четверг, 11 февраля 2021 г.

Китоб инсонга нима беради?

Китоб инсон дунёқарашини шакллантиришга, тафаккурини ўстиришга, маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Бироқ китобхонларнинг у ёки бу китобни ўқишдан мақсади турлича. Шундай экан, уларнинг китобдан оладигани ҳам фарқ қилади. Кимдир шунчаки вақтини ўтказиш, кимдир ўзини ақлли кўрсатиш, кимдир эса маънавий эҳтиёж сезгани учун китоб мутолаа қилади. Яна ким учундир учун китоб ижодий қувват, илҳом, руҳий лаззат, эстетик завқ беради. Яна ўйлаш, мушоҳада ва таҳлил қилишга ундайди, ҳаёт ва инсон ҳақида билмаганларини ўргатади.

 Машҳура РАИМОВА, ҳамшира: — Китоб мутолаа қилганимда, дунёдаги ҳамма нарсани, барча ташвишларимни унутаман. Қаҳрамонлар ҳаёти билан яшай бошлайман. Натижада китоб мутолаасидан кейин ҳаётга, муаммоларга қарашим анча ўзгаради. Арзимаган муаммоларни ўзим катталаштириб юборганимни тушуна бошлайман. Агар анча вақт китоб ўқимай қўйсам, қандайдир асабийроқ, шукр қилиш керак бўлган неъматларга эса лоқайдроқ бўлиб бораётганимни сезаман. Шундай пайтларда менга яна китоб ёрдам беради. Ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, китоб мени тушкунликдан, кайфиятсизликдан қутқаради. Китоб менга қийналган, сиқилган дамларимда руҳий таскин, куч, далда беради.

Жамшид ҲАҚНАЗАРОВ, муҳандис: — Менимча, китоб мутолааси одамга маънавий завқ, лаззат беради. Айниқса, шеърий китобларни ўқиганингизда, кўнглингизда қандайдир ёруғ ҳиссиётлар уйғонганини ҳис қиласиз. Балки, ҳаммада ҳам бундай бўлмас, балки, бунинг учун шеърни ҳис қила билиш ҳам талаб этилар. Чунки баъзи одамларни биламан: умуман қўлига китоб олмайди. Китоб ўқиётганимни кўрса, “Нима ўқияпсан?” деб, ғашли, таажжубли оҳангда сўраб қўяди. Гўё китоб ўқиш аллақачон урфдан чиққан-у, мен урфдан қолган иш билан машғулдек. Бундай одамларнинг киноялари қанчалик аччиғимни чиқармасин, яхши тушунаман: мутолаага маънан эҳтиёж сезмаган одамнинг кўнглида эзгу туйғуларга ҳам жой кам бўлади. Улар билан тортишиш бефойда, зеро, улар маънавий бойликдан моддий бойликни афзал кўришади.

 Ҳакима Шермуҳамедова, филолог: — Китоб ўқиш — энг севимли машғулотим. Касбим бевосита китоблар билан боғлиқ бўлгани учун эмас. Аксинча, китобга бўлган муҳаббатим шу касбни танлашимга ундаган. Болалигимдан китоб ўқишни яхши кўраман. Ўн беш ёшимгача уйимиздаги ҳамма китоб, журналларни ўқиб чиққанман. Ойим баъзан “Фалон китоб сенинг ёшингга тўғри келмайди” деб, яшириб қўярдилар. Мен бўлсам, ҳеч бирини қолдирмай ўқирдим. Ҳозиргача шундай: китоб ўқимасдан туролмайман. Шунинг учун ҳар ойда ҳеч бўлмаса битта китоб харид қиламан. Баъзи одамлар “Яхши китоблар кам, ўқишга арзирли китоб йўқ” деб нолишади. Бундай гапирадиганларни умуман тушунмайман. Чунки яхши китоблар жудаям кўп. Ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон адабиётида ҳам. Масалан, яхши китоб йўқ деб нолиётганларнинг ақалли бир фоизи Навоий, Фузулий ёки Машраб ғазалларини мутолаа қилганми? Умар Ҳайём, Жалолиддин Румий, Лутфий каби мумтоз ижодкорларнинг асарларини ўқиганми? Ақалли уларнинг номларини биладими? Агар мутолаа қилганларида, ҳеч қачон бундай дейишмасди. Чунки бу асарларни қайта-қайта мутолаа қилиш ва ҳар гал янги-янги хулосалар чиқариш мумкин.

 

Ҳусниддин ЭРГАШЕВ, шифокор: — Мен учун китоб мутолааси — маънавий ҳордиқ чиқариш, билмаганларимни ўрганиш, дунёни теранроқ англаш, маънавий қадриятларни ҳис қилиш воситаси. Ҳар гал китоб ўқиганимда, руҳий енгиллашаётганини сезаман. Телевизор кўрганимда, фильм томоша қилганимда ёки қўшиқ эшитганимда, очиғи, кўнглим бунчалик юмшамайди. Китоб эса, назаримда, одамнинг қалбидаги энг эзгу туйғуларни уйғота олишга қодир. Ёзувчининг фикрларини англаш давомида ўз қалбингизни, интилишларингиз ва қарашларингизни ҳам англаб борасиз. Ҳар қалай, менда шундай бўлади. Китоб ўқимайдиган одамлар эса бундай ҳузур, завқ нималигини билмайди.

Шодия АҲМЕДОВА, ўқитувчи: — Китоб — одамнинг энг яқин дўсти. Ундан ҳар доим маслаҳат, фикр олиш, ҳаёт ҳақида билмаганларини ўрганиш, қарашларини теранлаштириш мумкин. Мен бадиий адабиётни назарда тутяпман. Маълум бир соҳага бағишланган китоблар эса одамга фақат маълумот ва билим беради. Бадиий китоблар эса китобхонга руҳий ва маънавий озуқа, эстетик завқ, кўнгил хотиржамлигини бағишлайди. Чиройли шеърни ўқисангиз, кўнглингизда қандайдир ўзгача, илиқ ҳиссиётларни сезасиз. Руҳингизда кўтаринкилик уйғонади. Беихтиёр дунёга бошқача кўз билан қарай бошлайсиз. Бундай завқни ҳеч нимага алмашиб бўлмайди. Ахир бундай завқни на компьютер ўйини, на ижтимоий тармоқлардаги чатлашиш, селфи қўйиб, “лайклар” тўплаш бера олади. Ҳеч қандай замонавий овунчоқ китобнинг ўрнини босолмайди.

Зокиржон ОРТИҚОВ, талаба: — Ўзимни ашаддий китобхон деёлмайман. Болалигимда бир нечта эртак китобларни ўқиб чиққанман, аммо ўқувчилик йилларимда кўп китоб ўқимаганман, фақат ўқитувчиларимиз буюрган китобларнигина мутолаа қилганман. Аммо институтга ўқишга киргач, кутубхонага тез-тез боришимга тўғри кела бошлади. Ана шунда бадиий адабиётга қизиқиш уйғонди. Шеърий китобларни мутолаа қиладиган бўлдим. Кейин Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали кўплаб ижодкорларнинг саҳифаларига обуна бўлдим. Бу менга илгари ўқимаган, лекин жуда ажойиб шеърларни ўқиш имконини берди. Шунча вақтгача китоб мутолааси завқидан, шеър завқидан бебаҳра юрганимга, тўғриси, ачиндим. Бу маиший машмашаларни катта муаммога айлантирувчи айрим хориж сериалларини кўришдан анча завқлироқ машғулот. Ўзим каби талабаларга, уй бекаларига, умуман, ҳамма-ҳаммага кўпроқ китоб ўқишни тавсия қиламан. Шунда ўзимизга, ҳаёт қувончларию ташвишларига бефарқ бўлмасликка, тақдирнинг бизга туҳфа қилаётган имкониятларини қадрлаб яшашга ўрганамиз деб ўйлайман.

* * *

Голливуд, Болливуд, жаҳон шоу-бизнеси юлдузлари китоб мутолаасига ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Уларнинг ўз севимли асарлари, севимли ёзувчилари бор. Масалан, америкалик актёр Жонни Депп Уильям Сарояннинг “Ҳаётингиз йўли” ва Жек Керуакнинг “Йўлда” асарларини яхши кўради. “Мен ҳар бир ота-она фарзандлари учун чинакамига хоҳлайдиган нарсани — уларнинг бахтли бўлишини ва бу дунёнинг чиркинликлари уларга дахл қилмаслигини истайман. “Ҳаётингиз йўли” китобининг матни “Яша, ҳеч кимга ёмонлик қилма ва ҳеч ким сенга ёмонлик қилишига йўл қўйма” деган сўзлар билан бошланади”, — дейди Депп Сарояннинг асарига бўлган муҳаббатини изоҳларкан.

Болливуд юлдузи Маниша Койрала эса рус адабиётининг мухлисаси. У Фёдор Достоевскийнинг “Телба”сини севиб мутолаа қилади. Бундан ташқари, Жон Ирвингнинг “Дунё Гарпнинг нигоҳида” асарини ҳам мутолаа қилишни яхши кўради.

 Донолар айтади:

Яхши китоб — ақлли инсон билан суҳбатлашишдек гап. Ўқувчи ундан билим ва реал ҳаёт ҳақида хулосалар, ҳаётни тушуниш қобилиятини олади.

А. Толстой

 Мутолаа — энг яхши таълим. Буюк одамнинг фикрларига эргашиш — энг қизиқарли фан.

А. С. Пушкин

Гапиришни билмасанг — ўқишни ўрган.

Л. Помпоний

 Яхши ёзадиган муаллифларни ўқиб, яхши гапиришга ўрганасан.

Ф. Вольтер

 Ўқиш фойдали! Китоблар қалбни ёритиб, одамнинг руҳини кўтаради ва мустаҳкамлайди, унда энг яхши интилишларни уйғотади, ақлини чархлаб, кўнглини юмшатади.

У. Теккерей

 Дарвоқе

Машҳур кишилар Лев Толстойнинг романини овоз чиқариб ўқиган ва “Каренина. Жонли нашр” лойиҳаси Гиннесснинг Рекордлар китобидан жой олди. “Google” компанияси ва “Ясная поляна” музей-қўрғончанинг ҳамкорликдаги лойиҳаси “Интернетдаги мутолаа марафонида энг кўп аудитория тўплаган” лойиҳаси сифатида рекордлар китобига киритилди. Мутолаа марафони материаллари асоисда “Google” махсус сайт ташкил қилди, унда машҳур романнинг бобларини бир қатор машҳур инсонлар овози билан эшитиш мумкин.

 (с) Комила НОСИРОВА.

2014 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий