вторник, 29 октября 2019 г.

Шарафли бурч


Бир куни мавлоно Алишер Навоий мулозимлари билан отда узоқ тоғ сайридан қайтиб келаётган эди. Йўл қабристон оралаб ўтар экан. Қабристонга юз қадамлар қолганда мавлоно отдан тушиб, бошини қуйи солиб йўлида давом этибди. Мулозимлари ҳам отдан тушиб, унинг ортидан эргашибдилар. Қабристондан анча узоқлашгандан кейин яна отларига миниб, йўлда давом этишибди.
Бироз юришгандан сўнг мулозимлар шоирнинг қабристонга яқинлашганда отдан тушиши сабабини сўрабдилар. Алишер Навоий анча вақт сукут сақлаб турибди-да, кейин мулозимларидан норози оҳангда шундай деб жавоб берибди:
- Бу ерда халқимизнинг жигаргўшалари, табаррук падари бузрукворлари мангу уйқуга кетганлар. Булар ёнидан от чоптириб, чангитиб ўтиш инсонлик шаънига исноддир, наҳотки шуни ҳам билмасаларинг? Буни билмаслик – тирикликдаги ўликлик. Ота-боболаримиз хокини, хотирасини эъзозламоқ ҳар бир кишининг шарафли бурчидир.
Мулозимлар отаси олдида айб иш қилиб қўйган боладек то Ҳиротнинг қораси кўрингунча тилларини тишлаб, ақлини пешлаб борибдилар.
(с) Қудрат Ҳикмат

Комментариев нет:

Отправить комментарий