суббота, 10 декабря 2022 г.

“Қўшиқ юракда қолиши керак”


Хоразмлик хушовоз хонанда Азиза Ниёзметова маълум муддат ижодий танаффусда бўлиб, яна қизғин ижод қилишни бошлади. Мухлислари уни соғинишган. Хонанда ҳам мухлисларини соғинган. Шунинг учун ижодий туҳфалари билан уларни хурсанд қилиш ниятида. Режалар бисёр. Санъаткор билан суҳбатда ана шундай ижодий режалар ҳақида суҳбатлашдик.

— Азиза опа, янги қўшиқларингиз, янги клипларингиз айланяпти. Бироқ орада ижодий танаффус сезилди...

— Мухлисларнинг танаффусни сезиши яхши, кераклигингизни, эътибордалигингизни англатади. Танаффуснинг бўлиши ва буни одамларнинг сезиши санъаткорга илҳом бағишлайди. Шунинг учун танаффус ҳам, балки, керакдир. Ахир юравериб-юравериб, қайсидир жойда ёқилғи қуйдириб олиш керак-ку (кулади).

— Шу пайтда мухлислардан қандай фикрлар эшитдингиз?

— “Нимага чиқмаяпсиз?”, “Нимага кўринмаяпсиз?” деган саволларни эшитдим. Аммо либослар, клип олиш ва ҳоказолар пулга бориб тақалади, Энди ёш бола эмасмиз, ҳамма нарсани ўйлаб харажат қилишимиз керак. Қолаверса, тўрт нафар фарзандим бор, уларнинг ҳаммасини жой-жойига қўйиш керак. Сал тўхтаб, нафас олиб иш қилиш керак (кулади).

— Демак, бу шахсий ҳаётга ҳам боғлиқ?

— Албатта шахсий ҳаётга ҳам боғлиқ. Фақат санъатни деб болаларга қарамасдан қўйиб бўлмайди. Буларнинг эртасини ҳам ўйлашимиз зарур. Ёлғиз аёл бўлганимдан кейин ҳам ота, ҳам онаман, шунинг учун буларнинг ҳаммасини жой-жойига қўйиш менинг зиммамда.

— Ҳозир қандай қўшиқлар устида ишлаяпсиз?

— Мендан кўпроқ хоразмча қўшиқ сўрашади. Аммо, очиғини айтганда, менинг кўнглимдагидек нарса туғилмаяпти. Менга “Пақа пақ”, “Еясим галди” каби қўшиқларни таклиф қилишганда, бу менинг йўналишимга тўғри келмайди, дегандим. Масалан, “Кишмиш қўшиб чой бераман, юрагимдан жой бераман” деган қўшиқдаги бир нечта сўзни ўзгартирганман. Сўзлари очиқроқ туюлгани учун. Кейин шоир мендан хафа бўлганди. Хоразмчада қитиқлайдиган нарсалар кўп, лекин чиройли шеърлар чиқмаяпти. Одамнинг юрагини жиз эттирадиган нарса тополмаяпман. Ашуланинг яратилиши ҳам болага ўхшайди. Халқнинг ичида юриши, ўз ўрнига эга бўлиши керак. Масалан, битта концертда ўн саккизта қўшиқ чиқарсангиз, ўн саккизтаси ҳам хит бўлмаслиги мумкин. Нима бўлишини худо билади. Буларнинг ҳаммаси фарзанд, халққа бериладиган маҳсулот-да. Юракларда қолиши лозим. Шунинг учун ўйлаб, чиройли нарса чиқариш керак. Базамда ётган кўплаб қўшиқларим бор. Улар реклама ҳам қилинмаган. Шошилинчда ёзганмиз, аранжировкасини ўзгартириш керак. Шунча ашула деб ичим куяди. Бекорга базада ётибди. Шунинг ўзимга ёққан, ҳали реклама қилинмаган ашулаларни тиклагим бор. Мана, яқинда “Бу кўча сизникимас” деган қўшиқни чиқардим. Бу ҳам реклама қилинмаган эди. Яна иккита ашулани мухлислар эътиборига ҳавола қилдик. Ҳаммаси айлантиришга боғлиқ. Ҳозирги пайтда фақат айлантириш, айлантириш, айлантириш бўлиб қоляпти-да.

— Ижодингизнинг асосини хоразмча қўшиқлар ташкил қилади...

— Шундай, лекин охирги пайтларда “Азиза хоразмчадан чиқиб кетди”, хоразмча айтмайдиган бўлиб қолди, бошқа жойларнинг ашулаларига ўрганиб қолди” деган гапларни эшитдим. Аммо биз санъаткормиз, чегара билмаган ҳолда ашула айтишимиз керак. Санъаткорга тил, миллатнинг чегараси йўқ, биз ҳамма тилда ашула айтишга мажбурмиз. Санъаткор сеҳрли дунёнинг одами бўлади. Унинг ўз дунёси бор, ҳамманикига ўхшаган эмас. Журналистлар ҳам шунақа. Янгиликларни топиб, ҳар хил мавзуларда лойиҳалар қилишади, кўзларида ранг-баранг кўринади. Сизлар чизасизлар, бизлар ясаб берамиз. Биз санъаткорлар улрага жон киргизиб берамиз.

— Сўнгги пайтларда хоразмлик бўлмаган санъаткорларнинг хоразмча қўшиқларни айтиб чиқиши одатий бўлиб қолди...

— Хоразмча қўшиқни ҳар ким айтиши мумкин, аммо маромига етказиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Киндик қони Хоразмда тўкилса, ўн йил Хоразм тўйларида амалиёт ўтаса, ундан кейин қўшиғи халққа етиб боради. Хоразмликлар “Ҳа, яхши чиқибди” деб қўйиши мумкин, аммо бу ўша қўшиқни тан олди дегани эмас.

— Хоразм руҳи бўлиши керак демоқчисиз-да...

— Бунинг учун ўн йил Хоразм тўйларида хизмат қилиши, Хоразмнинг шўр сувини ичиши, ўша ерга киндик қони тўкилган бўлиши керак. Қўшиқ айтавериши мумкин, албатта, бироқ кўп ҳолларда сўзларини хато айтишади, етказиб беришолмайди. Хоразмча эмас, адабий тилда айтишади-да, хоразмча айтяпмиз, деб ўйлашади. Масалан, водийлик қизлар айтишяпти, сўзлари хоразмча, аммо хато айтяпти, жойига тушмаяпти. Ббаъзи хоразмча шеърларни ўқиб, ўзимиз ҳам тушунолмай қоламиз. Хива шевасида ёзилган. Бизда ўн иккита туман бўлса, ўн иккита туманда ўн икки хил шева, ўн икки хил урф-одат бор. Шунинг уларни бир-бирига ўхшатиб бўлмайди. Мана, ҳозирда ҳар хил дижейлар, гуруҳлар чиқяпти. Ўзларича бир нималарни айтиб, ҳар хил “прикол”лар қилишяпти, лекин булар ўтиб кетадиган нарсалар.


— Ижтимоий тармоқларда ҳам профилларингиз бор. Мухлислар билан мулоқот қилиб турасизми?

— Албатта. Қўшиқларим, клипларим чиққанда, мухлислар билан мулоқот қилиб, фикрларини биламан. Хориждан ҳам мухлислар ёзишади. Фикрлар билдиришади. Чет элда ишлаётган, ўқиётган юртдошларимиз бор. Бизнинг янги қўшимиғимизни эшитганда, кўзларига ёш олиб, “Ўзбекистонни соғиндим”, дейишади. Ҳар кимнинг ўз юрти ўзининг юрти, минг жаннатда яшаса ҳам, ота-онасининг суяклари шу ерда ётибди. Шунинг қўшиқларни эшитганда, худди Ўзбекистонда юргандек бўлишади. Кўп давлатларда бўлганмиз, кўп одамларни кўрганмиз, минг зўр шароитда яшаётгани ҳам бу ердан кетганидан афсусланади.

— Концерт бериш ниятингиз борми?

— Концерт бериш режада бор. Фақат кейинги йилга. Қишда концерт беришни ёқтираман.

— Сабаби?

— Совуқда қор маликаси бўлиб чиқишни яхши кўраман. Ёзда эриб қоламан (кулади). Қишда оппоқ либосда чиқиб, қор маликасига ўхшашни истайман. Насиб қилса, жонли ижрога ўтиш ниятимиз бор.

— Хит бўлган эски қўшиқларингизни ремикс вариантини тайёрламайсизми?

— Бу ҳам режамизда бор. Насиб қилса, бир қанча қўшиқларнинг ремикс вариантини тайёрлаймиз. “Ушланмаган қўлимни ушлаб кета қўйдингиз”, “Манга муҳаббатинг керак сан болани” деган қўшиқларимиз бор. Уларнинг ҳаммасини ремикс қилиб, битта дастур қилиб чиқариб бераман.

 

(с) КОМИЛА суҳбатлашди.

12.15

Комментариев нет:

Отправить комментарий