среда, 5 мая 2021 г.

Аёл камолоти жамият камолоти гаровидир

 Айрим оилаларда ҳанузгача қиз боланинг ўқишига, олий маълумот эгаси бўлишига қаршилик қилишади. Сабаби турлича. Бироқ “аёлларнинг ўрни фақат ошхонада” (!) деган фикрга мутлақо қўшилиб бўлмайди. Инсон (аёл киши бўлс ҳам!) фақатгина овқат пишириш-у кир ювиш билан умрини ўтказиб юборолмайди-ку! Ҳар бир инсон, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзи истаганча ҳаёт кечиришга ҳақли. Ахир ҳамманинг ҳам орзу-умидлари, тилак-истаклари бўлади-ку! Инсон бир марта бериладиган умрини беармон яшаб ўтишни хоҳлаши табиий. Яхши ҳаёт кечириш (бунда фақат жисмнинг майлини қондиришдан олинадиган роҳат тушунилмайди) учун эса, албатта, ўқиш керак. Айтишади-ку, илмли одам хор бўлмайди деб.

Юқорида айтганимдек, айрим ота-оналар қизларини ўқитишни исташмайди. Уларнинг назарида қизлари ўқийдиган бўлса, ёмон йўлга кириб кетади ёхуд кўп нарсани “тушуниб” қўяди. Бундай фикрлар туғилишига нима сабаб бўлади — ҳайронман. Аммо аёл кишининг жамиятдаги ўрнини инкор этувчилар ҳамон топилади. Гарчи яшаётган асримиз ХХI, яъни, ахборот асри бўлса-да! Тавба деб, ёқангни ушлайсан. 

Яқинда ҳамкасб дугоналаримдан бири турмушга чиқди. Бир ой ўтмай ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб келди. Сабабини сўраб, ўзим ҳайрон қолдим. Эмишки, турмуш ўртоғи маҳалла-кўйдаги ошна-оғайниларидан “Хотинингни ишлатиб қўйиб, эркакман деб юрибсанми?! Битта хотинни боқиб олиш қўлингдан келмаса, нимангга кериласан?!” деганга ўхшаш маломатлар эшитармиш. Бу гапга нима дейсиз? Кап-катта одамларнинг бемаъни иғвою ғийбатларга қулоқ солиб, рафиқасини ишдан бўшашга мажбур қилишини қандай изоҳлаш мумкин? Умуман, ўша маҳалладаги йигитлар бировнинг хотини ишлаш-ишламаслиги билан нима иши бор? Бировнинг шахсий ҳаётига аралашиш, асоссиз иғволар билан одамларнинг кўнглига ғулғула солиш ҳуқуқини ким берган уларга? Ваҳоланки, ўша дугонам одамлар билан ишлашни, жамоат орасида бўлишни ёқтирарди. Имкон бўлса, ҳали кўп ишларни қилиши мумкин эди. Энди эса фақат эрининг қош-қовоғига қараб, қайнона-қайнотанинг хизматини қилиб яшашга мажбур. Тўғри, бу турмушга чиққан ҳар бир қизнинг зиммасига юкланадиган вазифа. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ турмушга чиққан қизларнинг бари ишдан бўшаб кетаверса, аёлларнинг жамиятдаги ўрни нима бўлади? Унда жамиятда ўз ўрнига эга бўлишни истаган аёлларнинг турмуш қурмаслиги одат бўлиб қолмайдими?

Гуруҳимизда бир йигит бор. Яхши жойда ишлайди. Ўзиям бамаъни, оқ-қорани таниган йигитга ўхшарди. Бир сафар аёллар ҳақидаги “ҳаётий фалсафаси”ни эшитдим-у, хафсалам пир бўлди.

Уч-тўрт киши дарс бошланишини кутиб гаплашиб тургандик. Гап айланиб, ўша йигитнинг оиласига бориб тақалди.

— Хотинингиз ишлайдими? — сўради курсдош аёллардан бири.

— Йўқ, — бамайлихотир жавоб қилди йигит. — Ишлашини хоҳламайман.

— Нега?! — ҳайрон бўлдим мен.

— Ишлашининг нима кераги бор менга?! Бир нимани қойиллатиб берармиди?! Ишлайдиган аёлларнинг кўпини кўрганман. Атрофида икки-уч эркак айланиши билан ёмон йўлга кириб кетади.

— Эсингиз жойидами?! — таажжуб билан қарадим ўша курсдошимга. — Бу гапни қаёқдан олдингиз? Аёллар ҳақидаги фикрингиз шунчалик ёмонми?!

— Бу ҳаётий гап, мен тўқиб чиқарганим йўқ, — деди йигит тап тортмай. — Ростдан ҳам, ишлайдиган аёлларни кўп кўрганман. Ишлагандан кейин оиласи борлигини ҳам эсдан чиқариб қўяди. Хиёнат кўчасига кириб кетади. Менга бунақа дахмазанинг кераги йўқ.

Жаҳлим чиқиб кетди: “Бу қандай туҳмат бўлди?!” Аччиғланиб курсдошимни саволлар билан кўмиб ташламоқчи бўлдим. Аммо шу топда қўнғироқ чалиниб қолди-ю, гапимиз чала қолиб кетди. Кейин бу ҳақда гаплашишнинг мавриди ҳам, имкони ҳам бўлмади. Аммо менинг ўша ҳурмат қилган курсдошим ҳақидаги фикрим буткул ўзгариб кетди. Ўқимишли йигитнинг бундай саёз мулоҳаза юритишини ҳеч ақлимга сиғдиролмасдим. Зиёли одамнинг тушунчаси шунчалик тор бўлса, бошқаларга нима дейиш керак? Аёлга паст назар билан қараш нега ҳалигача барҳам топмаяпти? Бу саволларга жавоб топиш учун қайси муаммоларни ҳал қилиш керак?

Дейлик, қизлар барибир уйда “ўтириб қолди”. Университет ёки коллежлар таълимининг кераги йўқ. Ўқиган билан дипломини сандиққа солиб асраб қўядими? Ёки ўқиб дунё олиб берармиди? Хўш, уйда ўтирадиган аёлга ўқиш нима учун керакми? Керак, албатта, керак! Нега? Сабаби жуда оддий ва асосли. Аёл биринчи навбатда фарзанд тарбиячисидир. Инсоннинг камол топишида онанинг роли жудаям катта. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Шундай экан, нима учун аёлнинг билим олишига қаршилик қиламиз? Ахир, фарзандларига таълим-тарбия бериш учун ҳам аёл билимли, дунёқараши кенг, тафаккур доираси юксак бўлиши керак-ку! Яшаётган асримиз юқори ахборот технологиялари, ахборот асри-ку! Замонавий мактабларда, замонавий ўқув даргоҳларида таълим олаётган фарзандларининг оддийгина саволига ҳам жавоб беролмай, қизарган онанинг аҳволини тасаввур қила оласизми? Идеал санаб юрган онаси оддийгина масаланинг моҳиятини англаб етолмаганидан фарзанд хурсанд бўладими? Бир-бирини тушунмаслик, фикрий зиддиятлар айнан шу сабабдан келиб чиқмайдими?

Илк тарбия ва таълим уйда бошланади. Биз тан олсак-олмасак, барибир, ҳар биримизнинг илк муаллимимиз онамиздир (Илк қадамни қўйишни, илк сўзни айтишни айнан волидамиз ўргатган-ку). Ҳаётий қарашларимиз, тафаккуримиз оналаримизнинг таълим-тарбияси асосида шаклланади, ривожланади. Пойдевори мустаҳкам уйнинг узоқ муддат хизмат қилиши, турли синову имтихонларга бардош бера олиши эса ҳаммамизга маълум. Демак, оналар жамият тараққиётини кўпроқ белгилайди. Баркамол авлодни етиштиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлдаги барча тўсиқларни енгиб ўтишимиз керак. Майда гаплар, асоссиз баҳоналар жамият ривожига ғов бўлмаслиги керак. Аёлнинг оддийгина ҳуқуқини ҳам поймол этишга йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, комил инсон тарбияси комил оналар мавжудлиги билан белгиланади. Шу оддийгина ҳақиқатни жамиятнинг ҳар онгли аъзоси англамоғи, ҳаётга қўлламоғи шарт.

(с) Комила НОСИРОВА, ЎЗМУ талабаси

2003 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий