалар ўз хонасига кириб кетгач, Зуҳриддин учта тухумни қовурди-да, хотинини чақирди.
— Хоним, овқатингиз тайёр бўлди.
Шарофатхон чиқавермагач, Зуҳриддин мехмонхонага  мўралади. Хотини қўлида уяли телефонини ушлаганча пишиллаб ухлаб ётарди.
— Хоним... — оҳиста чақирди Зуҳриддин. — Овқатингиз тайёр...
— Э-э, боринг-эй, — тўнғиллади Шарофатхон кўзларини очмай. — Ухлагани қўясизми?!
Зуҳриддин Шарофатхоннинг уяли телефонини олиб қўйди-да, йиғилиб қолган кирларни ювиш учун ваннахонага кирди...

Комила НОСИРОВА.
2002 й.

2 комментария:

  1. Бу ҳажвиянинг энг гўзал "қисмини" айтайми. Бу танланган эпиграфи:

    "Эркакларни асранг, аёллар! (қўшиқдан)"

    Яна шунақа чиройли эпирафлар, ;) йўғей ҳикоялар кутиб қоламиз сиздан Комила опа!

    ОтветитьУдалить