вторник, 1 декабря 2020 г.

“Армонсиз яшаш қийин”


26 октябрда муборак саксон ёшни қаршилаётган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировни қутлаш баҳонасида дилдан суҳбатлашдик. Ёзувчи билан газета орқали диллашиш адабиёт ихлосмандларига завқ улашиши аниқ. Зеро, ёзувчининг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” тарихий романлари, “Қора кўзлар”, “Олмос камар”, “Уч илдиз” каби замонавий асарлари китобхонлар орасида аллақачон қўлма-қўл бўлиб кетган. Тарихга эҳтироми улуғ ижодкор кексайганда ҳам қўлдан қаламини қўйгани йўқ. Энди устознинг орзуси — Шоҳ Жаҳон ҳақида тарихий асар яратиш.

— “Юлдузли тунлар” — тарихий роман. Унда буюк давлат арбоби ва шоир ҳаёти чиройли тасвирланган. Бу асарнинг дунё юзини кўриши осон кечмаганидан хабаримиз бор.

— 1969 йил қалин қор ёққан январ кунларида “Юлдузли тунлар” романини ёзишни бошладим. Бир боб ёзгандан кейин Ўш воқеаси устида тўхтаб қолдим. Ўшдаги ўша уйни кўриб келмасам бўлмасди. Бориб кўриб келдим. Кейин Бобур ҳаётининг сўнгги кунларини ўтказган Ҳиндистонга боришим зарурлигини тушундим. 1970 йил Ҳиндистонга бордим. У киши вафот этган жойларни кўриб, кўзимга ёш олдим. Сафардан жуда кучли таассуротлар олиб қайтдим. Шундан кейин ишим юришиб кетди. 1972 йил асарни ёзиб тугатдим. Кейин ёзувчилар уюшмасида романнинг муҳокамаси бўлди. Яхши фикрлар билдириб, босишга тавсия қилишди. Ундан сўнг Бобур ҳукмдор бўлган, босқинчи бўлган, синфий жиҳатдан тўғри келмайди, деган ҳар хил баҳоналар билан йўлини тўсишди. Зулфия опа “Саодат”да романдан бир парчасини беришга улгурди-ю, шу бўйи олти йилгача тўхтаб қолди. Шароф Рашидов ҳам романни ўқиб маъқул топган экан, мени чақириб яхши маслаҳатлар берди. Лекин юқорининг буйруғисиз мустақил ўзи ҳеч нима қилолмаслигига ишора қилди: шифтни кўрсатиб, “Ҳаммаси у ёқда ҳал бўлади”, деди. Ижодкор бўш ўтириши мумкинми? Бекор ўтиришга сабрим чидамай, шу олти йил ичида “Мерос”, “Олтин камар”ни ёздим. Ниҳоят, Москвадан русча таржимасини сўраб мурожаат қилиб қолишди. Холис адабиётчилар бор экан, роман ҳақида ижобий фикрлар билдиришибди. Ниҳоят, 1978 йил асарнинг йўли очилиб, 1979 йил китоб бўлиб босилиб чиқди. 1981 йил “Юлдузли тунлар” романини Ҳамза номидаги давлат мукофотига лойиқ топишди.

— Бироқ “Юлдузли тунлар” атрофидаги можаролар шу билан тугамаган экан?

— Шароф Рашидовга Акбарнинг ҳаёти ҳақида ҳам асар ёзмоқчилигимни айтганимда, мени қўллаб-қуватлади. Москва билан боғланиб, Ҳиндистонга ижодий сафар уюштириб берди. Акбарнинг бутун фаолияти, ҳаёти Ҳиндистон билан боғлиқ. Шунинг учун ўн беш кун ичида Ҳиндистоннинг жануби — Бомбейдан бошлаб, шимоли — Кашмиргача айланиб чиқдим. 1982 йилда бошлаб, уч йил деганда романни ёзиб тугатдим. Роман тайёр ҳолга келган 1985 йилда ёзувчилар уюшмасида Бобур шахсига ҳужум бошланиб қолди. Ўзбек иши, пахта иши, XVI плениум, қама-қамалар бошланди. Ўшанда мени ҳам қамашга уриниб кўришди. III плениумда яна романимга ҳужум қилишди. Эркин Воҳидов ўша пайтда нашриёт раҳбари эди, асарни босишга тайёрлаб қўйганди. Лекин Бобур шахси қоралангач, невараси Акбарнинг ҳам йўли тўсилди. Икки йил давомида асарни чиқаришга ҳаракат қилдик. Жамоатчилик ҳам катта ёрдам берди. Чингиз Айтматов “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” ҳақида илиқ фикрлар айтди. “Акбар ҳақида роман керак, у диний низоларни бартараф қилиб, бешта динга эътиқод қилувчи халқни бирлаштира олган ақлли, адолатли ҳукмдор. Диний низолар авжига чиққан бундай пайтда Акбар ҳақидаги роман зарур”, деб айтди. Адабиётшуносларимиз, жумладан, Умарали Норматов роман ҳақида кўп яхши гапларни айтди. Асар “Шарқ юлдузи” журналида чиқа бошлаганда, Москвадан яна босим ўтказиб қолишди. Ёзувчилар уюшмасида ҳаммамизни тўплаб мажлис қилишди. Романнинг чиқиши яна тўхтатилди. Бизнинг хоним бунга исён қилиб, олти кун очлик эълон қилиб, ҳеч нима емай-ичмай юрди. Уни кўриб мен сиқилиб кетдим. Бу ҳол менга ёмон таъсир қилаётганини, хонимга бирор нима бўлишидан қўрқаётганимни Одил Ёқубовга тушунтириб айтдим. У юқорига чиқиб, аҳволни айтган, шекилли, беш-олти ойдан кейин “Шарқ юлдузи” “Авлодлар довони”ни боса бошлади. Ислом Каримов раҳбар бўлгандан сўнг романнинг ҳам йўли очилди. 1990 йилда китоб ҳолида босилиб чиқди.

— Бу икки асар нафақат ўзбек тилида, бошқа тилларда ҳам бир неча марта қайта босилган экан.

— “Юлдузли тунлар” Москвада ҳам, Тошкентда ҳам бир неча марта қайта босилган. Бундан ташқари, ҳинд тилида икки, Покистонда урду тилида уч марта қайта босилган. Туркияда бу икки роман икки жилд бўлиб нашр қилинган. Хитойда уйғур тилида чоп этилган. “Юлдузли тунлар” қардош халқлар — қирғиз, қорақалпоқ, қозоқ тилларида ҳам босилган.   

— “Юлдузли тунлар” асари қайта нашр этилганда яна учта боб қўшиб киритган экансиз. Бундан ташқари, “Мардлик” ҳикоянгизда ҳам буюк сулола асосчиси — Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига мурожаат қилгансиз. Кўнглингизда унинг шахсини тўлалигича очиб беролмаганман, деган ўй бўлганми?

— Бобурийлар сулоласига асос солиб, катта бир империя қура олган Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига ҳурматим ниҳоятда баланд. У — Амир Темурнинг авлоди, бобосига муносиб зот бўлган. Бобосининг ишини юксак даражага кўтарган. Темурийлар империяси бир асрдан кўпроқ вақт ҳукмронлик қилган бўлса, Бобурийлар империяси нақ 332 йил ҳокимият тепасида бўлган. Бобурнинг “Бобурнома” асари бутун дунёга танилган. “Юлдузли тунлар” романи қайта нашр қилинаётганда, Бобур Темурнинг ибратидан фойдалангани ҳақида учта боб қўшдим. 1999 йилда китоб қайта нашр қилинди. Ниҳоят, асарни тугатдим, деб ҳисобладим.

— Аксар асарларингиз тарихий мавзуда. Тарихга эҳтиромингиз кучли...

— Университетда Шарқ тарихи бўйича шарқшунослик факультетида таҳсил олганман. Тарихга муҳаббат талабалик йилларимда юрагимда чуқур илдиз отган.

— Унда “Уч илдиз” романидаги Очил образи ўзингиз бўлсангиз керак-а?

— Эътибор берсангиз, асар бош қаҳрамони ҳам тарихчи йигит. Шу кунгача тўртта тарихий, учта замонавий мавзуда роман ёзганман. Аммо замонавий асарларимни ҳам замонага тарихчи кўзи билан қараб ёзганман. “Уч илдиз”да эса, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар шахси прототип бўлган.  

— “Она лочин видоси” романидаги она лочин ва илон воқеаси жамиятдаги қандай иллатни акс эттиради?

— “Она лочин видоси” романидаги воқеа ривоят билан боғлиқ. Унда яхши одамларнинг боласи ёмон бўлиб улғайиши акс эттирилади. Бу воқеадан илон лочин уясига ўз тухумларини қўйиб кетади, лочин эса буни билмайди, шунинг учун тухумдан чиққан полапонлар илон бўлиб улғаяди, деган ғоя англашилади.

— Болалар учун ҳам қатор асарлар яратгансиз. Болалар адабиёти бугунги кунда яхши ривожланмаётгандек туйилади.

— Болалар адабиёт ривожланмаяпти, деб айтолмайман. Масалан, Худойберди Тўхтабоев жуда яхши ижодкор, ажойиб асарлар яратган. Болалар учун ёзаётган бошқа ижодкорлар ҳам бор.

Ўзимга келсак, танланган асарларим олти жилд бўлиб чиқади яқинда. Шундан битта жилди болаларга бағишланган. Ундан “Акрамнинг саргузаштлари”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Иссиқкўл сафари”, “Аму чангалида” каби қатор қисса ва ҳикоялар, Ҳиндистон сафари ҳақидаги асарлар ўрин олади.


— Оилавий ҳаётингизда ҳам анча-мунча қийинчиликларни бошдан кечирган экансиз...

— Ҳа, анча-мунча савдолар ўтган. “Уч илдиз” романидаги қаҳрамонларимга рафиқам Софияхон прототип бўлган. Эсингизда бўлса, асар қаҳрамони Гавҳар ўқиш мақсадида Москвага кетиб қолади. Бечора ошиқ йигит изтироб ўтида қовурилиб қолаверади. Лекин мен чидолмаганман. Ортидан излаб борганман. У ёқда ҳам анча қийинчиликларни бошдан кечирдик. Машинка сотиб олганмиз, ўзбекча ҳарфлари йўқ эди — ўзбекчалаштирганмиз. “Уч илдиз” романимни хоним машинкада териб берган. Фидойи инсон. “Уч илдиз” романи ҳам Москвада ёзилган. Бу ва бошимиздан ўтказган бошқа воқеалар ҳақида “Қадрим” деган асаримда батафсил ёзганман. Унда эллик беш йиллик оилавий ҳаётимнинг беш лавҳаси тасвирланган. 

— “Иссиқкўл ҳикоялари” ҳикоясини қизингизга бағишлаб ёзган экансиз?

— Бу ҳикоя бизнинг ҳикоямиз мисолида ёзилган. Ўзим рулда бўлганман, болалар ва хоним билан ёз жазирамасида уч марта Иссиқкўлга бориб, “Дилором” санаторийсида дам олганмиз. Иссиқкўл сафари ҳақидаги ҳикоямда Жамилага бизнинг кичик қизимиз Олия прототип бўлган. Бу ҳикояни раҳматли қизимиз Гонконг гриппи эпидемиясидан касалланиб, ўн бир ёшда вафот этгандан кейин уни эслаб ёзганман. Бу ҳикояда тасвирланган гўзал манзара ортида мусибатли хотира ҳам бор.

— Ижодкор сифатида армонингиз борми?

— Дунё беармон бўлмайди. Беармон яшаш қийин. Лекин мен минг бора шукроналар айтаман. Ёзган асарларимнинг ҳаммаси босилиб чиқди. Яқинда танланган асарларим босилади. Шу ишлар юзага чиқса, дунёдан беармон кетсам бўлади. Насиб қилса, Шоҳ Жаҳон ҳақида асар ёзишни кўнглимга тукканман...

— Худди шу ҳақда сўрамоқчи эдим. Бобур, Ҳумоюн, Акбар. Буюк давлат арбоблари. Шоҳ Жаҳон ҳам ўз номини тарих саҳифаларига мангуга муҳрлаган.

— Ҳозир шу ҳақда ўйлаб юрибман. Хуррамшоҳ Самарқанд билан яқин алоқада бўлган. Ялангтўш Баҳодир Самарқандда Шердорни қурдирган бўлса, Шоҳ Жаҳон бутун дунёга донғи кетган Тожмаҳални барпо қилдирган.

Комила Носирова суҳбатлашди.

10.2008

Комментариев нет:

Отправить комментарий