Интернет орқали Кореяда ишлаётган бир
мактабдош танишим билан гаплашганимда, у ғалати гап айтиб қолди: “Ҳозир одамлар
қизларини “упаковка” қилиб, чет элга жўнатиб юборишяпти”. Ундан бу гапининг
изоҳини сўрасам, ҳозир ҳамма фарзандини иложи борича бойроқ жойга “жойлаш”,
ҳатто эпини қилиб чет элда ишлайдиган йигитларга узатиш пайида бўлаётганини
айтди.
Бу гаплардан аччиғим чиқди: ахир қизлар бир буюм ёки сотиладиган мол
эмаски, чет элга “упаковка” қилиб жўнатишса! Мактабдошим эса фикрини исботлаш
учун менга танишлари ҳаётидан бир мунча воқеаларни айтиб берди, ўзига ҳам
шундай таклиф билдирганлар бўлганини қистириб қўйди.
Чет элда ўқиб, ишлайдиган бир
қариндошимга яқинда совчи келганини эшитгандим. Ундан шу ҳақда сўраганимда, кулиб
шундай ҳикоя қилди:
– У билан интернет орқали танишгандим.
Менга нияти жиддийлигини, оила қуриш нияти борлигини билдиргач, манзилимни бердим. Уйга
совчиларини жўнатди. Оиламдагилар анча тайёргарлик кўриб, меҳмонларни кутиб
олишди. Оилалар бир-бирига маъқул келгандек бўлди. Мен ҳам уни инсофли йигит
деб ўйлаганим учун таклифига розилик беришга мойил эдим. Лекин вақт ўтган сари
турмуш қургандан сўнг ишлаш ниятим бор-йўқлигини суриштира бошлади. Аввалига бу
саволлар ортида яширинган мақсадни тушунолмадим. Кейин яхшилаб ўйлаб кўргач,
бир нарсадан шубҳаландим. Яна бир гал шу ҳақда гап очилгач, чидолмай: “Йўқ,
турмушга чиққанимдан сўнг ишламайман. Эрим боқсин, мен уйда болаларимга, эримга
қараб ўтираман”, дедим. Шундан сўнг у бутунлай жимиб кетди. Билсам, менга
уйланишдан мақсади кўп пул топадиган хотинга эга бўлиш экан. Бундай одамга
турмушга чиқишни хоҳламайман албатта.
Қариндошимнинг
ҳикояси менга яна бир танишимнинг ҳаётида юз берган воқеани эслатгандек бўлди.
“Совчилар кетгач, йигитнинг нима иш қилишини, уй-жойини сўрадим, – деганди
ўшанда танишим. – Лекин билсам, у йигитнинг ўз уй-жойи йўқ экан. Тоғасиникида
тураркан. Уларнинг оиласи ҳам анча катта экан. Каталакдек ҳовлида уйлангандан
сўнг сиғмай қолиши турган гап. Биз эса, биласиз, янги ҳовли солганмиз.
Назаримда, у йигитнинг мақсади бизникида ичкуёв бўлиб туриш эди. Шунинг учун у
билан учрашувга ҳам чиқмадим...”
...Автобусда
кетаётганимда, икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди. Улар баланд овозда
гаплашиб кетишаётганди.
– Яқинда
ёшгина қизлар сарпо тиктиришга келишди, – деб гап бошлади кўринишдан анча
шаддодгина аёл. – Келин бўлмиш 18-19 ёшда. Дугоналари билан келибди. Бир-бирига
шундай гапларни гапиришяптики, уларни эшитиб, мен ёқамни ушлаб қолдим.
Дугоналари ҳиринг-ҳиринг қилганча бўлажак келинпошшага: “Э, келиб-келиб анави
маймунбашарага эрга тегяпсанми?” дейишди. У бўлса пинагини ҳам бузмасдан:
“Қўяверларинг, кечаси башарасини кўрармидим?! Пули бўлса бўлди менга!” – деди.
Лол бўлиб қолдим. Ёш қизларнинг гапираётган гапини қаранг!
– Нимасини
айтасиз, ҳозирги қизларда ҳаё ҳам қолмаяпти, – маъқуллай кетди иккинчи аёл. –
Мен ҳам бунақаларнинг нечтасини кўрдим. Ҳаммасига йигитнинг пули, машинаси
бўлса бўлди. Бошқаси билан иши йўқ. Эртанги ҳаёти нима бўлишини ўйлаб ҳам
кўрмайди. Бойлик нима қилиб беради? Бугун бор бўлса, эртага йўқ бўлиши ҳам
мумкин-ку, ўшанда улар нима қилади? Бошқа, пули кўпроғининг этагини ушлаб
кетадими?
– Энг ёмони,
улар шундай нияти борлигини яширишмайди. Уялишмайди ҳам пули учун турмушга
чиқаётганини айтишдан, – куйиниб гапирарди тикувчи аёл. – Ишим туфайли ҳар хил
одамлар билан гаплашаман. Ҳозир шунақалар жуда кўпайиб кетяпти. Ҳайрон қоламан:
нега бунчалик енгил ўйлашади?
– Қизлар
майли, ҳозир йигитлар ҳам мол-давлат учун уйланадиган бўлиб қолди, – кулди
суҳбатдоши. – Баъзи йигитларнинг ишларини кўриб, замон тескари айланиб,
хотинлар эрларини боқадиган пайтлар келяптими, деб ўйлаб қоламан баъзида.
Автобусдаги
аёлларнинг суҳбатини эшитарканман, бир қўшнимизнинг қизини узатгунча қилган
ҳасрати эсимга тушди.
– Эримнинг
топганиин рўзғордан орттиролмаяпман. Уйни таъмирлашга пул йўқ. Аҳволни кўриб,
келган совчилар ҳам айниб кетяпти. Ҳозир уй-жойнинг ҳашаматлилиги,
машинанингизнинг бор-йўқлиги ҳам жуда катта роль ўйнаётган экан. Совчилар
кўпроқ бой хонадонларга боришаркан. Қизим бечора роса сиқилиб кетди.
Қариндошларимиздан
бирининг ҳикояси ҳам қўшнимизнинг фикрини тасдиқлагандек бўлади:
– Дугонамнинг
қизига кўп жойлардан совчи келяпти. Қизи ҳаммасига ёқяпти, лекин уйи
каталакдек, икки хонали. Айвони ҳам кичкина. Тузукроқ таъмирланмаган ҳам.
Шароитини кўриб, келган совчилар бошқа қайтиб келмаяпти. Дугонамнинг эри эса
уйини кенгайтиришни, тўй қилиши кераклигини ўйламайди ҳам...
Юқоридаги
каби гаплардан сўнг чиндан ҳам бугун айрим ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳам
никоҳни ҳисоб-китобли жараёнга, умр савдосини эса ҳақиқий савдога айлантириб
юборишаётганига амин бўласиз. Лекин наҳотки улар бугун фақат манфаат кўзлаб
боғланган ришталар эртага турмуш зарбаларига бардош беролмай қолиши мумкинлиги,
ҳаётнинг паст-баланд йўлларидаги муаммоларни мол-давлат билангина ҳал қилиб
бўлмаслиги ҳақида бироз мулоҳаза юритиб кўришмасмикан – ҳайрон қоласиз. Ахир
никоҳ икки ёшни бир умрга боғлайди. Умр йўлдош дея танланадиган инсон ёқмаса
ташлаб кетиладиган ёки бошқа молга алмаштирса бўладиган матоҳ, умр савдоси эса
мол-давлат учунгина амалга ошириладиган савдо эмас...
(c)
Комила НОСИРОВА
2011
й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий