Селфи... Смартфон чиққандан бери селфи ишқибозларининг сони ортса ортяптики, асло камаймаяпти. Ўзини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлашни хуш кўрувчилар сони бундан кейин ҳам камайиши гумон. Бу ҳар кимнинг шахсий иши, ишқибозлиги, албатта. Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бўлиши керак. Селфи ишқибозлари эса гоҳида меъёр тугул, ҳаётнинг нақадар қисқалигини, вақтни фақатгина смартфонда ўзини суратга олиб, ижтимоий тармоқлардаги “лайклар” сонини кузатиб боришдан иборат эмаслигини унутиб қўйишади. Аммо селфига айланган ҳаёт уларга нима беради?
Тери қаришининг асосий сабабларидан бири
Ижтимоий тармоқларда ўз селфиларини жойлашни ёқтирадиганлар смартфон ёрдамида автопортрет яратишга ҳаддан ташқари берилиш зарарли эканлигини билишармикин? Билишса, британиялик 26 ёшли Мехрин Бэигнинг куни уларнинг бошига тушмайди.
Мехрин Лондонда яшайди. У кунига 50та селфи қилади. Иши шундай. У блогер: ўзи суратга олади, ретушлайди ва “Instagram”га янги кадрларни жойлайди — хуллас, кунининг анча соатларини смартфон экрани қаршисида ўтказади. Айтишича, Мехрин бу ишдан завқланади.
“Чиройли суратлар саҳифага ёзилганлар сонини кўпайтиради, бу эса, ростини айтаман, менга нонга пул топишимга имкон беради”, — дейди Мехрин, истаган тақдирда ҳам ижтимоий тармоқлардан воз кечолмаслигини, моддий жиҳатдан нотўғри бўлишини тушунтираркан.
Сўнгги пайтларда у териси сезиларли даражада ёмонлашаётганини сеза бошлади: теридаги майда тешикчалар катталашди, кўзларининг таги қорайди, тушунарсиз доғлар ва сепкиллар пайдо бўлади (Мехрин одатда терисини қуёш нурларидан ҳимоялайди). Тез-тез яллиғланишлар кузатилди. Мехрин дерматолог қабулига йўл олди.
Лондон клиникаси шифокори Саймон Зоке беморнинг юзидаги доғларни ташхис асбоблари воситасида текшириб, эпидермис кўз кўриши мумкин бўлганидан анча жиддий зарарланганини маълум қилди. Сканерлаш чуқурроқ қаватларда катта қора доғлар борлигини кўрсатди. Қизнинг турмуш тарзи ва смартфон ҳамда планшетлардан кўп фойдаланишидан хабар топгач, шифокор тери HEV-нурлар (юқори қувватли кўк нур)дан зарарланганини тахмин қилди. Қуёшдан ҳимояловчи фильтрларга эга одатдаги кремлар ундан ҳимоя қилмайди, булар умуман бошқа нурлар. Улар телевизор, ноутбук, мобил телефон, смартфон, планшетлардан тарқалади.
Аёллар селфига қанча вақт сарфлайди?
Ўртача аёл селфига кунига тахминан 48 дақиқа сарфлайди. Бу ҳафтасига 5,6, ойига 24 соат, йилига 12 кун дегани. 16дан 25 ёшгача бўлган 2000 нафар аёл қатнашган тадқиқот натижалари шуни кўрсатди.
Чиройли селфи қилиш учун аёлларнинг аксарияти пардоз қилади, мос ракурс излаб, ҳақиқий фотосессия ўтказиб, профессионал фотосъёмка жараёнини деярли такрорлайди. Ижтимоий тармоқларга ҳар куни учтага яқин кадр жойлаштирилади. Энг яхши суратлар жойлаштириладиган ижтимоий тармоқлар сони — камида иккита.
Сўровда қатнашган аёлларнинг ҳар бири телефон ёки компьютерида камида 150та шундай суратини сақлайди.
Сайтида шу сўров жойлаштирилган онлайн-дўконнинг бош муҳаррири Ньюби Хэндс: “Бу ҳамма аёллар ўзини севишини билдирмайди, — дейди. Улар пардоз, соч турмаги билан боғлиқ ғояларни ўртоқлашиб, ўз дўстлари ва обуначиларини спорт билан шуғулланишга илҳомлантиришади”.
Баъзи қизларнинг мақсади Хэндс айтгандек эмас. Айримлар омманинг, ҳатто бўлажак куёвларнинг эътиборини тортиш учун ўзларини суратга олишларига иқрор бўлишди. Баъзи қизлар эса собиқ севган инсонлари қандай қиздан айрилганини кўриб, куйиши учун шундай суратлар олишади.
Сўровда қатнашганларнинг 27%и ижтимоий тармоқларда иложи борича кўпроқ лайк йиғиш учун суратга олишини маълум қилди. Агар улар бу мақсадга эриша олишмаса, бир неча дақиқадан сўнг суратни ўчириб ташлашади.
Лайклар йиғиш шунчалик муҳимми?
Ҳар бир селфичи ўз суратига лайк ва ижобий изоҳлар кўп бўлишини истайди. Лайкларнинг йўқлиги ёки салбий изоҳлар одамни шунчаки хафа қилибгина қолмай, узоқ салбий ҳиссиётларни чақириши мумкин. Айниқса таъсирчан ва ҳар қандай танқиддан оғринадиган одамларга бундай ҳолат қаттиқ таъсир қилади.
Ўзини тинимсиз суратга олиш жараёни воқеликни юзаки қабул қилишга ўргатади, ички бойиш эмас, ташқи бойиш муҳимлашади, одам реклама қилиш керак бўлган маҳсулотга айлана боради. Селфичининг ўзи ҳамма нарсанинг марказида бўлади, қолган дунё эса шунчаки фонга айланиб, аҳамиятини йўқота боради. Бунга ижтимоий тармоқларда дафн маросимлари, фожиалар, даҳшатли ҳалокатлар, операциялар пайтида олинган кўплаб селфилар исбот бўлади. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси марказдаги шахснинг аҳамиятини намойиш қилиш учун шунчаки декорациядек гўё.
Баъзида одамлар селфи ёрдамида ўз шахсининг аҳамиятини намойиш қилишга уринаётгандек туюлади, демак, селфи одам учун эмас, одам селфи қилиш учун яшайди. Бундай ҳолатда саҳифанинг ҳаёти бу саҳифани тўлдираётган одамнинг ҳаётидан ёрқинроқ бўлиб боради. Воқелик чиройли суратнинг кетидан қувишга айланади, бундай ҳолат эса қанчалик хавфли эканлигини селфи қиламан деб ҳалок бўлган одамлар ҳақидаги хабарлар тасдиқлайди.
Селфи жонли мулоқотнинг ўрнии босадими?
Селфининг яна бир салбий жиҳати шундаки, ёшлар жонли мулоқот қилмай қўяди. Селфи одамлар билан мулоқот қилишдан, мавжуд руҳий муаммоларни ҳал этишдан қочишнинг ўзига хос усулига айлана боради.
Баъзи мутахассислар селфи бу — руҳий бузилишнинг бир кўриниши дейишмоқда. Масалан, Америка психиатрия ассоциацияси селфини обессив-компульсив бузилиш деб топди. Бу аёлнинг ўзини суратга олиб, тармоққа жойлаш ва кўплаб лайкларга эга бўлиш эвазига эътибор ва ижобий ҳиссиётлар танқислигининг ўрнини босишга уринишида намоён бўлади. Бир қатор тадқиқотчилар ҳам одамнинг селфига боғланиб қолиши шахсдаги обессив-компульсив бузилишга ишора қилишини тасдиқлашади. Селфи ўз ҳолича руҳий бузилиш эмас, агар у ўзини намоён қилишнинг яшона усулига айланиб, ҳаддан ташқари боғланиб қолишга сабаб бўлмаса.
Муносабатлар совуқлашишига олиб келади
Селфи қилаётганда одамлар ўзларини “Ойна ортида” реалити-шоусининг бош қаҳрамонидек ҳис қилишади. Бу кун бўйи кўзгуда ўзига қараб ўтиришга ўхшайди. Бироқ селфи ёрдамида яралган образ кўпинча асл образга тўғри келмайди. Ўзини суратга олишга берилиб кетган одам бошқа ҳаёт ҳақида ўйламай қўяди. Бундай ҳолат эса ижобий натижаларга олиб келиши гумон.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, селфига ҳаддан ташқари берилиш оиладаги (ёки севимли инсон билан) муносабатларга, болаларнинг тарбиясига, ишдаги муҳитга салбий таъсир қилиши мумкин. Бошқа тадқиқотлар эса тармоққа селфи жойлашга ҳаддан ташқари ишқибозлик оқибатида одам атрофдагилар учун ёқимсизроқ бўлиб қолиши, реал муносабатлар совуқлашиб бориши, одамларнинг бир-биридан узоқлашишини кўрсатди.
Машҳурлар илҳом беради
Авж олган селфибозлик жараёнида бошқаларга машҳурлар илҳом бераётгандек туюлади. Масалан, Дмитрий Медведевнинг лифтда айфонга олган селфиси тезда оммалашиб кетиб, кўплаб пародияларга сабаб бўлди.
Бошқа машҳурлар ҳам ўзларини суратга олиб, тармоққа жойлашни яхши кўришади. Умуман олганда, технологиялар шу қадар ривожланган замонда бирон марта ўзини суратга олмаган одамни учратиш қийин. Бу урфдан ҳатто ҳайвонлар ҳам четда қолаётгани йўқ: мушуклар, кучуклар, маймунларнинг селфисифат суратлари интернетда оммалашиб кетди. Тўғри, ҳайвонлар смартфон тугмасини босолмайди — бундай суратларни олиш учун, масалан, мушук смартфон томонга панжасини чўзганда, тугмани босиш кифоя.
Буни қарангки, ҳатто ҳайкаллар ҳам селфи ола бошлади. Ишонаверинг, селфи ишқибозлиги ҳайкалларни ҳам четлаб ўтмади. Қадимги грек музейида ишқибозлар ҳайкалларнинг селфисифат суратини олишга қарор қилишди. Ҳайкалларнинг суратлари интернетда оммалашиб кетди. Аммо музейларнинг ходимлари қадимги ва янги ҳайкалларни суратга олишни хоҳловчилар бунчалик кўпайиб кетганидан хурсанд деб ўйласангиз, янглишасиз. Чунки бундай суратларнинг ишқибозлари музей экспонатларига баъзида зиён етказишмоқда. Масалан, ўтган йили селфи ишқибозлари Италияда Геркулеснинг ҳайкалини синдириб қўйишди.
Бу урф оқибатида Туркияда усмоний ҳокимга ҳайкал ўрнатилди: Амасья шаҳрида ўзини ўзи суратга олаётган ҳоким билан суратга тушишни хоҳлайдиган сайёҳлар албатта топилади. Ҳайкалнинг қўлидаги смартфонни маданиятсиз одамлар синдиришди, бироқ бу сайёҳларни унчалик ташвишлантирмайди.
* * *
Селфибозлик шу даражада авжига чиқди. Бироқ бугун чиройли сурат олиш учун вақтинию нақдини аямаётган ишқибозлар эртага қимматли вақтларини ижтимоий тармоқларга сарфлаб юборганларидан афсусланишмасмикин? Ахир умрнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат, ўтган вақт ҳеч қачон ортга қайтмайди. Қимматли вақтимизни бир зумдан сўнг қийматини йўқотадиган “лайклар”га, ижтимоий тармоқларда қолиб кетадиган мақтовли изоҳларга сарфлагандан кўра, меҳримиз, эътиборимизга эҳтиёжи бор яқинларимиз билан дийдорга, дилкаш суҳбатларга, мазмунли китоб ўқишга, ички дунёмизга бойитадиган машғулотларга сарф қилганимиз афзал эмасми?!
(с) Комила НОСИРОВА.
2013 йил.
Комментариев нет:
Отправить комментарий