среда, 13 августа 2014 г.

Пулнинг ошиғи



Пулни кўрса, кўзи ўйнар,

Кўзи эмас, ўзи ўйнар.

Ҳатто лаби, юзи ўйнар,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Даври келса, даврон сурар,

Дунёда у пул деб юрар.

Пулга қуллуқ қилиб турар,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Пул деб жонин қилар фидо,

“Кўки”га-чи, у чин шайдо.

Дилида оташ ишқ пайдо,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Турли-туман режа тузар,

Чўнтакларга қош-кўз сузар.

Илож топиб, “ипин” узар,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Юрагида кўпдир армон,

Дардларига пулдир дармон.

Пулни кўрса, бўлар шодон,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Юз-кўз демай, пора олгин,

Ва тезда ҳамёнга солгин.

Уддалолмасанг, йўқолгин,

Дейди ошиқ бўлган акам.



Пулни жондан ортиқ кўрар,

Бермасанг ҳам ўзи сўрар.

Пулинг бўлса, ҳамроҳ бўлар,

Пулга ошиқ бўлган акам.



Дўст-ёрларинг зўрлар бўлсин,

Қўл остингда «кўр»лар бўлсин.

Сени кўриб қуллуқ қилсин,
Пулга ошиқ бўлган акам.
1998
(с) Комила НОСИРОВА 

Комментариев нет:

Отправить комментарий