четверг, 21 июля 2016 г.

Миллий сериалларимиз қай даражада оммабоп?

Бундан беш-олти йил аввал миллий теледастурлардан асосан хориж сериаллари ўрин эгаллаган эди. Бироқ энди миллий сериалларимиз кўпайиб, ўзимизнинг ҳаётимиздан олинган воқеаларни кўпроқ томоша қила бошладик. Баъзилари зўр иштиёқ билан томоша қилинмоқда, баъзиларининг эса... аудиторияси у қадар катта эмас. Сериалларимиз камчиликлардан холи деб бўлмайди. Аммо нима бўлганда ҳам, изланишлар, уринишлар, янгиликлар ва ютуқлар бор.
Зулфизар МАВЛОНОВА, ўқитувчи: — Менга “Туташ тақдирлар” сериали жуда маъқул бўлган эди. Ҳаётдан олинган, турмуш тарзимизга яқин. Кейин “Опа-сингиллар” сериалида ҳам шундай ҳаётий муаммолар кўтарилди. Ундан сўнг “Имтиҳон” сериалини қизиқиш билан томоша қилдим. Ҳамкасбларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи бу сериалнинг ҳар бир қисмида бир муаммонинг кўтарилгани ва унинг ечими кўрсатиб берилгани менга жуда маъқул бўлди. Унчалик ёқмаган сериаллар ҳам бор, аммо улар ҳақида гапирмайман. Камчиликлар аста-секин бартараф бўлишига ишонаман.

Шукурилло СОЛИҲОВ, ошпаз: — Тўғрисини айтганда, кўп сериал кўрмайман. Бунга вақтим йўқ. Вақтим бўлганда, асосан хориж сериалларини томоша қиламан. Аммо миллий сериалларимизни ҳам баъзида, оила аъзоларим томоша қилаётганда кўриб қолишим мумкин. Менга маъқул бўлгани — “Фидойилар”. Ўйлашимча, воқеалар яхши топилган, характерлар ҳам яхши очиб берилган. Шундай сериаллар кўпроқ ишланса, яхши бўларди.

Хуршида ОЧИЛОВА, талаба: — Кейинги пайтларда бир туркча сериални катта қизиқиш билан кўряпман. Охирги кўрган ўзбекча сериалим — “Она дарё”. Умуман олганда, яхши сериал. Сценарий ёзилганда мавзу яхши ўрганилгани билинади. Шунга ўхшаган, бир мавзу доирасида бўлмаган сериаллар яратилса, томошабинларга қизиқ бўлади деб ўйлайман. Фақат маиший муаммолар кўрсатилган, қайнона-келин, эр-хотиннинг қўйди-чиқдисидангина иборат бўлган сериаллар томошабиннинг меъдасига тегади. “Муҳташам юз йил” сериалини қанча одам катта қизиқиш билан томоша қиляпти. Тарихий мавзудаги бу сериал ортида катта меҳнат, заҳмат ётгани аён. Ваҳоланки, бизда сериал қилишга арзигулик тарихий воқеалар ҳам, қаҳрамонлар ҳам етарли. Корейсларнинг тарихий сериалларидан роса чарчади одам. Бир хил чеҳрали одамларнинг қилич кўтариб у ёқдан-бу ёққа чопиши жонга тегди, тўғриси. Дейлик, бизда Тўмарис ёки Широқ ҳақида ҳам сериал ишлаш мумкин. Ўзбек томошабинига корейсларнинг қадимий давлатидаги урушларни томоша қилишдан кўра ўз юртимизда яшаб ўтган қаҳрамонлар ҳаёти ва жасорати ҳақида ишланган сериални кўриш минг карра қизиқ бўлади.

Зоҳида ЧОРИЕВА, уй бекаси: — Менга кулгига бой, одам кўрганда юраги сиқилмайдиган, руҳан эзилишга сабаб бўлмайдиган сериаллар ёқади. Масалан, “Каминанинг оиласи” ёки “Меҳрибоним” сингари. Бу сериаллар томошабинни фақат кулдирмайди, муаммолари ҳам бор. Фақат муаммолар кулги билан очилган. Шунинг учун одам мириқиб томоша қилади. Баъзи сериалларни кўрганда эса, одамнинг юраги сиқилади. Мен юракни сиқадиган драмаларни кўролмайман, чунки анча вақтгача ўша воқеалар таъсиридан чиқиб кетолмаслигим мумкин, жуда таъсирчанман.

Дилмурод ЗОКИРОВ, талаба: — Сериал деярли кўрмайман. Кўрсам ҳам, асосан рус ёки хориж сериалларини томоша қиламан. Сабаби, сериалларда кўпроқ муҳаббат қиссалари тасвирланади. Менга эса мелодрамалар ёқмайди. Триллер ёки жангари жанрда бўлса, кўришим мумкин. Томошабинни ушлаб турадиган нимасидир бўлиши керак. Маиший мавзудаги сериаллар мени умуман қизиқтирмайди. Гарчи у кулгили саҳналар билан берилса ҳам. “Доктор Хаус” ёки “Ҳаёт-мамот”га ўхшаган қизиқарли сериаллар бўлса, томоша қилишим мумкин. Чунки бу сериалларнинг ҳар бир қисмида қандайдир қизиқ воқеа рўй беради, томошабинни “ушлаб” туради.
(с) 

Комментариев нет:

Отправить комментарий