Ота-она беҳад бўлади хурсанд,
Фарзанди бўлолса муносиб фарзанд.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор
Бошни фидо қилғил ато бошига,
Жисмни қил садқа ано қошиға.
Тун-кунингга айлагали нурфош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Алишер Навоий
Ота-она ҳар бир инсоннинг энг яқин, энг азиз ва қадрдон кишисидир. Ҳадиси шарифда, Қуръони каримда фарзанднинг ота-она олдидаги бурч ва вазифалари ҳақида ибратли ҳикоялар ва оятлар бор. Ота-онани эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш азал-азалдан халқимизга хосдир. Аммо халқда яна шундай гап ҳам бор: “Ота-она ўнта фарзандини ҳам боқа олади, ўнта фарзанд эса ота-онани боқолмайди”. Шунинг исботи ўлароқ, орамизда оқибатсиз, ота-она олдидаги бурчини унутиб қўйган фарзандлар ҳам учрайди. Бундай одамларни кўрганда, шубҳасиз, ота-онасига ким қандай муносабатда бўлса, келажакда ўзига ҳам худди шундай муносабат қайтиши ҳақидаги ибратли ривоят эсга тушади. Зеро, бизга ҳаёт ва тарбия берган, оқ ювиб-оқ тараган, емай едириб, киймай кийдириб, бор меҳрини, умрини бағишлаган ота-онани эътиборсиз ташлаб қўйиш гуноҳи азимдир. Буни ҳар бир виждонли ва оқил инсон тушунади, албатта.
Гулнора РАЖАБОВА, нафақахўр: — Худога шукр, фарзандларим жуда яхши. Ўз вақтида умр йўлдошим билан уларга тўғри тарбия берганман деб ўйлайман. Болаларим ҳар доим ҳурматимни жойига қўйишади. Ҳаммасининг ҳозир ўз оиласи бор, мен кенжа ўғлим билан яшайман, лекин болаларим доим мендан хабар олишга вақт ва имкон топишади. “Ойижон, нима егингиз келяпти? Қаерга боргингиз келяпти?” деб сўраб туришади. Уларнинг бундай эътиборидан кўнглим тоғдек кўтарилади. Ёш ўтган сари одам янаям меҳрталаб, эътиборталаб бўлиб қоларкан. Моддий неъматларни эмас, айнан меҳр ва эътиборни хоҳларкан. Ҳеч бир ота-она ёши бир жойга етганда, фарзандларининг эътиборсизлиги, меҳрсизлигидан озор чекишни хоҳламайди. Ишқилиб, ҳамманинг фарзанди оқибатли, меҳрли бўлсин. Зеро, беоқибат фарзандлар ота-онасининг сўнгги соатларини яқинлаштиради.
Шокиржон ОРТИҚОВ, ҳайдовчи: — Уч нафар фарзандим бор. Тўнғичим — ўғлим коллежда ўқийди. Икки қизим эса ҳали мактаб ўқувчиси. Шукр, ҳозирча уларнинг мен билан онасига муносабатида меҳрсизлик, бепарволикни сезганим йўқ. Бундан кейин ҳам шундай бўлсин, илоҳим. Фарзандларимга фақат ота-онага эмас, атрофдаги одамларга қандай муомала қилиш кераклиги ҳақида тез-тез насиҳат қилиб тураман. “Ундай қилгин, бундай қилгин” деб эмас. Ҳаётдан мисоллар келтириб. Бир қўшнимиз бор. Ёлғиз ўғил, опалари бор. Ўзи мендан икки-уч ёш катта. Отаси вафот этган. Саксон ёшдан ошган кекса онаси бор. Шу онасини ташлаб, хотини, болалари билан хорижга кетган. Онасининг ҳолидан опалари хабар олиб туришади. Баъзан кекса онахона кун бўйи ёлғиз қолиб кетади. Маҳаллада унинг ўғлини ҳамма оқибатсиз дейди. Ахир онаси уни не қийинчиликлар билан катта қилган, бир куни менга суянчиқ бўлади деб умид қилган. Хорижда топаётган пули онасининг дийдоридан азиз бўлдими? Эртага онасига бир гап бўлса, ўша пул кўзига кўринармикин? Бир кун келиб ўша одам ҳам қарийди. Онасига шундай оқибатсизлик қилаётганини кўрган фарзандлари ўзига қандай муносабатда бўларкин? Ўзи ҳам кексайганда ёлғизланиб, эътиборсиз қолмасмикин?
Фарзандларимга ота-онага ана шу одам сингари оқибатсизлик қилган инсоннинг ҳеч қачон кўкармаслигини, чинакам бахт топомаслигини, она-она дуосини олиб, уларга иззат-икром кўрсатаётган фарзандлар эса ҳар доим элда ҳурмат топишини тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Шодия НАЗАРОВА, ўқитувчи: — Ота-она дуосини олган фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунга кўп марта амин бўлганман. Ҳали ёш бўлсам ҳам, ҳар хил одамлар билан тез-тез мулоқот қилишга тўғри келгани сабабли, улар мисолида бу борада ўзим учун анча дарс олганман. Ўқувчиларимга ҳам дарслар орасида шу мавзуда гапириб тураман. Зеро, бизнинг вазифамиз уларга фақат илм бериш эмас, ҳаётда тўғри йўлни кўрсатиш, ахлоқ-одоб, одамлар ўртасидаги оқибатдан ҳам сабоқ беришдир. Болаларга ота-онага муносабат ҳақида гапирганимда, кўпинча бир мисолни келтираман. Эл таниган санъаткорлардан бирининг онасига ҳурмати ва меҳри ниҳоятда кучли экан. Онаси бетоб бўлгани учун шифокорлар унга парҳез буюришган. Ўша санъаткор вақти қанчалик тиғиз, ишлари қанчалик кўп бўлишига қарамай, онасига зарур озиқ-овқат маҳсулотларини, ҳатто нонни ҳам доим ўзи харид қилиб олиб бораркан. Ҳар куни у билан бирга овқатланишга имкон топишга ҳаракат қиларкан. Бу гапларни эшитганимда, ўша санъаткорга ҳурматим чандон ошган, онаси ҳақида айтган қўшиқларидаги ҳар бир сўз юрагидан чиққанини англаганман.
Даврон Муҳаммадаминов, тадбиркор: — Отам болалигимда вафот этган. Онам уч бола билан бева бўлиб қолганлар. Лекин отадан етим қолган гул етим, онадан етим қолган шум етим деб, бежиз айтишмас экан. Онажоним бизларни ҳеч кимдан кам қилмай, ҳеч нимага зориқтирмай катта қилдилар. Учаламизнинг ҳам ўқиб, илм олишимиз учун етарли шарт-шароит яратиб бердилар. Ҳозир ҳаммамиз ўз ишимизни, ҳаётдаги ўрнимизни топганмиз деб ўйлайман. Онамнинг меҳнатлари, дуолари орқасидан эришдик барига. Волидамиздан қарзимизни ҳеч қачон узолмаймиз. Онамиз учун қанча қилсак ҳам, кам. Аммо онажонимга ҳар гал пул ёки совға берганимда, шундай хижолат бўладиларки, ўзим ҳам хижолат бўлиб кетаман. Болалигимизда бизларнинг ҳар бир инжиқлигимизни кўтариб, хархашаларимизга чидаган онажонимиз учун наҳотки шу кичкина туҳфани ҳам беролмасак?! Онам учун нимаики қилсам, бурч ҳисси туфайлигича эмас, меҳримнинг бир кўриниши сифатида ҳам қиламан. Шунинг учун туҳфаларимни олаётганда, хижолат бўлмасликларини жуда-жуда хоҳлардим.
Азимжон Эркинов, муҳандис: — Афсуски, ота-онам эрта вафот этган. Акаларим қўлида тарбия топганман. Шунинг учунми, ота-онаси ҳаёт дўстларимга, қариндошларимга ҳавасим келади. Нуроний кексалари бор уй жуда файзли кўринади ва чиндан ҳам файзли бўлади. Ота-она билан суҳбатлашиш, уларнинг ҳаётда асқотадиган ибратли ҳикояларини тинглаш қанчалар мароқли. Афсуски, ҳамма ҳам буни тушунавермас экан. Бир синфдошим бор эди. Ўн саккиз ёшида хорижга пул топиш учун кетган. Бир неча йилдан кейин келиб, шу ерда уйланди. Лекин тўйдан сўнг хотинини ҳам бирга олиб кетди. Ўша ерда тўрт болали бўлди. Ота-онасининг ёлғиз ўғли бўлишига қарамай, оиласи билан ҳали ҳам хорижда яшайди. Бир йилда бир мартагина келиб, хабар олади. Тўғри, ҳозир техника асри, телефон, интернет орқали мулоқот қилиб туриш мумкин. Аммо бундай мулоқот дийдорнинг, бир дастурхон атрофида жамулжам бўлиб, шунчаки суҳбатлашиб ўтириш завқининг ўрнини босолмайди-ку. Ота-онам ҳаёт бўлганда, мен ҳеч қачон уларни ташлаб қўймасдим.
Тўрт болани боқиш осон эмас, эшитишимча, синфдошим ота-онасини боқиш ўрнига, аксинча, ота-онаси баъзан унга пул жўнатиб тураркан. Қайси ота-она фарзандини шу ниятда катта қилади? Кексайганда ота-онасига суянчиқ бўлолмаган, уларнинг хизматини қилишга ярамаган фарзанд одамларнинг ҳурматига муносибми? Ота-онасига оқибатли бўлолмаган одам бошқаларга оқибатли бўла оладими? Энг қизиғи, синфдошимнинг ота-онаси ҳеч қачон фарзандини ёмонламайди, ношукр ёки оқибатсиз деб аташмайди. Аксинча, ҳар доим уни мақташади. Ўғлим пул топаман деб мусофирчиликда қийналяпти деб, ҳатто унга ачиниб гапиришади. Компьютер орқали гаплашишганда, невараларининг нималар деганини қўшниларга севиниб, мақтаниб айтиб беришади. Улар кулиб гапиришади-ю, аммо кўзларида фарзанд соғинчи, ғусса сезилиб туради.
Ўша синфдошим бир гал таътилга келганда, ота-онасининг нафақага чиқиб, айни келиннинг қўлидан чой ичиб, иззат-икромда ўтирадиган пайти келганини, фарзанд сифатида уларга ғамхўрлик қилиш бурчи эканлигини тушунтиришга уриндим. Афсуски, синфдошим турмуш қийинчиликлари, пул топиш мушкул бўлиб қолганидан, бола-чақасини боқиш учун не машаққатлар билан ишлаётганидан шикоят қилишга тушди. Англадимки, унга айтган гапларим таъсир қилмади. Қанчалар катта хато қилаётганини, бу дамлар ҳеч қачон қайтиб келмаслигини, ота-онасини кейин минг уриниб ҳам тополмаслигини мулоҳаза қилиб кўришга ҳам уринмади ҳатто. “Эсиз” дедим-у, шу бўйи у билан бошқа гаплашмадим.
Ҳадиси шарифдан
* Уч нарса бор, кимда у бўлса, Аллоҳ таоло унга раҳмат қанотини ёзади ва жаннатга киргизади:
1. Заифга меҳрибон бўлиш.
2. Ота-онанинг дуосини олиш.
3. Қўл остидагиларга яхшилик қилиш.
* Кимки ота-онасига яхшилик қилса, унга қандай яхши; Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади.
(c) Комила НОСИРОВА
2014 йил.
Комментариев нет:
Отправить комментарий