пятница, 27 ноября 2020 г.

“Ижодкор бахт изламайди”

 


Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло билан суҳбатлашиш учун уйларига кириб борганимда, у кишини ижод жараёни устида учратдим. Стол устидаги бир талай қоғозларга кўзим тушиб, ижодий руҳни ҳис қилдим. Қариганда ҳам қўлидан қаламини қўймаган шоир билан суҳбатимиз “Кафансиз кўмилганлар”, “Тирик руҳлар” сингари кенг ўқувчилар оммасини жалб қилган асарлар, бошга тушган оғир савдолар ва умуман ижод ҳақида кечди.

 

Болалик, ўсмирлик, ёшлик йилларингиз ҳам анча оғир даврга тўғри келган...

— Биз сиёсий муҳитда катта бўлдик. 27-28 йилларда қулоқ қилиш, 30-йилларда қама-қама, 32-йилларда эса очарчилик бошланди. Бизнинг уй-жойимиз обод, отам илмли, мулла одам эдилар. У киши эмчи бўлганлар. ўафур ўулом ўз мақоласида Юсуфхўжа қори ҳақида шу маълумотларни келтирган ҳам. Шунинг учун ҳам хавотир, ваҳима билан яшардик. Ҳар икки куннинг бирида солиқчи ва маҳалла комиссияси раиси ҳовлимизга кириб келарди. Уйларни тинтув қилишарди. “Бадавлат экансизлар, буларни мусодара қилиш керак”, дейишарди. Ахийри, мол-мулкимиз мусодара қилинди, камбағаллик бошланди. Ўша даврлар алами, изтироблари оқибати ўлароқ, адолат учун кураш қон-қонимга сингиб кетди. Биринчи шеърларим ҳам шу руҳда бошланган. 

Оиламиз жадидларга яқин бўлган. Убайдулла Хўжаевнинг таъсири сезилиб турарди. Ойим уларнинг таъсирида ҳарф таниб, илм ўрганганлар. Мен ҳам уларнинг таъсирида шеъриятга берилдим. 

Сизнинг таржимаи ҳолингиз, яъни қатағон йилларидаги ҳаётингиз “Кафансиз кўмилганлар” асарида батафсил ҳикоя қилинган. Йиллар ўтиб шу асарга эҳтимол кирмай қолган воқеаларни ҳам эслагандирсиз? Балки китобни янада бойитиш истаги ўтгандир кўнглингиздан?

— “Кафансиз кўмилганлар” романи бошдан-оёқ инсон бошидан кечирган машаққатлар, адолатсизликлар ҳақида бўлса ҳам, ибратли томони шундаки, эркинлик, виждонийлик, адолатни қадрлашга ўргатади. Бу фақат ўзимнинг бошимдан кечирган воқеалар тасвири эмас. Қамалди, отилди, эмас. Қамалгандан кейин бошидан ўтказган хўрликлар, машаққатларни ўқувчи тасаввур қилолмайди. Буни ўша дўзах азобидан омон қолганларгина ҳис қилади. Бу асар ўқувчиларга Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир ва бошқалар бошдан кечирган оғир кунлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун ёзилган.

“Кафансиз кўмилганлар” ҳақида жуда кўп ёзилди. Туркияда қайта-қайта, Германияда немис тилида нашр қилинди. Ўзбекистонда эса, миллионга яқин нусхада чоп этилди. Китобга кирмай қолган нарсалар мени ҳам ўйлатди. Қамоқда ҳам ҳақиқатни айтишни кўнглимиздан ўтказолмаганмиз. Ўзимиздан қўрққанмиз. Ҳақиқатни айтиш тугул ўйлашга, кўнгилдан ўтказишга ҳам қўрққанмиз. Бизни душман дейишган. Бизлар совет ҳукуматининг сиёсатига қарши одамлар бўлганмиз-ку. Ҳақгўй одамлар бўлганмиз. Совет ҳукуматининг хатоси шу эдики, ҳақгўй одамларни қамади. “Совет ҳукуматига қаршисан”, деганда, “Йўқ, мен совет ҳукуматига қаршимасман”, деганман. Ваҳоланки, мен тарихимиз оёқ ости қилинишига, уларнинг миллий сиёсатига қарши бўлганман. “Кафансиз кўмилганлар”да ички дунём йўқ. Бошимдан кечирган азобларимни ёзганман-у, кўнглимдаги ҳақиқат бутунича ёритилмаган. Мен совет ҳукуматини кўнглимда фош қилишим керак эди. Миллий театрда қўйилган “Унсиз фарёд”да шуларни фош қилишга уриндим. “Ҳасад боғи” пьесамда ҳам худди шу мавзуни очишга ҳаракат қилдим.


“Тирик руҳлар”да Убайдулла Хўжаевнинг ҳаёти тасвирланган. Бу асарнинг ёзилишига нима туртки бўлган?

— Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бир ҳикоясида Миркомилбой ҳақида гап боради. Бир жойини ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Миркомилбойлар миллат, маърифат учун жой куйдириб жазоланаверганидан кейин Туркия пошшоси Анвар пошшо: “Бизга келинглар энди. У ёқда бекор жувонмарг бўлиб кетасизлар”, деганда, “Мен бораман-ку, Ватанни олиб бориб бўладими!” дейди. Ватанга муҳаббатни бундан ортиқ ифода қилиб бўлмайди.

Убайдулла Хўжаев ҳам ана шундай миллатпарвар, ватанпарвар одам бўлган. Менинг қариндошим, холаваччам бўлгани учун унинг шахсини, ички дунёси, оилавий аҳволини яхши билардим. У на оилавий бахтни, на мол-давлатни ўйлаган. Миллат манфаатидан бошқа манфаати бўлмаган унинг. Шу нарса “Тирик руҳлар” романини ёзишга ундади. Масалан, Толстойдек буюк одамга хат ёзиб, у билан тортишиш нимага керак эди? Ном чиқариш учунми? Ном чиқариш учун ёзилган хат бўлганда, Толстой эътибор бермасди. У миллат учун курашишда илмга, дунё сиёсатини ўрганишга шу қадар киришиб кетдики, Толстойдек одам унинг хатини олганда, жавоб ёзишдан ўзга илож тополмади. “Лев Николаевич, сиз ёвузликка қарши ёвузлик қилиш керак эмас, дебсиз”, дея хат ёзади. Хат ёзишдан мақсад нималигини айтмайди. Лекин кўнглида: “Туркистонни руслар мустамлака қилиб эзиб ётаверсин, индамасин демоқчимисиз?” деган ўй бор эди. Ўзбекнинг шундай фарзандлари ҳақида ёзмай бўладими.

Рафиқангиз оғир дамларда ҳам сизга ҳамдарду суянчиқ бўлган эканлар...

— Мунавварга 42-йилда уйланганман. Уруш йиллари эмасми, шароит анча оғир эди. Келинга сарпо қилиш қаёқда дейсиз. Ҳатто пойабзални ҳам бутун қилиб беришга қурбим етмаган у пайтда. Косибга туфли буюртма берганман-у, бор-йўғи бир пойининг пулини тўлай олганман. Ўша бир пой туфлини жўнатганман. Келинойингиз ўшанда роса хафа бўлган: “Нима, мен чўлоқманми?” деб. Бу аёл қандай одам, қандай кунларни бошдан кечиргани, ҳамма-ҳаммасини “Оғир кунлар севинчи” қиссамда батафсил ёзганман. Унинг сабри-бардошига қойил қолиш керак. Ҳатто бир куни Расул Ҳамзатов уйимизга меҳмон бўлиб келганда, “Аёлингизга “ижтимоий меҳнат қаҳрамони” унвонини бериш керак!” деганди. 60 йиллик мактабда муаллималик қилди. У ҳозир ҳам тиниб-тинчимайди.


Қалам аҳлининг бахти нимада?

— Ижодкор бахт изламайди. Унинг бахти — ижоди. Ижод қилганида, кўнглидаги нарсаларни ёзганида, ўзини бахтли сезади. Ёзган асари халқнинг кўнглидан жой олса, шу-да унинг бахти.

Йиллар ўтган сайин ижодкорнинг қалами ўтмаслашиши мумкинми ёки унинг ғайрати, илоҳоми ҳамиша бирдек бўладими?

— Йўқ, ижодкор қаригани билан унинг қалами ўтмаслашмайди. Тинч ўтиролмайди. Ижодкорнинг қари-ёши бўлмайди. Масалан, Ҳаким Назир тўқсондан ошди, лекин ҳалиям ижод қилади. “Қариганда довдираб қолибди-ку. Алжиб қолибди-ку!” деган таъналардан қутулиш учун ижодкор пок бўлиши керак. Қалби пок одам довдираган нарса ёзмайди. Ҳақиқат акс этган асар ҳамиша ўқувчисини топади.

Ўтган ҳаётингиздан мамнунмисиз?

— Аллоҳга минг қатла шукур. 88 ёшни қаршиладим. Мендай бахтли қариган одам кам бўлса керак. Қатағон йилларининг аламларини бир четга суриб, ҳаёт йўлимга назар ташлайдиган бўлсам, афсусланмайман сира. Фарзандларимнинг ҳаммаси ўқиган, илмли, жамиятда ўз ўрнина топган одамлар. Ижодни ҳам ташлаб қўйганим йўқ. Китобларим чиқиб турибди. Пьесаларим театрда саҳнасида қўйиляпти...

КОМИЛА суҳбатлашди.

02.2008

Комментариев нет:

Отправить комментарий