среда, 9 декабря 2020 г.

“Ижод — бу руҳий эҳтиёж”


 Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов билан суҳбат.

 — Устоз, сизнинг Абдулла Қодирий ижодига мухлис эканинингизни биламиз. Нима деб ўйлайсиз, агар “Ўткан кунлар” ўзбек адабиётида биринчи роман, Абдулла Қодирий эса, бешафқат қатағон қурбони бўлмаганда, асар ҳозиргидек муваффақият қозонармиди?

— «Ўткан кунлар» абадияти Абдулла Қодирийнинг қатағони билан ҳам, романнинг маълум бир йиллар тақиқлаб қўйилгани билан ҳам, қолаверса, биринчи роман эканлиги билан ҳам боғлиқ эмас. Тўғри, Абдулла Қодирий қатл қилинган. Аммо бу авлод орасида биз санашга одатланиб қолган маълум ва машҳур уч-тўртта ижодкордан бошқа ҳам асарлар ёзган кўплаб ёзувчи ва шоирлар бор эди.

Уларнинг шеърий тўпламлари, насрий асарлари ўз вақтида мутолаа қилинди. Ҳатто мақтаб тақризлар ёзилди. Мактаб дарсликларига киритилди. Эҳтимол, мукофотга сазовор бўлганлари ҳам бордир. Лекин адабиёт тарихида деярли изсиз кетди. «Ўткан кунлар» биринчи ўзбек романи бўлгани учунгина муваффақият қозонгани йўқ. Бу роман пешонасига ўзбек адабиёти учун чинакам роман жанрининг намунаси бўлиб туғилиш тақдири битилган эди. Бу гапни айтишимга сабаб бор. Ўша ХХ аср аввалида, «Ўткан кунлар» ёзилгунга қадар ҳажми ҳикояча келадиган, мазмун-моҳияти, қурилиши дунё адабиётида мавжуд романлар ўлчамига мутлақо мос келмайдиган Ҳ. Ҳ. Ниёзийнинг «миллий романлар»и эълон қилинди. Лекин бу «миллий романлар» улкан эпик жанр талабларига жавоб бермас, унда романга хос тафаккур, кўламдорлик, психологик асослов, образлар туркуми ва яна бошқа кўп адабий унсирлар етишмас эди. Шунинг учун «Ўткан кунлар» романи муваффақиятини Абдулла Қодирий истеъдоди, романнинг юксак маҳорат билан ёзилгани, адабиётнинг азалий ва абадий мавзуларидан бири бўлган ишқ-муҳаббат масаласини тарихий даврнинг энг оғриқ дардлари билан уйғунлаштириб, гўзал бадиий тил билан тасвирлагани каби омилларга боғлаш ўринли бўлади.

«Ўткан кунлар» романи бугун ўқилмоқда. Уни китобхон зерикмасдан мутолаа қилади. Китоб ўқишни маслаҳат сўраган ҳар кимга ҳеч иккиланмасдан тавсия қилиш мумкин бўлган бир роман. Келажакда ҳам ўқилишига мен тўла ишонаман.

«Ўткан кунлар» ёзиб тугалланган, китоб ҳолида чиққан замонларда романни бошдан-охир ёд олиб айтиб юрган романгўйлар бўлган. Бу ўзбеклар ёки туркий тилли миллатлар учунгина муҳим ва қизиқ роман эмас. Демоқчиманки, Қодирийни узоқ хорижда ҳам ўқишади. Хорижда қодирийшунослар бор. Абдулла Қодирий феномени ва «Ўткан кунлар» романи — бу маҳобатли ва абадиятга дахлдор ҳодиса.

Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари бадиий жиҳатдан “Ўткан кунлар”чалик етук эмас, деган фикрга қандай қарайсиз?

— «Меҳробдан чаён» романи эълон қилингандан кейин мунаққид Миён Бузрук Солиҳов 1929 йили «Шарқ ҳақиқати» газетасида босилган танқидий мақоласида шу гапни айтган. Бу фикр бошқа адабиётшунослар, китобхонлар орасида ҳам бор. Мен эса ҳар икки роман Қодирийнинг қўш қаноти, Қодирий адабий шахсиятини юксакликка кўтариб турган қўш қоясидир, деган бўлар эдим. Негадир бизнинг тафаккур тарзимизда таққослашлар кўпинча бирёқлама бўлади. Бири эвазига бошқасини камситиш ёки ҳаддан ташқари кўтар-кўтар қилиш ҳолатлари учраб туради. Албатта, баҳолашда қиёс муҳим. Аммо муқояса қилинаётган иккинчи шахс ёки объект камситилмаса, холис баҳо берилган бўлади. «Ўткан кунлар»да фазилат кўп, поэтик жиҳатдан юксак. Бу фикрни «Меҳробдан чаён» романига нисбатан ҳам бемалол қўллаш мумкин. Роман бадияти юзасидан диссертациялар ҳимоя қилинган, рисолалар ёзилган. Агар «Меҳробдан чаён» романи ҳижжалаб ўқилса, имманент анализ қилинса, унинг фазилатлари кўзга яққол ташланади. Анвар ва Раъно барчанинг суюмли образлари. Романдаги Солиҳ махдум — бу романнависнинг кашфиёти. Инсон руҳияти билимдони, инсон табиатидаги зиддиятлар мусаввири сифатида Абдулла Қодирий айнан ана шу образида ўз маҳоратини намоён этади.

1994 йили битта муқова ичида нашрдан чиққан адиб романларини мендан олиб ўқиган бир дин олими, фақиҳ бир зиёли киши: «Негадир менга «Меҳробдан чаён» романи маъқул келди», деган фикрни айтди. Мана бу гапга нима дейсиз? Романларни ҳазм қилиш ҳар кимнинг дидига, қарашига, мутолаа жараёнидаги руҳий аҳволига ҳам боғлиқ, албатта. Адабиётшунослик илмида бадиий асарни ўқувчининг қабул қилиш жараёнини ўрганадиган  махсус йўналиши бор. Унинг номи — адабий рецепция. Таассуфки, бизда бу соҳада эътиборга молик илмий ишлар қилинганича йўқ.

Илгари адабий нашрларда насрий асарларингиз босилиб турарди. Кейин негадир ёзмай қўйдингиз. Бу адабиётшуносларнинг бадиият қонунларини яхши билгани учун ёзиши қийин деган фикр билан боғлиқ эмасми?

— Бу саволга  жавобим йўқ.

Адабиётшуносларимизнинг бугунги фаолияти сизни қониқтирадими? Ўзингиз шу соҳанинг вакили сифатида қайси мавзу ва масалаларни жиддий ўрганиш керак деб ўйлайсиз?

— Ҳар қандай ижодкорни комил қониқиш туйғуси охир-оқибат турғунликка олиб келади. Одам ўз ишларидан қониқмайди. Бирор илмий муаммони ёки ишни қойилмақом қилиб қўйдим, деган адабиётшунос адашади. Чунки инсон зоти заиф қилиб яратилган, унинг диссертациясида, китоби ёки мақоласида ҳамма вақт номукаммал ўринлар, баҳс-мунозарали масалалар, очиқ нуқталар, бўшлиқлар бўлади. Шу маънода ўзбек адабиётшунослари фаолиятидан нафақат мен, балки уларнинг ўзлари ҳам қониқмайди, деб ўйлайман. Дунё адабиётшунослигида йўл-йўлакай, номига, юбилей муносабати билан бажарилган ўткинчи ишлар асло қадрини топган эмас. Адабиётшуносларнинг нисбатан умрбоқий асарлари ҳам узоқ ва машаққатли меҳнатлар эвазига юзага келган.  Адабиётшунослик таҳлил ва талқин методлари жиҳатидан янгиланиши керак. Жаҳондаги янгича адабиётшунослик мактаблари ва талқин услублари жиддий ўрганилиши лозим деб ҳисоблайман. Янги руҳдаги адабиёт назарияси, албатта, ёзилиши керак. Дарвоқе, адабиёт назарияси эскирганини таъкидлаётган мутахассисларимиз бор, лекин орзу-истак ёки танқиднинг ўзи билан янги адабиёт неазарияси майдонга келмайди.

Шундай даврлар бўлдики, ҳамма адабиётшунослар ёппасига жадидшунос бўлиб кетди. Ҳозирги кунда шу ёпирилишнинг ҳовури пасайиб қолди. Шахсан мен адабиётшуносликда шу соҳадаги кенг қамровли тадқиқотлар давом этиши лозим деб ҳисоблайман.

Адабий танқидчиларимизнинг, шахсан ўзимизнинг ҳам адабий жараёнга аралашувим қониқарли эмас. «Бадиий асарлар» жуда кўп, уни ўқийдиган ўқувчи борми? Баҳолайдиган мунаққид-чи? Танқиддан тубан нарсалар хусусида ёзишга қалам қайсарлик қилади.

Кечаги адабиёт билан бугунгисини солиштирганда, қандай ўзгаришлар кўзга ташланади?

— Истайсизми-йўқми, адабиётдаги улкан ўзгаришлар талантли адабий шахсиятларнинг ижодий фаолиятига дахлдор ҳодисадир. Кеча ижод қилаётганлар, агар  ўтган ХХ аср назарда тутилса, бугун ҳам ўн ёшга улғайган, ўн йиллик тажриба орттирган ҳолда ижод қилишда давом этмоқда. Мабодо муайян бир адиб ёки шоир ижодий биографиясида фавқулодда оригинал асар яратилган бўлса, табиийки, буни ўзгариш ёки янгиланиш сифатида баҳолаш лозимдир.

«Кеча» деганда шўро замонлари, истиқлолгача бўлган кунлар эътиборда тутилаётган бўлса, назаримда, бу чегарадаги адабиётга алоҳида диққат қилиш зарур. Чунки ўзбекнинг тарихида ҳар доим улкан ҳарфлар билан ёзиладиган МУСТАҚИЛЛИК бадиий ижод аҳли учун эркин ижод, турли-турли тажрибаларни синовлардан ўтказиш имконини берди. Албатта, бу имкониятдан кўпроқ бадиий жиҳатдан етук, гўзал санъат намуналарини бино қилиш йўлида фойдаланиш лозим деб ўйлайман. Бундай бир қарасангиз, ўтган кунларга нисбатан китоб чиқарувчилар сон-саноғи бир неча мартага ортди. Мен бу ўринда «шоир», «ёзувчи» ёки «ижодкор» сўзини эмас, балки айнан атайин «китоб чиқарувчи» таъбирини ишлатаётирман. Ҳа, китоби чиққан ҳар кимни ижодкор санаб бўлмайди. Ижод — бу руҳий эҳтиёж, маънавий етилиш. Демак, бугун ижод намунаси сифатида босилаётган асарлар инсон руҳий-маънавий оламига нур олиб кириши, ақл-заковатига таъсир ўтказиши лозим.

Кечаги адабиёт моҳиятида эркка интилаётган лирик, эпик қаҳрамонлар рамзлаштирилди. Ҳис-туйғуни, англанган ҳақиқатни яланғоч равишда бериш собиқ давлат миқёсида ишлаб турган улкан цензура механизмининг қаршилигига дуч келар эди. Шу боисдан ижодкор асарини чин маъноси билан образли поэтик тафаккур асосига қуришга мажбур эди. Дарахтлар, балиқлар, юлдузлар, тоғлар ва бошқа нарса-предмет ҳамда воқеа-ҳодисалар образ либосини кияр эди. Ижодкорнинг эстетик идеали ниҳоятда юксак, яъни қайсидир маънода юрт озодлиги, адолат, тенглик каби тушунчалар билан боғлиқ эди. Ўзбекистон мустақил бўлди. Ижодкорларнинг орзулари рўёбга чиқди. Энди назаримда ижод аҳли шу юрт шуҳратига муносиб ижод қилишлари лозим. Озод Ватанни улуғлаш керак. Бу улуғлашда ҳатто бирорта «Ватан» сўзини қўлламасдан ҳам шу туйғуни ифодалаш мумкин. Аммо аксар шеърга ўхшаб ёзилган тўртбурчакли қолипга жойланган матнларда бетўхтов бир хил сўзлар такрорланади. Мен учун шеърда шоирнинг юрак садоси муҳим. Юрак шеърлари билан бўғиз шеърларида, дардли-дардсиз, табиий ва сунъий шеърларда фарқ бўлади.

Янги асрда яратилган асарларнинг қайси бирини адабиётимизда воқеа бўлди деб айта оласиз?

— Истеъдодлар вақти-вақти билан туғилади. Адабиёт тарихидан муносиб ўрин оладиган бадиий асарлар ҳам бир-икки кунда яратилиб қолмайди. ХХ1 асарнинг тўққизинчи йилида турибмиз. Шу йиллар ичида ёзилган асарларнинг ҳаммасини ўқишнинг имкони бўлмади. Адабиёт дунёсида воқеа бўлиш оригиналликни талаб этади. Адабиётда воқеа бўладиган асар назарий тушунчаларни янгилайди. Янги назарияларнинг туғилишига сабабчи бўлади. Мен оптимист бир одам сифатида шу типдаги юксак савияли бадиий асар янги асрда албатта ёзилади, деб умид қиламан. Эҳтимол, воқеа бўладиган асар айнан шу кунларда ёзилаётгандир. Чуқур дарё сокин оқади деганларидек одатда бундай асар эгалари шовқин-суронсиз жим юради; ўйлаб-фикрлаб узоқни кўзлаб ёзади. Шуҳрат илинжида кўкрагига муштлаб, ўз-ўзини тарғиб-ташвиқ қилиб ёнгувчилар эса, тезда ўчади.

Сизнингча, ўзбек адабиётини қайси асарларсиз тасаввур этиб бўлмайди?

— Бу саволга жавоб бериш ҳам осон, ҳам қийин. Осони шуки, агар мумтоз адабиётимизга эътибор берилса, баҳайбат чўққиларга кўзингиз тушади. Ҳамма кўриб-билиб турган асарларни такрорлаб ўтирмайман. ХХ аср адабиётида ҳам шундай қоялар бор. Мен атайин битта асарни тилга оламан. Ўзбек романчилигини «Ўткан кунлар»сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Атайин дейишимга сабаб аксар ҳолатларда мен адабиётшунос сифатида шу романга мурожаат қиламан. «Гадонинг душмани гадо бўлади», деганларидек бу айрим ёзувчиларнинг ғашига ҳам тегибди. Бир давра суҳбатида бадиий тили ниҳоятда латифлигини таъкидлаб, бошқаларга ўрнак бўлишини айтган эдим. Шунга муносабат билдирган бир ёзувчи: «Сиз ўша асардан бошқасини ўқимаган бўлсангиз...», мазмунида таҳқирли эътироз билдирди. Аслида, бу гапдан хафа бўлмадим. Чунки бундай гапни маънавияти баланд, қалби кенг зиёли бир одам айтмайди. Айтмоқчиманки, қанчалик бировлар ғашига тегмасин, яна бир ҳақиқат шу — ўзбек романчилигини «Ўткан кунлар»сиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Қийин томони шундаки, худога шукр, бизнинг адабиётимиз тарихида яшаб келаётган ва яшаб қоладиган асарлар кўп. Аммо кейинги давр, бугунги кун асарлари прогнозини айтиш, асарларни санаш — мушкул иш. Чунки исм-фамилияларни санаш жараёнида нимадир ёки кимдир эсдан чиқиб тушиб қолиши мумкин. Оқибатда, бу кечирилмас фаромушхотирликни ҳар йиғин ё анжуманларда изоҳлаб юриш керак бўлади.

Бугунги кунда жаҳонда ҳар ойда битта китобини китобхонларга тутқазиб турадиган ёзувчилар пайдо бўлди. Даниэла Стил, Дарья Донцова, Татьяна Устинова кабиларни шу қаторга қўшишимиз мумкин. Ижоддаги самарадорлик сифатга таъсир қиладими? Умуман, шундай ижодкорларнинг асарларига муносабатингиз?

— Сермаҳсуллик саёзликни англатмайди. Х1Х асрда О. Бальзак, Л. Толстойдек даҳолар сермаҳсул ёзувчилар эди. Уларнинг деярли ҳар бир асари ўқишга арзийди; тафаккурга чорлайди, инсон маънавиятини бойитади. Самарали ижод сиз айтган сифат, яъни адабиётшунос тили билан айтганда, бадиий асарнинг ғоявий-поэтик қуввати, инсон руҳиятини, жамият дардини ҳаққоний тасвирлаши, образ яратиши каби жуда муҳим жиҳатларни асло четлаб ўта олмайди. Ижод жараёни ўта индивидуал-психологик жараён. Бадиий ижод омма иши эмас. Оқ қоғоз, ўткир қалам ва истеъдодли одам — ана шу учлик бадиий СЎЗ воситасида дунёни ларзага соладиган мўъжизавий санъат намуналарини яратишга қодир. 

Ижод жараёни ҳар кимда ҳар хил кечади. Бу ижод ишининг ҳаммага татбиқ қилинадиган, ҳамма учун мос келадиган аниқ бир формуласи йўқ. Ҳар куни тинимсиз ёзиб, ҳар ойда битта китоб чоп эттирадиган ёзувчилар ҳам бор. Бундай асарнинг тез ёзилиб, тез чоп этилгани учун қиймати тушиб кетмаганидек, бир неча ўн йиллаб ёзилган асарнинг узоқ давр мабойнида ёзилгани учун қадри ошиб ҳам кетмайди. Гап асарнинг тез ёки секин ёзилганида эмас, ҳамма гап унинг ҳақиқий санъат намунаси сифатида яшаб қолишида, узоқ йиллар инсон руҳий-маънавий дунёсига озуқа беришидадир.

Адабиёт, энг аввало эзгуликка хизмат қилиши керак, деган назарияга қандай қарайсиз?

— Албатта, адабиёт инсоннинг тарбиясига, ахлоқига, руҳий бутунлигига, эзгуликка хизмат қилиши керак. «Адабиёт»нинг негизида «одоб» борлигини ҳамма билади. Бу азалий ҳақиқатни тан олиш лозим. Аммо масаланинг бошқа бир жиҳатини мен таъкидлаб келаман. Бадиий асарлар тўғрисида иншолар ёзилганда «фалон-фалон асар менда унга нисбатан нафрат, ҳаётга нисбатан муҳаббат уйғотди», деган босмақолипли (стереотип) фикрлар баён этилади. Аслида, инсон ҳаётсевар, умидли бўлиши; ичкарисини такомиллаштириши керак. Бу жараён, истайсизми-йўқми, бир ҳақиқатни тан олмагунча кемтик бўлиб қолади. Бу ҳақиқат — ўлим ҳодисаси. Ҳар қандай инсон бошига келадиган ўлим ҳақида ўйлаши керак. Бадиий адабиётнинг бу азалий ва абадий мавзуси. Дунё адабиётида ўлим билан ҳаёт чегарасини махсус тасвирлашни ўзлари учун асосий тамойил қилиб олган фалсафий йўналишлар бор. Демоқчиманки, бадиий адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсоннинг ўлим ҳодисасига нисбатан табиий муносабатини ҳам тарбиялаши лозим. Аслида, бу вазифа моҳиятида ҳам эзгулик мавжуддир.

Филология факультетида таҳсил олаётган ёшларда қайси жиҳатларни кўришни истардингиз? Уларнинг адабиётга қизиқиши қониқарлими?

— Биз Миллий университет ўзбек филологияси факультетида ишлаймиз. Таълим олаётган талабалардан кўп нолиймиз. Баъзида «Бизнинг замонамизда фалон эди, фисмадон эди, ётиб ўқир эдик, ўқиб ётар эдик. Ҳозиргиларга ҳайронман» ва ҳоказо, шунга ўхшаш гапларни айтиб ўзимизни беихтиёр осмонларга кўтариб, талабаларни ерга урамиз. Аслида, биз талаба бўлган пайтларда ҳам, эҳтимол, муаллимлар биздан шундай шикоятлар қилгандир. Вақти келиб, ҳозирги талабалар улғайгач, ўзларининг ёшлигини ўзидан кейинги авлодга намуна қилиб кўрсатсалар керак. Қандайдир мушткетти, занжирли реакция борга ўхшайди бунда. Аслида, ҳар кимнинг ёшлиги ўзи учун бетакрор, ўзи учун қизиқарли, ўзи учун қадрдон. Биров бошқанинг умрини яшай олмайдиганидек, бошқа бировнинг ғам-ташвиши, сурурини ўз вужудида синаб ҳам кўра олмайди. Нима демоқчиман? Ёшларга умид қилиб, ишонч билдирмоқ керак. Бугунги талабалар эртанги кун ўзбек филологияси муаммоларини ҳал қиладиган олимлар, профессор ва академиклардир. Мен қайсидир маънода тусмол билан биламан. Адабиёт факультетлари аудиторияларида ўтирган талабаларнинг ҳаммаси ҳам қизиққани учун шу соҳани танлаган эмас. Баъзилари мажбуран, ота-она хоҳиши билан, бировлари физика-математика фанларидан «қочиб», филология факультети эшигига бош уришган. Адашмаслик керак, мактабда табиий фанларни яхши ўзлаштирмаган ўқувчидан билимдон филолог ҳам чиқмайди. Шу боисдан уларнинг адабиётга қизиқишлари ҳам турлича. Чин дилдан адабиётни севгувчи, сўз санъатига ҳақиқатан ҳам қизиқувчи талабаларнинг адабиёт фидойилари бўлиб етишмоқларига  ишонаман. Муҳими ҳам шу.

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

11.2009

Комментариев нет:

Отправить комментарий