Таниқли адабиётшунос олим, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгирган моҳир таржимон Иброҳим Ғафуровга адабиётимизнинг ютуқ ва муаммолари, таржимонлик санъатининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги саволлари билан мурожаат этдик.
— Устоз, айтинг-чи, адабиётнинг XXI асрдаги муаммолари нималарда акс этади?
— Энг катта ва энг долзарб муаммо адабиётнинг ҳозирги замон воқелигидан ўз ўрнини топиши; одамларнинг ҳозирги ва кейинги йигирма беш йил давомида пайдо бўладиган ва урғу оладиган интилишлари билан ҳамоҳанг бўлиши; даврнинг ранг-баранг хусусиятларини ўзига хос воситалар билан илғаб олиши ва уларнинг бадиий-илмий акс-садосини яратиши ва оммавий онг қатламлари, ҳиссиётлар оқимлари ичига кириб бориши.
Булар XX асрдаги ва, айниқса, унинг сўнгги чорагидаги муаммоларга маълум даражада ҳамоҳанг, ўхшаш, маълум маънода уларнинг давоми, шу билан бирга улар охирги чорак асрда дам ўткир шиддат, дам киши билмас, сезилар-сезилмас аста-секинлик билан юзага чиққан ва кейинги тўрт-беш йил ичида, айниқса, сезиларли тус олган янги воқеликнинг шаклланиб улгурган, одамлар эътибор қаратаётган характерли хусусиятларидан туғилаётган муаммолардир. Уларни кейинги чорак асрда юз кўрсатган янги воқеликнинг янги муаммолари деб атасак, ўринли бўлади.
Ҳозирги замонда ва келажакда иқтисодий тикланиш ва яхши кун кўришга интилиш, ер, ҳаво, сув, энергия манбаларини сақлаб қолиш, ерда қиёмат қўпишини, иложи борича, олис замонларга қолдириш билан боғлиқ ўта аҳамиятли муаммолар биринчи ўринга чиқиб, адабиёт ўз мавқейини йўқотиб қўйиши, назардан қолиши, муаммолар қудрати олдида ўзини ожиз ва ночор аҳволга солиб қўйиши ҳам мумкин. Инсониятнинг ақл-идрокига, хулқига мурожаати қудратли ва таъсирчан бўлган чоғдагина адабиёт бундай ночорликдан сақланиши мумкин.
— Жаҳон адабиётининг буюк асарларини ўзбек тилига таржима қилгансиз. Таржима оригинал асар ёзишдан ҳам қийинроқ дейишади...
— Таржима аслият тилидаги асарни таржима тилига ўгириб, уни қайтадан яратади. Оригинал асар яратишнинг мавқейи, завқи, жозибаси ўзгачароқ, албатта. Таржима маданий ҳаракат. Таржимон маданият ходими. У ўз таржимаси билан одамлар, эллар, элатлар, халқларни бир-бирига яқинлаштиради, тушунарли қилади, санъатларнинг ўзаро бойишига йўл очади. Таржимон тил дунёси, услублар дунёси, бадиий воситалар дунёси билан иш кўради. Унинг касбининг сифат даражаси ва белгиси маҳорат билан ўлчанади. Таржима бошдан охир тил ва услуб маҳоратидир. Шунга кўра, у худди оригинал асар яратувчи қаламкаш каби тўла маънода ижодкор. Бирон аслиятдан аҳамиятли асар маҳорат билан таржима қилинаркан, бу таржима асар энди айни миллий адабиётнинг мулкига айланади. Толстой Европа адиблари, олимларининг асарларини немис, инглиз, француз тилларида муттасил ўқиб борган, шунда уларни рус ўқувчиларига ҳам рус тилида ўқишларини ниҳоятда соғинган. Европа адибларининг асарлари рус тилида ҳам доимо жаранглаб туришини орзу қилган. Фикрларнинг кенгайиши ва бойишини истаган.
— Асарни оригинал тилдан эмас, бошқа, масалан, рус тилидан таржима қилганда, унинг асл моҳияти, руҳи йўқоладими?
— Аслиятдан эмас, иккинчи ёки учинчи тил орқали таржима қилишни воситали таржима деб юритишади. Рус тили орқали ўзбек тилига дунё адабиётининг жуда кўп буюк асарлари ўгирилган. Биз дунё тилларини билиш, ўрганиш, ўзлаштиришни дастлаб рус тилидан бошлаганмиз. Рус тили орқали кўп миллий адабиётларнинг эшикларини очишга, ўша адабиётларнинг тажрибаларидан баҳраманд бўлишга эришганмиз. XX асрдаги маълум бир шароитлар ва мафкуравий чегаралар рус тили орқали таржима қилиш қулайлигини туғдирган. Аммо бадиий адабиётларни аслият тилидан таржима қилишнинг йўриғи бошқа, бу асл таржима йўли. Шавкат Раҳмон ўтган асрда Лоркани ўзбек тилига ағдараман деб, испан тилини жон-жаҳди билан ўрганишга киришганда, Лорка рус тилига жуда гўзал таржима қилинган, ўзбек тилига русчасидан ўгиравермайдими, бошини қотириб, вақтини кетказиб нима қилади, дегувчилар ҳам орамизда йўқ эмасди. Аммо Шавкат рус тилидаги Лоркани хўб қунт билан ўқиган, синчиклаб ўрганган, улар ҳақида севиб гапириб юрар, лекин, барибир, уларни ўзбек тилига испанчадан ўгираман, шунда улар бутунлай бошқача жаранглайди, дерди. У жазмига яраша иш қилди. Бир неча йил испан тилини ўрганди ва Лоркани испан тилидан ўзбекчага ўгирди. Рус тилидаги Лоркага солиштирсангиз, Лорка ўзбек тилида бошқа янгроқ хаёлий сурурий бир оҳангда акс этганлигини аниқ кўриб, ҳис этасиз.
Хемингуэй, Фолкнер, Эдгар По, Мопассан асарларини ўзбек тилига русча таржималари орқали ўгирганман. Кейин Ф.М. Достоевский асарларини таржима қилишга жазм этдим. Шунда ғалати бир ижодий ҳодисани кузатдим. Аслиятдан Достоевский романларини таржима қилиш ўзгача бир хосиятга, ўзгача бир стихияга эга эканлигини сездим. Оригинал тилининг оқими, поэзияси табиийлиги билан ажралиб турар, онгингиз, қалбингизда ҳам табиий шу оқим жуда кучли акс-садо берарди. Табиий оқимдан таржимада ҳам табиий оқим туғиларди. Хемингуэй, Мопассан, Эдгар Пони рус тилига улуғ таржимонлар ўгирганлар: улар жуда юксак бир маҳорат намунаси. Лекин, барибир, таржима эканлиги билиниб туради. Ўшанда негадир Достоевскийни таржима қилиш Хемингуэйни таржима қилишдан анча осонроқ, завқлироқ эканлигини англаганман. Аммо қайси тилдан қилинмасин, таржимада маҳорат биринчи ўринда туради. Қайси тилдан таржима қилинмасин, таржима ўз универсал принципларига риоя қилади. Таржимада тил билиш, аслиятни юракдан ўтказиш, услуб нозикликларининг ўз меъёрини топиб ифодалаш унинг муваффақиятини таъминлайди. Лекин воситали тил орқали таржима қилинганда, ҳеч шак-шубҳасиз аслиятнинг гап қурилиши ўзгаради, фразеологик бирликларнинг мос муқобилларини топишда талай қийинчиликларга дуч келиб, уларни ижодий савқи табиийлик билан енгиб ўтишга тўғри келади. Инглиз тилидан рус тилига ўгирилганда, аслият услуби бир ўзгаришга дучор бўлса, ундан яна ўзбек тилига ағдарилганда, оригиналнинг гап қурилиши учинчи ўзгаришга учрайди. Воситали тил орқали таржима қилинганда, шунга ўхшаш ҳолатлардан қочиш қийин. Лекин асарнинг умумий руҳи, сюжет чизиқлари, қаҳрамонларнинг тақдир йўналишлари, образли структураси ўзгармайди. Воситали тил орқали таржима қилиш ҳали анча вақтлар сақланиб туради. Лекин аслиятдан таржима қилишнинг ҳажми ҳам, мавқейи ҳам кучайиб боради.
— Сизнингча, Жеймс Жойснинг “Улисс” романини ўзбек китобхонлари қабул қилишга тайёрми?
— Албатта, “Минг бир кеча” эртакларини, Майн Рид ва Стивенсон саргузаштларини, Тоҳир Малик детективларини, дракулалар тўғрисидаги олди-қочди, қувди-тутдиларни ўқиш осон. Ҳатто булар одамга чексиз фароғат бағишлайди. Одамлар ўқиб маза қилдим, деб тамшаниб қўйишади. Аммо авангард адабиётнинг дунё миқёсидаги чўққиси бўлган Жойснинг “Улисс” романини ёки Пруст романларини ёки Кафка асарларини, Нитшени ўқиш осон эмас. Булар юксак бадиий кашфиётлар мужассам бўлган асарлар. Жеймс Жойс илк бора бадиий адабиётда “онг оқими” деган тасвир усулини очди. Қаҳрамонларининг вақт бирлиги ичида — бир он ичида рўй бераётган барча таъсирланишлари, кечинмалари, миясида, мия остида рўй бераётган англанган ва англанмаган фикр-хаёллари — бу хаёллар, ўйлар, кечинмалар дам узоқ-узоқ тарих воқеаларига, дам қаҳрамоннинг шу тобда нақ оёғининг тагида, бурнининг тўғрисида кечаётган воқеликка, дам шуларнинг оғриқли, изтиробли таассуротларига кўчади ва буларнинг ҳаммаси Блум Дублин кўчаларини тинимсиз кезаркан ёки Молли Блум хоним ўз ётоқхонасида уйқудан уйғонайми, уйғонмайми, деб нозланиб, эринчоқ бир вазиятда ёйилиб ётаркан, хаёл оқими тусини олади. Бу оқим пўртаналари ичига кириб олсангиз, улар нақадар сермаъно, нақадар инсоний ва нақадар жозибали эканлигини сезасиз ва сўнг бу жозибага бир умр ошиқ ва ошуфта бўлиб юрасиз. Инсон психикасининг кутилмаган ва ҳали ҳеч ким англаб етмаган томонларини, ажиб ҳайратомуз хусусиятларини бунчалар буюк кашфиётчилик билан акс эттирмаганлиги, тасвирламаганлиги, бу фавқулодда ўзгача бадиий олам эканлигини сезасиз. Улисснинг оворагарчиликлари, саргардон кезишларида инсоният мавжуд экан, тамомила оворагарчилик учун туғилган бир мавжудот эканлигининг маъносини уқиб олаётганга ўхшайсиз.
— Француз адиби Ги Де Мопассаннинг “Азизим” деган машҳур романини ўзбекчалаштиргансиз. Бу роман ўзбек тилида уч марта нашр этилди. Илк нашрлари жуда катта тиражда босилиб тарқалган бўлса, учинчи нашри бор-йўғи икки минг нусхада тарқалди. Бу мутолаага қизиқишнинг пасайганини кўрсатадими ёки бошқа сабаби борми?
— “Азизим”ни ўқувчиларимиз жуда севиб ўқишган. Ҳозир ҳам севиб ўқишади. Роман ҳамон ўлмас ҳаётийлиги билан ўзига тортиб туради. Жорж Дюруа каби чаққон йигитлар ҳозир ҳам кам эмас. Юлдузни бенарвон урадиган бу ақлли йигитга ҳавас қиладиганлар бор. Аммо одамларнинг китоб ўқишга бўш вақтлари қолмаганга ўхшайди. Китоб ўқишдан кўра фойдалироқ бўлган ишлар билан шуғулланайлик, тезроқ биримиз икки бўлсин, тезроқ моддий ҳаётнинг орзу-ҳавасларига ошно бўлайлик, биз ҳам лимузинларда, оққушлардек оппоқ машиналарда кўзларимиз яйраб юрайлик, деб серҳавас яшашга интилишлар биринчи ўринга чиқиб боряпти. Шунинг учун китоб ўқишнинг мавқейи, бу ҳатто “Азизим”дай гўзал роман бўлса-да, тушиб кетди. Лекин моддий манфаатдорликлар ўз ташналикларини тўла-тўкис қондиргандан сўнг шояд сокин хаёлга чўмиб китоб ўқишни соғинадиганлар, китобхонлик лаззатини биринчи ўринга қўядиганлар аста-секин кўпайиб борса...
— Нима учун ўзбек ёзувчиларидан бирортаси Нобель мукофотини ололмаган?
— Нима учун Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов ёки Ўлжас Сулаймонов каби улкан адиб ижодкорлар бу мукофотни олишмади? Нобель мукофоти олишнинг ўз сир-синоатлари ва одам доим ҳам тушуниб етавермайдиган қонун-қоидалари бўлса керак. Нобель мукофоти ўзбек адабиёти ёки бошқа қон-қардош адабиётларда яратилган ва яратилаётган асарларнинг сифат мезони бўлолмайди. Мезонлар, ўлчовлар, баҳолашлар ҳар қандай ҳолда ҳам ўта нисбий. Шунинг учун бўлса керак, бу мукофотни олишдан бош тортган олимлар ва адиблар ҳам йўқ эмас. Акс ҳолда, Ўткир Ҳошимов ёки Шукур Холмирзаев нега сиз айтаётган мукофотга сазовор бўлмасин? Ахир буларнинг асарлари халқ ичида қанчалар кенг тарқалган, кенг эътироф этилган, халқнинг маънавий-эстетик тарбиясида қанчалар таъсирчан кучга эга!
— Бугунги адабий жараённи қандай баҳолайсиз?
— Ҳозирги пайтда танилган, танилмаган, тажрибали, тажрибасиз ва булардан кўп сонли ҳаваскор қаламкашлар асарлар ёзишяпти. Катта-кичик нашриётлар, ҳаммабоп газеталар, бозор нашрлари уларни имкон қадар босиб чиқаришиб, ўз ўқувчиларига тақдим этишяпти. Ўзбек адабиёти Навоий адабиёти, Лутфий, Саккокий, Атоий, Гадоий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Қутб Хоразмий, Ҳайдар Хоразмий, Сароий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким Ота Бақирғонийлар адабиёти жуда катта салмоқли тарихга эга бўлган адабиёт. Бу адабиётнинг асарлари тирик, улар бугун ва келажакда маънавий маданиятимизга улкан ҳиссасини қўшиб бораверади. XXI аср ва ундан кейинги адабий-бадиий жараёнларга ҳам ўз қудратли таъсирини кўрсатиб бораверади. Шунинг учун ҳозирги адабий жараёнларимизга катта илдиз анъаналарга эга адабиёт деб қараймиз. Ҳозир адабиёт янги воқеликни ўзлаштириш, унинг бадиий, тасвирий инъикосини топиш йўлига кирди, деб баралла айта оламиз. Адабиётимиз янги воқеликдан, янги воқелик одамлари ҳаётидан ўз ўрнини топиш йўлига қадам қўйган. Гўзал ва иқтидорли миллий тилимиз бор. Бу тил янги замон жойслари, толстойлари, қодирийлари учун ҳар қанча озуқа бериш қудрати ва салоҳиятига эга.
— Бугун ўзбек адабиётшунослари фаолиятида сусткашлик кузатилаётганга ўхшайди...
— Авлодлар алмашадиган, соҳаларга янги насллар кириб келадиган бир даврда яшаяпмиз. Эски адабиётшунослик ўз вазифаларини адо этиб, тарих саҳифасига ўтди. Янги адабиётшунослик эса энди-энди куртаклаяпти. Аммо адабиётшунослик бажарадиган муҳим юмушларни ҳамон ўша эски адабиётшунослар эплаб турибди. Улар ичида Умарали Норматову Наим Каримов, Абдуғафур Расулову Бахтиёр Назаров, Иброҳим Ҳаққулу Қозоқбой Йўлдошев, Улуғбек Ҳамдаму Нусратулла Жумахўжа, Ҳамидулла Болтабоеву Нўъмон Раҳимжонов ва бошқа талай-талай адабиётшуносликнинг қалам соҳиблари ғайрат билан тер тўкиб туришибди. Лекин адабиётимизнинг майдони катта бўлгани учун буларнинг олиб бораётган ижодий-илмий ишлари доим талабчан ўқувчиларга оз кўринади. Бўлмаса, Наим Каримов ва Умарали Норматовлар қора терга ботиб ишлашмаяпти дейсизми... қанчадан-қанча олижаноб ижодий ишлар амалга ошяпти. Йўлдошали Солижоновнинг ўзи вилоятда туриб, қанчалаб китоблар чиқаряпти, фаол мақолалар ёзяпти, адабий жараёнларимиз ҳодисаларини баҳоли қудрат баҳолашга уриняпти. Булардан асло кўз юмиб бўлмайди, албатта. Лекин адабиётшунослигимиз аксаран адабий ҳодисаларни баҳолаш ва таҳлил қилишда, талқинда эски қолиплардан қутулган эмас. Бир пайтлар рус адабиётшунослигида “полифония” деган тушунча анча урф бўлганди. Ҳозир адабиётшуносларимиз жараёндаги кўп ҳодисаларни зўрлаб шу полифония қолипига бўйсундирмоқчи, шу тушунча орқали тушунтирмоқчи бўлишади. Уларга қолса, Аҳмад Яссавийдан то Аббос Саидгача барча шу полифонияга риоя қилган. Ёки “инсонни тушуниш” деган тушунчани олинг. Барча адабиётшунослар Ўткир Ҳошимовни ҳам, Шукурни ҳам, Саъдуллани ҳам, Хуршидни ҳам, Тиловолдини ҳам, Эркинни ҳам, Назарни ҳам, Тоҳирни ҳам, Нурийни ҳам шу тушунча қолипига солиб талқин этишга уринишади. Ёки Навоийдан тортиб Баҳромгача модерн аломатларини кузатмоқчи, улардан модерн элементларини қидириб топмоқчи бўлишади. Мана булар соф маънодаги қолиплар. Уларнинг тури кўп. Иккитасини тилга олдик. Ҳолбуки, янгича адабиётшуносликнинг сўзи ва талқинлари ҳам янгича ва дунё адабиётшунослиги даражасида бўлиши керак эмасми?
— Сизнинг наздингизда дунёдаги энг буюк беш ёзувчи?
— Навоий, Гёте, Шекспир, Толстой, Чингиз Айтматов.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.
Ҳамрохон Мусулмонова ва Комила Носирова суҳбатлашди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий