Поликлиникада навбат кутиб турибман. Ўрта ёшлардаги эркак кампирни
бошлаб келди. Айтишича, кампир 90 ёшда. Эркак унинг учун ўтиришига курси кўтариб
келди. Кампир навбат кутиб чарчаб қолмасин деб. Кекса аёлнинг юзига қарадим-у,
ғалати бўлиб кетдим. Беихтиёр кўзларимга ёш келди. Кампирнинг кўзларида ҳам ёш бор
эди.
Аммо энг аянчлиси, юракни ўртайдигани шуки, кекса аёлнинг кўзларида “Қариб,
ҳаммага ортиқча юк бўлиб қолдим”, деган қандайдир илтижоли, жуда-жуда аянчли
ифода бор эди. Негалигини билмадим-у, йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийдим. Наҳотки,
наҳотки кексалар кун келиб яқинлари учун ортиқча юкка айланса? Ёки яқинлари
буни сездирмасликка уринганда ҳам, уларнинг кўнгилларида барибир шундай изтироб
яшайверадими? Ёки улар кексайиб, ўзлари истаган қандайдир ишларни
қилолмаганлари, боришлари зарур бўлган жойга боролмаганлари, кимнингдир
ёрдамига муҳтож бўлиб қолганлари учун шу қадар ўкинадиларми?
Кекса аёлга нималардир дегим келди. Кўнглини кўтарадиган қандайдир гап
айтгим келди. Аммо нима ҳам дея олардим? Уни танимайман, ҳаёти ҳақида ҳеч нима
билмайман. Нима дейишни билмасдим...
Поликлиникадан чиқиб кетдим, лекин ўша кампирнинг
ёшли кўзлари кўз олдимдан кетмаяпти...
Комментариев нет:
Отправить комментарий