суббота, 28 ноября 2020 г.

“Биз учун журналхоннинг қадри баланд!”

Журналистика соҳасида ишлашни кўнглига туккан ижодкорлар бу касбнинг машаққатларини яхши билишади. Айниқса, матбуотда фаолият кўрсатаётганлар. Сўзни улуғлаб, сўз қадрини англаб ишлаётган касбдошларимиз кўп. Касб байрамимиз арафасида “Саодат” журналининг бўлим муҳаррири Ҳамрохон Мусурмонова билан қисқача суҳбат қурдик.

 

— “Саодат” журнали кўп йиллардан бери нашр қилинади. Бу журнал таҳририятида кўплаб шоир-ёзувчилар ижод қилишган. Шундай жойда ишлаш сизга ҳам бошқача масъулият юкласа керак?

— “Саодат” журнали номини эшитганда, мухлисларнинг юзига беихтиёр табассум югуради. Негаки, 86 йилдан буён чоп этилаётган бу аёллар нашри аллақачон ҳамюртларимиз қалбидан жой олиб улгурган. У мамлакатимиз аёлларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида алоҳида ўринга эга. Ўтган давр мобайнида журнал ўз саҳифаларида юртимиз аёллари қиёфасини, орзу-истаклари, интилишларини, замоннинг илғор хотин-қизлари тажрибаларини ёритиб келган.

Мамлакатимизнинг бугунги етук адиба ва шоиралари, публицист ва журналистлари мана шу даргоҳда ўз билимларини оширишган, устозлар ўгитини олишган. Халқимизнинг севимли шоираси Зулфияхоним ижодкор хотин-қизларнинг том маънодаги устози эди. У “Саодат” атрофига мамлакатимизнинг иқтидорли мусаввиралари, адабиётшунослари, олималари, адиба ва шоираларини жамлай олганди.  Бугунги кунда ҳам журналдан ижодкор аёлларнинг қадами узилмайди. Муҳтарма устозимиз Зулфияхоним бошлаган анъанани Ўзбекистон Халқ шоираси Ойдин Ҳожиева, шоира Қутлибека Раҳимбоева давом эттиришмоқда.

Нафақат бу журналда, балки, мамлакатимизда чоп этилаётган барча нашрларда ишлаш журналистга алоҳида масъулият юклайди. Агар ўтаётган давр карвон бўлса, журналистларни ана шу карвоннинг қўнғироғи, деб атагим келади. Чунки, журналистлар давр билан ҳамнафас бўлсагина, халқнинг қадриятлари, анъаналарини авлоддан-авлодга, даврдан-даврга олиб ўтишга, ёшларнинг, хотин-қизларнинг, ҳамюртларимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий юксалишига ўз ҳиссаларини қўша оладилар.

— “Саодат”: кеча ва бугун. Қандай баҳо берасиз?

— Юқорда айтганимдек, “Саодат”нинг йиллар давомида шаклланган анъаналари бор. Улар бугун ҳам давом этяпти. Журналнинг мавзу қамрови, мазмун-моҳияти мақтансак арзигулик даражада юқори. Журналимизга келган мақолалар устозлар назаридан ўтиб, кейин мухлислар қўлига етиб боради. Чунки биз учун журналхоннинг қадри баланд. Журнал варақлаётган мухлислар шунчаки олди-қочди воқеаларга кўз югуртирмаслиги, балки, ўзларига, оила ва фарзандларига маънавий озуқа берадиган, қадриятларимизга ҳурмат, юртимизга меҳр-муҳаббат туйғусини уйғота оладиган бадиий ва публицистик асарларни ўқишлари керак.

— Матбуотда ишлаш ижодкордан нафақат фидойиликни, балки, тинимсиз меҳнатни талаб қилади. Сизга оғирлик қилмайдими?

— Одам ўзи меҳр қўйган иш билан шуғулланса, ёнида уни тушунадиган қўллаб-қувватлайдиган яқинлари бўлса, чарчоқ билмайди. Бу борада мен ўзимни омадли деб биламан. Турмуш ўртоғим Равшан Мусулмонов, ўғлим Нурилло — ёнимдаги мустаҳкам тиргакларим. Бундан ташқари ҳозир бошқа соҳалар каби матбуотга ҳам замонавий технологиялар кириб келган. Эл ардоғидаги адиба Саида Зуннунова ўз хотираларида, газета чоп этиладиган куни кечаси алламаҳалгача таҳририятда қолганларини, минг машаққат билан газетани цехга топшириб, тунда шаҳарнинг ярмини пиёда юриб, уйга келганларини, эрталаб эса яна ўз вақтида ишхонага етиб борганларини ёзган эдилар. Бундай машаққатли меҳнатни ўша даврда ишлаган барча журналистлар ўз бошидан ўтказган. Уларнинг қийинчилиги билан солиштирганда, бугунги журналистлар ва матбуотчилар анча омадли.

— Сизнингча, матбуотда қандай мавзулар яхши ёритиляпти, қайсилари бироз назардан четда қоляпти?

— Ижтимоий-сиёсий соҳадаги ютуқ ва камчиликларимиз, мамлакатимиз шуҳратини оламга ёяётган спортчилар ҳақида жуда яхши мақола ва кўрсатувлар тайёрланяпти.

Шу билан бирга, менинг назаримда, бугун матбуот ва телевидениеда хонандалар, киноактёрлар билан боғлиқ мақолалар ва хабарларга кўпроқ жой ажратяпмиз. Тўғри, таниқли инсонлар ҳаёти мухлисларни қизиқтиради. Аммо масаланинг яна бир томонини, яъни матбуот ёшларимиз учун йўлчи юлдуз вазифасини бажаришини унутмаслигимиз керак. Шу маънода кўпчилик ёшлар онгида “Қўшиқчи ёки актёр бўлсам, шунақа машҳур бўларканман”, деган фикрни шакллантириб қўяётганга ўхшаймиз. 

Менимча, шифокорлар, педагоглар, иншоотларни қураётган меъморлар, турли соҳаларда юртимизга янгилик олиб кираётган тадбиркорлар, янги технологиялар ва кашфиётлар яратаётган ҳамюртларимиз,  адабиёт ва санъатимизнинг етук намоёндалари, уларнинг ҳаёти, оиласи, орзу-истаклари ҳақида ҳам кўпроқ ёзишимиз, кўрсатувлар тайёрлашимиз керак. Бу ёшларимизга ибрат бўлиши билан бирга, уларнинг орзуларига қанот ҳам бағишлайди.

— Қайси ҳамкасбларингизга ҳавас қиласиз?

— Публицистикада маҳорат мактабини яратган устозларим Ойдин Ҳожиева, Сафар Остонов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Қутлибека Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғовага, шунингдек, бу соҳанинг машаққатларига парво қилмай ғайрат билан ишлаётган катта-ю кичик ҳамкасбларимга ҳавас қиламан.

— Касб байрами олдидан тилакларингиз.

— Ҳамкасбларимизни 27 июнь Оммавий ахборот ва матбуотчилар куни билан чин дилдан табриклайман. Ижодларига баркамоллик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, барака, ўзларига бахт, саломатлик ва омад тилайман. Ҳар тонгда кўнгиллари  эзгу ва улуғ ниятларга лиммо-лим бўлиб уйғонсинлар ва, албатта, яхши ниятларининг ижобатини кўрсинлар.

06.2011

(с) Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий