Адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан суҳбат. Бугунги адабий жараёнга муносабатингиз қандай? Ўзбек насри қай даражада ривожланяпти?
— Айрим мутахассисларда ва жуда кўпчилик катта ёшлик китобхонларда ўзбек адабиёти бугун ўзининг таназзул даврини бошдан кечираяпти, яхши асарлар кам ёзиляпти деганга ўхшаш янглиш тасаввур бор. Аслида, бу қараш — бугунги адабиётнинг ҳолати, ички жараёнлари, ёзилаётган асарлар билан яхши таниш бўлмаган, унга юқоридан туриб назар соладиган одамларнинг қараши.
Гарчи ўзбек адабиёти учун шеърият ҳамиша бирламчи, устивор мақомда келган, илғор ва ўктам бўлган бўлса-да, бизнинг шоирларимиз носирларимизга қараганда, машҳурроқ ва қувватлироқ ҳам, бугунги ўзбек насри кечаги ўзбек насридан орқада қолмаётганини, балки анча шитоб билан силжиётганини кўриш мумкин. Тўғри, биз “Энг зўр романларни санаб бер”, деса, барибир, саноқни “Ўткан кунлар”дан бошлаб, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё” билан тугатамиз. Бунга ҳам табиий ҳол деб қараш керак. Негаки, бугунги адабий жараён — кетаётган жараён. Бу жараёнга баҳо бериш жуда омонат гап, чунки кечагина элнинг оғзига тушиб, машҳур бўлиб, ҳаммани ўзига қаратган асар ўқиб бўлингач, ҳамманинг эсидан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун бугунги наср кечаги насрга ўхшаган эмас. Бугунги насрнинг ўз тамойиллари, ўз тенденциялари, йўналишлари бор ва шуни ишонч билан айтиш мумкинки, у кечаги ўзбек насридан тузуккина натижаларни қўлга киритяпти, илгари қилишга ботинолмаган тажрибаларни қўллашга ўзида куч топяпти. Масалан, биз одамзотга қараш борасида, оламнинг ҳодисаларини ва одамнинг руҳиятини изоҳлашга ёндашувда маълум бир қолиплар шаклланган эди. Бугунги наср ана шу қолипларни бузароқ пайдо бўлаётган насрдир. Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Сабо ва Самандар”, “Исён ва итоат”, Саломат Вафонинг “Тилсим салтанати” ёки “Оворанинг кўрган-кечирганлари” романлари, Омон Мухторнинг қатор яратилган саккизта романи, Асад Дилмуроднинг “Мезон буржи”, “Паҳлавон Муҳаммад” каби асарлари бугунги ўзбек насрида бўлаётган жуда катта ўзгаришларни англатади. Назар Эшонқулнинг ҳар бир асари, ҳар бир насрий чиқиши бизнинг адабиётимизда ўзига хос ҳодиса. Унинг ҳодисалиги қандайдир измларга эргашганлиги ёки дунёнинг қайсидир бурчагидаги ёзувчига тақлид қилганлиги сабабли эмас, балки оламни биз одатланиб қолган назар билан эмас, бошқа нигоҳ билан кўргани, фокусни ўзгартиргани билан изоҳланади. Баъзан эшитиб қоламан, санъаткор аёллар кўз қорачиқларини алмаштириб тураркан, деб. Худди шу сингари бизнинг ёзувчиларимиз кўз қорачиқларини, қарашларини ўзгартирадиган босқичга ўтди. Адабиётимиз одамни биз илгари ўрганиб қолганимиздай тасвирлашдан четлашиб, одамнинг кутилмаган, тушунарсиз, изоҳлаб бўлмайдиган жиҳатларини, ҳар бир одам-ку ҳар хил, ўша битта одам ҳар хил вазиятда ҳам ҳар хил бўлиши мумкинлигини, бирор одамни яхши деб бўлмагани каби бирор кимсани фақат ёвуз ҳам деб бўлмаслиги, ёвузларда ҳам олижаноб туйғулар бўлгани сингари олижаноб одамларда ҳам кутилмаган ёвузликларни содир этиши мумкинлигини, инсон табиатининг ана шундай чигалликларини кўра бошлади. Энг муҳими, илгари насримизда одам ижтимоий тузумнинг маҳсули деб қараларди, ҳозирги кунда эса тескари жараён кетяпти. Яъни ижтимоий тузум, ижтимоий ҳаёт одамларнинг қандайлигига боғлиқ эканлиги, тузум эмас, одам тузумни яратиши, бир тузум ичида минг хиллаб одамлар яшаши, тузум баъзан одамга зулмкор, ёқимсиз бўлиб кўринади, деганга ўхшаш ёндашув пайдо бўлди. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Аёл” деган шеъри садоқат-вафо бобида энг гўзал, юксак шеър саналади. Лекин айни вақтда бизнинг бирор одамдан, ўн саккиз-йигирма ёшида, борингки, ўттиз, қирқ, ҳатто эллик ёшида бева қолган аёлдан “Сен бир умр садоқатли бўл!” деб талаб қилишга ҳақимиз борми, деган масалани биз ҳеч қўймаганмиз. Бир умр садоқатли бўлиши керак бўлган одамнинг бошидан қандай азоблар ўтиши, қандай изтиробларни кечириши мумкинлиги, ўзи қилиши керак бўлган қанча ишларни қилолмай қолиши, қилмаслиги керак бўлган қанча нотўғри ишларни қилишга мажбур бўлиши каби жиҳатларни ҳисобга олмаймиз. Умуман, бизнинг бошқа одамга шарт қўйишга, бошқаларга йўл кўрсатишга ҳақимиз борми? Шунга ўхшаш саволлар кўтариляпти бугунги насримизда. Шунинг учун адабиётшуноснинг ҳам, ўқувчининг ҳам бугунги наср ҳақида бурнини жийириб гапириши бурнидан нарини кўролмаётганлиги туфайлидир. Бугунги насрни ўқимаган одамгина “Бугун яхши нарса яратилмаяпти”, деб айтади. Мен бугун Зулфия Қуролбой қизидай, буюк деб бемалол айта оламан, улкан талант эгаси, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар, Нормурод Норқобилдай ёзувчилар борлигидан қувонаман ва буларнинг ижоди ранг-баранг, бир-биридан тамомила фарқ қилади. Дейлик, аввалги ёзувчиларимизни ёнма-ён қўйсангиз, Мирмуҳсин, Ҳамид ўулом, Иброҳим Раҳим сингари бир қур ёзувчилар бир-бирига жуда ўхшаса, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаевлар бир-бирига анча яқин келарди. Бугунги бирорта ёзувчини иккинчисига ўхшатиб бўлмайди. Собир Ўнарнинг ёнига Луқмон Бўрихонни, унинг ёнига Зулфия Қуролбой қизини қўйиб бўлмайди. Зулфиянинг ёнига Дилбар Саидовани, унинг ёнига Абдуқаюм Йўлдошни қўйиб бўлмайди ва ҳоказо. Ҳатто битта йўналишда, тарихий мавзуда ёзадиган Муҳаммад Али билан Асад Дилмуродни ёнма-ён қўйиб бўлмайди. Масалан, ҳазрати Амир Темур сиймосига Муҳаммад Али бошқача, Асад Дилмурод ўз мезони бўйича асарида мутлақо бошқача ёндашади. Миллатнинг тафаккур хилма-хиллашиб бораётгани бугунги насрий асарларимизнинг хилма-хиллашиб бораётганида намоён бўляпти. Бизнинг насримиз бугун ўзининг энг яхши, энг тўғри йўлларини излаш жараёнини бошдан кечиряпти. Бу шунчаки экспериментлардан иборат жараён эмас, балки жуда салмоқли бадиий яратиқлар вужудга келаётган бир жараён сифатида аҳамиятли.— Юқорида сиз санаб ўтган ёзувчиларнинг аксарияти ўрта ёшли ёзувчилар, ёшлар орасида отилиб чиқаётганлар борми?
— Адабиётда ёш билан ўлчаш оғирроқ. Айниқса, бизнинг миллатда ижодини наср билан бошлаш анъанаси деярли йўқ. Бизнинг деярли тўқсон фоиз ижодкорларимиз ижодини шеърдан бошлаган. Ҳатто Қодирий ҳазратлари, Абдулла Қаҳҳор сингари гигант носирларимиз ҳам. Буни фақат Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодировга нисбатан ишлатолмайман. Лекин кўнглимнинг бир чеккасида шулар ҳам ижодини шеърдан бошлагандир, деган ўй бор. Шу маънода бугун мактаб партаси ёки талабалар курсисида ўтириб наср ёзаётганлар ҳақида бир нарса дейишим қийин. Лекин, умуман олганда, ёш ёзувчилардан хабардорман. Масалан, Жумагул Холмирза қизи деган бир қиз бор. Ўзим бир-иккита романини кўриб берганман ва “озроқ қайта ишланг”, деб чоп этишга рухсат этмаганман. Бектош Қилич деган йигитнинг асарларини ўқиганман, аммо уни ҳам жуда маромига етган деб бўлмайди.
Наср фақат туйғунинг маҳсули эмас. Насрий асар туйғу билан тафаккурнинг бирлашган лаҳзаларида, ўринларида пайдо бўлади. Бу эса муайян ички тайёргарлик, тажриба, илм, ҳаётий кузатиш маъносидаги тайёргарликни талаб қилади. Озгина заҳирага, жамғармага эга одамнинг наср ёзиши қийин бўлади. Шеъриятда ижодни ёшликдан бошлаш мумкин. Чунки ёшликда туйғу тозароқ бўлади, тез алангаланади, худди 95-бензин каби. Алангаланган туйғунинг ўзини ифодаласа ҳам, қандайдир эстетик мақсадга эришилади. Лекин насрда бу жуда оғир кечади. Шунинг учун бугун сиз орзу қилган даражадаги носирлар мактаб ёки талабалар партасида ошиб-тошиб ётгани йўқ. Аммо бу “Ўзбек насрининг эртаси нима бўлади, у узилиб қолдими?” деб хавотир қилишимизга ҳеч ҳам асос бермайди. Чунки Зулфия Қуролбой қизи, Исмоил Шомуродлар ёш нуқтаи назаридан жуда катта одамлар эмас. Улар ҳали жуда кўп асарлар ёзишга ва орқасидан келаётган билан эстафета алмашишга улгуради, деб ўйлайман.
— Адабиётнинг асосий тадқиқот мавзуси ижтимоий муаммолар ёки инсоннинг фаолияти эмас, балки Инсоннинг ўзи экан, бугун Шахсни юксак даражада кўрсатиб бераётган асарлар яратиляптими?
— Шунга ўхшаш гапни мен жуда кўп айтаман. Чунки бу дунёга одам фақат меҳнат қилиш ёки жамиятнинг қандайдир буюртмаларини бажариш учун келмайди. Умр — Худонинг бир неъмати. Кимдир саксон йил, кимдир ўн йил яшайди. Бинобарин, одам фақат ишлаётган, ақл ўргатаётган пайтда одам бўлиб, қолган пайтларда, масалан, ўйлаётган ёки ётган пайтда бошқа махлуққа айланиб қолмайди. У ҳамиша одамлигича қолади ва, эҳтимол, одамнинг асл қиёфаси, асл менлиги ишлаётганида эмас, ўйлаётганида, сўйлаётганида ва бошқа-бошқа ҳолатларда намоён бўлар.
Бизнинг адабиётимиз муаммолар адабиёти эди, бугунги кунда инсон кўнгли адабиётига айланяпти. Наср ҳам имкон қадар одамнинг кўнглини тадқиқ этишга юз бураётир. Яқинда Улуғбек Ҳамдамнинг “Сабо ва Самандар” деган янги романи чиқди. Мен энди минглаб газеталарда чиқаётган савияси турли даражадаги қиссалар, ҳикоялар, романлар ҳақида гапирмайман, ўзим катта адабиёт деб ҳисоблаган ва тан олинган адабий нашрларда чиққан асарларга тўхталаман. Ҳолбуки, бошқа жойларда ҳам жуда гўзал асарлар чиқаётганини инкор қилолмайман. Мен ўқимаганим ёки билмаганим йўқ дегани эмас. Эҳтимол, уларни ўқимаётганим ва билмаганим учун айбдорман ва кўп нарса йўқотаётгандирман. Бу бошқа гап. Лекин бугунги адабиёт жамиятдаги, ишлаб чиқаришдаги муаммоларни эмас, инсоннинг кўнглидаги муаммоларни акс эттирадиган адабиётга айланди. Бир пайтлар жуда машҳур “Гирдоб” деган роман бўларди. Унда пахта навини ким яратди-ю, ким унга муаллиф бўлиши керак деган муаммо, зиддиятга жуда муҳим муаммо деб қараларди. Бугун эса жимгина ўтирган одамнинг кўнглида бутун бошли бир инқилоб содир бўлаётганини, унинг табассуми тагида йиғи, йиғисининг ортида кулги борлигини адибларимиз илғадилар ва ана шу кўринмайдиган, битта одамнинг битта ўзига тегишли дунёсини, мамлакатини кашф қиладилар. Ўша мамлакатнинг фуқароси нега шундай ўйлайди? Нега шундай сўйлайди? Шуларни ўйлаган, сўйлаган вақтда қандай туйғуларни кўнглидан кечиради ва нима учун шу ҳолатга тушиб қолади? Шу каби саволларга изламоқчи бўладилар. Назар Эшонқулнинг “Ёшлик” журналининг ўтган йилги сонларидан бирида “Баҳовуддиннинг ити” деган ҳикояси чиқди. Шу ҳикояда бизнинг адабиётимизда қилинмаган иш қилинади. Ойдеккина, туппа-тузуккина ишлаб турган одам ўзининг жамоасидан кўра, бир-бири билан суяк талашадиган итларнинг орасида яшаш хавфсизроқ ва ҳалолроқ эканлигини англаб етади ва ўша итларнинг биттасига айланиб кетади. Жисми ҳам итга айланади. Ҳикояда итлашиш уни одамлашишдан йироқлаштирмагани, балки итдан-да баттар бўлган жинсдошларидан юз ўгиргани ва улардан тозароқ бўлганини рамз билан ифодалаб берилади. Бу Кафканинг “Эврилиш” деган асарига ўхшаш-да.
Биз шунга кўникишимиз керакки, бир асар ҳақида айтилаётган гап ўша асар ҳақидадир. Бир асар ҳақидаги гапга бутун адабиёт ҳақидаги гап деб тушунмаслик керак. Яъни бугун ўзбек адабиётида барча асарларда инсоннинг кўнгли муаммолари жуда чиройли даражада очилаётир, десак, ёлғон бўлади. Лекин мутлақо очилмаяпти, ёзувчиларнинг маҳорати етмаяпти, десак, бу ҳам ёлғон бўлади. Шунинг учун бугунги кунда ўзбек адабиёти, хусусан, ўзбек насри ўз тараққиётининг шундай тўғри йўлига кирдики, одамнинг ташқарисини, одамнинг ташқарисида бўлган нарсаларни тасвирлашдан унинг ичкарисини тасвирлашга ўтди ва оламни тасвирлашда ҳам одамнинг ички орқали тасвирлайдиган бўлди. Масалан, иккаламиз кўриб турган шу яшнаган дарахт сиз учун бошқача, мен учун бошқача. Эртага кайфиятим ҳозиргидан тушкунроқ бўлса, шу дарахт бошқача, кўтаринкироқ бўлса, яна бошқача кўринади. Сизга эса, тамомила бошқача. Бугунги адабиёт ана шу оний лаҳзаларни, инсоннинг оний туйғуларини, оний тафаккури, оний ҳаракатларини мангуликка муҳрлашга даъво қилаяпти ва шу оний лаҳзалардан маъно топаяпти. Илгари адабиёт бутун эътиборини ижтимоий ҳаётдаги муаммоларга қаратарди. Ўзбек деҳқонларининг озодлик учун курашиши Йўлчи образида, унинг ҳалокатида кўринади, дейиларди. Бугун Йўлчининг индамасдан ўйлаб ўтиргани, хотинининг битта гапи ичини тирнаб-тилиб юборганининг ўзи битта романга арзийди. Бизнинг адабиётимиз нозиклашиб, одамнинг ичига юз бураётган адабиётга айланяптики, бундан кўпинча мутахассисларимиз ва ўқувчиларимиз: “Нимага катта муаммолар яратиляпти?” деб норози бўлишади. Ҳолбуки, ҳар битта одамнинг кичкина дарди дунёнинг катта муаммоларидан каттароқ муаммодир. Биз одамдан баланд нарса йўқ, одамнинг кўнглидан ҳам асрашга, эҳтиёт қилишга муҳтож бўлган яратиқ йўқ, деган қарашга кўникишимиз керак. Ҳамиша жамиятнинг муаммоси муҳим, фронтда ғалаба қозониш, режани бажариш, қандайдир стадионни қуриб битказиш муҳим деб қараганмиз. Одамнинг кўнглини асрашдан буюкроқ муаммо йўқ, бугунги адабиёт шу иш билан шуғулланяпти ва ёмон шуғулланмаяпти. Нуқсонлари ҳам йўқ эмас, албатта.
— Ҳозирги кунда детектив жанридаги асарларга талаб кучайган. Ўқувчининг бундай асарларга ўчлигининг сабаби нимада?
— Одам ҳамиша саргузаштга ўч. Табиати шунақа. Масалан, сиз кўчада кетиб боряпсиз, баландроқ товуш эшитилса, дарров бурилиб қарайсиз. Гарчи сизга заррача алоқаси йўқ, ишга кечикяпсиз, йўқ, барибир, қарайсиз. Ишхонангизда ҳам тўртта одам тўпланиб олган бўлса, “Нима бўлаётганийкин?” деб, сиз бешинчиси бўлиб қўшиласиз. Одам табиатан томошага ўч. Детектив бу — томоша. Назар Эшонқулнинг асарини ўқиш роҳат эмас, азоб. Саломат Вафонинг асарини ўқисангиз, ўйлашингиз керак. Одил Ёқубовнинг асарини ўқисангиз — тавшиш. Роҳатланиб ўқиб ётмайсиз. Кимнидир сўйиб кетди, бировнинг хотинини йўлдан урди, бошқасининг сумкасидан қорадори топилди, деганга ўхшаш гаплар ўйлашга, излаб топишга эҳтиёж туғдирмайди. Ўқиб маза қилаверасиз. Шунинг учун одамлар доим ур-су, ур-йиқиб, шунақада детектив асарларга ўч. Бироқ детективларнинг ҳам яхши намуналари бор. Масалан, Тоҳир Маликнинг “Фалак” деган детектив қиссаси. Аслида, детектив, лекин тагида гўзал маънолари бор. Бундай олиб қарасангиз, детективсиз асар ҳам кам. “Ўткан кунлар”даги “Душанбага ўтар кечаси” деган бобда Отабек душманларини чавақлаб ташлайди-ку. Шунинг ўзи ҳам детектив-да. Умуман, детективликка ўчлик одамнинг қонида бор. Бинобарин, бизнинг халқимиз детектив ўқиётган экан, бундан сира хижолат қилмаслигимиз керак. Ҳозир кўпчилик “Одамлар ўқимай қўйди”, деган фикрини айтади. Мен бунга қўшилмайман. Масалан, сизнинг газетангиз юз минг нусхада чиқса, демак, шунча одам ўқийди. У ҳам ўқувчи-да. Газетани фақат об-ҳаво маълумоти учун ўқимаса керак, ўша нашрда яхшидир-ёмондир асар бор. Ўнта ёмон нарсанинг ичида иккитаси яхши бўлса ҳам, демак, ўқувчи яхши нарсани ўқияпти. Юз минглаб нусхада чиқаётган газетада фақат ёмон нарса чиқишига ишонмайман. Юз минг одам нодонмас-ку. Юз минг одам кутяптими, ўқияптими, демак, унда ўқишга арзийдиган, одамнинг руҳини тетиклаштирадиган, кимнингдир кўнглига нимадир берадиган асарлар чиқяпти.
Баъзиларнинг: “Болалар детектив ўқиса, ўшанга эргашиб, қаҳрамонларига ўхшаб кетади”, деган гапларига мен унчалик қўшилмайман. Негаки, одамларимизга эргашадиган пода, қўй деб қарамаслик керак. Одамлар уни билиб қўяверади, қолаверса, ўзининг ёшига, савиясига ярашасини ўқийди. Бугун “Ҳордиқ”ни ўқиган бола эртага бошқа нарсани ўқийди. Ёки “Даракчи”ни ўқиган киши эртага “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”ни ўқир. Биз кўп нусхада чиқаётган газеталардаги асарлардан бурнимизни жийириш ўрнига ўзимиз жиддий деб ҳисоблайдиган нашрни шунга ўхшашроқ, ўқишлироқ қилиб чиқариш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Шу маънода детектив асарлар биз ваҳима қилаётган даражада хавфли эмас. Лекин, албатта, бир хиллик одамни қашшоқлаштиради. Бир хил нарсани ўқий бошлаш миллатнинг маънавий жиҳатдан бир хиллашаётганини кўрсатади. Бир хиллишаётган миллат эса қиёфасиз яшаётган миллатдир. Бу хатарли. Шунинг учун ҳам биз одамлар ҳар хил нарсани суйишига, ҳар хил туйғуни туйишига, ҳар хил нарсаларни истеъмол қилишига монъелик кўрсатмаслигимиз керак. Аммо уни юксалтириш зарур. Одамни юксалтириш, унинг маърифий даражасини кўтариш ҳақида қайғуришимиз керакки, шунда кўпчилик одамлар юксак асарларни эртароқ ўқийдиган бўлишади.
— Машҳур ёзувчилардан бирининг таъбири билан айтганда, ёзувчилик касб ҳам, ҳунар ҳам эмас, балки қисматдир. Лекин сиз мақолаларингиздан бирида ёш ёзувчиларнинг иқтисодий шароит туфайли ижоддан чекинишгани ҳақида гапиргансиз. Ҳақиқий ёзувчи қисматидан воз кечиши мумкинми?
— Мақоламда бундай демаган бўлсам керак, чунки ўзим бундай деб ўйламайман.
— Эҳтимол шу сабаб бўлгандир деган фикрни билдиргансиз.
— Доим айтаманки, бадиий асар ёзиш қўлидан келмаган одамнинг ёзмагани маъқул. Қандайдир шароит туфайли ёзмай қўйган одамнинг пешонасига, аслида, ёзувчи бўлиш битилмаган. Чинакам истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, унга ҳар қандай тўсиқ қўйиб қўйсангиз ҳам, ёзаверади. Истеъдод тўсиқларни бузиб ўтганлиги билан истеъдод. Мен Шукур Холмирзаев мисолида гапираман, у гонорар тўланмайдиган, ёзган асарига пул берилмайдиган бир замонда ёзишдан бошқа иш қилмади. Чунки бошқа иш қилолмасди. Бошқа иш қилаётганлар эса бошқа иш қилиб кетди. Отасига раҳмат. Эҳтимол, адабиётни шулардан халос қилди, улар ҳам адабиёт олдидаги мажбуриятларидан халос бўлгандир. Бундан ҳам хурсанд бўлиш лозим. Ҳеч нарсани атайин уюштирмаслик керак. Айниқса, бадиий ижодда. Ёзувчига шароит яратиб бериб, ёзувчи қилиб бўлмайди. Шароитни ёзувчининг қисматига ва иқтидорига яраша ўзи яратади. Чинакам истеъдодларнинг йўлига Қўҳикофни, Тангритоғни рўпара қилиб қўйсангиз ҳам, ўшани кемириб ташлашнинг уддасидан чиқади. Шунинг учун ҳам истеъдод у. Дейлик, Абдулла Ориповнинг қўл-оёғини боғлаб қўйсангиз ҳам, ёзаверади, ёзмасликнинг иложини тополмайди. Мен шундай деб ўйлайман. Масалан, Алишер Навойи бош вазир, муҳрдор, ҳоким бўлди, лекин ёзишдан тўхтамади. Ёзмаганда юраги ёрилиб кетарди, назаримда... Чинакам адабиёт шунақа адабиёт. Яхши шароит бўлиб, оппоқ қасрларнинг ичида, юмшоқ курсиларда ўтириб олиб ёзилган адабиёт ўша курсининг атрофида қолади. Бундан ёзувчи, албатта, ёмон шароитда яшаши керак, деб хулоса чиқармоқчи эмасман, шунчаки шароит ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас демоқчиман.
— Адабиётнинг бош вазифаси — инсонларни эзгуликка чорлаш, деган назария мавжуд эди. Аслида ҳам шундайми?
— Адабиётнинг вазифаси — ўзи, туйғулари, амаллари, ўйлари ҳақида ўйлашга ундаш. Эзгуликка чорлаганингиз билан, одамлар эргашиб кетаверадиган қўй эмас. Чорлашдан осонроқ иш йўқ дунёда. “Ўқувчи, сендан талаб — мактабга бор эрталаб”, деб ўйлардик адабиётнинг вазифасини. Ундай эмас. Адабиёт ўқувчига ақл ўргатадиган нарса эмас. Ўқувчи адабиётдан фақат сабоқ олмайди. Агар айтиш мумкин бўлса, адабиётни битта — иймон сабоғи деса бўлади. Адабиёт иймондан, кўнгилдан сабоқ беради. Уни кўнгил сабоғи дейиш мумкин, бошқа сабоқ йўқ. Ёзувчилар бировга ақл ўргатадиган, йўл кўрсатадиган одамлар эмас. Улар ўзлари йўл излаб юрадиган ва умрининг охиригача ўша йўлни тополмай ўтиб кетадиган одамлар. Лекин уларнинг йўлни топишдаги изланишлари, изтироблари сиз ва мени ўзимизнинг йўлларимиз ҳақида ўйлашимизга мажбур қиладики, адабиётнинг вазифаси шу. Биз ўйлашимиз керак. Умуман, илмда адабиётнинг беш-олтита функцияси саналади, лекин адабиёт одамни ўзи, кўнгли, олам ва бошқалар ҳақида ўйлашга одатланишни ўргатиши керак.
— Бугун адабиётимизга модернизмнинг қандай таъсири бўляпти?
— Аслида, модернизм қаердадир пайдо бўлиб қолган янги ҳодиса эмас. Адабиётшуносларимиз, журналист ва ўқувчиларимиз ҳам баъзан модернизмни ўз адабиётимиздан узоқлашиб, кунботиш адабиётига яқинлашишининг белгиси деб ўйлашади. Мен аксинча деб ҳисоблайман. Кунботишда модернизм нима сабабдан пайдо бўлди? Францияда маърифатчилик деган ҳаракат бўлганини эшитгансиз. Кунботиш дунё дунё бўлганидан бери маърифатга интилиб келди. Одам қанча ақлли бўлса, шунча яхши бўлади, деган қараш бор. Бизнинг адабиётимиз сўфиёна, тасаввуфий бўлгани учун кўнгил маърифати ҳақида гапирди. Фарҳод ҳам, Мажнун ҳам, Лайлию Ширин ҳам, Баҳрому Искандар ҳам кўнгил одамлари эди. ХХ асрга келганда, Ботишдагилар ўзлари орзу қилган маърифатга эришдилар. Техника, илм шу қадар тараққий эдики, илгари минглаб одам қиладиган ишни битта одам бажарадиган бўлди. Улар илм, маърифат юксалса, одам яхши яшайди, деб орзу қилган эди. Энди бўлса, жаҳон уруши деган нарса пайдо бўлди. Жаҳон бир-бирини қириб ташлашга тушди. Маърифатнинг тараққиёти яхшиликка эмас, ёмонликка хизмат қилди ва шуни кўргани учун Ботишнинг жуда кўп ижодкорлари ўзини модернизмга уриб кетди. Чунки улар маърифат деган фалсафа нотўғри экан, одам ниманики ақл билан қилган, нимагаки ақлни пеш деб билган бўлса, хато экан, деди-да, дунёдан йўл излаб қолди. Йўл тополмай қийналиб кетди. Шунинг учун ҳар хил оқимлар пайдо бўлди. модернизм ана шу изланиш оқибатида вужудга келди. Уларда ягона Аллоҳ йўқлиги учун нимани излаш кераклигини билишмади. Улар излаб-излаб, чала-пула топган нарсаларни бизнинг сўфийларимиз минг йиллаб олдин топиб қўйган эди. Кўнгил маърифати эди. Модернизм ана шу кўнгил маърифатига қараб солинган йўл, аслида. Фикрнинг тараққиётидан кўнгли қолиб, кўнгилнинг тараққиёти муҳим экан, кўнгилнинг товланишларини тасвирлашимиз керак экан, деган хулосага келди Ботиш ёзувчилари. Ҳолбуки, буни бизнинг боболаримиз минг йиллардан бери биларди. Тафаккурдан кўра кўнгил ҳақида ўйларди. Яъни бизнинг боболаримиз келган жойга Кунботишдагилар бугун бормоқчи бўляпти ва уларга эргашиб биз ҳам қайтадан боришга уриняпмиз. Бу яхши ҳолат. Чунки бизнинг адабиётимиз кейинги юз йиллар ичида руслар орқали Кунботишнинг таъсирига тушиб қолган. Романимиз француз, ўриснинг романига ўхшайди. Шеъримиз ҳам шундай. Драма деган нарса мутлақо йўқ эди, пайдо бўлди. Бизнинг адабиётимизда ҳам ҳамиша Кунботишда анъана бўлиб қолган йўсинда ижод қилинаётганди, бугунги модернизм — ўша қолиплардан чиқиб кетишга уринишдаги изланишлар. Яъни дунёдаги ҳар бир ёзувчи бошқасига ўхшамасликка ҳаракат қилади. Адабиёт ўзи шундай. Модернизм унинг бир кўриниши. Кеча “Нега бундай ёзяпсан?” деб сўраларди, бугунги ўқувчи ўйлашга мажбур бўляпти. Бизлар ўқувчилик пайтимизда ўқиганимизни тушунмасак, ёзувчини айблардик, бугунги ўқувчи эса ўзини айблайди. “Мен тушунмаётгандирман, балки бунинг тагида зўр гап бордир”, деб.
Модернизм нимаси билан қизиқ? Битта қизиқарли жиҳати шуки, ўқувчини истеъмолдан ижодкорга айлантирмоқчи бўлади. Биз шу вақтгача тушунарли адабиётни ўқиганмиз. Шундай ўқиб, ҳаммасини тушунардингиз. Деярли ҳаммасини, савиянгизга яраша. Модерн адабиётида эса ўйлаб топиш, ақлингизни ишлатишингиз, маънолар чиқаришингиз керак.
— Бунинг оқибатида ёзувчи ўзи айтишни истамаган маънолар келиб чиқмайдими?
— Бўлиши мумкин. Чинакам асарнинг асарлиги шундаки, ёзувчининг хаёлига келмаган маънолар ҳам келиб чиқиши керак, аслида. Масалан, Усмон Носирнинг:
Илҳомимнинг вақти йўқ, селдай келади,
Аямай қалбимни тиғдай тилади,
Биламан, бир куни айлайди хароб...
— деган шеъри бор. У илҳомининг истаган пайтида келишини, қудратини фахрия тарзида битган. “Мен қачондир қатағон бўламан”, деб, ўлишини билгани учун ёзмаган. Лекин унинг хаёлига келмаган нарса ҳаётда бўлди, бир кун уни хароб қилди. Чинакам асарларда бундай ҳодисалар кўп бўлади. Сиз шоирнинг асаридан ўз даражангизга қараб маъно чиқариб олаверасиз. Масалан, Навоий битта, лекин уни йигирма минг одам ўқиса, ҳар бири ўзича тушунади. Биз адабиётнинг ана шундайлигига кўникишимиз керак. Афсуски, биз адабиётни бир хил деб ўйлаймиз.
Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
04.2009
Комментариев нет:
Отправить комментарий