— Унинг расмини олиб келдим, —
пичирлади Зилола. — Кўрасанми?
Моҳира дугонасининг чақнаб турган кўзларига
қараб кулиб юборди.
— Нега куласан? — Зилоланинг жаҳли
чиқди.
— Ҳозирги аҳволингни кўрсанг, ўзинг
ҳам кулардинг. Пичирлашингни қарагин. Ҳеч ким гапимизга қулоқ солаётгани йўқ-ку!
Қани, чиқар расмингни.
Зилоланинг юзларига табассум
ёйилди. Сумкачасидан қалин альбом чиқарди-да, ичидан авайлабгина битта суратни
олиб узатди.
— Ўртадагиси. Қора костюм-шимда.
Моҳира дугонаси айтган йигитни кўрди-ю,
авзойи ўзгарди.
— Ие, бу йигит бизнинг
университетда ўқийди-ку. Тўртинчи курсда.
— Ҳа, сен ўқиётган жойда ўқийди.
Танийсанми?
— Албатта, лекин... — Моҳира гапини
давом эттиролмай жим туриб қолди.
Унинг чайналиши Зилолага ёқмади.
— Айтақолмайсанми, нима гап?!
— Ҳалиги... одоби ҳақида бир нима
деёлмайман. Ўзи билан гаплашиб кўрмаганман. Оти Сарварлигини биламан, холос. Ҳар
куни ўқишга битта қиз билан бирга келади. У ҳам бизнинг университетда ўқийди.
Менимча, иккинча курсда.
— Ҳар куни бирга боришадими? — бўшашиб
кетди Зилола.
— Ҳа. Баъзан бирга кетишади ҳам.
Мени кечир, Зилол. Ростини айтдим. Сени алдаб юришларини хоҳламайман, — Моҳира
шундай дея суратни қайтариб берди.
Зилоланинг кўзларидаги бояги учқун
сўниб, рашк ўти юрагини куйдира бошлади: “Ёлғончи! Демак, у мени шунча пайтдан
бери алдаб юрибди. Менга айтган гапларининг ҳамма-ҳаммаси ёлғон! Мен аҳмоқ бўлиб
унга ишониб юрибман...” Зилола хаёлан Сарварга заҳрини соча кетди. Йўқ, бу
билан кўнгли таскин топмади. Альбомдан Сарварнинг суратини олиб, шартта йиртиб
ташлади.
— Эсинг жойидами? Расмда нима айб?
Сен унинг ўзини тузлашинг керак. Тушундингми? Аввалроқ ўшалигини билганимда
эди. Нега бизда ўқишини айтмовдинг?
— Танимасанг керак, деб ўйловдим, —
Зилола ортиқ гапиришни истамай, Моҳиранинг қўлларидан тортди. — Юр, уйга
кетайлик. Чарчаб кетяпман.
Моҳира ҳозир дугонасининг кўнглига қил
сиғмаслигини тушуниб, унга эргашди...
— Зилол, сени бир йигит чақиряпти. Қачон
таниша қолувдинг? Ўлгудек писмиқсан-а? Ҳеч нима демайсан ҳам.
Зилоланинг энсаси қотиб индамади.
Хаёли уни ташқарида кутаётган йигитда эди. Унинг Сарвар эканига ишончи комил
эди. Кечаги воқеалар — Моҳиранинг Сарвар ҳақида айтган гапи, уйга бир ҳолатда
кириб боргани, тун бўйи ухлолмай рашк ва аламдан азоб чекиб йиғлаб чиққани — кўз
ўнгидан бирма-бир ўтди. Аввалига “Чиқмайман! Кутиб-кутиб чарчасин!” деди-ю,
бироздан сўнг бошқа фикрга келди: “Йўқ! Яхшиси, ҳаммасини айтиб, орани очиқ қиламан.
Балки шунда аламимдан чиқарман...”
Зилола шу ўй билан ташқарига чиқди.
Кулиб турган Сарварни кўриб беихтиёр ўзи ҳам жилмайди. Аммо унинг “ҳар куни бошқа
қиз билан етаклашиб юриши” эсига тушди-ю, чеҳраси тундлашди.
— Мен сизга кеча нима дегандим?! —
деди заҳархандалик билан.
Сарвар кеча унга қўнғироқ қилган,
Зилола эса ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ “Сиз билан энди гаплашишни ҳам, учрашишни
ҳам истамайман. Ёлғончи!” деганди.
— Зилола, мен кечаги гапингизга
тушунмадим. Нега мени ёлғончи дейсиз? Мен сизга ҳеч қачон ёлғон
гапирмаганман-ку!
— Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганмисиз?
— Зилола “Барибир, ҳаммасидан хабарим бор” дегандек, йигитнинг кўзларига қаттиқ
тикилди. — Ҳеч қачон-а?!
Сарвар Зилоланинг тўсатдан ўзгариб,
тўнини тескари кийиб олганига ҳайрон қолди. Ҳозир унинг қаршисида ҳар бир сўзни
ийманиб гапирадиган, мулойим Зилола эмас, балки нотаниш — чўрткесар қиз
турарди. Бундай муносабатга сабаб бўладиган бирон айб иш қилмаган эди-ку!
— Сизга нима бўлди, Зилола? Нега
бунақа бўлиб қолдингиз?
— Қанақа бўп қолибман? Ҳар куни
бирга юрадиганингиз бошқачами? Мендан яхшироқми?!
Сарвар ҳеч нимани тушунмай анграйиб
қолди.
— Нималар деяпсиз, Зилола?! Бу
гапни қаёқдан ўйлаб топдингиз?!
Сарвар “ўйлаб топдингиз”, деб
Зилолани ёлғончига чиқараётганидан қизнинг жаҳли чиқиб кетди. Ўзининг айбини
унга юкламоқчи бўлаётганига чидаб бўлармиди?! Зилоланинг хўрлиги келди: ахир
унинг бошқа қизлардан кам жойи йўқ эди-ку!
— Мен бор гапни айтяпман. Бичиб-тўқийдиган
одатим йўқ. Сиз эса, ёлғончилигингиз етмагандай, айбингизни тан олишдан қўрқасиз.
Мени алдашнинг сизга нима кераги бор? Ёқмас эканман, очиғини айтиб қўя қолмайсизми?
Сарвар жим бўлиб қолди.
— Гуноҳим нима экан ўзи? — деди бўғилиб.
— Гуноҳингизни билмайсизми? —
Зилола кўзларидаги ёшни кўрсатмаслик учун тескари ўгирилиб олди. — Шунчалик
номардмисиз? Ҳар куни бошқа-бошқаси билан юриб, яна “Гуноҳим нима?” дейсиз.
Сарвар баттар ажабланди. Ахир у
Зилоладан бошқа қиз билан юриш тугул гаплашмаган ҳам-ку.
— Қачон, ким билан юрибман?
— Қачон? Ҳар куни. Кимлигини ўзингиз
биларсиз. Битта жойда ўқиркансизлар. Бирга бориб, бирга кетармишсиз.
“Битта жойда ўқиркансизлар”. Сарвар
бирдан гап нимадалигини тушунди-ю, кулиб юборди.
Сарварнинг ҳе йўқ-бе йўқ хахолаши
Зилоланинг асабига тегди. “Бировларни йиғлатиб, ўзи кулади. Ноинсоф!” Сарвар
унинг авзойини кўриб, бемаврид кулганини сезди.
— Зилола, — деди жиддийлашиб, —
сизга бошқа қиз билан юришимни айтган одам ўша қиз менинг синглим эканини ҳам
айтдими? Ё кўчада синглиси билан бирга юриш мумкинмасми?
Зилола қотиб қолди: “Агар
Сарварнинг гапи рост бўлса, Моҳира уни алдадими? Ё у ҳам ҳеч нарсани
билмасмиди? Сарварни синглиси билан кўриб, юрадиган қизи деб ўйладими?” Зилола
нима деб ўйлашни билмай ҳайрон қолди.
— Мен ҳақимда шунчалик ёмон фикрда
эдингизми? Ким нима деса, ишонаверасизми? Ахир мен сизга бир неча марта
айтганман-ку, синглим билан битта университетда ўқишимни, дарсга бирга
боришимизни. Наҳотки унутган бўлсангиз?!
Зилола эслади: Сарвар чиндан ҳам
унга бу ҳақда кўп гапирган. Нега шу нарса аввал ёдига тушмади? Нега Моҳира
айтганда, шу хаёлига келмади? Демак, Сарвар уни алдаётгани йўқ. У эса бекорга
шубҳаланиб, ўзини-ўзи алдаб юрибди.
Зилоланинг кўзлари порлаб кетди.
— Кечиринг мени, Сарвар ака! Бу ҳақда
ўйлаб кўрмаган эканман. Хаёлимга келмабди. Шубҳа, гумон одамни ақлу ҳушидан
айираркан. Оддий ҳақиқатни англаб етишга ҳам имкон бермас экан. Ишқилиб, энди ҳеч
қачон бир-биримиздан шубҳаланмайлик-да...
(с)
Комила НОСИРОВА
2002 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий