пятница, 21 октября 2016 г.

“Спортчи энг аввало сабрли бўлиши керак”

Маълумки, республикамизда спорт соҳасига берилаётган катта эътибор ва яратилаётган имкониятлар кўпчилик спортчиларнинг ўсишига, ривожланиши, ўз устида ишлаб, кўплаб муваффақиятларга эришишига асос бўлмоқда. Ўз навбатида футболчиларимиз ҳам ватандошларимиз ишончини оқлаш, юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилишмоқда. Ана шундай спортчиларимиз орасида спортнинг армрестлинг тури билан шуғулланаётган Жасур Алиакберов бор. Ёш бўлишига қарамай, у кўплаб нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлишга улгурган.
 
– Жасур, айтинг-чи, армспорт бизда қанчалик оммалашган деб ўйлайсиз?
– Республикамизда армрестлинг федерацияцияси ташкил топганига йигирма йил бўлди. Шу йиллар давомида кўплаб спортчилар жаҳоннинг турли давлатларида чемпион деган номга эришиб қайтдилар. Юртимизда ҳозирги пайтда армрестлинг жуда яхши ривожланиб келяпти. Ўзбекистонда армспортни профессионал даражага кўтариш мақсадида 2009 йилда мен UAL-UZBEKISTAN ARMWRESTLING LEAGUE лигасини ташкил қилдим. Ёш талантли спортчиларимизга янада кўпроқ имкониятларни яратилишини хоҳлардим. Шу ўтган беш йил ичида UAL ўз йўналиши бўйича кўплаб чемпионатларни ўтказиб келяпти. Ҳозирги ёшларнинг кўпи армрестлингга қизиқиш билдиряпти. Хусусан, талабалар ва мактаб ўқувчилари орасида катта қизикқиш уйғонди. Бизнинг лигамиз чемпионатларида ҳозирги пайтда юздан ортиқ спортчилар иштирок этмоқда ва кундан-кунга спортчилар сони кўпайиб бормоқда. Бизнинг лига ҳар йили олти босқичдан иборат бўлади. Шу босқичлардан бирида Москва армспорт федерацияси вице-президенти Аҳмеджан Раҳматов иштирокида қўшма Тошкент Кубоги ўтказилади. 
– Ўзингиз бу спорт билан қачондан бери шуғулланасиз ва нима учун спортнинг айнан шу турини танлагансиз?
– Армрестлингга мактабда ўқиб юрган пайтларимда қизиқиб қолганман, ўша пайтларда партада синифдошларим билан куч синашардим. 1999 йилда     Хива шаҳри чемпионати ўтказилди, шу чемпионатда чемпионликни қўлга киритганман. Бунда ўзимнинг отам мураббий бўлган. Шундан сўнг бу спорт билан профессионал шуғулланиб, профессионал спортчи бўлишни мақсад килдим. Болалигимда Голливуд режисёрлари суратга олган армрестлинг ҳақида Сельвестер Сталлоне иштирокида “Бор кучи билан” фильмини томоша қилган эдим. Ўшандан кейин армспортга қизиқишим янада кучайган. 
– Армспорт борасида катта ютуқларга эришганлардан кимларни эътироф эта оласиз?
Менинг ўйлашимча, америкалик Джон Брезенк ва Эндрю Родзер дунёнинг энг кучли ва тажрибали армспортчилардан, ҳозирги кунда танилиб келаётган ёш жаҳон спортчилари орасида ўзбекистонлик Умиджон Аҳмедов,  украиналик Рустам Бабаев ва россииялик Хаджимурат Золоев истеъдодли деб ўйлайман ва келажакда уларнинг катта ютуқларга эришишига ишонаман. 
– Яна қандай спорт турларига қизиқасиз?
Велоспорт, сузиш, бокс, футбол, бодибилдинг.
Спортчи одамда қандай фазилатлар мужассам бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?
– Менимча, спортда асосий куч саброқат ва иродалиликда,
Спортчи нафақат жисмонан кучли, балки, руҳан тайёр бўлиши ҳам керак. 
Кучингиздан қандайдир тўполон ёки жанжалларни ҳал қилиш учун ҳам фойдаланганмисиз?
Ростини айтсам, спортчининг ҳаёти тўполон ва жанжалларсиз бўлмайди, лекин шахсан мен муаммоларни дипломатик тарзда ҳал қилишга ҳаракат киламан. Мен ўз кучим билан фақатгина ҳимояланганман.
Спортни танлаганингиздан пушаймон бўлганмисиз?
Йўқ, ҳеч қачон пушаймон бўлмагаман, дунёда кўпгина таниқли сиёсатчилар, актёрлар ўз фаолиятларини профессионал спортдан бошлаганлар (масалан, Арнольд Шварценеггер, Владимир Путин, Виталий Кличко), қолаверса, спорт инсон ҳаётида катта муваффақиятлар ва бахт олиб келади.    
– Қайси спортчиларга ҳавас қиласиз ва нима учун?
Арнольд Шваценеггерга. Бу спортчи менинг ҳаётимда билвосита жуда катта роль ўйнаган, ёшлигимдан унинг хатти-ҳаракатларидан илҳомланганман. Армрестлинг сохасида америкалик Эндрю Родзер (Кобра лақабли спорчи)га жуда ҳавас қиламан, чунки у мен севган спорт турида кўп ютуқлар ва машҳурликни қўлга киритди, мен ҳамиша унинг фаолиятини яқиндан кузатиб борардим, ҳаётимдаги орзуим у билан шахсан кўришиш эди. 2007 йил Японияда жаҳоннинг энг кучли армрестлерчилар турнири бўлиб  утди, таклиф қилинганлар орасида мен ва Эндрю Родзер ҳам бор эдик. Ниҳоят нафақат орзуимга эришдим, балки, бу спортчи билан дўстлашиб ҳам қолдим.   
    
Жасур Алиакберов қуйидаги мусобақалар ғолиби:
1. Уч карра Ўзбекистон чемпиони (2001, 2004, 2006)
2. Европа чемпиони ёшлар орасида 1-ўрин (1999)
3. Жаҳон чемпионати ёшлар орасида 3-ўрин (2001)
4. Бельгия кубоги 1-ўрин (2002)
5. Франция кубоги 1-ўрин (2002)
6. Нью-Йорк кубоги 1-ўрин (2004)
7. Осиё чемпиони (2005)
8. Жахон чемпионати Манчестер шаҳрида катталар орасида 2-ўрин (2006)
9. Лас-Вегас кубоги 1-ўрин (2006)
10. Питербург кубоги 1-ўрин (2 марта, 2006)
11. Финляндия кубоги 1-ўрин  (2 марта, 2006)
12. Нью-Йорк халқаро турнири 2-ўрин (2006)

Спортчи ҳақида
Туғилган жойи: Хоразм вилояти Хива шаҳри
Туғилган санаси: 1983 йил 31 октябрь
1998 йилда Хивада армрестлинг билан шуғулланишни бошлаган ва ўша йили шаҳар чемпиони бўлган. 1999 йилда эса Ўзбекистоннинг армрестлинг бўйича ўсмирлар терма жамоасига қўшилган. Кейин армрестлинг бўйича мураббий бўлиб ишлашни бошлаган. Шу йили ўсмирлар ўртасида Бельгияда ўтказилган Европа чемпионатида ғолиб бўлган. Жасур Алиакберов бугунга қадар кўплаб мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2008 йилда Бутунжаҳон армрестлинг федерацияси спортчини армрестлинг ривожига қўшган ҳиссаси учун диплом билан тақдирлаган.

Комила суҳбатлашди.


05.2013

Комментариев нет:

Отправить комментарий