“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Бир қатранинг фаввораси” мақоласида икки асардаги ўхшашлик ҳақида фикр юритилган. Биз газетхонларимизга шу ҳақда тўлароқ маълумот бериш истагида мазкур мақола муаллифи Ўзбекистон миллий китоб палатаси директори Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатлашдик.
— Яқинда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” ва Мавлоно Румийнинг “Маснавийи маънавий”ида ғоя ўхшашлиги ҳақидаги мақолангиз чиқди. Бундан чиқди, “Алкимёгар”нинг ғояси маснавийдан олинган экан-да?
— Хорижда Шарқнинг исломий адиблари орасида Румий энг машҳури. Унинг асарлари жуда кўп Европа тилларига таржима қилинган. Пауло Коэльо буни билмаслиги мумкин эмас. Лекин менинг мақолам бразил адибини “фош қилиш” учун ёзилмаган. Аслида, адабиётда ўхшаш воқеалар, сайёр сюжетлар бор. Бу адабий таъсир натижаси, албатта. Чунончи, бир зодагон йигитнинг хизматкори билан саёҳатга чиқиши ва саргузашти тасвирига бағишланган асарларни олиб қарайлик. Масалан, Сервантеснинг “Дон Кихот”и ҳам шу ўзанда. Ёки Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи. Унда Пушкиннинг “Капитан қизи” қиссасидан озми-кўпми таъсирланганлик сезилади. Воқеалар деярли изма-из давом этади. “Капитан қизи”да ёш зобит Гринёв кекса хизматкори Савелич билан Белгород қалъасига, “Ўткан кунлар”да эса Отабек Ҳасанали билан Марғилонга боради. Тўғри, унинг саёҳатдан мақсади савдо бўлади, аммо асарда савдо иши эмас, саргузаштлари кўрсатилган. “Капитан қизи”да ҳам, “Ўткан кунлар”да ҳам кекса хизматкор ниҳоятда садоқатли, меҳрибон. Иккала йигит ҳам янги жойда ўша жойдаги мўътабар бир хонадоннинг гўзал қизига ошиқ бўлиб қолади. Ҳар икки асарда шу қизга уйланмоқчи бўлиб, ниятига етолмай қолган разил душман (Швабрин, Ҳомид) образи бор. Ҳар икки асарда бош қаҳрамоннинг энг масъуд кунлари мамлакатда қўққисдан бошланган исёнга тўғри келади (Пушкинда Пугачёв, Абдулла Қодирийда эса Азизбек қўзғолони). Иккала асарда ҳам бош қаҳрамон аламзада рақибнинг иғвоси билан исёнга алоқаси бор деб гумон қилинади. Иккала йигит ҳам айнан икки мартадан ўлимга ҳукм қилинади. Ҳар икки асарда рафиқа (Маша билан Кумуш) ёри айбсизлигини унинг отаси юборган хат орқали исботлайди...
Шунга қарамай, ҳар икки асар ҳам оригинал. Уларда ғоя бутунлай бошқа-бошқа. Пушкинда Пугачёвга хайрихоҳлик, Қодирийда эса мамлакатдаги осойишталикни издан чиқармоқчи бўлган Азизбекларга нафрат сезилади. Сюжетнинг ўзани ўша, лекин руҳ бошқа. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ичалик миллий руҳдаги асарни топиш қийин, албатта.
Пауло Коэльонинг асари эса бутунлай бошқача. Унда ҳамма воқеалар айнан келтирилади. Иккала асарда ҳам ғоя бир. Яъни инсон ўзлигига қайтиши керак, деган фикр уқтирилади. Коэльонинг “Алкимёгар”ида Сантьяго деган испаниялик подачи йигит Миср эҳромларига хазина излаб борса, Мавлоно Румийнинг маснавийсида эса бағдодлик бир киши хазина қидириб Мисрга боради. Буёғи – Сизга яхши маълум, ўқигансиз. Румийда сюжет жуда қисқа берилган, бор-йўғи икки бет, лекин шу икки бетда “Алхкимёгар”даги ҳамма нарса бор. Зеро Румий – дунёдаги энг улуғ ижодкорлардан бири. “Маснавийи маънавий” эса XIII аср жаҳон адабиётининг шоҳ асари. Эшитгандирсиз, Румий қўлига қалам олиб, умрида бор-йўғи ўн саккиз байт (ўттиз олти мисра) шеър ёзган, қолганини ёдаки ижод қилган. Олти жилдлик “Маснавийи маънавий” ҳам ана шундай ижод самараси.
Аммо, барибир, “Алкимёгар” — яхши асар. Айниқса, ҳозир газеталардаги одамни ахлоқий жиҳатдан пастга судрайдиган ёки вақтини ўғирлайдиган асарларга қиёслаганда бениҳоя баландда туради.
Пауло Коэльо Румийдаги юзлаб сюжетлардан биттасини бутун бошли қиссага айлантирибди. Румийнинг бошқа асарлари ҳам шундай қилинса борми, жаҳон адабиёти қанчалар бойирди! Ахир ана шу “Алкимёгар” ҳозир дунёнинг 120 та тилига таржима қилинган. Асар муваффақиятли чиққан. У биз – XXI аср кишиларига Румий мисралар қатига жо этган улкан ғояни “чайнаб” тушунтириб берган. Шу боис ҳам, бу асарни ўзбек мактаб дарсликларига киритиш учун ҳаракат ҳам қилинган эди. Шундай иш қилинса, ёмон бўлмасди. Негаки, қайсиям йили Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” деган мураккаб романидан иккита боб ўнинчи синф дарслигидан ўрин олганини кўриб ҳайрон бўлган эдим. Биласизми, қайси асарнинг ўрнига?! Шолоховнинг “Инсон тақдири” ҳикоясини чиқариш ҳисобига.
Ҳолбуки, Шолохов Маркесдан каттароқ ижодкор. “Инсон тақдири” эса урушга қарши ёзилган энг улуғ асар. “Ёлғизликнинг юз йили”даги икки бобдан мактаб ўқувчиси нимани тушунади?! Қолаверса, унда ўзбек маънавиятига сира тўғри келмайдиган ахлоқсиз ўринлар бор. Шу маънода чет электрон адабиёти намунаси сифатида “Алкимёгар” мактаб дарсликларига киритилса, ёмон бўлмас эди.
— Румий-чи? Румий, Саъдий, Бедил... асарлари киритилса-чи?
— Мен Румийни, Саъдийларни “чет эл адабиёти вакили” деб қарамайман. Уйдаги китоб жавонимда ҳам уларнинг асарлари Навоий, Фузулийнинг китоблари билан ёнма-ён туради. Қандоқ қилиб Ҳофизни “хорижий адабиёт” сирасига қўямиз? Шундай экан, уларни болаларимиз ўқишини нафақат истаймиз, балки ўқишлари шарт ҳам. Демак, Румийни албатта ўқитиш керак. Мен яқинда Абдулла Қодирийнинг “Диёри бакр” деган китобини мутолаа қилдим. Бу китобда Қодирий нақадар олим одам бўлгани кўриниб туради. ўафур ўулом ҳам шунақа билимдон бўлган. Адабиётимизнинг улардан кейинги вакиллари тўғрисида бундай дея олмаймиз. Чунки ўафур ўулом, Абдулла Қодирийлар Бедил, Жомий, Румийларни ўз тилида ўқиган. Ҳозирги ёшларимиз эса... енгилликка ўчроқ.
Мақолани ёзишдан мақсадим Пауло Коэльони фош қилиш эмасди, балки ҳақиқий зиёли бўлиш учун Румийга қайтиш, асл манбаларга мурожаат қилиш керак, деган фикрни билдирдим.
— Дарҳақиқат, кўп ўзбек китобхонлари “Алкимёгар”ни ўқишган, лекин ҳатто зиёлилар орасида ҳам Румийнинг ижодини яхши биладиганлар кам...
— Ўзини зиёли санаганларнинг ҳаммаси ҳам зиёли эмас-да. Олий маълумот тўғрисидаги дипломи бор одамларнинг ҳаммаси зиёли бўлганида борми, эҳ-ҳе... Тўғри, ҳатто адабиётшунослар орасида ҳам Румийлар руҳидан анча узоқлашиш кузатилади. Бунинг сабаби нимада? Давр, албатта. Давр, замон ўзгарса, у ўзининг янги қадриятларини тарғиб қилар экан. Ўтган асрнинг 20-йилларида сезилди бу кўпроқ. Негаки, Румийнинг ҳар бир асарида кўп ўринларда Қуръондан мисол келтирилган. Айтмоқчиманки, ўтган асрда атеизм авжга чиққан пайтда Румийни тарғиб қилишни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Зеро, ўша вақтда динни яхши билган одамлар ҳам динга қарши ёзишга мажбур бўлишган. Шароит энди етиб келди.
Румий бениҳоя улуғ. Пир у. Пайғамбаримизнинг аъмоли мисолида жаҳон тафаккури тарихида инсониятга диалектикани тақдим этган инсон ҳам – бошқа биров эмас, айнан Румий. Гегелнинг ўзи ҳам: “Мен диалектик системамни яратишда энг аввало Румийдан фойдаландим”, – деб эътироф этган. Афсуски, ўтган юз йилча вақтда Румийдан бохабар бир нечта авлод ўтиб кетди. Мана ниҳоят, Жамол Камол олти жилддан иборат “Маснавийи маънавий”ни жуда катта маҳорат билан таржима қилди. Бизда форс тилида битилган асарлар кўп таржима қилинган, лекин қарийб ярми бармоқ тизимига солиб ўгирилган. Тўғри, Чустий, Анисий, Хуршид каби мумтоз адабиёт билимдонлари арузда ҳам таржима қилишган, уларнинг тили оғирроқ. Жамол Камол эса арузда равон, қойилмақом тарзда таржима қилган.
— Бугунги ўзбек адабиёти ҳақида қандай фикрдасиз?
— Бугунги ўзбек адабиёти менга изланаётган адабиёт бўлиб кўринади. Ижод қилаётганлар кўп, савияси ҳар хил. Уларнинг ичидан саралари секин-секин ажралиб чиқяпти. Бир гуруҳ ёзувчилар борки, жуда кўп асар ёзиб ташлашяпти. Графоманлар бизда ҳам пайдо бўлди. Бу ҳам адабиётда ҳодиса экан. Романлар кўп ёзиляпти, қиссалар камроқ чиқди. Ҳикоя жуда кўп, аммо эсда қоладигани кам. Баъзи асарларда яланғочлик, очиқ ёзиш кузатилса, баъзиларида воқеани изма-из тасвирлаш кўзга ташланади. Қачон бир нарса бўларкин, деб ўқийсиз, аммо ҳеч нарса бўлмайди. Бунақа асар ёзишга маҳорат ҳам керак эмас. Шундай ҳикоялар ҳам чиқяптики, бошдан оёқ фаҳш тасвирланади-да, охирида қаҳрамон тавба қилиб, адашганини тан олади. Лекин унгача ўқувчини заҳарлаб бўлади. Ҳақиқий асар шундай бўладики, ўқувчи уни ўқиб бўлгач, асарни ўқигунча бўлган давридан бирозгина бўлса ҳам яхшиланиши, руҳини тозалаши керак.
Икки ойча олдин хонамга бир қиз кириб келди. Институтни ё битирган, ё битирмаган. Кийиниши – “ультрамодний”. “Мен навбатдаги романимни ёзаётган эдим, сизларнинг фондингиздан фойдалансам”, дейди. Қаранг-а, бу унинг биринчи романи эмас экан! Ўзини танимайман, исмини ҳам эшитмаган эканман. Маълум бир ҳаётий тажрибага эга бўлган одам ёзар эди романни. Ҳеч бир адиб ижодини романдан бошлагучи эмас эди.
Ҳозир асар кўп. Эҳтимол, ҳозир чиққанларни бундан йигирма-ўттиз йил аввал чиққанлари билан солиштирсангиз, тарозининг палласини босиб кетар. Аммо оғирлиги билан босади, маънавий салмоғи билан-чи? Шу жиҳатига эътибор бериш керак. Абдулла Қаҳҳорнинг биргина “Ўғри” ҳикояси ҳозирги баъзи романларга нисбатан анча катта нарса.
Шеърият ҳақида гапирадиган бўлсак, у доим мени қониқтириб келган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар авлоди адабиётда янги тўлқин пайдо қилган бўлса, Шавкат Раҳмон, Усмон Азимлар даври ҳам янги тўлқин бўлди. Ундан кейингиларни у қадар пайқамай қолдим, шекилли. Лекин янги услубда, чунончи модерн оқимига мосроқ ижод қилаётган бир қанча шоирларимиз бор. Бу услубни шунчаки қоралаб қўйиш мумкин, лекин инсоф билан айтганда, улар жуда катта меҳнат қилишяпти. Майли, тажрибалари муваффақиятсиз чиқар, лекин шуларнинг ижодида шиддат бор. Шеърларида янгича ташбеҳлар, сўзларга дуч келасиз. Оқибатда, ўзбек тилининг имкониятлари кенгайяпти. Бир кун келиб бу самарасини беради, ҳеч нарса изсиз йўқолиб кетмайди.
Аммо бугунги кунда адабиётимизнинг муҳим бир соҳаси анча эътиборталаб бўлиб қолганини айтиб ўтиш керак. Бу – таржимачилик. Бизда адабий асарлар орасида таржима ҳамиша катта ўрин тутган. Узоқни қўя туриб, бундан ўттиз-қирқ йиллар илгарига назар солсак ҳам, ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек тилига таржима қилинган бадиий асарлар йилига жами икки-уч миллион нусхада чиқиб турган. Ҳозир эса таржима асарлар деярли босилмаяпти. Тўғри, газета-журналларда чиқяпти, лекин китоб ҳолида кам. Ўшанда ҳам, енгилроқ, олди-қочди воқеалар тасвирланган асарлар босилади. Шуниси аниқки, таржима қанча кўп бўлса, бу адабиётимизнинг янада тараққий этишига омил бўлиб хизмат қилади.
Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
“Ҳордиқ” газетаси, 2009 йил
Комментариев нет:
Отправить комментарий