вторник, 31 января 2023 г.

“Кибрга берилмаганман”


Йигирма йилдан бери театр сеҳнасида ижод қилаётган, сўнгги йилларда эса кинода ҳам анча фаол суратга тушаётган актёр Толибжон Мўминов 2013 йилда “Йилнинг энг яхши киноактёри” номинациясида “Эътироф” мукофоти билан тақдирланди. Бу унинг кўп йиллик меҳнати, интилишлари натижаси бўлди. Актёр учун бу мукофот ижодининг чинакам эътирофи бўлди.  

— Ота-онангиз сизнинг ҳуқуқшунос бўлишингизни исташган экан. Аммо сиз барибир актёрлик касбини танладингиз...

— Ҳа, уйдагилар менинг ҳуқуқшунос бўлишимни хоҳлашган. Отам “Балки, бошқа соҳани ҳам ўйлаб кўрарсан. Санъат — машаққатли иш, жуда катта куч-меҳнатни талаб қилади”, деганлар. Аммо санъатга қизиқиш болалигимдан бор эди. Ўқувчилик йилларимда турли асарлардан саҳна кўринишлари қўярдик. Ўшанда адабиёт ўқитувчиларим мендаги санъатга қизиқишни сезиб, “Сен албатта отангнинг йўлидан боргин. Сенда истеъдод борлигини кўряпмиз”, дейишган. Мактабни битирганимдан кейин шунинг учун “Мен ҳам отамга ўхшаган актёр бўламан” деб ният қилдим. Отамнинг дуоларини олиб, шу соҳа бўйича ўқишга кирдим. Иккита ўқув юртида ўқиганман. Авваламбор Театр-рассомчилик институти, ҳозирги санъат олий ўқув юртида, кейин Москвадаги кинематография институтида таҳсил олганман. Ўқишни битиргандан сўнг 1994 йилда Ўзбек миллий академик драма театрига ишга кирганман. Бу йил театрда фаолиятимни бошлаганимга йигирма йил бўларкан. Бу орада элликдан ортиқ спекталларда ўйнадим. Биз ўқишни битирган кезларимиз кинофильмлар кам ишланарди, асосан теленовеллалар, видеофиьмлар суратга олинарди. Шуларда ўйнаб, халқ эътиборига тушишга ҳаракат қилганман. Ундан сўнг фильмларга таклиф эта бошлашди. Ҳозир таклифлар анча кўпайган. Бундан хурсандман. Актёр ўзи кўп қиррали бўлиши, бир қолипда қолиб кетмаслиги керак. Баъзи режиссёрлар бир хил ролларни беришади. “Бу жиддий актёрми, жиддий ролларни берамиз”, деб қарашади. Аммо ҳозир комик қирралари ҳам бор экан деб комедияларга ҳам таклиф қилишяпти. Бу режиссёрнинг шу қиррани кўра олишига, сезишига боғлиқ. Режиссёр аслида актёрни оча олиш қобилиятига эга бўлиши керак. У кинорежиссёрми ёки театрдаги режиссёрми, барибир, актёр билан ишлай олиши, педагог бўла олиши зарур. Чунки актёрни бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам режиссёр. Актёр пластилинга ўхшайди, режиссёр уни ўзи истаган шаклга келтира олиши керак. Фикрни режиссёр беради, ўша фикрга қараб воқеани очиб бериш актёрга боғлиқ.

— Актёрликни танлаганингиздан афсусланган, “Бошқа соҳани танласам бўларкан, ўшанда каттароқ муваффақиятларга эришардим” деган пайтларингиз бўлганми?

— Бўлган, кўп бўлади. Баъзилар “мен фақат шу соҳани орзу қилганман” дейди. Аммо қийналган пайтларингизда шунақа ўйлар ўтади кўнглингиздан. Баъзан саҳнада ролларингиз сиз кутгандек чиқмайди, сизга мос тушадиган, мос тушмайдиган роллар бор-да. “Касбимни тўғри танладиммикин? Бошқа соҳа вакили бўлганимда, бошқача яшармидим?” деган хаёллар бўлган. Менимча, қийналган пайтларида ҳар бир санъаткорнинг кўнглидан ўтса керак бунақа ўйлар. Лекин ҳозир “Бу касбни бежиз танламаган эканман” деган қатъий хулоса чиқарганман. Сабр қилсанг, ниятинг тўғри бўлса, меҳнат қилишдан чарчаманг, барибир, бир кунмас-бир кун секин-асталик билан юзага чиқаркансан. Кимгадир омад тез кулиб боқади, кимгадир эса ўн-ўн беш йилдан кейин, ҳатто ёши эллик-олтмишдан ўтгандан кейин омади келган актёр-актрисалар бор. Кимга қачон омад, ризқ, мартаба бериши Аллоҳ томонидан бўлса керак. Шунинг учун бу касбни танлаганимга, шу йўналишда бораётганимга шукр қиламан. Ўзимдан-да зиёда хурсанд бўлаётганларнинг табрикларини эшитиш мен учун катта бахт. Одамларнинг ҳурмат-эҳтиромини кўриб, хурсанд бўламан. Кўп жойларда уларнинг ҳаётини кўрсатиб бераётганимизни айтишади. Демак, санъатимиз, ўйнаётган ролларимиз, асарларимиз орқали кимнингдир кўнглига йўл топсак, кимнидир ёмон йўлдан қайтарсак ёки кирмоқчи бўлаётганларни яхши томонга йўналтирсак, бу жуда катта ютуқ деб ўйлайман. Бир мисол. Ҳилол Насимовнинг “Алданган аёл” фильми билан кўп жойларга учрашувларга бордик. Шунда бир жойда айтиб қолишди: “Икки юздан ортиқ қизларимиз чет элга боришга ариза топширишганди. Шу фильмни кўргандан кейин бир юз ўттиз нафари аризасини қайтариб олди. “Нега қайтариб олдинглар?” деб сўрасак, “Биз хорижни бошқача тасаввур қилгандик. Бемалол иш топамиз, қийналмаймиз, дегандик, лекин бунақа аҳвол бўлиши мумкинлигини билгач, бориш фикридан қайтдик”, деб жавоб беришди”. Ҳеч бўлмаса бир кишини ёмон йўлдан ёки қийинчиликлардан қайтарса, бу асар, спектакль ёки фильмнинг ютуғи.

— Кинодаги фаолиятингизда бир неча йил танаффус бўлганди. Аммо кейинги пайтларда анча таклифлар анча кўпайди. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Олдин ҳам кинога таклиф қилиб туришарди, лекин ҳозиргидек эмасди. Кинематография институтини битирганман-ку. “Мен киноактёрликни битирганман, нега кинога таклифлар кам?” деб кўп ўйлардим. Алишер Узоқовга раҳмат айтмоқчиман, “Менинг акам бўйдоқ” фильмидан кейин таклифлар кўпайди. Шу фильмга бошқа актёрни олайлик деган гаплар ҳам бўлган экан. Алишер “Мен театрда бирга ишлаганман, бу актёрнинг қандайлигини биламан”, деб ўз сўзида қатъий турган. Йўқ, фильм чиққандан кейин Алишернинг танлови тўғрилигига тан беришган экан. Ундан кейин “Энди дадам бўйдоқ” фильмида ўйнадим. Аюб Шаҳобиддиновнинг “Паризод” фильмида суратга тушдим. Бу фильм кўп халқаро танловларда қатнашиб, юксак мукофотларни қўлга киритди. Ундан кейин ҳам тўрт-бешта фильмда ўйнадим. Энди комик ролларни ҳам таклиф қилишяпти. “Менинг акам бўйдоқ” фильми туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.

— Юқоридаги иккита фильмда қаҳрамонларингиз бир-бирига ўхшамайди. Сиз уларнинг ўрнида бўлганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?

— Дарҳақиқат, икки хил фильм, икки хил талқин. Ҳаётда шундай инсонлар бор. Ўзимнинг курсдошим ҳам ўттиз тўққиз ёшида уйланди. Унгача “Онанг ёлғиз, отанг одамдан ўтганлар, тезроқ уйлан”, деб роса қистаганмиз. Бундай одамлар кўп. Бу — ҳаёт, тақдир. Кимга қачон насиб қилганини ҳеч ким билмайди. Учта нарсани олдиндан билиб бўлмайди, дейишади. Қачон туғилиб, қаерда жон таслим қилишингни. Ҳомиладор аёлнинг қиз ёки ўғил туғишини. Ризқ-насибанг қаерда сочилганини. Қачон уйланиш, оила қуриш ҳам фақат Яратганга аён бўлса керак. Биз билмаймиз. Фақат яхши ният қилиб, интилиш керак. Нақшбандийнинг бир гапи бор-ку: “Дил ба ёру даст ба кор”. Дилингда Аллоҳ, қўлингда ишинг бўлса, вақти-соати келиб ҳаммасига эришасан.

“Паризод” фильмидаги қаҳрамонимнинг қисмати ҳам ҳар кимнинг бошига тушиши мумкин. Аёли эрта вафот этиб, фарзандлар отасининг қўлида қолганда, катталар албатта уйланишни маслаҳат беришади. Бу — ҳаёт, яккалик фақат Аллоҳга, одамларга жуфт-жуфт бўлиб яшашни насиб қилган. Шунинг учун ҳар ким ҳаётда ўз ўрнини, жуфтини топишга ҳаракат қилиши керак. Фильмдаги қаҳрамоним ҳам шундай. Фариштасифат, паризод қиз унинг кўнглига ўтиради, фарзандларига ҳам ёқади. У ўша қизнинг қолишини астойдил хоҳлайди. Болаларига ҳам аёл кишининг тарбияси керак. Шунинг учун ҳам уни олиб қолишга ҳаракат қилади, лекин домла никоҳ ўқий олмайди. Бунинг сабаби фақат Яратганга аён. Бу қаҳрамонимга боғлиқ эмас. Паризодни олиб қололмаганига қанчалик ачинмасин, бошқа чораси йўқ.

— Ижодий фаолиятингизнинг бошларида “Қуёши ботмайдиган юрт” видеофильмида ўйнагансиз. Бу видеофильмдаги қаҳрамонингизни салбий дейиш мумкин. Шу ролни ўйнаганингиздан афсусланганмисиз? Одамларнинг муносабатида ўзгариш кўрганмисиз?

— Тўғриси, ролим бу қадар салбий чиқишини бошидан билмаганман. Ҳамма вақт ҳам билолмайсиз. Чунки унда сценарий тўлиқ ёзилиб, “Бўлди, суратга оламиз” дейилмаган. Суратга олиш ишлари бошланган, биз ўзимизнинг йўналишимиз бўйича ўйнайверганмиз. Кейин яна ёзилган, тўрт-беш йил ичида ёзилиб, давом эттирилган. Сериални тўлиқ кўрганимиздан сўнг яхлит салбий образ пайдо бўлганимизни тушунганмиз. Сезганман. Халқ кўрган. Ўшандан кейин бу салбий ролга бўлган муносабатларини томошабинлар ҳам билдиришган. Ҳатто эл ардоғидаги актёру актрисаларимиз ҳам “Шу ролингдан кейин сени ёмон кўриб қолганман, Толибжон”, дейишган. Ўзлари шу соҳанинг вакили бўлиб, яхши-ёмон одамларни ўйнаб, шунчалик ёмон кўришганидан ҳайрон қолганман. Демак, бу актёрнинг ютуғи. Салбий ролни ўйнаш қийинроқ. Унинг нафрат уйғотадиган қирраларини топиб, режиссёр ёрдамида халққа етказиш ва томошабиннинг нафратига сабаб бўлиш ҳам актёрдан куч-қувват, маҳорат талаб қилади. Ўшанда “Бошқа бундай ёмон ролларни ўйнаманг, яхши ролларда кўриб ўрганганмиз” деб, кўпчилик айтган менга. Шундан сўнг ўн-ўн беш йил умуман салбий роль ўйнамаганман. Лекин, тўғри, орада бўлган, ахир актёрмиз. Ҳадеб бир хил йўналишда ўйнолмаймиз, таклифларга йўқ деёлмаймиз. Театрда ишлагандан кейин салбий ролни ҳам, ижобий ролни ҳам; комедия, трагедия, драмада ўйнашга мажбурсиз. Бу ўзингиз учун ҳам яхши. Ўйнай оласизми-йўқми, шунда ўзингизга бўлган ишонч пайдо бўлади. Ҳар бир ўйнаган ролингиз сиз учун тажриба бўлиб, йиғилади. Ўшандан секин-секин ишлатаверасиз. Театр ана шундай имкониятни кўпайтирса, кинода ўшандан фойдаланаверасиз. Бу иккала санъат турининг ҳам ўзига яраша мукаммалиги, қизиқарли жиҳатлари бор.

— Ўзингизнинг табиатингизга характер жиҳатдан қандай роллар яқинроқ?

— Характер жиҳатдан албатта ижобий, чунки ҳаётда иложи борича бировнинг кўнглига озор етказмасликка, ёмонлик қилмасликка ҳаракат қиламан. Айтишади-ку, қўлингдан яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилмагин. Шунинг учун одам ҳамма билан яхши муомала қилишга уринаман. Энг ёмон нарса – дилозорлик, бировнинг кўнглини оғритиш. Шундан Ўзи асрасин. “Менинг акам бўйдоқ”, “Энди дадам бўйдоқ”даги образлар яқинроқ бўлиши мумкин, лекин улар ҳам жуда яқин деёлмайман, чунки ҳаётда баъзан фарзандларимга қаттиққўлман. Қаттиққўллик қилишга тўғри келганда, шундай қилишга мажбур бўламан. Эркак кишиман, оила бошлиғиман, шу боис назорат қилиш керак.

— Бола тарбияси ҳақида гапирдингиз. Икки нафар ўғлингиз бор. Ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни каттароқ бўлади. Болаларингиз айб иш қилиб қўйишса, койиш билан чекланасизми ёки жазо қўллайсизми?

— Койийман ҳам, жазо қўллаган пайтларим ҳам бўлган. Иложи борича гап билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. У қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетмаслиги, қилган айб ишини бошқа такрорламаслиги учун уришдан ё сўкишдан кўра, ўтирғизиб бошқа қайтармайдиган даражада ўткир-ўткир сўзлар билан англатишга уринаман. Бола барибир бола-да, баъзида эсдан чиқариши ёки эсида бўлса ҳам, қилмаслиги мумкин. Ҳар бир инсон фарзандининг комил бўлишини, ҳаётда ўз ўрнини топишини ният қилади. Болаларингиз улғайган сари “Қайси соҳага берсак экан? Қайси касбга қизиқиши бор? Эплаб кетармикин? Ким бўларкин?” деб ўйларкансиз.

— Ўғилларингизда қайси касбга қизиқиш кузатиляпти?

— Ҳозир айнан бир соҳага қизиқиш бор деб айтолмайман. Чунки ҳали кичкина: тўнғичим олтинчи, иккинчиси тўртинчи синфда ўқийди. Буни вақт кўрсатади. Тўнғичим футболчи бўламан, дейишади. Мен унга “Бу хобби, сен энг аввало ўқишинг, ўзинг меҳр қўйган касбни эгаллаб, оилангни тебратишинг керак”, деб айтаман. Кенжа ўғлим Успенский номидаги мусиқа мактабида ўқийди, фортепиано бўйича дарс олади. У ерда мусиқий билимлар мукаммал берилади. Агар шу соҳани олиб кета олса, хурсанд бўламан, қўлимдан келганча ёрдам бераман.

— Сизнинг изингиздан кетишлари мумкинми?

— Кенжа ўғлимнинг санъаткор бўлиш нияти бор. Лекин бу машаққатли касб. Рўёбга чиқиш осон эмаслигини кўряпман. Ёриб чиқиш осон бўлмайди. Бунинг учун ўқиб-ўрганиб, меҳнат қилиб, актёрлик мактабини мукаммал эгаллаш керак. Чунки мактаб бўлмаса, бу соҳада бир натижага эришиш қийин. Бир ўйнайсиз, икки ўйнайсиз, учинчи мартада сиздан бир нарса чиқаролмаса, у истагандек ўйнаб беролмасангиз, “Қўй, яхшиси, бошқа актёрни чақираман”, дейди.

— Санъаткорларнинг фарзанди санъаткор бўлиши янгилик эмас. Бироқ шундайлар борки, чиндан ҳам иқтидори, истеъдоди бор, аммо ҳеч қандай қобилияти бўлмаса-да, шунчаки ота-онасининг изидан кетганлар ҳам учрайди...

— Тўғри, ҳар қанақаси учрайди. Ота-онасининг касбини эгаллаб, юзага чиқмаганларни ҳам, ўртамиёна санъаткорларни ҳам биламан. Ота-онаси даражасига етган ва ҳатто улардан ўтганлар ҳам бор. Бу ўша одамнинг касбига бўлган меҳрига, ҳаракатларига, ишчанлигига боғлиқ бўлса керак. Албатта, омадга ҳам боғлиқ. Кимдир астойдил ният қилади, ҳаракат қилади, лекин омад келмаса, қийин.  

Отангиз билан бир саҳнада роль ижро этган пайтларингиз бўлган. Бу сизга маълум маънода далда бўлиб, ишонч бағишлайдими ёки салобат босадими?

— Бирга роль ижро этган пайтларимизда маслаҳат берадилар, камчиликларни айтадилар. Актёр саҳнага чиққанда, камчилиги четдан билинади, ўзига аён бўлмайди, чунки унинг хаёли ўша спектакль воқеалари билан банд бўлади. Отам билан бирга ўйнаганимизда ҳам, у отамни ота эмас, балки ўша ўйнаётган образлари билан қабул қиламан. Негаки спектаклда улар ҳам бошқа қаҳрамонни ўйнайдилар, мен ҳам. Ўша қаҳрамонинг кимлигига қараб, тегишли муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Ёшликда, тажриба кам бўлган пайтда ҳаяжонланасиз, албатта. Отам ёки бошқа устозлар билан бирга ўйнаганда, уларнинг олдида камчиликка йўл қўймасмикинман, ролимни яхши ижро эта олармикинман, айблашмасмикан, деган хавотир бўларди. Секин-аста тажриба ошган сари, улар билан бирга бемалол, елкама-елка ижод қилишга, баҳслашишга ҳаракат қиласиз. Хоҳлайсизми ёки йўқми, бу сизнинг касбингиз. Бир спектаклда ҳатто отам билан қиличбозлик ҳам қилганмиз. Образдан келиб чиққан ҳолда, керак бўлса, бақирасиз, керак бўлса, бошқача муомала қиласиз.

Отам айтиб бергандилар. Театрга янги ишга келган пайтларида роллар чиқмаётганда, ойим: “Сиз бу инсонни фалончи ё пистончи халқ артисти деб эмас, ўйнайётган роли билан қабул қилинг. Ўшанда образингиз яхши чиқади”, деб маслаҳат берган эканлар. Адам шу маслаҳатга амал қилиб ўйнаганларида, режиссёр: “Ана энди ролинг чиқди”, деган экан. Шунинг учун саҳнада сиз билан бирга халқ артисти ўйнайдими ёки оддий актёрми, ўз ролингиздан келиб чиқиб муносабат билдиришингиз керак. Ҳаммаси партнёрингизнинг кимлигига эмас, асарга боғлиқ.

— Театрдаги фаолиятингизда отангизнинг шу ерда ишлашлари сиз учун қандайдир енгиллик туғдирганми? Масалан, роль олишда ёки бошқа ҳолатларда...

— Отамнинг бу ерда ишлашлари мен учун катта бахт эди. Институтни битирибоқ театрга келганман ва ишга қабул қилинганман. Ўқишга кираётганимда ҳам, айтганлар: “Ўғлимни кўринглар. Маъқул бўлса, олинглар, бўлмаса, йўқ”. Бу ёққа ишга кирганимда кейин катта бир спектакль, Ҳайитмат Расулнинг “Муҳаббат султони” қўйилган. Ўша асарда мен Қайс, Лола Элтоева эса Лайли ролини ўйнаган (Лола Элтоева билан бир пайтда ишга келганмиз). Тўғри, ҳозир беш-олти йиллаб ишлаганда ҳам штатга ишга киролмайдиганлар бор. Менинг муваффақиятим отамнинг шу ерда ишлаётганлари, тез ишга кириб, жамоага қўшилиб, спектаклларда ўйнай бошлаганим бўлган. Ҳозиргача ҳам отамнинг борликлари мен учун кўмак, далда, куч-қувват.

— Саҳнада роль ижро этаётганда, ҳеч ноқулай вазиятга тушганмисиз? Масалан, сўзлар кўпинча эслаб қолади...

— Ҳар бир актёр билан бўладиган ҳолат бу. Аммо сўзингиз эсингиздан чиқиб қолган тақдирда ҳам, гапингизни давом эттириб кетишингиз керак. Тўхтаб қолиб бўлмайди, шунинг учун келган жойидан олиб кетишга ҳаракат қиласиз. Замонавий асарларда осонроқ, ўз сўзларингиз билан ҳам тасдиқлаб, маъқуллаб кетаверасиз. Мумтоз асарларда эса янглишсангиз, қийналиб қолишингиз мумкин, айниқса, шеърий асарларда қофия, вазн деган нарсалар бор. Мана шундай ҳолатларда суваб, сийпаб, чиройли қилиб вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Томошабин сезмай ҳам қолади. Баъзан актёрлар билан ҳазил-ҳузул қилиб, хатти-ҳаракатларимиз орқали тушунамиз, томошабин тушунмайди, “шунақа бўлиши керак экан” деб қабул қилади. Бу ҳам саҳна сирларидан бири.

— Съёмкалар жараёнида содир бўлган бирон қизиқ воқеани эслай оласизми?

— “Энди дадам бўйдоқ” фильмида учаламиз ҳовуз бўйида ўтирадиган саҳна бор. Отам (Матёқуб Матчонов), укам (Алишер Узоқов) ва мен ўтирганимизда, “Тайёрмисизлар, оляпмиз” дейишди, камера ишлаб турибди. Репетиция дейишганда, бир пайт қарасам, чиндан ҳам тасвирга оляпти. Отам “Беш минг доллар йўқотдим”, дейди. Укам “Лўлига беш юз долларим кетди-я”, дейди. Мен “Топган эллик мингим кетди” деганимда, отам бошимга битта уради. Ўшанда ҳовузга тушиб кетдим. Тушганимдан кейин Алишер: “Вой ака, нега тушдингиз? Бу репетиция эди-ку”, дейди. “Нега репетиция деб айтмадинг?” десам, “Айтдим-ку, эшитмадингизми?” дейди. Кейин икки соат кийимларни қуритиб, қайтадан олдик. Сувга тушгандан кейин, ёз бўлса ҳам, кийимда одамни қалтироқ босади, сув муздек эди. Иккинчи марта олинганда, биттада суратга олинди. Съёмка жараёнларида бундай воқеалар бўлиб туради. Ўзингиз билиб-билмаган ҳолда қизиқ вазиятларга тушиб қоласиз.

— Дубляжда ҳам қатнашяпсиз. Дубляж, театр, кино. Буларнинг ҳаммасига улгура оляпсизми?

— Ҳаммасига вақт топиш керак бўлади. Шунга ҳаракат қиласиз ёки бўлинолмасангиз, баъзиларини рад этишга тўғри келади. Албатта, биринчи ўринда театр, биринчи иш даргоҳимиз шу ерда. Ундан бўшасак, кейин кино, телевидение, дубляж. Ҳаммасини вақтингизни тақсимлаган ҳолда келишасиз. Ўзингиз астойдил хоҳласангиз, вақт топишга ҳаракат қиласиз. Оилангизга ҳам вақтингиз етади. Авваламбор касбингизни севсангиз, ҳамма қийинчиликларга чидайсиз. Уйқусиз кунларингиз, хизматчилик юзасидан ухламасдан яна ишга кетган пайтларингиз ҳам бўлади.     

— Эркак кишининг ҳам рўзғорда, уйда қиладиган ишлари бўлади. Аммо кўпчилик санъаткорлар вақти йўқлигини, жуда бандлигини рўкач қилиб, бундай ишларга қўл уришмайди. Сиз ҳам ўшалар тоифасиданмисиз?

— Йўқ, вақт топаман. Чунки эркакман, оила бошлиғиман, менинг оиламни биров келиб бошқармайди, мен ўзим бошқаришим керак. Рўзғорни ўзим қиламан. Баъзилар одам ёллайди. Менда унақа одат йўқ. Бировга ишонмайман, қолаверса, ўз рўзғоримни ўзим қилишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимни мактабга олиб бориб, олиб келаман, бўш бўлсам, аёлимни ҳам иши билан керак жойга олиб бораман. Ортиқча қийналмасин дейман. Оиламга етарлича вақт ажратиб, эътибор бераман. Чунки сизнинг хотиржамлигингиз оилангиз хотиржамлигига боғлиқ.

— Бўш вақт топилганда, нима билан шуғулланасиз? Хоббингиз борми?

— Ўғилларимни стол тенниси машғулотларига олиб бориб тураман. Ўзим иш билан узоқроқ вақт банд бўлиб қолсам, болаларим “Ада, теннисга борайлик, анчадан бери бормаяпмиз”, дейишади. Уларни қизиқтириб қўйганман-да. Ўзим яхши кўраман, болалигимдан теннис ўйнаганман. Санъаткорлар орасида ҳам мусобақалар бўлиб туради. Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам бўлди. Қатнашиб, учинчи ўринни олган пайтларим бўлди, совринлар ҳам олдик. Стол тенниси ва футболни яхши кўраман. Ёзда болаларим билан бирга сузишга бораман. Спортнинг соғлиққа фойдаси кўп.

— Рафиқангиз билан қандай танишгансиз?

— Кўп қидирганмиз. Биров маъқул бўлсак, бировга маъқул бўлмаганмиз. Ёки биров бизга маъқул бўлмаган, ёки касбимиз маъқул бўлмаган. Охири қўшнимиз “Бир яхши оила бор”, деб тавсия қилиб қолганлар. Қайнонам қурилиш-архитектура олийгоҳида дарс берардилар. Қўшнимиз билан бирга ишлашган экан. Уйларига борганмиз. Оиламиздагиларга маъқул бўлишган. Идеалингизни топишингиз қийин кечади. Охири “Нима бўлса, бўлди” деб, тақдирга тан ҳам берасиз. Баъзида шунақа қилиш керак ҳам бўлади. Бир мен эмас, мен таниган, эл билган санъаткорларнинг оиласида ҳам бўлган бундай ҳолат. Ўртоғимда ҳам шундай бўлган. Мана, ҳозир, оиласи, тўрт фарзанди бор. Шунинг учун мен ҳам “Оиласи яхшими, бўлди, бу ёғи яхши бўлади”, деганман. Ёшликда кимдадир “севдим-куйдим” бўлган бўлади, лекин ҳаммада ҳам эмас. Ҳаёт бошқа экан, бу бошқа экан. Йўқ, худога шукр, рафиқам яхши, иқтисод факультетини битирган. Фарзандларимизга қарайди, ишлайди. Аёл кишининг ҳам ишлагани маъқул деб, рухсат берганман.

— Касбингиз тақозоси билан келишмовчиликлар юзага келган пайтлар бўлганми?

— Касбим тақозоси билан келишмовчиликлар бўлмаган, бунга йўл ҳам бермаганман. Қайтага мени илҳомлантириб, далда бериб туради. Кастинг бўлаётган бўлса ҳам, “Боринг, ҳаракат қилинг” ёки “Бу ролнимас, манави ролни олишга ҳаракат қилинг, сўранг”, дейди. Лекин менинг баъзиларга ўхшаб режиссёрнинг кетидан югуриб юрадиган одатим йўқ. Насиб қилган бўлса, айтишади, ўйнайман, насиб қилмаган бўлса, минг ҳаракат қилманг, бўлмайди. Рафиқам касбимга ижобий муносабатда. Менга ишонади, ишончини йўқотмаганман. Албатта, ҳаммаси зўр деб бўлмайди, баъзан келишмовчиликлар, гап талашиш ҳам бўлиб туради. Рўзғорнинг икир-чикири кўп. “Ҳаммаси силлиқ кетяпти, зўр кетяпти” дейдиган одамларга ишонмайман. Ҳамма оилаларда ҳам бўлади. Бунинг яширадиган жойи йўқ. Фақат келажакда хатони такрорламасликка, бу мавзуга қайтмасликка ҳаракат қилиш керак.

— Отангизнинг қайси роллари кўпроқ маъқул келиб, сизга қаттиқ таъсир қилган?

— Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” асаридаги Йўлчи образи ҳақиқий маънода содда деҳқон, мард, бақувват йигит. Жуда кўпчилик томошабинларнинг уни яхши кўриб қолгани сабаби ҳам унинг соддалиги, мардлиги, тўғрилиги, ҳақиқатгўйлигида. Шу роллари ёқади. “Соҳибқирон Амир Темур” спектаклида бирга ўйнадик, мен ўғилларини ўйнадим. Бу важоҳат, салобат, катта куч талаб қиладиган асар. Шу спектаклдаги роллари ҳам менга ёқади. Бундай роллари кўп.

— Мана, яқинда миллий театрнинг 100 йиллиги нишонлаш ҳақида юртбошимизнинг қарорлари чиқди. Юбилейга тайёргарлик ишлари бошланган бўлса керак?

— Ҳа, тайёргарлик ишлари бошланди. Яқинда ободонлаштириш бошқармасидан келиб, боғу ҳовлини тозалашди. Театр ходимлари ҳам шанбаликлар уюштириб туришади. Таъмир талаб қиладиган жойлари, насиб этса, таъмирланади. Бундан ташқари, яхши-яхши асарларни саҳналаштириш режалаштириляпти. Кетма-кет янги-янги асарлар ишланяпти. Мана, яқинда Усмон Азимнинг “Тонг отган тарафларда” асарлари қўйилди, мумтоз асарларимиз қайтадан саҳна юзини кўряпти. Ҳали жуда кўп ижодий сафарлар, учрашувлар уюштирилади. Театрнинг юз йиллиги катта байрам, катта сана, шунинг учун кенг миқёсда нишонлаши табиий.

— Феъл-атворингиз сизга кўпроқ ёрдам берадими ёки панд берадими?

— Униси ҳам, буниси ҳам. Панд берган пайтлари ҳам кўп бўлган. Баъзида “Баъзиларга ўхшаб без бўлишим керак экан”, деб қоламан. “Шу одамнинг кўнглига кириб борсам, бошқача қабул қилармиди ёки ишим битармиди”, деган пайтларим ҳам бўлган. Ўзимни тутиб тураман, бошқача хаёлга боришини истамайман. Мени таниган-билганлар “Отанг вазир муовини бўлган пайтда ҳам ўзгармагансан. Аввал қандай бўлган бўлсанг, ҳозир ҳам шундайсан. Камтарсан, манманмассан. Бурнинг кўтарилиб, муомаланг ўзгарган пайтларини кўрмаганмиз”, дейишади. Ҳозир бир-иккита роль ўйнаб, ёки битта-иккита қўшиқ айтиб, ўзгариб кетадиган ёшлар кўп-ку. Билмадим, балки, менинг табиатимда бундай жиҳатлар йўқдир, ёки буви-буваларимнинг тарбияси менга таъсир қилган бўлса керак, қолаверса, отамнинг тарбиялари бор. Тўғри, баъзида масофа сақлашга тўғри келади, лекин манманлик, кибрга берилиб кетмаганман.  

— Мухлисларга тилакларингиз.

— Бизни, санъаткорларни яхши кўрадиган мухлислар доим омон бўлишсин. Санъатни севадиганлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Хонадонларига бахт-омад, юртимизга тинчлик-хотиржамликни берсин. Қалбларида не орзу-умид, мурод-мақсадлари бўлса, амалга ошсин. Театр, кино эшиклари доимо очиқ бўлсин. Театрга тез-тез келиб туришсин, янги-янги асарларни томоша қилишсин. Санъат – маданият ўчоғи, одамларни яхши томонга тарбиялайди. Келишса, албатта ҳордиқ чиқариб, ўзларига маънавий озуқа олишади.

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

02.2014

Комментариев нет:

Отправить комментарий