Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.
Эркин ВОҲИДОВ
Бу дунёда дўстлик деган қадриятнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Дўстлик бор экан, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳам бардавом ва абадий. Одамзод қариндошларини танлай олмайди, аммо дўстларини ўзи билиб, синаб танлайди. Шунинг учун ҳам дўстлик ришталари қариндошчилик ришталаридан ҳам устун ҳамда кучлироқ.
Дўстлар – бир-бирини тўлдирадиган, бир-бирига яхшиликни ва фақат яхшилик соғинадиган, оғир кунда бир-бирини қўллайдиган одамлар. Аммо ҳар қнадай юксак қадрият ва инсонийлик туйғулари сингари дўстлик ҳақида ҳам баъзан нохуш гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Эмишки, ҳозирги даврда ҳақиқий, дўсти учун жонини фидо қилишга-да тайёр дўстларни учратиш амримаҳол, одамлар “дўстлик” деб атаётган ришта аслида шунчаки танишлик ёки ҳамкорликдан ўзга нарса эмас. Чиндан ҳам шундайми? Бугун юрагида бир инсонни чинакамига дўстим деб асрайдиган, уни яқинларидан-да яқин кўрадиган ва кези келса ўзи етолмаган яхшиликларни соғинадиган одамлар йўқми?
Фарҳод ЗОКИРОВ, талаба: – Аллоҳга минг қатла шукурки, дўст десам арзигулик, жигарларимдек яқин бўлиб қолган, оғир кунимда мени ёлғиз ташлаб қўймайдиган, синалган дўстларим бор. Тўғри, кўп эмас, аммо ўшаларнинг ўзи мингта “шунчаки” дўстларнинг ўрнини боса олади, деб ўйлайман. Мен уларга ўзимга ишонгандек ишонаман ва ҳеч қачон менга хиёнат қилмасликларини, мушкул вазиятда бир ўзимни ташлаб кетмасликларини яхши биламан. Шундай дўстларим борлигидан фахрланаман. Ўзим ҳам уларга худди шундай жавоб қайтаришга, қўлимдан келганча қўллашга, ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Дўстлар ўртасидаги оқибат ана шундай дамларда билинади. Дўстсиз яшашни, умр кечиришни тасаввур ҳам қилолмайман. Бу дунёда ишончли бир дўстингиз бўлмаса, юрагингизни ҳеч кимга очолмасангиз, қийналиб кетганингизда, дардингизни тўколмасангиз, жуда қийин. Бундай ҳаёт зулматга ўхшайди, назаримда. Хуллас, бу дунёда чин дўстлик борлигига ва унинг жуда кўп ишларга қодирлигига шубҳасиз ишонаман.
Наргиза ОДИЛОВА, тикувчи: – Тўғрисини айтсам, чин дўстим бор деб юз фоиз ишонч билан айтолмайман. Негаки дўст деб билган ва ишонган одамларимдан бир неча марта панд еганман, шундан бери ҳеч кимга, ҳатто йиллар давомида дўстлик ришталари боғлаб турган дугоналаримга ҳам ишонолмайдиган бўлиб қолдим. Баъзан сирларимни, ичимдаги гапларимни айтиб қўяман-да, ишқилиб, бошқаларга ёймасмикин, деган хавотир ичимни кемира бошлайди. Ўзимни ўзим койийман. Чин дўстим бўлишини, унга ўзимга ишонгандек ишонишни, ҳеч хижолатсиз ва иккиланишсиз ичимдагини айтишни, чора тополмай қолган пайтларимда маслаҳат сўрашни, далдасидан куч олишни жуда ҳам хоҳлардим, аммо, истаклар ҳамиша ҳам амалга ошавермас экан. Шунинг учун чин дўстлик деганда, кўнглимда доим кемтиклик сезаман. Аммо шундай инсонни учратсам, албатта, мен ҳам унга худди шундай муносабатда бўлардим ва дўстлигимизни асраб-ардоқлардим.
Мавлуда ШУКУРОВА, ўқитувчи: – Қирқ беш йиллик дугонам бор. Ўқувчилик пайтимизда дўстлашганмиз ва то шу кунга қадар бизни мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб турибди. Шундай дўстим борлигидан, ҳар доим ёнимда эканлигидан, мени қўллаб-қувватлашга, ёрдам керак бўлганда, ёрдам беришга тайёр турганидан фахрланаман. У билан жуда яқинмиз, ҳатто туғишган опа-сингиллар ҳам бунчалик яқин бўлмаса керак. Мен унга ўзимга ишонгандек, ҳатто ўзимдан ҳам кўпроқ ишонаман. У менинг камчиликларимни тузатиб, нотўғри қадам босганимда, хатоларимни кўрсатиб, англатиб, тўғри йўлга тушиб олишимга ёрдам бериб турадиган, менга фақат яхшилик истайдиган, ютуқларимдан қувониб, кўнгилсизликларимдан мен билан теппа-тенг изтироб чекадиган энг яқин инсоним. Оғир дамларда қийналиб кетганимда, ўзимни қўярга жой тополмаганимда, у билан суҳбатлашиб, кўнглим ёзилади. У ҳеч қачон таъна қилмайди, ақл ҳам ўргатмайди, аксинча, вазиятни тўғри ва холис таҳлил қилишимга ва асл ҳолатни тушунишимга ёрдам беради. Ўз навбатида мен ҳам доим унга ҳамфикру ҳамроҳ бўлишга, қийналганида, дарров ёрдам қўлини чўзишга, тўғри маслаҳат беришга ҳаракат қиламан. Оила аъзоларим, яқин инсонларимнинг ҳаммаси дугонамни ҳурмат қилишади ва ўз оила аъзоларидек қабул қилишади. Бизнинг дўстлигимизга кўпчилик ҳавас қилади. Бу ҳақда кўп марта ўзимга айтишган. Баъзилар эса “Дугонангиз билан шунча йилдан бери яқинсиз. Кўз тегмасин, қандай қилиб дўстлигингизни сақлаб қолгансизлар?” деб ажабланишади. Мен эса “Дўстлигимизнинг асоси – беғараз меҳр ва ишонч”, деб айтаман. Аслида, дўстликнинг ҳеч қандай сири йўқ.
Илёс ЭРКИНОВ, биолог: – Менимча, чин дўстлик ҳозир ҳам мавжуд. Аслида, дўстлик ҳамма замонларда бўлган ва бўлади ҳам. Фақат ҳозир дўстликни қадрлайдиган, унинг моҳиятини, ҳаётимиздаги ўрнини тўлиқ англаган одамлар кўп эмас, деб ўйлайман. Дўст тутиниш қийин эмас, бироқ дўстлик ришталарини, ўзаро ишончни сақлаб қолиш, чин дўстга айланиш анча қийин. Бунга сабаб шуки, кўпчилик дўстидан мукаммалликни қидиради, ҳатто ўзида йўқ фазилатларни ҳам дўстида кўришни хоҳлайди. Ваҳоланки, бу нотўғри. Одамзод дўстини ўзи қандай кўришни истаган қиёфада эмас, балки қандай бўлса, шундайича қабул қилиши ва худди шу ҳолда ҳурматлаши керак. Агар мукаммаллик излаб, дўстидаги нуқсонларни қабул қилишни истамаса, шу нуқсонлар туфайли ўз назарида унинг қадрини туширса, унда бу холис дўстлик бўлмайди. Бу дунёда мукаммал инсоннинг ўзи йўқ. Шундай экан, уни нега дўстларимиздан талаб қиламиз? Нега уларнинг фақатгина фазилатларга эга бўлишини хоҳлаймиз? Камчиликларини, ожиз томонларини қабул қилишни истамаймиз? Улар ҳам худди бизга ўхшаган одамлар. Дўст дўстидан нимадир талаб қилиши ноўрин. Биз эса кўпинча шундай қиламиз: ўзимиз сезиб-сезмаган ҳолда бир нималарни талаб қиламиз, ҳатто мажбурлаймиз, натижада ўртадаги ишонч ва ҳурматга путур етади, дўстлик риштаси ҳам аста-секин узила бошлайди. Айтмоқчиманки, дўстларимизни қандай бўлишса, шундай қабул қилайлик, яхши кўрайлик, ноўрин талабларимиз, тирғалишларимиз билан уларни ўзимиздан бездириб қўймайлик. “Мен сен учун шундай ишни қилдим, сен эса мен учун қўлингни совуқ сувга ҳам урмайсан” мазмунидаги иддаолардан узоқ бўлайлик. Ахир дўстликда таъма ёки манфаат бўлмайди.
Халқ мақолларидан
* Дўст ачитиб гапирар, душман – кулдириб.
* Дўст бошга боқар, душман – оёққа.
* Дўст қайтса берганини олади, орадагининг айтгани қолади.
* Дўст ҳисоби – дилида.
* Дўсти нодондан душмани доно яхши.
* Дўстинг билан дилдош бўл, қилар ишига қўлдош бўл.
* Дўстинг минг бўлса ҳам оз, душманинг бир бўлса ҳам кўп.
* Дўстлар ўртасида “меники” деган гап бўлмас.
* Дўстингнинг кўзида бўлгунча кўнглида бўл.
* Дўстнинг дўстлиги бошингга иш тушганда билинади.
* Дўстсиз бошим – тузсиз ошим.
* Дўстни дўстидан тани.
* Ёмон дўстдан ёв ортиқ.
Донолар бисотидан
Дўст сенга ўз-ўзингдек бўлиш имконини берадиган одамдир.
Жим Моррисон
Дўст икки танада яшайдиган битта жондир.
Арасту
Ҳақиқий дўст қўлингдан тутиб, қалбингни ҳис қиладиган одамдир.
Г. Г. Маркес
Дўстлик шундай илоҳий, ширин, мустаҳкам ва доимий туйғуки, уни қарзга пул сўрашга уринмаслик орқали бир умрга сақлаб қолиш мумкин.
Марк Твен
Кимгаки ҳамма нарсани айтолсам, ўша менинг дўстимдир.
В. Г. Белинский
Бирорта ҳақиқий дўсти бўлмаган одам яшамаса ҳам бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий