Матбуот соҳасининг машаққатларини газета-журналда фаолият кўрсатган ижодкорлар яхши билишади. Битта мақолага янги мавзу топиш, уни тайёрлаш, таҳрир қилиш заҳматлари ижодкорни чарчатмайди, балки унинг қалами ўткирлашиб, иқтидорини тўла намоён этишга имкон беради. Шунинг учун ҳам журналистлар кўпинча ўз фаолиятларини матбуотда бошлашга ҳаракат қилишади. Бироқ етарлича тажрибага эга бўлдим, деб ҳисоблаб, матбуотни тарк этадиганлар кўп. Кўп йиллардан буён «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ижод қилаётган адабиётшунос Аҳмад Отабой эса ўз касбининг фидойиларидан. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан биз у кишини суҳбатга чорладик.
— Кўп йиллардан бери “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлайсиз. Матбуот соҳасининг машаққатларидан чарчаган пайтларингизда нимадан куч оласиз?
— Ҳа, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаётганимга чорак асрдан ошди. Бу соҳанинг заҳматкашлари орасида умр бўйи матбуот хизматини қилганлар кўплаб топилади. Ишонч билан айта оламан, улар ўз касбининг чинакам фидойилари. Чунки бу касбнинг мураккаб, қийин томонлари кўп, шу боис кишидан фидойиликни талаб этади. Мен ҳам ана шу касбдошлар қатори ўз имкониятим, қобилиятим даражасида хизмат қилиб келаяпман.
Яширишнинг ҳожати йўқ, баъзан чарчайсиз, баъзида қоғоз, қаламни ташлаб, холироқ жойга бориб дам олгингиз келади. Бироқ бугунги шароит кўпроқ ишлашни, аксарият муаммоларингизни меҳнатингиз орқасидан ҳал этиш мумкинлигини тақозо этиб турганда, ҳузур-ҳаловатни кейинроққа суриб туришга тўғри келади. Дейлик, фарзандлар вояга етиб қолган, уларни касб-ҳунарли қилиш, ўқитиш керак... Айтмоқчиманки, касбингизга меҳрингиз зиёда бўлса, фарзандларнинг камолини кўришдек эзгу мақсадни дилга тугиб олган бўлсангиз, ана шу йўлдаги кичик-кичик ютуқлар ҳам сизга куч бағишлайди.
— Бугунги матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрнини қай даражада деб биласиз?
— Ҳар қайси матбуот органининг жамиятдаги ўрни унинг ўз олдига қўйган вазифаси ва уни қай даражада уддалаётгани билан белгиланади. Бевосита ўзим хизмат қилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мисолида айтсам, матбуотнинг, яъни газета-журналларнинг ўрнини бошқа ахборот воситалари билан алмаштириб бўлмайди. Ҳар ҳафтанинг жума кунини кутадиган ва шу куни эрталаб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”ни қўлига олганда, дили яйраб кетадиган одамлар кўпчиликни ташкил этади. Газетага, газетхонликка кишиларда иштиёқ сусаймаган экан, бунга маънавий эҳтиёж бор экан, демак, матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳам барқарордир.
— Кўпчилик адабиётшунослар хусусий нашрларни “енгил, сариқ матбуот” деб баҳолайди...
— Хусусий нашрларни мен “енгил, сариқ матбуот” деб атамаган бўлардим. Чунки бизда “сариқ матбуот” йўқ, унга эҳтиёж ҳам йўқ. Менимча, “Фалончи актёр бу оқшом пистончи актрисанинг уйида тунади”, “Фалончи жаноб пистончи хонимга фалон минг долларлик узук совға қилди...” қабилидаги, яъни бировларнинг кўрпасини кўтариб тагига қарайдиган, тўшагидан тортиб ҳамёнидаги пулигача хабар етказадиган газеталар “сариқ матбуот”га кирса керак. Бепарда иборалар, бир-бирига бигиз санчишлар, бировларнинг этагини кўтариб, калака қилишларни бизда чиқадиган хусусий нашрларда учратмаймиз. Уларда кўпроқ саргузашт мазмунидаги, турмуш муаммолари билан боғлиқ ахлоқий мавзудаги асарлар кўп берилади. Мен бундай асарлардан қисман хабардорман. Уларнинг аксарияти ўқувчиларни жиноят кўчасига кириб қолишдан, оқибатсизликдан сақланишга огоҳ этувчи мазмунда. Бу асарларнинг бадиият қонун-қоидаларига тўла-тўкис жавоб беролмаслиги, оммавий китобхонга мўлжаллаб ёзилгани адабиётшуносларни таажжубга солиши табиий. Бироқ бундан келиб чиқиб, хусусий нашрларни “сариқ” деб камситиш нотўғри.
— Замонавий ўзбек адабиётининг қиёфаси ҳақида нима дея оласиз? Унинг камчилик ва ютуқлари нималарда акс этади?
— Замонавий ўзбек адабиёти — ўзгараётган, янгиланаётган адабиёт. Қарийб юз йиллик ижодий изланишларни ўз ичига олган яқин ўтмиш адабиёти ўрнига янги адабиёт келаётир. Ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгилана бошлаган насрдаги ижодий тажрибалар самараси яқин ўн беш, йигирма йилда ўзини рўй-рост кўрсатади.
Хўш, ўзгариш, янгиланиш адабиётга нима беради, деб сўрашингиз мумкин. Умумий тарзда айтсак, инсон ҳақида айтиш имкони бўлган ҳақиқатларга ёзувчи тобора яқинлашади. Ҳаёт, мавжудлик, инсон ҳақида ўзининг концепциясига эга ёзувчилар олдинга чиқади. Биз олдин ўтган ёзувчиларнинг маҳоратига далил сифатида келтирадиган тасвир воситаларининг кўпидан воз кечилади. Насрий асар матни туб ўзгаришга, янгиланишга юз буради...
Бугун бир қатор ёшлар қисса, роман жанрларида ўзларини синаб кўришаётир. Мен уларнинг романларида бу жанрнинг замонавий намунасини эмас, кўпроқ “роман ёзишга ҳавас”ни кўраман. Бу, албатта, табиий жараён; зеро, ҳавас, тақлид адабиётнинг катта, равон йўлига олиб чиқадиган сўқмоқлар. Гап ана шу сўқмоқларда қолиб кетмасликда.
— Кечаги ва бугунги китобхоннинг фарқи нимада?
— Китобхонлар ҳам бир неча тоифага ажралса керак. Кечаги китобхонлар орасида ҳам енгил ўқиладиган асарларга ишқибозлар кўпчиликни ташкил этарди. Бугун ҳам қарийб шундай. Айни пайтда, танлаб китоб ўқийдиган, савияси баланд китобхонлар ҳам кам эмас. Эсласангиз, ўтган асрнинг 60-70-йилларида севги қиссалари урф бўлганди. Қиз йигитни севади, йигит бевафолик қилади, оқибатда, қиз ё томдан йиқилиб, ёки автоҳалокатга учраб, қазо қилади... Ўки бунинг акси. Бугун ўша ўнлаб ишқий саргузаштлар тамом унутилиб кетди... Адабиёт ҳам табиатга ўхшайди: ўзини ўткинчи нарсалардан тозалайди, саралайди, вақт синовига бардошли нарсаларни ардоқлайди.
Юқорида адабиётимизнинг ўзгариши, янгиланиши ҳақида гапирдик. Шу маънода, янгиланаётган адабиёт китобхонни ҳам: унинг дунёқараши, диди, бадиий савиясини янгилайди, бойитади. Бу эса, шубҳасиз, адабиётнинг ютуғи, деган гап.
— Бадиий асарнинг қимматини қайси омиллар билан белгилаш тўғри бўлади?
— Бадиий асарнинг қимматини ҳар ким ўзининг савиясидан келиб чиқиб белгилайди. Танқидчи ва адабиётшунослар ҳам. Албатта, мутахассислар синалган мезонларга солиб бадиий асар қимматини белгилайдилар. Бу масалада мен ҳам ўз тажрибамдан келиб чиқаман.
Ҳар қандай асардан беш-ўн бет ўқиб кўрганда, бир неча хусусиятлар бир қадар аён бўлади: асар муаллифининг маҳорати, дунёқараши, ҳаёт ва инсон ҳақида ўзининг қараши бор-йўқлиги ва ҳоказолар. Кимнидир асар сюжети кўпроқ қизиқтирар, биров ундаги конфликтнинг кўламини етакчи хусусият, деб қарар. Мени матн қизиқтиради: унинг қурилиши, ундаги қиёсий-тарихий, қиёсий-маданий талқинлар... Шундан келиб чиқиб мен: “Ҳамма нарса матнда, агар матн бўлса, демак, асар чиққан, агар асар минглаб сўз ва иборалар қурамасидан иборат бўлса, матн йўқ, демак, асар чиқмаган”, деган тўхтамга келаман. Бу менинг бадиий асарга муносабатимда асосий ёндашув омили.
— XXI асрда яратилган қайси асарни ўзбек адабиётида катта воқеа бўлди, деб айта оласиз?
— XXI асрнинг биринчи ўн йиллиги яқинлашаётир, бироқ ўзбек адабиётида катта воқеа бўладиган асар яратилмади ҳали. Умид бор, жиддий ижодий изланишлар давом этаётир, ўзгариш ва янгиланишлар яқин келажакда катта воқеа бўларли асарни юзага келтиришга ишонч уйғотади.
— Адабиётшунос олимлар орасида бугун фаол ишлаётганлар кам, деган фикрни кўп эшитяпмиз. Бунга сабаб нима?
— Сиз кўп эшитаётган бу гапнинг “жони” бор: ҳақиқатан ҳам адабиётшунос олимлар орасида фаоллари кам. Бир мисол: “ЎзАС”да “Бадиий асар тили ва давр” мавзуида давра суҳбати ташкил этиб, кўпчиликни чорладик. Давра суҳбатида долзарб масалалар айтилди. Бироқ танқидчилар, адабиётшунослар аксарияти жим. На талашиб-тортишиш, на баҳс-мунозарага киришиш... Ахир бадиий асар тили барча даврларда адабий жараённинг энг актуал муаммоларидан саналган. Адабий танқиднинг сустлиги мунаққидларнинг чоп этилаётган асарларни ўқимаётганиданми, ўқишаётган бўлишса ҳам муносабат билдиришга вақт топишолмаётганиданми...
Ваҳоланки, бугунги адабий жараён адабиётшунослар, мунаққидлар олдига жуда кўплаб мавзуларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Булар орасида назарий масалаларнинг ўзи қанча? Бугунги адабий жараёнда қандай тамойиллар етакчилик қилаётир? Жаҳон адабиётида-чи? Бадиий асар таҳлилининг замонавий услублари қанақа? Улар бизнинг адабиётшунослигимизда қўлланаётирми?..
Бу каби масалалар “Ҳордиқ плюс” муштарийларида ҳам қизиқиш уйғотишига ишонаман. Зеро, газетада бериб борилаётган бадиий-саргузашт, ахлоқий мавзудаги асарлар уларнинг бадиият сир-асрорларидан хабардор бўлишларини тақозо этади, деб ўйлайман.
Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
06.09
Комментариев нет:
Отправить комментарий